597

ЖАЗОСЛИК БАҲОСИ

Ҳар бир оила ўз бахтини ўз қўли билан яратади. Китоблардан бахтли оила қуриш «рецепти»ни қидирманг, ҳеч бир муаллиф бундай катта ваъдани беролмайди.  Ҳар бир инсон  ҳаётда ўзи тўқнаш келган саволларга жавоб излайди. Муаммолар гирдобидан чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Аммо бунга ўзининг кучи етмасачи?

Наманган шаҳар реабилитация марказига мурожаат қилган Наима (исмлар ўзгартирилган)  исмли аёл оғир турмуши ҳақида сўзлаб берганида кўз ёшларини тия олмади…

Наима Сирожиддинга тўйдан олдин эрини танимай турмушга чиқди.  Халқимизда “Ота рози, худо рози” деган нақл бор. Отасининг берган оқ фотиҳаси Наимани янги, оилавий ҳаётга қадам қўйишига йўл очиб берди. Ана -мана дегунча икки фарзандли ҳам бўлишди. Аммо Сирожиддиннинг кўнгли бошқада эди. Наима шунча ҳаракат қилса ҳам эрининг кўнглини ола олмади. Сирожиддин,  биринчи фарзандлари туғилганданоқ,  аёлига қўл кўтара бошлади. Афсуски, на қайин ака-укалари, на қайнона-қайнотаси ўғлига “Ҳой сен нима қилаяпсан, ахир келин ҳам бировнинг боласи, фарзандингнинг онаси” демади. Ўратадаги жанжаллар иккинчи фарзандлари туғилганидан кейин ҳам давом этди. Наиманинг онаси қизи ҳар гал ота уйига келганида қизининг юз-кўзи кўкаргани, унинг эса “Йиқилиб тушдим”, “Ванна четига бошим тегиб кетди”, “Бехосдан эшик очилиб кетди” деган баҳоналарига ишонмай қўйди. Қудасининг уйига вазиятни аниқлаштириш учун борганида эса бўлди жанжал, бўлди тўпалон. Орага маҳалла аралашди. Иккала томон билан суҳбатлашишгач, Яраштирув комиссияси аъзолари анчадан буён бир уйда турсада, яшамай қўйган ёшларни “яраштиришди”. Аммо бу яраштирув фақат оғизда, одамларнинг нигоҳи учун эди, холос. Орадан бир хафта вақт ўтар ўтмас, Сирожиддин яна эски қилиғини бошлади. Чириллаб йиғлаётган, юрагига қўрқув соя солган мурғак фарзандларининг кўз ўнгида хотининг  “овқатнинг тузи паст” баҳонаси билан юзига шапалоқ тортиб юборди. Сўнг эса қалқиб кетган Наимани аёвсиз калтаклай кетди. Шу орада қизининг ҳаётидан хавотирланиб,  “биров хабар олиш учун” қудасиникига кирган Назира опа, оқ ювиб, оқ тараган, тунлари билан ухламай,  катта қилган қизининг аҳволини кўриб ўзини тутиб тура олмади. Куёвини қарғаганича, унга ташланди. Ҳеч қачон биров томонидан қаршиликка учрамаган, бунинг устига ўзи бошқаларга нисбатан зўравон бўлган Сирожиддиннинг қайнонасининг   юзига туширган шапалоғидан,  бир муддат довдираб қолди. Кейин эса дастурхонда турган пичоқни олиб, унга ташланди. Наима кўз ўнгида онасининг қорнига санчилган пичоқдан йиқилганини кўриб, ҳушини юқотаёзди.  Оёққа туриб, яна пичоқ уришга шайланаётган эрига ташланди. Аммо Сирожиддин абжирлик қилиб, хотинига ҳам пичоқ урди.

Энг қизиғи шундаки, тергов  узоққа чўзилмади. Сирожиддин эса жарима билан қутилиб кетди. Анчагина даволаниб, тузалиб чиққан Наима ва онаси ажрашиш учун судга мурожаат қилишди. Аммо суд уларнинг мурожаатларини рад қилгач,   Наманган реабилитация ва мослаштириш марказига ёрдам сщраб боришди. Бу орада Сирожиддин ва унинг оиласи Наимани яна уйга қайтаришга ҳаракатларини бошлаб юборишди. Ўртага  яна Маҳалла фуқаролар йиғини “оқсоқоллари” тушишди. Бўлиб ўтган “қонли воқеа оилани бузишга асос бўла олмайди, маҳаллада ажримлар сони кўпаймаслиги керак” деган иддаолар билан Наимани тинч қўйишмади. Аммо келгусида бундай даҳшатли воқеа такрорланмаслиги, Наима ва унинг фарзандлари ҳаётига эри хавф солмаслигига  маҳалла фаолларининг бирортаси кафолат бермади, албатта.

Назира Раҳимжонова раҳбарлик қилаётган Наманган реабилитация ва мослаштириш маркази ходимлари, ажрим борасида Наманган  вилояти туманлараро фуқаролик судига қайтадан даво киргизишди.  Аммо суд яна давони ассоссиз деб топди.  Суднинг фикрича, пичоқ кўтариб ҳаётга хавф солиш, ажрашишга асос бўла олмас эмиш… Айни пайтда  Наманган реабилитация ва мослаштириш маркази раҳбари Назира Раҳимжонова вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Сирожиддиндан Наима ва фарзандлари ҳаётини муҳофазалаш  мақсадида  жувонга “Ҳимоя ордери”ни олиб бериш ҳаракатидадир.

Афсуски, юртимизда бундай зўравон эрлар, ҳаёти “бир тийинга қиммат” бўлган аёллар кам эмас. Эри ўзи ва онасини пичоқлаганича индамай, унинг барча тазйиқларига чидаб яшаган Наималар жуда кўп. Энг ёмони Маҳалла фуқаро йиғинларининг фаоллари эса  тазйиқ ва зўравонликка учраган  аёлларни ҳимоя қилиш ўрнига “ажримлар сонини кўпайтирмаслик” каби юқоридан берилган кўрсатмага амал қилган ҳолда ўзларининг рейтингини туширмаслик йўлидагина ҳаракат қилишади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биринчи галдаги вазифаси бўлган Наманган вилояти туманлараро фуқаролик суди  эса мутлақо яраштириш мумкин бўлмаган ҳолатда, “ажримлар сонини кўпайтирмасликка” ўз ҳиссасини қўшмовда.

Азиз дўстлар! Сиз бундай воқеаларга дуч келганмисиз?  Маҳалла фаоллари тўғри йўл тутишаяптими? Нега  бир эмас, иккита одамнинг жонига қасд қилган Сирожиддин енгил жазо билан қутилиб кетди? У ажрашиб, бошқа аёлга уйланган тақдирда ҳам, уни  калтакламаслиги, ҳаётига хавф солмаслигига ким кафолат беради? Сизнинг фикрларингизни кутиб қоламиз.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: