4 608

ЯХШИЛИК ЕРДА ҚОЛМАС

Ислом дини ҳам, ахлоқимиз ҳам фақат яхшилик қилишга, ёмонликлардан четда бўлишга буюради. Яхшилик энг аввало ота-онага, яқинларга, қўни-қўшниларга кўрсатилади. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Биров моли билан (бу саҳоватдир), биров кўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шоҳчани олиб ташлаш ҳам яхшиллика киради.

Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди”; “Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир”, деган насиҳатлари бор. Яхшиликка чақирган киши ҳам уни қилганга тенглаштирилади. “Ўзгаларга озор беришдан сақланиш яхшилик аломатларидандир”, дейишган улуғларимиз. Муҳаммад Зеҳний: “Одамларнинг энг яхшиси қалбида яхшиликка йўл очган, ёмонлик ва очкўзликни қалбидан ҳайдаб чиқарган кишидир”, деган.Нақлларда келишича, ким бировнинг ғамини енгиллатса, охиратда унинг ғами енгиллаштирилади, қийинчиликда қолган бир кишига ёрдам қўлини чўзган киши ёрдамсиз қолмайди, ким бировнинг айбини беркитса, унинг айби ҳам беркитилади. Қўпларимиз яхшилик қиламизу дарров унинг мукофотини, биздан марҳамат кўрганларнинг миннатдорликларини кутамиз ёки яхшиликларимиз билан мақтанамиз.

Аллома Умар ибн Ҳорис бундай деган: “Қадимда яхшиликларни кўп қилишарди, аммо гапиришмасди. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келишди, энди эса фақатгина гапиришяпти”. Қандайдир манфаат кутиб қилинган яхшилик фазилат саналмайди. Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал ҳислатидир, Аллоҳ розилигини топишнинг осон йўлидир. Яхшилик  Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Аллоҳ таоло айтади: “Тақволи зотларга: “Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?” дейилганида улар: “Яхшиликни”, дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур” (Наҳл, 30). Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам – яхшилик.

Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим). Фахри коинот яна бутундай марҳамат қилганлар: “Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Яна бир ҳадиси шарифда “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дейилган (Имом Бухорий). Донишмандлардан бири айтади: “Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, аҳлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатдан бошқаларга ўрнак бўлишидир”. Муҳаммад Ҳейний айтади: “Одамларнинг яхшироғи ўз қалбида яхшилликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир”.

Яхшилик ва ҳилм дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик-надомат ҳосилини йиғиб олади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан  пок бўлади, гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади, ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади. Ҳусайн Воиз Кошифий айтадики: “Гўзал феълатворнинг нишонаси ўнтадир ва буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир”. Яхшилик қилиш билан ҳеч нарса ютказмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидай: “Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди”. Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: “Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради”.

Атоқли олим Ҳасан Басрийдан “Яхши инсон ким?” деб сўрашганида бундай жавоб берган: “Тўрт нарса кишининг яхши эканига далолат қилади: тилининг ростгўйлиги, дўстларининг хато-камчиликларини кечириши, замона аҳлининг таниқли кишисига саҳоват кўрсатиши, таниш ва кўшниларга озор беришдан тийилиши”. Яхшилик ва эзгулик ёмонликни ёқтирмагани каби ёмонлик ҳам яхшиликдан қочади.

Сайфуллаев Ферузбек

Улашинг: