Ромена Августова
Боланинг нутқини (айниқса, имконсиз ҳолатларда)
шакллантириш ҳақида
(4-қисм. Боши аввалги саҳифаларда)
“Ҳеч ким кирмасин”, дейди Вера эшикни маҳкам ёпаётиб. Чунки мен фақат унинг учун, у билан машғулот олиб бориш учун келганман. У ва мен. Бошқа ҳеч ким. “Энг яхши давра бу – икки кишилик давра” дейилади инглиз мақолларидан бирида. “Менга келишди”, дейди 5 ёшли Ваня эшик қўнғироғи жиринглаши билан. У қўлимдан тутиб, онаси, отасининг меҳмонлари олдидан етаклаб ўтаркан доимий машғулот хонамизга бошлайди. Тўғри-да, катта одам отаси ё онасининг олдига эмас, айнан унинг олдига иш билан келди. Фақат ўқитувчи сифатида эмас, балки яқин дўст сифатида келганим бола учун қадрли. Сиз тасаввур қила оласизми бунинг қанчалик аҳамиятли жиҳати борлигини, айниқса агар бола Даун синдромли бўлса? Бу муҳим. Столга тўшалган узун жун кўрпали “чайламиз” остида Женя билан узоқ шимолда яшаётганимизни тасаввур қиламиз: денгиз тубига батискафда шўнғиймиз, кит ва акулаларни овлаймиз. Чайламиз ичида китоблар, ухлаш учун жой, фонарча, деворларида қуроллар бор. Ўзига яраша ноодатий, лекин шинам муҳит. Чексиз қум саҳроларига саёҳат қилишни режалаштирдик. Уйимга қайтгач, барча оёқ кийимлардаги тасмаларни ечиб олдим – қизил-қора, зангори-сарғиш чизиқли… зўр илон чиқади булардан! Мана шу Женяни бир сафар аввал огоҳлантирганимдек урдим. Машғулотлар пайтида тўсатдан бўйнимга чангалдек қўлларининг тирноқларини ботириб ташланиб қолиш одати бор эди. Оқибатда қўлларим, бўйнимда унинг тирноқ изларидан кўкимтир чандиқлар қоларди. “Женя! – дедим унга бир сафар. – Сенинг бу қилиқларинг жонимга тегди. Шунақа одамлар бор жанжалкаш, сенга ўхшаган, жанжал хумори тутганда бунақа одамларни яхшилаб савалаш керак. Кейинги сафар мен сени савалайман!” Ҳар доимгидек, кўрпа тўшалган стол остида китоб ўқиб бераётган пайтим тўсатдан унинг жанжал хумори тутиб қолиб, менга ташланди. “Биз келишгандик!” дедим унга ва юзига қаттиқ тарсаки туширдим. “Фақат кетиб қолманг!” деди Женя шу заҳотиёқ. Гўё ҳеч нима бўлмагандек биз яна китоб ўқишни давом эттирдик. Бир-биримизга бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида бир оғиз ҳам сўз айтмадик. Чамаси қирқ дақиқалардан кейин яна жанжал хумори тутди. “Тезроқ, тезроқ менга нимадир беринг! Газетани беринг!” деб бақирда Женя, кўзлари косасидан чиққудек олайиб менга. Мен унга газетани бердим. У газетага тирноқлари ва тишлари билан ёпишганча йирта бошлади. Газетани йиртиб ташлагач, бўлакларни ёстиқ остига яширди: “Бу кечки овқатга”, — деди у. Ўшандан кейин у мени тирнамай қўйди. Агар мен уни жаҳлда урсам, у мени кечирмасди. Машғулотларимизни тўхтатишимизга тўғри келган бўларди. Уни уриш у ёқда турсин, ҳеч ким унга ҳатто бармоғини теккизмасди. Ҳеч ким ҳеч қачон Женяга бирор нимани буюрмаган. 7 яшар озғин, қоракўз Женя кўчага чиқса, на ўнгга, на чапга қарамасдан тўғри “Чайковский ҳайкалини томоша қилиш”га боради, ўйнаб юрган болалар, кучук етаклаган кампирлар тумтарақай қочишади. Йўқ у эрка эмас. У шунчаки, шундай яратилган. Уришқоқ эмас, асло йўқ, у — кичкина диктатор, Наполеон. Женя машғулотларимизга сервировка столида кириб келади. У столнинг пастки қаватига ётволиб, қўллари билан эшкак сургандай ҳаракатлар билан столни “ҳайдаб” киради. Ёки девордаги нарвончадан шифтгача кўтарилиб, арқон ва халқаларга оёқлари билан бошини пастга қилиб осилганча шу ҳолатда дарс қилишини айтади. “Бунақа ўқувчим бўлмаган ҳеч қачон”, — дедим Женянинг бувисига. “Сизда? Нафақат сизда умуман ҳеч кимда, ҳеч қачон бунақа ўқувчи бўлмаган!”, деди бувиси. Женя Даун синдромли эмас. Лекин у жуда қаттиқ дудуқланади. Шунга қарамай бола истеъдодли, у виолончель чалади (хозир у Лондон мусиқа академиясида таҳсил олади). Ўн нафар энг агрессив синдромли болага татирмиди? Аммо биз дўст эдик, дўстлаша олдик. “Шуғулланишни истамайсанми? Бор уйингга кетавер!”, дея эшикни кўрсатдим қатъий оҳангда. Йўқ! Ҳеч қачон! Ундан кўраси, ўз устида ишлаб, айтганни қилган маъқул, акс ҳолда ростан ҳам ҳайдалади. Бу ҳолатда бола “ойим уришади” деган тушунча билан иш тутмайди. Бу ҳақда ўйлаш ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Унинг айтганингизни бажаришига сабаб: ўқитувчи билан ишлаш, машғулотларда иштирок этиш қизиқарли. Чунки у ўқитувчи тимсолида ўзига дўст топган. Бу унинг учун муҳим. У ўқитувчисиз ўзини тасаввур эта олмайди. Сизнинг вазифангиз унга дўст тутиниш. Унга дўст, устоз, яқин инсон бўлинг. Аммо дўстона муносабатлар тезда намоён бўлмайди. Бошида ўқитувчининг топшириқлари ва умуман, ўқитувчининг ўзи ҳам болада ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаслиги мумкин. Ота-онасини-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Уларнинг қанчалик қаттиққўл бўлишларига қарамай, бола пинагини бузмайди.
Талаб қилишнинг чегараси борми? Қани, қаерда ўша чегара? Баъзи ҳолларда боланинг инжиқликлари шу даражага боради-ки, унга ён босмай илож йўқ. Лекин буни қандай амалга ошириш керак? Шундай қилиш керак-ки, бола буни сизнинг мағлубиятингиз, ёки “бўшлигингиз” деб тушунмаслиги керак. Ниманидир тушириб юбордингми – ол, жойига қўй. Ёйдингми – йиғиштир. Жуда бўлмаганда – “қара, мен ўрнингга йиғиштираман. Лекин кейинги сафар буни мендан кутма, ўзинг йиғиштир”. Бунинг нимаси янгилик, деган ўринли савол туғилади. Лекин сиз бу талабни бир марта, ёки икки марта эмас, доимий равишда такрорлашингиз зарур. Агар сиз болангизда яхши хулқ ва намунали одатларни шакллантиришни истасангиз ҳар куни, ҳар вақт у билан шуғулланинг. Ўзига тегишли бўлмаган ниманидир олмоқчи бўлса руҳсат сўраши керак. Диван остига думалаб кетган қаламларини ўзи қора терга ботиб, супурги билан бир неча марта олишига тўғри келса, кейинги сафар қаламларини диван остига атайдан думалатиб юбориш унга керакми ё йўқ, ўйлаб кўради: бундай азобларнинг нима кераги бор унга. Нима, у душманми ўзига?
Тартибли бўлиш ва тиришқоқликни боладан талаб қилишимизга тўғри келади. Ҳатто баъзида овозимизни баландлатиб талаб қиламиз. Тўғри, болага баъзида шунақа қаттиқ гапириш ҳам керак. Лекин бу сизнинг чарчоқ аломатларингизни билдирувчи бесабрлик бўлмаслиги керак. Болага жаҳл қилманг. Вазият кичик бир саҳналаштирилган воқеликдай кечиши зарур. Яъни сиз вазиятни назорат қила оладиган ҳолатда бўлинг. Бошқа болаларга ўхшамаслиги боланинг айби эмас. Уни рағбатлантириб туришни унутманг. Бу унга сув ва ҳаводек зарур. Болани жиддий қабул қилиш керак. Унинг ҳуқуқлари ва шахсиятини ҳурмат қилайлик. У ўзининг хоҳиш-истаклари билан кичкина бўлса ҳам, инсон. Ҳудди сиз ва мендек одам. Кайфияти тушади ё кўтарилади. Ҳеч қандай сабабсиз ўзини ёмон ҳис этиши, машғулотларга тайёр бўлмаслиги мумкин. Сизнинг ва унинг кайфияти бир-бирига мос тушмаслиги, сизга бирор нима маъқул-у, у эса буни истамаслиги табиий ҳолат.
Мана, она ва бола, сайрга чиқишди. Болажонни капалак ўзига ром этди. Кейин гул, ана, қўнғиз ўрмалаб кетяпти, ҳов анави ёқда қурувчиларнинг баланд крани ишлаяпти, ишчилар хандақ қазимоқда. Ҳа, сиз тўхтаб болангиз кузатаётган манзарани бироз томоша қилдингиз, бирозгина, фақат томоша қилдингиз. Энди йўлда давом этиш керак. Болангизнинг қўлчасидан тортасиз: “Кетдик!”. Бола эса кетишни хохламаяпти. Ўйлаб кўринг, нега кетгингиз келяпти? – жонингизга теккани учун. Минг марта кўргансиз капалакни ҳам, гулни ҳам, ҳатто экскаваторни ҳам кўп кўргансиз. Майса устидан юрма, яна қанча томоша қилиш мумкин шу қўнғизни, у ёққа борма, бу ёққа борма, кетдик… Нега? Нима учун? Қаердан кетдик? – бу саволларга жавобни кўпинча онанинг ўзи ҳам билмайди. Ахир сайрга чиққансиз, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олинг, уйга шошилманг – болани ўз ҳолига қўйинг. Гўё кўринмас занжир болани сизга боғлаб тургандек. Асосийси – у буйруқларингизни сўзсиз бажариши керак. Тизгинни қаттироқ тортинг! Ёнимда тур! Булар ҳаммаси одатий ҳолат. Ота-она буйириши керак, бола бажариши, деган фикрни миянгизга сингдириб олгансиз. Ўйлаб кўринг, сизнинг “мумкинмас”, “у ёққамас”, “чиқма”,“ундаймас”ларингизда маъни борми? Аниқроғи, ҳар доим ҳам ўринлими? Балки, болани ўз ҳолига қўйиш ҳам керакдир? Эҳтимол, мумкиндир? Бир пас боланинг ёнида туриб, у қараётган тарафни кузатиш, уни бироз кутиш, биргаликда фикрлаш, кейин қайси тарафга боришни бола билан ҳамфикрликда ҳал қилиш, балки, керакдир? “Ҳар эҳтимолга қарши” асраб қўйган таъқиқларингизни бекор қиларсиз. Мумкин бўлган нарса мумкинлигича қолсин. Шунда болангиз “мумкинмас” деганингизда, ҳақиқатан ҳам мумкинмаслигини қаттиқ уқиб олади. “Тезроқ келақол! Қара, мана бу ўйинчоқ ажойиб экан! Тасмасини тортсанг – товуқча дон теради. Қани, торт-чи! Тортақол, тасмани битта тортиб кўр!”Бола негадир тасмани тортишни истамаяпти. Ёрқин рангли товуқча ҳам унинг эътиборини тортолмайди. Онанинг хафсаласи “пир” бўлди – эссиз, шундоқ ғаройиб ўйинчоқ!
Мажбурламанг! Болага ҳеч нимани мажбурламанг! Сизга ўйинчоқ ёқдими, болага ёқмаслиги мумкин, негадир. Яхшиси, қулайроқ ўрнашиб олиб, товуқчани ўзингиз ўйнанг, ҳеч нима деманг, шунчаки ўйнанг. Орада болангиз томон кўз қирингизни ташлаб қўйинг. Ана, у сиз томонга секин қараб қўйди – бу қизиқиш. Қўлини узатиб, тасмани ушлади, тортди. Ўзи! Болани ўз қизиқишларингиз доирасига тортқиламанг, яхшиси, сиз унинг энг ишонган инсони бўлиб, унинг дунёсига кириб боринг, дунёқарашини секин-асталик билан, сезилар-сезилмас даражада кенгайтириб боринг. Ахир, ўзимиз ҳам кимдир бизга буюрса ёки нимагадир мажбурласа ёқтирмаймиз-ку, нега бола буни исташи керак?! Шубҳасиз, кўп ҳолларда ота-оналар ўз фарзанди характерини, хоҳиш-истакларини, қизиқишларини билади ва ҳис қиладилар. Мана шу ҳиссиётингизни сайқаллаб боринг!
(Давоми бор).
Муҳайё Саидова таржимаси