ёхуд интернетдан ёр излаб…
Бахт қуши ахборот технологиялари ривожланган замонимизда айнан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали “учиб” келаётгани кўпчиликка маълум. Энг асосийси унинг ҳақиқийсини сохтасидан ажрата билсангиз бас. Гулмира ҳам “Одноклассники” тармоғида Махмуд билан танишдию, ниҳоят орзиқиб кутган бахтини айнан ана шу йигит сиймосида кўрди. Унинг ширин сўзлари, кечаю-кундуз интернет орқали йўллаган хабарлари, виртуал гул дасталари ва севги изҳорлари қизнинг илк севгисидан қолган севги жароҳатини даволаб, хаттоки чандиғини ҳам қолдирмади. Узун тунлар интернет орқали қурилган суҳбат орқали Махмуд Гулмира онасининг эркатойи эканлиги, бойвучча ойижонисининг Тошкент ва Жиззах шаҳарларида бир неча уйлари, ресторанлари борлигини билиб олди-ю, лекин ҳар бир хатида қизни суратлари орқали севиб қолганлиги, унга Гулмиранинг пули эмас, балки ўзи кераклилигини, аслида уйланганлиги, хаттоки фарзанди ҳам борлигини, аммо ёшлиги захар- зуқум хотини ҳаёт қуёши юзига тортган қора парда орқасида ўтаётганлиги, хотини унга хиёнат қилишини, шу билан бирга улар бир- бирларини мутлақо тушунмаслигини айтиб ўтишни ҳам унутмади. Махмуднинг ростгўйлиги, эркакча дангал гапириб, ҳеч нарсани яширмаслиги ниҳоят Гулмирадаги мавжуд иккиланишларга барҳам берди. Махмуд Жиззахда Гулмира эса Тошкентдек азим шаҳарда яшашларига қарамай, оралиқдаги қандайдир 300 км. масофа уларнинг севгисига тўғаноқ бўла олмади. Гулмиранинг уни ёқтириб қолганлигини сезган Махмуд шу куниёқ Тошкентга етиб келиб, виртуал маъшуқаси билан юзма-юз кўришди. Гулмирага нисбатан ўзининг ҳиссиётлари чинлиги, ундан ҳеч нарсани аямаслиги исботи сифатида севгилисига «Айфон-5» русумли телефон аппаратини совға қилди. Кунлар бир бирини қўвиб ўтиб, бир зумда Гулмиранинг тўғилган куни билан биргаликда соҳибжамолини табриклаш учун Махмуд ҳам Тошкентга етиб келди ва қизнинг қўлини сўради.
-Бу мумкин эмас, деди Гулмира чиройли терилган қошларини чимириб.- Ахир оилангиз борку?!
-Мен хотиним билан ажрашаяпман. Судга ариза бердик. Худога шукр жодугардан қутиладиган бўлдим. Юринг жоним сизни акам билан таништираман.
Чойхонада Махмуднинг акаси ва унинг хотини билан танишган Гулмира севгилисининг нияти жиддийлигига ишонди. Орадан кўп ўтмай Жиззахдан келган совчилар унинг сўнгги гумонларини тарқатиб юборди. Нон синдирилди. Аммо Гулмиранинг қувончи узоққа чўзилмади. Онаси Махбуба опа орадан 10 кун ўтар ўтмас Махмуднинг ўз хотини билан яшаётганлигини билиб, уништиришни бекор қилди. Кутилмаган “бахтсизлик” дан Махмуд гангиб қолди.
Бироз вақт ўтгач, бор маҳоратини ишга солиб Гулмирани аврашга тушди ва унинг илтифотига эришди ҳам. Октябрь ойида Жиззахга акасини кўргани келган Гулмира жияни билан унинг дугонасининг тўғилган кунига борди. Бундан хабар топган Махмуд унга қўнғироқ қилиб, муҳим гапи борлигини, учрашишлари зарурлигини айтиб, тинмай қўнғироқ қила бошлади. Бироздан сўнг ўзи ҳам етиб келди. Гулмира ошиғи билан учрашганида унинг ширакайфлигини сезди. Таксида меҳмонхонага келишгач, Гулмира ичкарига кирмаслигини айтиб туриб олди.
-Ҳа, нега қўрқасан? Еб қўймайман.
-Ичкарига кирмайман.
— Кира-а-асан. Махмуд Гулмирани итариб ичкарига киргизди.
-Қўйворинг мени. Нега мени бу ерга олиб келдингиз?
Бақир-чақирга югуриб келган меҳмонхона хизматчиси уларни ташқарига чиқариб юборди
Таксига ўтириб, “Боғишамол” ресторанига ҳайдашни айтгач, Махмуд Гулмиранинг қўлидаги ўзи совға қилган телефонини олиб қўйди.
-Қайтариб беринг телефонимни?!
Аммо жавоб ўрнига юзига мушт келиб тушганидан гангиган қиз, ажабланиб, бундан бир неча дақиқа олдин “ўламан-куяман” деяётган ошиғига ажабланиб қаради.
-Н-нега?
Махмуд унга эътибор бермай хотинига телефон қилди: «Фарида, мен келишилган жойда, троллейбус паркнинг олдида турибман, тез етиб келинглар», дея хунук жилмайиб Гулмирага қаради.
Бир оздан сўнг такси тўхтаган жойга икки аёл ва бир эркак етиб келишди. Эркак Махмуднинг буйруғи билан уни видеосуратга тушира бошлади, ёшроқ ва ёши катта аёллар эса Гулмиранинг сочига ёпишиб, дуч келган жойига ура кетишди. Қулоғидаги бриллиант кўзли сирға, бўйнидаги кулонли тилла занжирини юлиб олиб, қўлидаги сумкасини тортиб олишди. Унинг ичидаги 450 АҚШ доллари ва 180000 сўм пулни безбетларча ўзлаштириб олишди. Юзига, биқинига, бошига тушаётган калтак зарбаларидан гангиган қиз, йиғлар, атрофда томоша учун йиғилган одамлардан нажот кутар эди.
Шу орадаги машина тузатиш устахонасида бўлаётган жанжални кўриб қолган Сарвар тобора ваҳшийлашаётган аёлларни четга суриб ташлаб, Гулмирани устахонага олиб кириб, унга сув берди. Жазаваси қўзиб, “бировнинг эрини тортиб олмоқчи бўлган бузуқини ўлдирмоқчи” эканлигини айтиб бақираётган Фарида ва қайнонаси Маликаларни ичкарига киргизгани йўл қўймай, эшикни қулфлаб қўйди. Унинг қўл телефонидан акасига қўнғироқ қилган, уст-боши йиртилиб, юзлари тирналган, бадани кўкарган Гулмира Махмуднинг қаллоблиги ва разиллигини ҳазм қила олмай юм-юм йиғларди.
Гулмира вақт ўтиши билан касалхонада ётиб чиққач, тана жароҳатлари битсада, интернетдан топилган ёр унинг фақатгина мол-мулки учун бошини айлантирганлигини тушиниб етди. Аммо қалбида қолган “севги чандиғи” санчиқ орқали, бўлиб ўтган воқеани аҳён-аҳёнда эслатиб турарди.
Махмудга нима бўлди, дерсиз? Албатта, ўзганинг мол-мулкига кўз олайтиргани, хотини ва онаси билан жиноий тил бириктириб, бегуноҳ қизга тан жароҳати етказиб, унинг 31.838.273 сўмлик тилла тақинчоқлари ва пулини биргаликда тортиб олганлиги учун у онаси ва хотини билан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ижтимоий тармоқлар узоқдаги дўстларни яқинлаштириб, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайди, янги дўстлар орттиришга замин яратади. Аммо айнан “Однаклассники”, “Фейсбук” ижтимоий тармоқлари орқали ўз севгисини излаб, охир-оқибат қаллоблар ва талончилар қўлига тушганлар ҳам оз эмас. Юқорида келтирилган воқеа шулардан бири, холос. Бежиз халқимиз “меҳр кўзда” демайди. Йиллар орқали бир-бирини билган, кўнгил қўйган инсонларгина келажакда бахтли турмуш қуришларини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
(Мақола қаҳрамонлариинг исм-шарифлари ўзгартирилган)
Гулнора Хамраева,
Жиззах шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси.
Наргис ҚОСИМОВА