540

АЁЛНИНГ ЖОНИ ҚИРҚТА…  МИ?

Муниса болалигидан шу иборани эшитиб улғайди: «аёлнинг қирқта жони бор!

Бири тамом бӯлса қолгани билан яшайверади»…

Мунисанинг оиласидагилар ҳам шу гапга амал қилишарди. Ёшлигидан ӯзи ҳам, опалари ҳам бирор жойим оғрияпти, деб шикоят қилмасди.

Бир куни бели қаттиқ оғриб, онасига оғриқ ҳақида айтганди, онаси «…уят бӯлади, қиз бола «белим оғриди» деб айтмайди, аёлнинг қирқта жони бор, бири тугаса бошқаси билан яшайди. Бир ухлаб турсанг, кӯрмагандек бӯлиб кетасан…», — деди.

Ӯша ўша Муниса қайтиб бошқа бирон жойим оғрияпти, деб гапирмайдиган бӯлди. Улғайди, турмушга чиқди. Келин бӯлган хонадони каттагина рӯзғор эди. Каллаи саҳардан туради, ҳовлини супур-сидир, овқат тайёрла, кир юв, ҳар икки кунда тандир тӯлдириб нон ёп…

Хуллас, уй юмушларининг ҳамма ҳаммаси унинг зиммасида эди. Кечга бориб турмуш ӯртоғимдан озгина бўлса-да ширин сўз эшитаман, меҳр кўраман, деган орзуда…

— Чарчадим, белим оғиб қоляпти, — деб айтди.

— Эй, намунча тегма нозик бӯлмасанг, шу рўзғор ишига ҳам белинг оғрийдими? Яхшиям далада кетмон чопмайсан. Аёлнинг қирқта жони бор, бири тугаса, бошқаси билан яшайверади!

Муниса жим қолди.

Ойлар ӯтди…

Қишнинг изғиринли кунларида МУНИСА она бӯлди. Қайнонаси чилла сақлаш нималигини билмайдими, ёки атай билмасликка солдими ӯзини, Худо билади. Ҳар ҳолда МУНИСА бошқа аёллар каби чилла сақлаб, қирқ кун оёқ узатиб, ётмади. Қайнонасининг пичинг гапларидан кейин бир ҳафтада кир ювди, ўтин ёрди, қараса нон қолмаган, дарров хамир ҳам қилди. Кечга бориб белининг қаттиқ оғриғиданми, иссиғи кӯтарилиб кетди. Бир ёқда чақалоғи тинмай йиғлар, МУНИСА ҳолдан тойди. Ишдан келган турмуш ӯртоғи унинг аҳволини кўриб, онасини чақирди.

— Ойи, келинингизнинг тоби йӯқ, доктор чақирсакмикан..?

Қайнонанинг қовоғи солинди:

— Ҳозирги ёшларга ҳайронсан, ӯлмаган бизни жонимиз, туғиб келиб, ётиб дам олиш нималигини билмасдик. Рӯзғор ишидан ташқари далада кетмон чопардик. Хотинингга бало ҳам ургани йӯқ. Сенга эркалик қиляпти, аёлни жони қирқта бӯлади, бири тугаса, бошқаси билан яшайверади.

Кунлар, ойлар, йиллар шу зайлда ӯтарди. Кетма кет фарзандлар туғилди, МУНИСА ҳар замонда эрига «Шу белимнинг оғриғи ҳеч қолмаяптида, бир докторга борсаммикан..» деган гапига «Ӯлмайсан, хотин, аёлнинг жони қирқта бӯлади» деган жавобни оларди…

 

Фарзандлари улғайиб, Мунисанинг ишлари анча енгил бӯлиб қолдию, амма соғлиғи йӯқолганди. Бир куни тонггача оғриқ азобидан ухлолмай чиққан Мунисани кўрган эри, эрта тонгда инқиллаб жойидан ҳам туролмай қолганидан кейин мажбуран тез ёрдам чақирди. Лекин уни текширган врач касаллик ўз даврини сурганини, энди кечлигини, фойдаси йӯқлигини айтганида Мунисани кўзларидан икки томчи ёш юмалади….

Аёлни тез ёрдам машинаси уйига қайтариб олиб борар экан, Муниса қалтираб турган қӯлларини эрининг қӯлига қўйиб «Дадаси, сиздан илтимос, қизларимизни асранг, улар ҳам аёл бӯладилар, аёлнинг жони қирқта эмас! Аёлнинг биргина жони бор…»

Охирги сўзларини зӯрға гапирган аёлнинг қирқинчи жони ҳам тугаб бўлганди…

Афсуски юртимизда бундай ҳолатлар кўп. Аксарият ҳолатда аёлларимизнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги, билса ҳам андиша қилиб талаб этмаслиги ачинарли, ҳол. Энг ёмони оила бошлиғи, қайноналар ўз фарзанди, неварасининг онаси бўлган келининг соғлиғига бефарқ қараши,  соғлиғини тиклашга пул сарфлашни истамаслигидадир. Шунингдек, оиладаги доимий психологик босим остида қолган бу каби келинлар охир оқибат соғлиғини йўқотиши оқибатида ногирон бўлиб қолишади ёки ҳаёт билан видолашишади.

Руҳий босим ёки психологик зўравонлик ўтказган шахслар эса жазосиз қолаверишади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш” деб номланган 235- моддасида «….. уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, деб белгилаб қўйилган.

 

Наргис Қосимова

Улашинг: