360

ЁШЛИК БЕБОШЛИКМИ?

-Йигитлар яхшигина иш бор. Ҳамма келдими?

Хусниддин, Музаффар, Сарвар Шерзод акалари билан қўл бериб кўришишгач, унга савол назари билан қарашди.

-Иш борми, Шерзод ака?

-Бор бўлганда қандоқ. Қоронғида Бўрижарнинг бўйида доим севишганлар туради. Уларни қўрқитиб, пулини олсаларинг бўлгани. Бу қийин эмас. Қаршилик кўрсатса, мана булар билан бир-икки марта юмшоқ жойига урсаларинг, олам гулистон. Шерзод машинаси томон бош ирғади. Ҳеч қайсингни ойинг қидириб юрмайдими? Колежларда ўқишларинг жойидами?

-Бўпти, кетдик.

Ҳақиқатдан ҳам  Миллий боғнинг ён томонидан оқиб ўтадиган каналнинг бўйида оқ “Жигули” турарди.

  • Ҳозир уччаланг пастга тушасанлар. Мен кўприкнинг устида тураман. Пулни  олганларинг билан тезроқ  чиқинглар.
  • Бўпти, Шерзод ака, яна қочиб кетманг.

Сарвар шерикларига “қимилланглар” деганича, канал томонга йўналди.

-Ҳой,  мана буни олиб кет. Нима билан қўрқитмоқчисанлар? Шерзод машинадан қизил сумкани олиб, ичидан ёғоч тўқмоқлар-биталарни чиқарди.

Сарвар ва Салохиддин қўлларига биталарни олиб пастга тушишди.  Канал ёқасида турган машинанинг эшиги очиқ, ундан аёл кишининг кулгиси, эркакнинг бир нималар деб гапирган овози эшитиларди. Сарвар  қўлидаги туқмоқ билан машина багажини тақиллатиши билан ичидан оқ кўйлак кийган йигит тушди. Машинани ўраб олган йигитчаларни кўриб, ҳайрон қолди.

-Ҳой боллалар, сенларга нима керак?

-Пулни бу ёққа чўз, бўлмаса ёмон бўлади?

Оқ кўйлакли йигит йигитчалар ҳазиллашмаётганлигини  кўриб, аччиғи чиқди.

-Мен органда ишлайман,  оқибати нима бўлишини биласанларми?  Мен сизларни…

Аммо у гапини тугатишга улгурмади, орқадан  бошига келиб тушган зарбдан кўз олди қоронғилашиб ерга йиқилди. Бир зумда Сарвар билан Салоҳиддин йигитнинг дуч келган жойига  бита билан ура кетишди. Зарблардан синиб кетган битанинг бир қисми машинага тегиб, орқа ойнаси синиб кетди. Уни  улоқтирган Сарвар, ерда аллақачон қимирламай қолган йигитни тепа кетди. Бу орада  Музаффар машинанинг  ичида қўрқиб, овози чиқмай ўтирган  қизнинг ёнига келиб,  тилла тақинчоқларини  ечишни буюрди.

-Бўл тез, узукни еч, сирғангни ҳам. Бўлмаса юзингни лезвия билан тилиб ташлайман.

Қиз қўли қалтираб зиракларини ечгунига қадар сабри чидамай Музаффар унинг бўйнидаги тилла занжирни юлиб олди,  сўнг ўриндиқдаги сумкачани қўлга олиб, қизни нима қилишни ўйлаб турганида очиқ эшикдан ичкарига Сарвар қаради.

-Бўлдингми? Ҳайдовчини сувга ташладик, ҳозир милиция келиб қолади, кетдик

Музаффарнинг қалтираб, кўзида ёш билан уларга қараб турган қизга қараётганини сезиб, ўртоғининг  қўлидан тортди.

-Тегма,  бу қиз болаку…

Улар югурганича кўприк устига чиқиб кетишди. Босқинчилар кетганига ишонч ҳосил қилган қиз секин машинадан тушди. Пастда Бўрижар ваҳимали шовуллар,  узоқроқдаги катта йўлдан аҳён -аҳёнда тунни кесиб ўтаётган машиналар овози эшиталарди.

Қиз юқорига чиқиб, бақира бошлади

-Ҳой, ким бор, ёрдам беринглар!

Кўприк томон югириб кетар экан, қиз ниҳоят  тўртта эркак бир тарафи ариққа тушиб кетган машинани чиқаришга  уринишаётганини кўриб, уларнинг олдига борди.

-Акажонлар, ёрдам беринглар.  Пастда сув бўйида йигитимни уриб, ўзини сувга ташлаб юборишди, деди-ю йиғлаб юборди.

Беҳзод ўртоғи Иззат билан қизнинг орқасидан боришганида орқа ойнаси синган “Жигули” эшиклари очиқ холда турар, капотнинг устида иккига бўлинган бита ётарди. Қоронғида ҳеч нарсани кўриб бўлмасада, улар канал бўйига тушиб,  оқиб кетган йигитни қидиришди. Аммо тунги  сокинликда сувнинг оқаётган овози-ю, аллақандай жонзотларнинг овозидан бошқа овоз эшитилмасди.

-Милиция чақириш керак, ҳозир топа олмаймиз, деди Беҳзод.

Тепага чиқишганида қиз йиғлаганича машина ёнида турарди.

-Синглим, пастда ҳеч нарсани кўриб бўлмаяпти. Милицияга қўнғироқ қилиш керак. Телефонингиз борми? Меники машинада қолиб кетибди.

-Йўқ, телефонимни ановилар тақинчоқларим билан олиб кетишди. Алибек акамларни телефонларига қўнғироқ қилинг.

Иззат ўзини телефонини чиқариб, қизга берганида, у йигитининг рақамини терди.  Машина ичидан қўнғироққа қўйилган шўх куй янгради. Милиция ходимлари воқеа содир бўлган жойга етиб келганида кун ёриша бошлаган эди.

Бу орада Шерзоднинг машинасида Қуйлиққа етиб келган талончилар, тушумнинг кам бўлганидан кайфиятлари  йўқ эди. Қизнинг тилла узук ва занжирию, Хитойда ишланган “Нокия” телефонидан ташқари сумкасидан атиги 35 минг сўм пул чиқди, холос.

Ҳайдовчи йигитни сувга ташлаб юборишганини эшитган Шерзод йўл бўйи “шогирд”ларини ландовурликда айблаб, койиб борди. Қўйликда овқатланишгач,  уйларига тарқалишди. Кечки соат бешгача уйида ухлаган Сарвар, телефон қўнғироғидан уйғониб кетди. Онасининг “яна қаёққа?” дейишига қарамай, Шерзоднинг айтган жойи уйи яқинидаги автобуслар  шох бекатига борди. Қолганлар йиғилиши билан қаёқдандир қўққисидан пайдо бўлган милиция ходимлари, уларни қўлларини қайириб ушлашди.

Шерзод шогирдларининг юзида акс этган қўрқувни кўриб, уларга далда берди.

-Қўрқманглар,  ҳеч нарсадан хавотир олманглар, ҳаммасига ўзим жавоб бераман.

Меҳнат қилмай, осонликча пул топиш илинжи ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Эндигина мактабни тугатиб,  касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган Сарвар Мамаюсупов, Салохиддин Хусниддинов, Музаффар Махкамовлар  ўзларидан 10 ёш катта бўлган Шерзод Абдураҳимов  бошчилигида талончилик орқали бойишни орзу қилишди-ю, бегуноҳ Алибекнинг ҳаётига зомин бўлишди. Суднинг қора курсисига ўтирган фарзандларини кўрган ота-оналар тарбияда нақадар кечикканликлари, сўнгги пушаймон ўзига душман эканлигини, ёшлик бебошлик эмас эканлигини уларга ўз вақтида тушунтирмашганликларини англаб етишганида кеч бўлгани эди. Суд ҳукми билан  Шерзод Абдураҳимов  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига  кўра19 йилга,  вояга етмаганликлари учун Сарвархон Мамаюсупов 15 йилга, Салоҳиддин Хусниддинов 13 йилга, Музаффар Махкамов эса 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Наргис Қосимова журналист

Улашинг: