Она сайёрамиздан қарз бўлганимизга 18 йил бўлди. Албатта буни эшитган одам ҳайрон бўлиши ва “аxир қандай қилиб ўз яшаб турган сайёрамиздан қарз бўлиш мумкин?” деган саволни бериши табиий. Ҳўш, инсон нима учун Ердан қарз бўлади? Инсонларнинг Ер ресурсларини истеъмол қилиш суръати Ер сайёрасининг бир йил давомида табиий ресурслар билан таъминлаш имкониятидан ошиб кетса, яъни бир йилга етадиган ресурсларни йил тугамасдан аввал фойдаланиб бўлган кунидан бошлаб Ердан қарздор ҳисобланишади. Мутахассисларнинг фикрига кўра сайёрамиз ўз ресурслари билан атиги 6 млрд. нафар аҳолини боқа олади, холос. Аммо бугунга келиб Ердаги аҳоли сони 7,55 млрд.(2017 йил 1 июль ҳолатига) нафарга етди. БМТнинг аҳолишунослик бўйича фондининг маълумотларига кўра, Ердаги аҳоли сонининг ўсиш динамикаси, бевосита унинг яшаб қолиш хусусиятига таъсир кўрсатади. Агарда 1820 йилда Ерда 1 млрд., 1927 йилда 2 млрд., 1960 йилда 3 млрд., 1974 йилда 4 млрд., 1987 йилда 5 млрд., 1999 йилнинг октябрь ойида 6 млрд, 2011 йилнинг 31 октябрида 7 млрд. нафар қайд этилган.Олимларнинг фикрига кўра, 2024 йилга келиб сайёрамизнинг аҳолиси 8 млрд.га, 2100 йилда эса 11 млрд.га етади. Аҳолининг ўсиши ўз навбатида унинг жисмоний, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш заруратини туғдиради ва бир қатор экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Машҳур астрофизик Стивен Хокинг яқин юз йил ичида Ер ресурсларининг тугаши ва инсоният бунинг олдини олмаса, яшаб қолишнинг янги йўлларини изламаса “ўзи қазиган чохга қулаб, халок бўлиши”ни башорат қилмоқда. Афсуски, ХХ аср “Биз табиатдан эҳсон кутиб яша олмаймиз. Ундан борини олиш, бизнинг вазифамиз” шиори остида ўтди ва инсониятни экологик жар ёқасига олиб келди. Бугунги кундаги барча экологик муаммолар — ҳаво, сув, ерни ифлосланиши, тупроқ дегарадацияси, чўлланиш, биохилмахилликни йўқолиши, иқлим ўзгариши, ичимлик сувининг камайиши ва бошқалар айнан инсоннинг табиатга салбий муносабати оқибатида юзага келди. Бугунги кунда Ўзбекистонда юқорида санаб ўтилган экологик муаммоларнинг барчаси мавжуд. Биргина чиқинди муаммосини оладиган бўлсак, бугунги кунда сайёрамизда беш миллиард тоннадан зиёд чиқинди йиғилиб қолган. Уларнинг бор-йўғи ўттиз фоизигина қайта ишланади. Бир йилда битта инсон ўртача умумий ҳажмда 300 кг. чиқинди ташлайди. Мазкур рақамни 365 га бўлсак, бир кунда бир одам ташлайдиган чиқинди миқдорига эга бўласиз — 300/365=0,822 кг. Ушбу рақамни мамлакат аҳолисига кўпайтирсангиз, бир мамлакатнинг чиқариб ташлайдиган чиқинди миқдори келиб чиқади. Ўзбекистон бўйича 0,822 х 31 807 000 (1 июль 2016 йил ҳолатига) бир кунда мамлакатимиз аҳолиси 26 млн.145 минг 354 килограмм чиқиндини чиқарилиб, бу дунё бўйича бу 5 млрд.754 млн. килограммни ташкил этади ва фақат унинг 30 фоизигина қайта ишланади.
Биргина Ўзбекистонда 186 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, уларга 33,4 млн.тонна чиқиндилар кўмилган. Бундан ташқари 2016 йилда 566 та санкцияланмаган чиқиндихоналар рўйхатга олиниб, уларга кунига 15,3 минг тоннага яқин чиқинди ташланади. Мазкур муаммони ҳал этишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетишни тартибга солишда олдинга ташланган қадам бўлди. Ҳозирда чиқинди муаммосини бартараф этиш бўйича республикамизнинг барча вилоятларида чора-тадбирлар белгиланган. Аммо афсуски орадан ярим йил вақт ўтганига қарамай, бу борада сезиларли даражада олға силжиш бўлганича йўқ. Ҳануз вилоятларда Президентимизнинг 2916-сонли қарори билан “Тоза ҳудуд” ДУК Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси вилоят бошқармалари тассаруфида ташкил этиш жараёни жуда ҳам секинлик билан кечмоқда. Аҳолининг айнан бу борадаги маданиятини шакллантириш муаммоси эса ҳанузгача долзарбдир. Чунки оилада табиатга меҳр уйғотиш борасида тарбиянинг аксарият ҳолатларда йўқлиги, ўқув муассасаларида мазкур йўналишлардаги мавжуд фанларга нисбатан оз соат ажратилганлиги, аҳоли пунктларига ахлат қутиларининг етарлича ўрнатилмаганлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси пастлиги, заҳарлик кимёвий моддаларга эга маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизацияси талаб даражасида эмаслиги ушбу муаммонинг янада кучайишига олиб келмоқда.
Республикамиз табиатига бевосита салбий таъсир кўрсатиб келаётган ва ўз орқасидан янги экологик муаммоларни келтириб чиқарган Орол муаммосини четлаб ўтиб бўлмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихоновнинг айтишича, ўтган давр мобайнида Орол денгизи сатҳи 29 метрга пасайган. У ердаги 20 та эндемик балиқ туридан бирортаси қолмаган. Орол денгизининг ўрнига майдони 5 млн. квадрат метрга эга бўлган Оролқум пайдо бўлган. Орол денгизининг қуриши туфайли юзага келган экологик фожиа Орол ҳавзасидаги ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларидаги барқарор ҳаётни қарийб издан чиқарди. Нафақат ичимлик суви, балки ижтимоий ҳаётнинг деярли барча жабҳалари учун ҳам оби ҳаёт тақчиллиги юзага келди. Ушбу экологик фожиа Оролбўйи ҳавзасида яшовчи кўп миллионли аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу экологик таназзул бир-бирига узвий боғлиқ бўлган ва халқаро аҳамият касб этувчи ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг яхлит ва мураккаб мажмуини вужудга келтирди.
Мамлакатимизда асосий экологик муаммолардан яна бири чўлланиш ва биохилмахилликнинг йўқолиб боришидир. Республика Фанлар академияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон флорасида ўсимликларнинг 4500 дан ортиқ тури мавжуд. Уларнинг 3000 дан ортиқ тури ёввойи ҳолда ўсади. Республика фаунаси умуртқали ҳайвонларнинг 688 тури (сутэмизувчилар — 105, қушлар — 441, судралиб юрувчилар — 60, амфибиялар — 3 ва балиқлар — 76) мавжуд, умуртқасиз ҳайвонларнинг турлари эса 15 мингдан ортиқ. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида Фанлар академиясининг Биохилмахилликдан фойдаланиш бўйича Идоралараро комиссия томонидан 1991 йилдан бошлаб ҳайвонот дунёсини табиатдан олишнинг рухсат этилган квоталари, 1993 йилдан эса ўсимлик хомашёсини тайёрлаш бўйича квоталари ўрнатилди. Аммо ҳудудларнинг ўзлаштирилиши, урбанизация жараёнининг тезлашуви, браконьерлик ҳамда инсоннинг табиатдан устун бўлишга ҳаракати оқибатида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига ўсимликларнинг 163 тури, сут эмизувчиларнинг 23 тури, қушларнинг 48 тури, судралиб юрувчиларнинг 16 тури, балиқларнинг 17 тури, халқасимон чувалчангларнинг 3 та тури, моллюскаларнинг 14 тури ва бўғимоёқлиларнинг 60 тури киритилди. Турон йўлбарси, гепард, туркман мармар чурраги бутунлай йўқ бўлиб кетди. Вишилдоқ оққуш, йўрға тувалоқ, туркман қулони, Орол сулаймон балиғи, қоплон, сиртлон, тўхта тувалоқ, Орол мўйлабдори, морхўр, Бухоро хонгули, Осиё қундузи каби ҳайвон ва балиқлар сони узлуксиз камайиб бормоқда. Дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, буталарнинг қупориб ташланиши экологиянинг инсонга мавжуд салбий таъсирини янада кучайтирмоқда.
— 1 гектар аралаш дарахтлардан иборат майдон бир йилда 3 тонна кислород ишлаб чиқариб, 54 тонна чанг ва 5 тонна С02 ни ютади, йўловчи йўлаклари бўйлаб “тирик девор” ҳосил қиладиган буталар транспорт шовқини, чангнинг олдини олади, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Сергей Самойлов. – Тошкентдаги 1966 йилдаги зилзиладан сўнг аввало Тошкент шаҳри атрофида унинг “яшил халқаси”ни ташкил этиш мақсадида чинорлар экилган эди. Шаҳар кенгайиб улар ичкарида қолди. Айтиш жоизки ҳар бир дарахтнинг ўз яшаш муддати бор. Агарда терак 20-30 йил яшаса, чинорларнинг умри 40-50 йилдир. Бунда уларни узоқ умр кўрадиган Шарқий платан билан адаштирмаслик лозим. Кўп дарахтлар айнан шаҳарнинг сув, канализация, иссиқлик қувурлари ўтган жойларда экилгани сабабли, уларни таъмирлаш учун дарахтларни олиб ташлашга тўғри келмоқда.
Афсуски бундай ҳолатни деярли барча вилоятларда кузатиш мумкин. Шаҳар ва қишлоқлар ҳавосининг тозалиги ўсимликлар ярусига боғлиқ. Бу майсалар, буталар, дарахтлардир. Майсалар ердан кўтарилаётган чангни, буталар машиналарнинг ис газларини, дарахтлар юқори қисмдаги чанглар ва газларни тутиб қолади. Дарахтлардан албатта юзаси кенг бўлган турлари, яъни чинор, қайрағоч, каштан, эман ва бошқалар ҳам чанг ҳам ис газларини тутиб қолиш қобилияти юқори бўлганлиги сабабли уларни кўпайтириш яхши натижа беради. Шунинг учун ҳам қадимдан ота-боболаримиз чинор экишган. Чинор нафақат соя берибгина қолмай, ҳавони чангдан тозалаган, унинг илдизлари танасига кўп сув йиғиши сабабли жазирама иссиқда атрофида ўзига хос ижобий микроиқлим ҳосил қилган. Бундан ташқари чинорлар Марказий Осиёнинг барча республикалари иқлимига хос бўлган жазирама иссиқдан ҳам асрайди. Соясида ўзига хос микроиқлимни юзага келтиради. Инсоннинг кайфиятини кўтаради. Игнабаргли дарахтлар бу вазифани тўлиқ уддалай олмайди. Албатта, дарахтлар кўпроқ чангни ютишлари учун юртимизда ёғингарчилик кам бўлганлиги сабабли уларнинг япроқларини вақти вақти билан ювиб туриш зарур.
Асосий муаммо эса юртдошларимизда экологик маданиятнинг етарлича шаклланмаганлигидир. Экологик маданиятнинг асосини ташкил этувчи экологик тарбия албатта оиладан бошланиши, таълим муассасаларида давом эттирилиши зарур. Табиатга, инсоният келажагига бефарқ бўлмаган авлодни тарбиялаш, Сайёрамиз заҳираларини тежаб, фойдаланиш, табиатга устахона сифатида қараш эмас, балки уни онадек эъзозлаш яқин келажакда юз бериши мумкин бўлган кўпгина экологик фалокатларнинг олдини олиш имконини беради.
Ҳар куни Ердан қарздорлигимиз ортиб бормоқда. Ушбу қарзни қайтариш учун эса биз битта кесилган дарахт ўрнига 10 та янгисини экишимиз, ўсимлик ва ҳайвон турларининг йўқ бўлиб кетишини олдини олиб, йўқолган турларни тиклашимиз, глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган ис газларининг миқдорини деярли нолга туширишимиз, ўсиб келаётган ёш авлодни табиатга, унинг неъматлари, ўсимлигу ҳайвонларга, қушларга нисбатан меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашимиз, табиатда салбий из қолдираётган ҳаракатларимиздан тийилишимиз лозим. Балки шунда елкамизни босиб турган қарздан қутилиб, фарзандларимиз учун чиқиндидан ҳоли яшил ўтлоқни, ариқдан ичса бўладиган зилол сувларни, ис газлардан ҳоли тоза ҳавони, кимёвий ўғитлар билан ишлов берилмаган унумдор тупроқни, булбуллар хонишига тўлган гўзал Ватанни қолдириш имконига эга бўламиз.
Наргис ҚОСИМОВА
,