358

ҚАЛБАКИ ПУЛ

Акмалнинг кайфияти булут қоплаган осмон сингари тунд эди. Кўнглига чироқ ёқса ёришмас,  сўнгги пайтлари умуман бирор ишда омади чопмаётганлиги уни баттар асабийлаштирар, аламини кимдан олишни билмасди. Хаёл суриб, бошини елкасига қисганича кетар экан, бехосдан  шошиб кетаётган йўловчи унга урилиб кетди.

— Э…., кўзингга қарасанг ўласанми?

Акмал буралаб сўкинар экан, рўпарасидаги одамнинг ёши ўзидан анча катталигини кўриб, бирдан жим қолди.

— Ўзингни бос ука, атайин қилганим йўқ.

— Кечирасиз…

Хаёллари чўчитиб юборилган капалаклар мисол ҳар ёққа тарқалган Акмал тез-тез, орқасига қарамай кетар экан, йўл четидаги ариқчанинг ёнида ётган газетага уроғлиқ нарса диққатини тортди. Олсамми, олмасамми деганича бир зум ўйланиб қолди. Қизиқиши устун келди шекилли, газетага қўл узатди. Уни очар экан, ичидан чиққан компакт диск хафсаласини пир қилди. Бунинг устига «R» экан. «RW» бўлганида ҳам бошқа гап эди, ҳеч бўлмаганида устидан ўчириб ёзса бўларди. Акмал дискни ташлаб юбормоқчи бўлди-ю, қандайдир ички куч уни тўхтатиб қолди. Ташлашга улгуради, ичини бир кўриш керак, балки яхши қўшиқлар ёзилгандир.  Бир-икки сўмга танишларига ўтқазса бўлади.

Акмал компьютерни ипидан-игнасигача биладиган шаҳардаги «Саломатлик ва гўзаллик» салонида ишлайдиган ўртоғи Фазлиддиннинг олдига йўл олди. Хайтовур, ўртоғи  ишда экан. Салом-аликдан сўнг Фазлиддин Акмал олиб келган дискни компьютерга солди-ю, у очилиши билан икки ўртоқ бир-бирига тикилиб қолишди.

— Зўр-ў..

-Буни қаердан олдинг?

— Йўлдан  топдим. Фазли, миллионер бўлишни ҳоҳлайсанми?

Акмал миясига келган фикрдан қувончини яшира олмади.

Фазлиддин компьютер мониторига диққат билан тикилар экан, дискни ичидан чиққан 1000 сўмлик ва 100 АҚШ доллари қийматидаги купюраларининг олд ва орқа томонларининг нусхалари озгина харакат қилишса, уларга катта бойлик олиб келишини ўйлаб оғзининг таноби қочди.

— Лекин бу ерда сан ўйлаган ишни қилиб бўлмайди, бошқа жой керак. Бундан ташқари рангли принтер, қоғоз ва хоказо ва хоказо… Иннан кейин, бир –иккита компьютер дастурини ҳам киритиш керак, бу эса мани қўлимдан келмайди.

— Топамиз. Кетган пул бир пасда ўзи келади. Бировга гулламасанг бўлгани.

— Эсингни едингми. Ҳали жонимдан умидим бор.

-Агар рози бўлсанг, биттаси бор. Компьютерни сувдай ичворган. Яхшилаб гаплашилса кўнади.

-Фақат эҳтиёт бўлиш керак, унинг ўзи ишончли одамми?

-Ҳа.

-Пулни ўтқазадиган ҳам одам топиш керак.

-Бунисини менга қўйиб бер, оғайни. Акмал Фазлиддиннинг елкасига қоқиб, ташқарига чиқди.

Зухриддин билан Турдибек уларни келишилган жойда кутиб туришарди. Турдибек Акмал билан гаплашгач, Зухриддинни топган эди. Узоқдан Акмал билан Фазлиддиннинг қораси кўриниши билан иккаласи уларга пешвоз чиқишди..

-Танишинглар, бу Зухриддин, ўзимизни укахон. Жуда ҳам, надежний. Пулларни алмаштириб беради.

-Қанча бўлсаям-а? Акмал зухриддинга ишонқирамай тикилди.

-Ўзи қанча бор? Зухриддиннинг йўғон овози, босиқлиги Акмалга таъсир қилди.

-7 миллионлар атрофида.

— 3,5 миллион бераман. Аммо бир оз сабр қиласизлар. Ўзи тайёрми?

— 3-4 куннинг ичида ҳаммаси тайёр бўлади. Ишни бошласак бўлгани. Ҳамтовоқлар қўлга киритилажак бойликни кўз олдига келтиришар экан,  пулларнинг шитирлаган овози қулоқларига эшитилгандай бўлди.

Эртаси куниёқ Зухриддин таниш Фурқатдан тез кунларда фойдаси билан қайтариб беришни айтиб, 1,5 миллион сўм қарз олгач Турдибек билан Тошкентга келишди. Бу ердан компьютер, лазерли рангли принтер, қоғоз кесиш мосламаси, қоғоз ва қалбаки пул чиқариш учун барча зарур жиҳозларни сотиб олиб Акмал вақтинча яшаб турган уйга олиб келишди. Турдибек компьютер хотирасига «Corel Draw-9» ва  «Lazarejet-2550» русумли рангли нусха чиқарувчи лазерли принтер дастурларини киритиб, қалбаки пул ишлаб чиқариш учун тайёрлаб қўйгач, Фазлиддин дискдан кўчирилган пул нусхаларининг рангларини аслидек қилиб танлаб чиқди. Иш бошлаш учун ҳамма нарса тахт эди.  Бир неча кундан кейин 800 минг сўм ва  ва 6000 АҚШ долларлари тайёр бўлди. Пулни олиб кетишга келган Турдибек билан Зухриддиннинг тахлаб, боғлаб қўйилган пулларни кўриб кўзлари ёниб кетди. Улар келишилгандек пул боғламларини олиб кетишга  чоғланишар экан, Акмал пулларни чиқараётганида компьютер бузилиб қолганлигини, бундан ташқари принтернинг ҳам ранги тугаб, уни ишлатиш учун яна 120 минг сўм кераклигини айтиб қолди.

-Э, жўра, бундан олдин олинган қарзни қайтариш керак. Бугун эрта эгаси сўраб қолади.

-Бўлмаса, тезроқ пулни ўтказинглар, бошқа иложи йўқ.

Аксига олиб чиқарилган сўмларнинг ярми яроқсиз эканлиги тезда маълум бўлди. Эҳтиёт шарт жойда кам алмаштириш лозим эди. Бу сафар хамтовоқлар кўп ўйлаб ўтирмай барча анжомлар билан «Кўтарма» махалласидан ижарага олинган бўш хонадонга кўчишди. Бу ерда Акмал Гулом билан танишди. Оилали бўлсада ҳеч жойда ишламайдиган, оғирнинг остида енгилнинг устида юришга ўрганиб қолган ғулом доимо мумай даромад бор жойнинг иссини етти чақирим наридан сезарди. қалбаки пулларни ҳақиқийсига алмаштиришни ундан бошқа щеч ким яхшироқ уддаламаслигига бошқаларни ишонтиргач у барча харажатлар учун пул топиб беришини айтди. Бунинг учун у кўп нарса сўрамади, фақат қайнотасининг «Тико» машинаси техник паспортини ўз номига қалбакилаштириб беришса  бўлгани. Бир неча кундан сўнг орзиқиб кутилган хужжатни қўлига олар экан,  Жиззах шахрида тадбиркорлар оғрини енгил қилиб келаётган «Ишонч» кредит уюшмасидан «Тико»ни гаровга қўйдида, 3 миллион сўм қарз олди. Принтерга ранг қўйиш, компьютерни созлаш учун маблағ бергач, қолган пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборди.

Бир неча кундан сўнг янги 1000 сўмликлар тайёр бўлди. Бу сафар «тадбиркор»лар 2 миллион 149 минг сўм чиқаришган эди. Пуллар тахланиб, беллари боғлангач, энг қийин иш, уларни ўтказиш қолди. Акмал чиқарилган қалбаки долларлардан  600 АҚШ долларни савдо билдан шуғулланувчи таниши Мухлисага сотишни мўлжаллади.  Кимда пул кўп, албатта тадбиркорларда. Бозорга Мухлисанинг олдига бориб, унга машинасини таъмирдан чиқариш учун пул кераклигини, ўзида АҚШ долларлари борлигини айтди.

-Олсангиз арзон бераман, жудаям пул зарур.

Мухлиса кўп ўйлаб ўтирмай Акмалдан 600 АҚШ долларини 640 минг сўмга сотиб олди. Акмал қолган долларларнинг ярмини Зухриддинга бериб, ўзидагисини яшириб қўйди. Келишилгандек қалбаки пулларни тенг ярми бахосига сотиб олган Зухриддин уларни турли йўналишларда тарқатди. Қалбаки пулларнинг бир қисми  муомаладаги пулларга қўшилиб, кеча-ю кундуз тер тўкиб меҳнат қилган юртдошларимизга меҳнат ҳақи, нафақа пуллари сифатида тўланди.

Алимардон ака «Хамзаобод» алоқа былимидан 1000 сўмлик купюрада бўлган 4900 сўм нафақа пулини имзо чекиб олгач, Машина қидириб бекатга йўл олди. Сирдарёда яшовчи қариндоши тўйга айтган. Бормаса бўлмайди. Узоқ йўл. Машина топиб бориб келмаса қийналиб қолади. Шу куниёқ  қўшниси Бекпўлатни тўйга бирга бориб келишга кўндириб кўнгли тинчланди. Эртаси куни эрта билан йўлга чиқишди. Эндигина гуллаб, кўсак тугаётган ям-яшил пахтазор икки четини  ўраб олган  йўлдан кетишар экан, Бекпулат ёнилғи тугаётганини айтиб қолди.

— Бирорта шохобчани олдида тўхта, қуйиб оламиз. Алимардон ака костюмининг ич чўнтагидан пулни чиқариб, ён чўнтагига олди. Қанча билан етамиз. Хозирча 10 литр  етади.

Бекпулат У. Хотамов жамоа хўжалигида жойлашган ёнилғи қўйиш шахобчасини кўриб, машинани у томон бурди. Тўхташгач, Алимардон ака олган нафақа пулидан 20000 санаб, шахобча кассасига узатди.

-Амаки, бу пулларингиз ўтмайди?

Шахобча нозирининг овози  Алимардон аканинг хайратда қолдирди.

-Нега ўтмайди, болам. Бу пенсия пулим-ку?!

-Пулларингиз қалбаки. Бошқа пул беринг.

Жойида тахтадек қотган Алимардон ака  қайтарилган 1000 сўмликларнинг у ёғ бу ёғини айлантириб кўрар экан, яп-янги, гард юқмаган бу пулларнинг сохталигига ишонгиси келмасди.

Тўйдан қайтган Алимардон ака биринчи навбатда  ички ишларга ариза билан мурожаат этди. Бу орада Мухлисахон ҳам Акмал уни алдаганлигини англади. Жиззах шахар ички ишлар бўлимига қалбаки пул ҳақида яна бир ариза келиб тушди. Вақт ўтар, бир зумда миллионерга айланиш истагида ёнган жиноятчиларнинг ишлари бирин-кетин юзага чиқмоқда эди.Муомалага қалбаки пулларнинг чиқиб кетиши олдини олиш ва жиноятчиларни билан қўлга олиш мақсадида тузилган тезкор гуруҳ зудлик билан иш бошлади. Суруштирув ва қидирув ишлари давом этаётган бир пайтда шаҳар прокуратурасидан  мазкур ишга оид яна бир ариза келиб тушганлиги ҳақида хабар келди.

«Ишонч» кредит уюшмасининг хуқуқшуноси Улуғбек Юлдошев Муродов ғулом унга ажратилган кредит маблағининг фоизини ўз вақтида тыламаганлиги сабабли, гаровга қўйилган машинани излаб, ғуломнинг қайнотасиникига борган, сухбат чоғида машина қайнотага тегишли эканлиги, у куёвига уни бошқариш учун ижарага берганлигини аниқлаган эди. Щуқуқшунос «Тико» нинг барча хужжатларини кўздан кечириб, машинанинг ҳақиқий техник паспорти билан Жиззах шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат этди.

Бу вақтда эса Зухриддин қалбаки АҚШ долларларини тезроқ сотиш пайида эди. Танишларига мурожаат қилиб иши битмагач, нима қилишни билмай боши қотиб ўтирганида рўпарасидан чиққан Журабекни кўриб боши осмонга етди.

-Э, жўра, бормисан? Ишларинг яхшими: Зухриддин Жўрабек билан қучоқ очиб кўришар экан,  гапининг ўртасида  озгина қалбаки доллари борлигини, уларни  қарзларидан қутилиш учун сотмоқчи эканлигини қистириб ўтди.

— Ёрдам бер, жўра. Яхшилигингни бир умр унутмайман.

— Қаердан олдинг уларни? Жўрабек  Зухриддинга тикилди.  -Ким берди.

-Э, бир –иккитаси билан шу ишга қўл урувдик. Ўтказишга ёрдам берсанг саниям қуруқ қўймаймиз.

-Қанча бор?

— Менда 4200 доллар. Агар тезроқ ўтказсанг, яна бор.

Жўрабек Зухриддиндан пулларни олиб, шимининг чўнтагига тиқди. Икки дўст бир хафтадан сўнг учрашишга келишишди…

…Нозикхон ая ўғли Жўрабекни милиция ходимлари олиб кетишганини эшитиши билан хуши бошидан учди. Ўғли нима айб қилувдики, уни қамоққа тиқишса?! Бошидаги рўмолини тўғирлай-тўғирлай милиция бўлинмасига етиб келди. Милициядагилар қалбаки пул чиқарганларни ушлашганлигини эшитиб, уйига қайтди. Ўғлининг хонасига кириб, кийимларини текшира  бошлади. Э воҳ, унинг шими чўнтагидан чиққан бир даста 100 АҚШ долларларини кўриб оёғидан мадор кетди.

Энди нима қилади? Қали бу кўргулик ҳам бормиди, унга? Нозикхон ая бир оз ўйланиб турдида, сўнг, худди уни биров кўриб қолаётгандай шошиб, пулларни майда-майда қилиб йиртди. Парчаларни тўплаб, ховли четидан оқиб ўтган ариққа олиб бориб ташлади.

— Ойи, чўнтагимда пул бор эди, қани улар?

Кечқурун уйга қайтган Жўрабекнинг жахли чиққан, терговчига «пулларни олиб келиб бераман» деган ваъдаси чиппакка чиқиб, ёлғончига айланаётганлигидан асабийлашмоқда эди.

— Вой болам, уларни қаердан олдинг. Ҳаммасини йиртиб , ариққа ташладим.

-Эсингизни еб қўйибсиз, ман уларни терговчига беришим керак эди, қаёққа ташладингиз?

Нозикхон ая ташлаган жойини ўғлига кўрсатар экан, Жўрабекнинг ариқ четида ётган қалбаки пул бўлакларининг бир нечтасини териб олишдан бошқа чораси қолмади.

                           Наргис Суннат қизи, журналист

 

Улашинг: