1 733

ҚОПҚОН

-Севар, ўртоқ илтимос,  ёнимга кел.  Қўрқиб кетаяпман. Уч кундан бери  телефон рақами номаълум кимса мени шантаж қиляпти. Агар душанба куни айтган жойга келмасанг, ҳаммасини эрингга айтиб бераман, деяяпти. Унга пул топиб бермасам, уйим куяди.

-Тўхта, тўхта, ҳеч нарсани тушунмаяпман. Қанақа пул, нега энди сен унга пул беришинг керак?

— Ахир … ахир… телефон гўшагидан Дилнозанинг йиғиси эшитилди.

-Майли, ҳозир бораман, биласанку уйдан чиқишим қийин. Қайнонам…

Аммо қўнғироқ узилиб, гўшакдан чўзиқ ту-тулаган овоз келди.

Бошим қотиб қолди. Уйдан қандай қилиб чиқиб кетсам экан-а? Сардоржонни боғчадан олишга ҳали эрта.

Аста уйдан чиқиб, ҳовлига назар ташладим. Ҳеч ким йўқ. Ҳой-наҳой ойижоним тушликдан сўнг уйқуга кетган бўлса керак. Келганимдан кейин бир баҳона топарман.

Апил-тапил кийинганимча, сумкачамни олдим-у, ташқарига отилдим. Аксига олиб автобус ҳам ҳадеганда кела қолмади. Такси ушлаб,  Дилнозанинг уйига учиб бордим. Эшиги очиқ экан. Ховлисида ити йўқлигини билганим учун дадил ичкарига кирдим. Супурги ҳовлининг ўртасида ётар,  уйнинг ичи ҳам йиғиштирилмаган,  алламбало элита услубида тикилган дарпардалар  туширилган нимқоронғи хонанинг бурчагида хурсиниш эшитилди. Дилноза диван ёнида тиззасини қучоқлаганича, бошини қуйи солиб ўтирарди.

-Дилноз, сенга нима бўлди?

-Вой, келдингми ўртоқжон? У яна йиғлай бошлади.

-Нима бўлди ўзи? Мундоқ тушунтирсангчи?

-Уч кун олдин телефоним  жиринглаб, аллақандай эркак киши, эртага Ўрдадаги хайкал олдидага эрталаб соат 10 да келинг. Муҳим гапим бор, келмасангиз ўзингизга ёмон бўлади, деди. Қўрқиб бормадим. Кейин у яна телефон қилиб, Лола ҳақида билишини ва буни  Рамиз акамга етказишини айтди.

Яна йиғи бошланди.

-Э, итга ўхшаб увиллайверма. У Лола ҳақида қаердан билган экан? Буни онанг, мен ва ўзингдан бошқа ҳеч ким билмайди-ку? Отаси, Суюнмиди?  Ҳм-м, автоҳалокатда ўлган бўлса?

-Худо мени жазолаяпти, қизалоғимни болалар уйига бермаслигим керак эди. Аҳмоқман, аҳмоқ…

-У пайти ёш эдинг.. 17 яшар қизалоқ нимани ҳам билардинг. Ойинг бориб кўриб турадилар, ўзинг ҳам онда сонда борасанку. Унинг учун ҳеч нарсани аямаяпсан?

-Нима қил дейсан?  У одамдан қўрқаман. Агар бу уюштирилган бўлсачи? Кейин Лоланинг расмини Рамиз акамга  кўрсатишсачи?

-Кино кўравериб, томинг кетиб қолибди. Ҳамма нарсага тупур. Ҳеч нарса бўлмайди. Телефонингни  вақтинчалик ўчириб қўй.

-Ўчира олмайман. Рамиз акам шубҳаланадилар. Қанчалик рашкчи эканлигини биласанку?

Ҳақиқатдан Дилнозанинг эри уни ҳар бир дарахтга рашк қиларди. Бечора дугонам на синфдошларнинг учрашувига, на бир ўзи бозорга бора олар эди. Рамиз ака ўзига тўқ, ишбилармон бўлиб, Дилноза 24 хонадан иборат данғиллама уйнинг бекаси. Ҳар куни келиб кетадиган хизматчи аёлдан унга иш ҳам қолмасди. Тўрт йилдан буён боласи бўлмай, ўзини ич-ичидан еб юрган дугонам яқинда ҳомиладор бўлганлигини билиб,  еттинчи осмонда учиб юрганди.

-Севар, менинг ўрнимга сен борсангчи? Дилноза бирданига қўлларимни маҳкам ушлаб олди. Бир-биримизга  ўхшаб кетамиз. Бўй бастимиз, соч турмагимиз ҳам бир хил. Фақат кўзингни менга ўхшаб бўяб, кийимларимни кийсанг, сени  мендан ҳеч ким фарқлай олмайди.

-Эсингни едингми? Кўчага чиқиб, сал кеч қолсам, қайнонам мени ейди-ку?

-Ахир ҳуқуқшуносан. Бунақа пайтлари нима қилишни биласан? Ундан кейин ўша кимса кимлигини ҳам аниқлашимиз керак-ку? Илти-им-о-ос. Ж-о-он дугонажон.

Табиатан кўнгилчан одам бўлганим учун, бировнинг бошига кулфат тушса қараб ўтира олмайман. Беихтиёр “хўп” дедим-у, кейин афсусландим. Аммо Дилнозанинг кўзлари чақнаб кетганлигини кўриб, нафасимни ичимга ютдим.

-Соат неча бўлганидан хабарингиз борми, келин? Ҳали ҳам ётибсизми? Давро-он! Туринглар!!!

Бирдан Дилноза иккаламиз қўл ушлашиб осмонга парвоз қилаётган жойдан пастга қараб қулай бошладик. Дилноза қўлимни қўйиб юбориб,  мендан ҳам тез учиб, қора жар қаърига қулаш пайтида Даврон акамга айланиб, ғойиб бўлди. Негадир мен қайнонамнинг овози билан Давро-он  ака деб бақирар, айнан ака сўзи  томоғимдан ташқарига чиқмасди. Нафас етмай, бўғила бошлаганимдан чўчиб кўзимни очдим. Қоп-қоронғу хонада  нима учун пастга бунчалик тез қулаганимни англамай, бир оз ҳеч нимани тушунмай ётдим. Ахир Даврон акам жарга қулаб тушди-ку. Шошиб ёнимдаги ёстиқни пайпасладим. Бўш!!! Сакраб ўрнимдан турган эдим, Даврон акамнинг бўғиқ овози дераза ёнидан эшитилди.

-Ойи, мунча ваҳима қиласиз. Хали жуда ҳам эрта-ку, тонг ҳам оқармаган. Ҳозир  Севар супиради ўша кўчангизни.

-Сен нимани ҳам билардинг. Янги келин тушган уйнинг олди биринчи бўлиб сув сепиб супирилмаса, қўшнилар нима дейди?  Жамиланинг келини турмасдан олдин менинг уйимни олдига сув сепилган бўлиши керак. Айт хотинингга ховлига чиқсин, соат  уч яримгача ётгани нимаси? Уят эмасми? Ҳадимай бомдодга азон айтилади. Қўни қўшнининг эркаги масжидга  кетади, кўча супирилмаса  Давроннинг  бебошларча ўзи танлаган хотини исқирт экан, демайдими?

Қайнонам тўйдан сўнг ҳали ҳам босилмаган алами натижасида  ҳосил бўлган заҳарли зардобига ботирилган ўқини Даврон ака  у танлаган қизга уйланмай, мени турмуш ўртоқликка танлагани учун деярли янги келин, яъни камина Севарахон томон отиб, деразамиздан тўнғиллаганича узоқлашди. Деярли янги деганимнинг сабаби бу хонадонга келин бўлиб тушганимга уч йилдан икки ой ошди. Аллақачон Сардоржон ҳам тўғилиб, памперсдаги орқасини юқорига берганича пишиллаб ухлаб ётарди.

—  Севар тур, яна жанжал бўлмасида шу падарланъати кўчани супирақол. Бирдан ёқилган чироқдан кўзим қамашиб,  бир-икки дақиқа кўзимни оча олмай ўтирдим.

-Даврон акажон илтимос, яна бир оз ухлай, ахир шу кўча улгурни эрталаб турмай деб, кечқурун супирган эдим. Қилт этган шамол йўқ, тўрт-беш соатнинг ичида ифлос бўлмагандир? Боши берк кўча бўлса, мошина ўтиб, қайтмаса?!

Даврон акам  чуқур «уфф» тортиб, яна жойига чўзилди. Кўп гапирмай борақол. Бўлмаса яна жанжалнинг тагида қоламиз. Ҳар куни супиргинг келмаса овсининг Феруза билан навбатчилик жадвалини тузинглар.

-Ойижонимизни биласиз-ку, Ферузахонга кўча супиртирмайдилар, чунки у «дед», аллақачон «янги келин»ликдан чиққан. Балки бу хақида ойижонимларга ўзингиз айтарсиз?

Аммо Даврон акам гапимни охирини аниқ эшитмади, чунки унинг хўрраги, Сардоржоннинг пиш-пиши билан қўшилиб ажиб оҳанг сингари хона бўйлаб тарқала бошлади. Ҳа, бежиз доно халқимиз «ўзбекнинг кичиги бўлганича кучуги бўл» демаган. Мен бу доно сўзларни сал оиламизга мослаштириб «ўзбекнинг келини бўлгунича мушуги бўл», деб ўзгартирган бўлардим. Чунки пайғамбаримиз Мухаммад алайхиссалом ҳам чопонларининг барида ухлаб ётган мушукни уйғотиб юбормасликка харакат қилиб, этакларини кесиб, номоз ўқиш учун ўрнидан турган эканлар.

Бизнинг хонадонда ҳам лақаби Муштарийхоним деб аталган мушук иззат-у ҳурматда. Ҳар қалай уни қайнонам яхши кўрмасада, қайнотам доимо эркалайди. Суюкли ойижоним юзи узра тўпланган булутларга қарамай, қайнотам доимо косасидаги гўштни Муштарийга беради. Баъзида мушукнинг  жазирама иссиқ кунда айвондаги очиқ дераза рахида думини осилтирганича мудраб ётишини кўрганимда бахиллигим келиб кетади. Қани энди унинг ўрнида бўлиб қолсам. Аммо начора худойим менга ақл-фаросат бериб одам қилиб, бунинг устига Салимахон аядек икки маротаба хажга бориб келган онанинг келини қилиб яратган. Начора, хали қуёш юзини ювиш тугул, кўзини очмай туриб мен бечора уч йиллик янги келин кўча супириб,  сув сепишим керак.

Уйқу хоинларча қовоқларим устидан босаётган бўлса хам амаллаб тунги кўйлак устидан халатимни илиб, ҳовлига чиқдим. Қоп-қоронғи осмонда юлдузлар устимдан масхара қилгандек менга қараб кўз қисади. Ҳовлига чиққаним билан оёғим тагида ўралашадиган Муштарий ҳам негадир кўринмайди. Қайнонам мушукни ёмон кўришини билмай, раҳмдиллигимга бориб, бир куни ойимникидан қайтаётганимда ёмғир тагида аянчли миёвлаётган мушукчани кўтариб келган эдим. У ўзига келиб, уйдан ҳовлига чиқиши билан қайнонамнинг ғазабига дучор бўлдим. Бечора мушукча ҳамма одамлар ҳам мен каби мушукларнинг  яқин дугонаси деб ўйладими, пилдираганича  ҳовлида офтобадан бир қўли билан ўзига сув қўйиб, қўлини юваётган қайнонамга бориб суркалди. Ҳовлисида на ит, на мушук боқмаган Салимахон бақирганича қўлидаги офтобани отиб юбориб,  мушукчани тепиб юборди. Бечорани ўша пайти дарахтларда чуғурлашаётган қушларга ҳавас қилган бўлса ажаб эмас, чунки қаноти йўқлигидан шалоплаб асфальтланган ерга тушди. Югуриб уни кўтариб олганимда юракчаси тез-тез дукиллаб урар, кўзлари эса ёшланган эди. Шу-шу бўлди Муштарий қайнонамни кўрса бир чақирим наридан айланиб ўтар, аммо менинг овозимни эшитиши билан ернинг тагидан бўлса ҳам ёнимда пайдо бўлиб, муриллаганича оёқларимга суркаларди.

Атрофга аланглаб, Муштарийни қидирдим.

-Кис-кис-кис. Муштари-и-ий!!!

Овозимни эшитиб қўшнининг  кучуги ғинғшиди. Ўзи мен атрофдаги барча жониворлар билан дўстман. Кўчага чиқдим дегунимча қўшниларнинг итлари олдимга югуриб келиб, думларини ликкиллатганларича ақлли кўзларини қўлларимга қадашади, чунки доимо улар учун бир бурда нонми, колбасанинг бўлагиними олиб чиқаман.

Муштарий ҳеч қаерда кўринмагач, супургини олиб, челакка сув тўлдирганича, кўчага йўналдим. Дарвозадан чиқишим билан юмшоқ бир нарсани босиб, баданим сесканиб кетди. Энгашиб, ерда ётган нарсага қарадим. Оёқларим тагида мушугим чўзилганича ётарди.

-Муштарий, сенга нима бўлди?

Мушукни кўтармоқчи бўлиб, ток ургандек қўлимни тортиб олдим. Муштарий ўлик эди. Танаси аллақачон совий бошлаган. Бечора вафодоргинамнинг кўзлари очиқ бўлиб, бўйнига бир парча сим ўралган эди. Хўрлигим келиб, кўзларим ёшга тўлди. Ўзимни қўлга олиб, Муштарийни авайлаб кўтарганча боққа тушдим. Молхона  чироғини ёқиб, белкуракни топганимча анча вақт ўтди. Бу бало қайдан келди? Кимнинг иши бу? Наҳотки Дилнозанинг бошига тушган кўргиликнинг бир учи менга ҳам тегаётган бўлса? Аҳмоқона ҳаёлларни  миямдан ҳайдашга ҳаракат қилиб, ниҳоят Муштарийни олма дарахти тагига кўмиб, кўчага сув сепа бошлаганимда аллақачон тонг оқара бошлаган эди. Яқиндаги масжиддан муазиддиннинг азон айтаётган овози эшитилди.

-Намунча имиллоқсиз, келин. Шу пайтгача бутун бир трассага сув сепиб, супирса бўларди-я. Шўрим қурсин мени, шўрим. Даврон ўқиган қиз оламан демаганида, бу бало  қайда бор эди?

Мушугимга аза очиб, ичимга чироқ ёқса ҳам ёруғ бўлмай турган бир пайтда қайнонажонимнинг гаплари жон жонимдан ўтиб кетса ҳам, ичимда “ўзингини бос Севараой ўзингни бос” дея, аранг ўзимни қўлга олдим.

-Ҳа, Севар намунча қовоғингдан қор ёғади, кўчага сув сепаётганингда чаён чақдими?

Даврон акам хонтахтанинг тагидан сонимни чимчилаб олди.

Чўчиб тушиб, энди оғзимга олиб бораётган пиёладаги чойни тўкиб юбордим. Негадир хўрлигим келиб, кўзимга ёш келди.

-Сенга нима бўлди, вой жинниивой, айтган гапимдан хафа бўлдингми?

Даврон акам хавотирланиб тикилиши билан қайнонам ичида эндигина ноз уйқуга кетган  капча илон бош кўтарди.

— Хозирги ёшларга ҳайронсан, сиркаси сув кўтармайди, сал нарсага хафа бўлади. Туринг қизим, овсинингизни мазаси йўқ, Сардоржон билан Гулойни ўзингиз боғчага олиб бориб келақолинг.

— Ойижон, мен ўзим ишга кетишда, болаларни ташлаб кета….

-Сен, болам ишингга кеч қолма, барибир Севарахон ҳеч жойда ишламайди, бунинг устига ташқарига чиқса шамоллаб келади. Қайнонам гап тамом дегандек, тўқ этиб пиёлани дастурхонга қўйди.

Лабларимни аранг чўзиб, юзимга ясама табассумни ёпиштирганча, индамай ўрнимдан туриб,  икки яшар Гулойнинг қўлидан ушладим. Сардоржонни кўтариб, эшикка йўналдим.

Йўқ бунга чек қўйиш керак. Ахир олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлсам. Ўғлим иккидан ошди, ишга чиқмасам  бўлмас. Бу уйдаги Салимахон исмли прокурорнинг буйруқларига, ҳар бир гапида ўйиб олишларига бошқа чидай олмайман. Ота- онам  институтдаги ўқиш шартномам учун миллион миллион тўлаб, уй хизматкори бўлишим учун ўқитишмаган ахир! Жамиятга ҳам бирор фойдам теккани йўқ. Ўзи нега Даврон акамга махлиё бўлиб, тўйдан сўнг хотининг ишламайди деб, қайнонажоним шарт қўйса индамай  рози бўлдим? Кўз очиб юмгунча нақд уч йил ўтибди-я?!

Ўзи Даврон акам билан ҳам танишувимиз қизиқ бўлган эди. Туман прокуратурасига битирув иши олди амалиётига борганим пайтларим юзимдаги асаб толаларини шамоллатиб қўйиб, зудлик билан касалхонага тушдим. Икки куннинг ичида юзимнинг ўнг тарафидаги асаб толалари қотиб, бир кўзим юмилмайдиган, оғзим яхши очилмайдиган бўлиб қолди. Натижада овқатни яхши чайнай олмай, еган, ичган нарсам  оғзимнинг ўнг тарафидан оқиб кета бошлади. Ҳеч кимнинг кўзига кўринмаслик учун иложи бўлса палатадан чиқмас, қийшайган тарафимга сочиқни босганича бошимдаги оғриқдан унсиз йиғлаб ётар эдим.

-Кечирасиз, қон босимингизни ўлчашим керак.

Юрагимга негадир мойдек ёққан бу овоз томон, қўлимни юзимдан олмай ўгирилишимни билан, қалбим ўртаниб кетди. Кравотим бошида жилмайганча оқ халатда келишган бир йигит турарди.

  • Мммен..
  • Сиз Каримова Севарамисиз?
  • Ҳа.
  • Ташхисингиз юзнинг ўнг тараф неврити, тўғрими? Мен навбатчи шифокор Даврон Шокировман. Қон босимингизни ўлчашга рухсат берарсиз?

Ўнг юзимни тўсиб турган докани юзимдан олмай, каравотга ўтириб, сал пал ёпиладиган чап кўзим билан шифокорга тикилдим. У менга бир қаради-ю, тикилиб турганимни кўриб, негадир қизариб кетди.

  • Мана бўлди, қон босимингиз жойида, бошингиз оғримаяптими?
  • Оғрияпти. Негадир хўрлигим келиб, соғ кўзимда ёш ғилтиллади.
  • Ҳозир касалларни кўришим керак, кечроқ яна сиздан хабар оларман.
  • Раҳмат.

Шифокор чиқиб кетиши билан палатадошим, қип-қизил юзидан қон томиб турган, доимо белини ушлаб вой-войлаб юрадиган Ҳамротош опа қошини қоқди.

  • Ҳо, кечроқ хабар олармишлар, фақат ёшлардан хабар олишади, биздек элликни уриб қўйганларга ҳам бирор одам қарармикан, а қоқиндиқ?

Уни гапини дераза олдида туну-кун шифтга термилиб ётган Дилором эшитса ҳам эшитмаганга олиб, юзини деворга бурди. Бундан аччиғи чиққан Ҳамротош опа энди, менинг қарама-қаршимда ётган, юзида қони йўқ, аммо ғийбат деса ўзини томдан ташлайдиган Сайёрага юзланди.

-Сайёрахон, ҳозиргина кеб-кетган ёш дўхтир нега сиз билан менинг қон босимимни ўлчамади-а? Майли мен қариман, сиз ёш бўлсангиз, чиройингизга қараб одам тўймайди.

Сайёранинг қони камлигидан кўкарган лабларига қараб, ўзимни тута олмай “пиқ” этиб, кулиб юбордим. Иккаласи ҳам  бирдан ўлжасини кўриб қолган капча илондек, бошларини мен томон буришди.

-Ҳа, айланай, бор йўғи палатага бугун келиб, нега устимдан кулаяпсиз? Ҳамротош опанинг тирсагига таяниб, бўйнини олдинга чўзганича туриши нақ илоннинг ўзи эди. Кўз олдимдан яхши кўрган “Ҳайвонот олами” кўрсатуви лоп этиб ўтди-ю, қаттиқ кулиб юбормаслик учун ўнг юзимдаги докани юзимнинг ўртасига сурдим.

-Ҳамротош опа, эндигина мўмин-қобилгина қиз экан, деб юзи қийшайганига ачиниб турувдим-а, капча- она илоннинг  ёнини олди капча-жувон. Ўзини худо уриб қўйибди-ю, яна бошқаларнинг устидан кулади-я?!

Сайёранинг гапидан жаҳлим чиқса ҳам, ўзимни аранг қўлга олдим.

-Мен мутлақо сизларнинг устларингдан кулаётганим йўқ, бирдан ёдимга бир латифа тушди, айтиб берайми? Латифа кимни чақишни билмай, бир бирини чақиб ўлдирган капча илонлар ҳақида. Дўхтир акамизга келса, мен уни палатага чақирганим йўқ, ўзи келди. Хали бугун менинг қон босимимни ҳеч ким ўлчамаган эди. Янгиман, ахир навбатчи дўхтир аҳволи оғир янги беморлар учун жавоб бермайдими? Мени ҳам сизнинг ёшингизга етказсин Хамротош опа, сизни бир кўрганимданок ойижонимни эслаб, юрагим орзикиб кетувди. Сайёрахон сиз эса роса энг яқин дугонамга ўхшар экансиз, юзингиздан очиқкўнгил, меҳрибонлигингиз кўриниб турибди. Сизларнинг ёнингизга ётганимдан ичимда Худойимга шукроналар айтиб турувдим.

Оғзимдан автоматдан отилган ўқлар сингари потирлаб чиқаётган бу сўзларга ўзим ҳам ҳайрон бўлиб, зимдан Ҳамротош опа билан Сайёранинг юзларига тикилдим. Иккаласи ҳам бирдан жим бўлиб қолиб, тусини ўзгартиришга тайёрланаётган буқаламун сингари менга қандай жавоб қайтаришни ўйлашарди.

-Вой айланай, сиз мени нотўғри тушундингиз, шекилли. Кирганингиз билан сизга ачиниб, ёшгина бўла туриб, бошига шундай дард тушибди, деб Сайёрахонга айтиб турувдим. Ўқийсизми ё ишлайсизми?  Турмушга чиққанмисиз?

Илоннинг боши инидаёқ янчилган эди. Энди у иккинчи калласини чиқариб, ялтоқланишга тушганидан мийғимда жилмайиб қўйдим.

-Битирув амалиётида эдим. Терлаб туриб, юзимни муздек сувга чайганимни биламан, баданим бир сесканиб, шу аҳволга тушдим.

-Хафа бўлманг, ўртоқ, тезда тузалиб кетасиз. Сиздан олдин ҳам бу ерда юзи қийшайган қиз ётувди, дўхтирлар барака топсин, тузатиб, чиқариб юборишди. Ниҳоят тусини ўзгартирган Сайёра-буқаламун ҳам тилга кирди, аммо у билан қачон ўртоқ бўла қолганимни эслай олмай турганимда яна навбатчи дўхтир Даврон Шокиров палатага қайтиб кирди. Ҳамма бирдан жим бўлиб қолди.

-Кечирасиз Севарахон, қон босимингизни ўлчабман-у, юрагингизни текширмабман. Узр, чалқанча ётсангиз. У оҳиста каравотимни четига ўтирди. Ҳамротош опа билан Сайёра бир бирига яшин тезлигида қараб олишди.

-Дўхтир болам, менинг юрагим ҳам кечдан буён безовталанади, бир кўриб қўймайсизми?

— Албатта опажон, ҳозир Севарахонни кўрай, кейин сизда бир муаммо бўлса кардиологни чақиртирармиз.

Даврон ака юрагимни эшитиб бўлгач, томиримни текшириш учун қўлимни ушлади. Унинг қўли титраётганини сезиб, кулиб юбормаслик учун юзимга докани босдим. Даврон аканинг юзи эса қизларники сингари қизариб кетганини кўриб, баттар шайтон қитиқлади.

— Вой, болам, юрагим санчаяпти,- мени қутқарди Хамротош опа.  -Фақат ёшларга қарайвермай, ёнимга келсангизчи!

Даврон ака баттар қизарганича қўлимни қўйиб юбориб, Хамротош опа каравотининг четига ўтирди.

-Қани, чалқанча ётингчи, юрагингизни бир эшитай?!

Аёл оғир гавдасини ташлаши билан каравотнинг тахталари аянчли ғирчиллади.

-Қани қаерингиз оғрияпти?

-Мана бу ерим ёмон санчияпти.

-Ахир бу ўнг томонингизку, юрак кўкракнинг чап тарафида бўлади. Қани бироз нафасингизни ушлаб турингчи!

Дўхтир Хамротош опанинг юрагини эшитар экан, зимдан мен томон қараб-қараб қўяёганлигини кўриб, юрагим хапқирди.

-Вой нафас олсам бўладими? Менга қаранг дўхтир йигит, мен бу ёқдаман. Хамротош опанинг овози нафаси етмаганидан чийиллаб чиқди.

Унинг бу гапига пиқ этиб кулиб юбордим. Хамротош опа менга уқрайганича яна дўхтирга тикилди. Бир оз нафас олмай ётиб, чидай олмади.

— Юрагим чатоқроқ эканми, дўхтир болам?

-Сиз жуда ҳам асабийсиз. Ҳозир ҳамширани чақиртириб, сизга тинчлантирувчи укол қилдираман. Бир мазза қилиб ухласангиз, эртага отдек бўлиб кетасиз.

Даврон ака қулоғидан стетоскопни олиб, бўйнига туширди-да, Хамротош опага жилмайганича икки кўзи менда бўлиб, палатадан чиқиб кетди. Шундан кейин у билан ҳар куни кўришадиган, негадир Даврон ака ҳар куни навбатчиликка қоладиган бўлди. Тез орада уни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Охир -оқибат касалхонадан чиқиб,  орадан икки ой ўтиши билан тўйимиз бўлиб ўтди. Натижаси эса ёмон эмас. Кўз олдимга  қўлчаларини силкитиб, дадаси томон лапанглаб бораётган Сардоржон келиб, беихтиёр жилмайдим. Сўнг бирданига ёдимга Дилноза тушиб, кўнглим хира тортди. Учрашув эртага, соат 10 да. Уйдан қандай қилиб чиқиб кетсам экан-а? Ўйлай, ўйлай ойимни мазаси бўлмаётгани айтиб, уларни кўриб келиш учун  бориб келишга Даврон акам, қайнонамдан рухсат сўрайман, деган қарорга келишим билан хотиржам тортиб, кечки овқатга уннадим.

Дилнозанинг кўйлагида, кўзимда қора кўзойнак билан  ўзимни рўпарамда  курсида  қўл ушлашиб ўтирган йигит билан қизни томоша қилаётгандек кўринсамда, аслида нигоҳим олма-кесак терарди. Ҳар бир ўтган эркак одамни кузатиб, мен томон яқинлашса юрагим қаттиқ ура бошларди.

-Сиз Дилнозасиз, шундайми? Ёнимга келиб ўтирган аёлнинг овозидан чўчиб, унга қарадим. Тўладан келган, кўзига қора кўз ойнак таққан, сочи эркакларникига ўхшаб калта  қирқилган, жинси юбка –кофта кийган аёл жилмайганича менга қараб турарди.

-Ҳа..ҳа..

-Мана бу суратларни бир томоша қилинг. У чаққонлик билан ҳаворанг сумкачасидан бир даста  фотосуратларни чиқариб, қўлимга тутқазди.

Суратда Дилноза қандайдир йигит билан жилмайганича қул ушлашиб турарди.

Иккинчи ва қолган суратларда эса беш яшар чамасидаги қизалоқ.  Кўзлари… кўзлари Дилнозаникику.. Бирданига суратларда Дилнозанинг қизи –Лола эканлигини англаб етдим. Кейинги суратда қизалоқни Дилнозанинг онаси  Каромат опа “Меҳрибонлик” уйи  остонаси ёнида қизчанинг олдига чўккалаганича, сочини силамоқда. Яна бирида Каромат опа қизалоққа шоколад тутқизмоқда. Яна бирида Дилнозанинг ўзи Лолани қучоқлаб турибди. Дугонамнинг отаси Эртош ака неварасининг борлигидан хабари йўқ. Шунинг учун ҳам Каромат опа ишдан қайтар чоғида яширинча неварасини бориб кўради.  Оила бўла туриб,  она, буви ва бобо меҳридан мосуво қизалоқ.

-Бу нима? -дедим ўзимни гўлликка солиб.

-Нима? Қизингизни танимаяпсизми?  Ойингизничи?

-Кимсиз ўзи?

-Менинг кимлигимни аҳамияти йўқ. Агарда мана шу суратлар Рамиз акангизнинг қўлига тушмасин десангиз, уч кундан сўнг, темир йўл вокзалининг 15  рақамли қутисига  йигирма минг доллар пулни эрталаб соат 9 гача қўйиб қўясиз. Милисага хабар бераман деб, овора бўлманг. Бўлмаса…

-Бўлмаса мана. Мен жаҳл  билан суратларни йирта бошладим. Аммо аёл кулимсираганича мени тўхтатишга ҳаракат қилмай қараб турарди.

-Буларнинг оригинали компьютерда. Йиртганингиз билан фойдаси йўқ. Айтган гапим ёдингизда турсин. Уч кун вақтингиз бор, холос…

Аёл хайрлашмай урнидан туриб кетди. Қўлимдаги сурат парчаларига тикилар эканман, энди нима қилишимни билмай бошим қотган эди.

Дилноза гапимни диққат билан эшитиб, совуб қолган қаҳвасини беихтиёр равишда чой қошиқ билан аралаштиришда давом этарди.

-Шунча пулни қаердан оламан, дугон?

— Эрингдан сўра.

— Эсинг жойидами? Нима деб сўрайман? 100-200 доллар бўлса ҳам майли эди.

— Менимча уларга пул беришнинг мутлақо кераги йўқ. Сени шантаж қилиб пул олганларидан сўнг яна  сўрашади, кейин яна. Умрингнинг охиригача уларга пул бериб ўтасанми? Энг яхшиси очиқ-ойдин Рамиз акангга айт. Ажрашса ажрашар, ахир неча йилдан бери ҳомиладор бўла олмовдинг. Худойим ҳам энди сенга оналик бахтини бежиз ато этмаяпти, қизингни қайтариб, ёнингга ол, деяпти.  Шундай қилмасанг, ўзингни болангни тан олмаганингдан кейин Худонинг ҳам ғазаби келади-да.

Орадан уч кун ўтди. Бу орада Дилнозадан хабар бўлмади. Бир неча маротаба қўнғироқ қилсамда гўшакни  кўтармади. Кечқурун эса овқат сузаётганимда  телефоним тинмай жиринглаганидан асабийлашган  қайнонам охири чидай олмади:

-Телефонингизни олсангизчи келин,  увиллагани-увиллаган. Ёки мусиқасини алмаштиринг. Сал қулоққа ёқадиганини қўйсангиз бўлмайдими?

Шошиб, гўшакни кўтарган эдим, Рамиз аканинг ташвишли овози эшитилди.

— Салом Севарахон. Мободо Дилноза қаердалигини билмайсизми? Эрталаб сиз билан дўконга чиқамиз девди…

-М-мен. Ишим чиқиб қолиб, дўконда  хайрлашувдик. Ўзи тинчликми?

— Уч соатдан буён қўнғироқ қиламан телефони ўчиқ. Ҳеч ҳам бундай қилмасди. Уйга борсам уйда хам йўқ.

Юрагимни бирдан ваҳима босди. Аммо ўзимни қўлга олишга харакат қилиб, чуқур нафас олдимда, овозимдаги қалтироқни босишга харакат қилдим:

-Кеп қолар. Ойисиникигами ёки сизнинг ойингизгами кетгандирда. Оғироёқ бўлса….

-Шундан хавотирланаяпманда, у ёқда ҳам бу ёқда ҳам йўқ. Майли узр, сизга қўнғироқ қилса хабар беринг.

Рамиз ака гўшакни қўйиши билан яна телефоним увиллади. Қайнонамнинг ўқрайиб қарашидан чўчиб, қўлларим қалтираганича ҳадеганда телефон тугмасини боса олмадим. Ойижонимнинг маъноли томоқ қириши билан  ниҳоят номаълум кимса уланди.

-Алло,  алло… Севар…

— Дилноза!!!!!

-Севар ўртоқ, қутқар. Мен билмайман қаердаман. Қўрқиб кетаяпман. Булар 20 минг доллар пул сўрашаяпти. Рамиз акамга қўнғироқ қилиб, ҳозирча  туша олишмади. Мени ўғирлашди!

-Нима? Ким? Қачон? Қаердасан?

Бирданига гўшакдан таниш овоз эшитилди. Бу ўша Дилнозанинг ўрнига учрашувга борган аёлнинг овози эди.

-Менга қаранг яхши қиз. Агар чоршанба куни соат  19.00 гача пулни бермасангизлар дугонангизни ўлигини оласиз. Буни унинг эржонига ҳам айтиб қўйинг.

-Алло…. Гўшакдан ду-дутлаган овоз эшитилди. Ойижоним “ҳа, нима бўлди? Нега рангингиз оқариб кетди?” дея мени сўроққа тута кетди.

-Ҳеч нарса бўлгани йўқ… Дилнозани тоби қочибди…

-Ҳа, ўша таннозними?

Ойижоним негадир Дилнозани ёқтирмайди. Бизникига келса ҳам хушламай қарши олади. Буни билган дугонам доимо бирор бир совға кўтариб келади. Шундагина Салима ҳожининг юзида жилмайишга ўхшаган нарса пайдо бўлади.

Овқатга сув қўйиб, оловни пасайтирдиму бошқа хонага чиқиб Рамиз аканинг рақамини тера бошладим. Аммо ҳиссиз овоз “абонент хизмат доирасидан ташқарида” деган гапдан нари ўтмасди. Энди нима қиламан? Дилнозни қаердан қидираман? Энг асосийси шунча пулни қаердан оламан? Бирданига миям яшин тезлигида ишлаб, ҳаёлимга курсдошим Ботир Жиянов  ёдимга тушди. Орадан 10 йил ўтгач, уни бехосдан кўчада кўриб қолган эдим. Аллақачон майор унвонига эга бўлибди. Гапига қараганда жиноий қидирув раҳбари экан. Унга вазиятни тушинтирсам, албатта ёрдам бериши аниқ.

Қўл телефонимдан Ботирнинг рақамини топгач, енгил тин олдим. Телефондан биринчи қўнғироқ саси кетиши билан Ботир гўшакни кўтарди. Вазиятни унга хотиржам тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Гўшакда  бир лаҳзалик сукунат ҳукмрон сургач, Ботирнинг босиқ  ва салоботи овози  янгради.

  • Тактикани ўйлаб кўриш керак, аммо ваъда бер, ўз холингча иш кўрмайсан.

Ботирга бу ҳақида тантанали ваъда бергач, у билан эртага кўришишга келишдик.

Сўнг Дилнозанинг ойиси Каромат опага қўнғироқ қилдим. Доимо бу аёл билан гаплашганимда ўзимни айбдор ўқувчидек ҳис қиламан. Каромат опа бир умр мактабда директор бўлган. Халқ таълими аълочиси, ҳозир ҳам нафақада бўлиб, аллақачон  лавозимидан кетган бўлиб, оддий  математика ўқитувчиси  сифатида ишласада, уни кўрган ўқувчи ўзини четга олади, югураётган бўлса, жойида тек қотади, ўқитувчилар бўлса бирор муаммо чиқадиган бўлса доимо унинг  олдига югиришади. Чунки опа қаттиққўл бўлсада, қўлидан келганича барчага ёрдам беради. Каромат опанинг босиқ, салобатли овозини ҳеч кимники билан алмаштириш мумкин эмас. Ҳозир ҳам гўшакдан Каромат опанинг ёшига кўра анча ёш, ўктам овози эшитилди.

-Алло..

-Каромат опа  ассалому алайкум. Мен Дилнозанинг ўртоғи Севарахонман.

-Ваалайкум ассалом Севарахон. Яхши юрибсизми? Ойингиз тузукмилар? Тинчликми? Менда бирор ишингиз бормиди?

— Ҳа…э, йўқ. Айтгандай Дилноза сизда болалар тарбияси борасида  Бенаджмин Спокнинг китоби борлигини айтиб, бугун сизникига ўтганида олиб келишини айтган эди. Мободо  эсидан чиқмадимикан, деб телефон қилаётган эдим.

-Дилноза билан бугун учрашмадик. Келишини ҳам айтмаганди. Китоб масаласида эса аввал унга қўнғироқ қилиб сўрасангиз мантиққа тўғри бўларди. Аммо келса албатта  китобни бериб юбораман.

-Раҳмат. Узр безовта қилганим учун. Яхши ётиб туринг. Эртош амакимга салом айтинг.

Суҳбатимиз якунлангач, енгил тин олдим. Демак Каромат опа бўлган воқеадан бехабар.

Бир томондан шундай бўлгани ҳам яхши. Ўзи икки ой олдин микроинфаркт билан касалхонада ётиб чиққан эди. Доимо тўғри юриб, тўғри яшаб келган одамлар одам ўғирлаш деган нарсаларга чидай олмасликлари турган гап.

****

           Шаҳар ички ишларнинг қидирув бўлимидаги асабийлик негадир менга ҳам ўтди. Пастдаги навбатчидан Ботир Жияновнинг кабинетини сўраб, иккинчи қаватга кўтарилдим. Эшик ёнида йиғидан кўзлари қизарган икки қиз, бурниларини дам-бадам рўмолчалари билан артганича, ниманидир пичирлашар, ора-сира  негадир оппоқ рангга бўялган эшикка қараб қўйишарди. Эшик тепасига ёпиштирилган зарҳал тахтачага қора билан ёзилган Ботирнинг фамилиясини ўқиб,  негадир юрагим ҳапқирди. Адашмасам  Ботир билан муносабатларимизнинг илк  кўртаклари 3-курсда, яъни пахта мавсумида бошланган эди. Ўзим Жиззах вилоятининг туман марказида тўғилган эмасманми, болалигим пахтанинг ичида ўтган. Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ўқишлар тўхтатилиб, пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилинарди. Эсимда бор 5-синфда илк маротаба 47 кило пахта териб, мактаб директорининг мақтовига сазовор бўлгандим.  Бечора ўқитувчиларимиз янги йил кунигача далада изғиб, оқарган пахта толасини қидириб юрганимизда, болаларни шийпонга чақиришар, директор кўринмаса, дарҳол иссиқ чой дамлаб, қолиб кетган дарсларни зах шийпоннинг ўзида ўтишга ҳаракат қилишарди. Бу борада айниқса кимё  ўқитувчимиз Ботиржон ака илғор эди. Даладан қайтгач, ҳамма косасини кўтарганича макарон шўрва қайнаётгнан катта қозон бўйига тизилашарди. Шунда у косаларга овқатнинг қуйиқроғидан солишга  ҳаракат қилиб, овқатдаги масаллиқларнинг кимёвий хоссаларини, улардаги мавжуд кимёвий элементлар ҳақида қизиқарли тарзда тушинтирарди.

Бир неча йил ичида пахтани тез теришни ўрганиб, шундан сўнг фақатгина илғор теримчалар рўйхатида бўлдим ва 10-синфда  кунига 150-160 килограммгача пахта терардим. Мендай теримчи, пахта тўлдирилган этакни кўтариб, уни торттириш учун эгат бошига чиқмаслиги, вақтини зое кетказмаслиги учун менга синфдошим Шокирни “шахсий юк ташувчи” сифатида бириктириб қўйишганди. У эгатдаги терилган пахтани дала бошига олиб бориб, торттириб келгунига қадар мен бошқасини тўлдириб қўярдим.

-Cевар, пахта териш машинаси бўп кет-ей!  Бир пас дам олсангчи? Мен ҳам чарчаб кетдим. Шунча терганингга биров раҳмат айтадими? Пахта учун бераётган пулини барибир овқатга, яна алламбалоларга босиб қолади.

Энгашиб тураверганимдан қотиб қолган белимни инқиллаб ростлаб,  чаноқ тирнаб ташлаган, ёрилиб кетган бармоқларим билан негадир доимо қийшайиб, кўзимнинг устига тушиб кетадиган рўмолимни тўғирлар эканман, унинг устидан кулардим:

-Мен ҳозирдан ишламасам, эртага сени ким боқади? Балки мендан олдин ўлиб кетарсан? Шунинг учун ҳозирдаан меҳнат қилишни ўрганишим керак. Сен ҳам қаққайиб бошимда туравермай, пахта териш.  Барибир терганимдан килолар  сенга ҳам ёзилади.

Ўша пайти беозор ҳазилим  чинга айланиб кетишини ким билибди дерсиз. Битирув оқшомида Шокир менга совчи жўнатишини айтди. Аммо мен институтга ўқишга тайёрланаётганимни ва албатта Тошкентда ўқиб, ҳуқуқшунос бўлишимни  айтганимда, унинг юзи гармдори чайнаган одамдай буришиб кетди.

-Аёл кишининг ўқишига бало борми? Мана мен борманку, ўзим сени боқволаман. Айтгандай, эртага аттестат қўлимга тегиши билан дадам машинасини менга бершини айтди. Бундан кейин 35 қути асалари уяси ҳам меники. Қўрқма мен билан оч қолмайсан.

Шокирларнинг оиласи асаларичилик билан шуғулланиб, ўзига тўқ оилалардан бири эди. Унинг отаси Мардон ака  ора-сира дадамга асал олиб келар, кейин нималардир баҳслашиб ярим тунгача ўтиришарди. Аммо кутилган совчи бизникига етиб келмади. Аттестат қўлимга тегиши билан Тошкентни “забт этиш”га отландим. Шокир эса… орадан  ярим  йил ўтгач, унинг мурдасини  Тошкент шаҳрига кетадиган асосий йўл четидаги зовурдан топишди. Айтишларича, Шокирнинг бошига қаттиқ нарса билан уриб, кейин пичоқлашган. Машинасини эса олиб қочишган. Афсуски, Шокирнинг қотиллари топилмади ва менинг юрагимда унинг қотилини топиш ҳисси уйғонди. Ҳануз буни амалга оширганимча йўқ, аммо  албатта Шокирнинг қотилини топаман.

Ботир Жиянов билан ёнма-ён эгатга тушиб пахта тераётганда унга негадир шу воқеани айтиб берган эдим. Ботир ўйланиб қолиб, негадир  ўшанда Шокирнинг яқин ўртоқлари, нима иш билан шуғулланганлигини сўрай бошлади.

  • Э, қизиқсиз Ботир. Бу воқеага 2 йилдан ошди. Институтни битирай, кейин албатта бу ишни амалга ошираман. Бирор бир ички ишларга ишга кирсам, яна ҳам осонроқ бўлади.
  • Ажойиб қиз экансиз, деди Ботир чаққонлик билан чаноқлардан пахта толаларини олаётган бармоқларимга тикилганича қаддини ростлар экан. –Ўша синфдошингизни қаттиқ севган кўринасиз. Масалан, сиз мени сева олармидингиз.

Пешонамга сидирилиб тушаётган терни кафтимнинг орқаси билан артиб, Ботирга тикилдим.

-Сиз келишган, чиройли, ақлли йигитсиз. Курсимиздаги энг чиройли қизлар орқангиздан эргашиб юрганда мени бошингизга урасизми? Бўйим баланд эмас, аъло ҳам ўқимайман. Отам ҳам бойвачча эмас.

-Айтдимку ажойибсиз деб. Институтга ўз кучингиз билан кирганингизни биламан-у, нега айнан ҳуқуқшуносликни танлаганингизни билмайман. Синфдошингизни дебми?

-Йўқ. Э…ҳа.Э…йўқ..

Ботир кулиб юборди.

-“Ҳа”ми ёки “йўқ”?

-Унисиям, бунисиям. Шокирни интиқоми ҳали юрагимда. Нега энди бир бегуноҳ бечоранинг қотиллари озодликда юриши керак? Аммо институтга бошқа нарса учун кирганман. Кейин айтиб бераман.

Шокир бошини чайқаганича пахта теришда давом этди. Шундан  сўнг иккаламизнинг ўртамизда қандайдир илиқлик пайдо бўлди. Ботир тошкентлик бўлишига қарамай, доимо  дарсдан сўнг мени ётоқхонага кузатадиган, аксарият ҳолатларда бирга дарс тайёрлайдиган, кинога тушадиган бўлдик.  Курсимизнинг энг лобар қизлари орқамиздан пичирлашадиган, очиқчасига менинг устимдан куладиган бўлишди.  Муносабатларимиз тўппа-тўғри тўй томон йўрғалаётган эди. Охирги курсда Ботирни ота-онаси уйлантирадиган бўлишди ва албатта уларга пакана,   паншахани босиб олса ёнидан ўтиб кетадиган, кўримсиз келин, яъни мен керакмас эдим. Ботир ҳам ота-онасининг раъйига қарши бора олмади. Шундан сўнг йўлимиз айрилди. Уни севганим йўқ, аммо қаттиқ боғланиб қолган эганман. Туйидан кейин анчагача ўзимга кела олмай юрдим. Қизлар уларнинг  никох кечасида тушган расмларини олиб келишганида беихтиёр кўзимдан ёш чиқиб кетди. Келин жуда ҳам чирой, энг асосийси тошкентлик эди. Мана ҳозир майор Ботир Жияновнинг эшиги олдида турар эканман, ўтмиш шамоли узуқ-юлуқ хотиралардан иборат ҳаётим парчаларини бир зум кўз ўнгимдан учириб ўтди. Эшикни оҳиста тақиллатиб ичкарига мўраладим. Чоғроққина хонада бир-бирига тиқиб қўйилган,  иккита стол турар, бирининг устида қоғоз уйилиб кетган, иккинчиси эса негадир бўш эди. Айнан қоғоз уйилганининг ёнида, ноутбукни очиб қўйиб,  қирра бурун,  сочи эндигина тўкила бошлаган йигит нималарнидир ёзарди. Стол ёнига қўйилган стулда ўтирган аёл дам-бадам кўз ёшини рўмолчасининг учи билан артиб, секин бурнини тортиб қўярди. Хона деразаларига осилган жалюзи аллақачон қуёш нури таъсирида рангини йўқотгани боис,  анчадан буён ювилмаган ойналар орқали ичкарига интилаётган қуёш нурларини тўса олмас эди.

-Кирсам майлими?

Йигит ноутбук мониторидан  кўзини узмай тўнғиллади.

-Кириб бўлдингизку, яна рухсат сўрашга бало борми?

-Менга Ботир Жиянов керак эдилар, мен…

Ниҳоят у монитордан кўзини узиб мен томон қаради. Ҳа, Ботир Жиянов анча қарибди. Кўзларидан компьютерга кўп тикилганиданми ёки бошқа нарсаданми нур кетибди. Пешонаси анча очилиб, қалин, бароқ қошлари демаса уни анча таниш қийин бўлган қиёфага кирибди.

-Севар, ҳм.. Севарахон, ўзингмисиз?

Муносабатларимиз илиқлашгач Ботир мени сенсирашга ўтгани учун унинг сўнгги сўзлари  қулоқ пардамни йиртгандай бўлди.

-М-мен, келувдим, айтган масаламда.

-Яхши, ҳозир. Мана бу ерга ўтириб тургин мен. Мен буларни қўйиб юборай.

У рўпарасидаги стол тагига тиркаб қўйилган стулни кўрсатди.  Сўнг охирги жумлаларни  ёзиб, принтердан матнни чиқардида, аёлга  ручка билан узатди.

-Мана  ўқиб кўриб, кейин имзо чекинг. Ҳаммаси сиз айтгандай ёзилган. Эрингиз  олиб кетган пуллари билан тезда топилади, деган умиддаман. Аёл имзо чекиб, раҳмат айтганича ўрнидан қўзғалди. Унинг эшикни ёпишини кутиб, Жиянов  менга юзланди.

-Севар, чиройли бўлиб кетибсан. Озибсан. Оиланг борми? Ўша куни тузук гаплаша олмадик ҳам. Ҳамкасблар билан ошга боргандик. Ҳўш, тинчликми? Яна нималарни бошлаб юрибсан?

— Мени қўя турайлик. Телефонда айтганимдай энг яқин дугонамни ўғирлаб кетиб, эвазига 20 минг доллар пул сўрашаяпти. Эри ҳали билмайди.

-Нега, ким ўғирлаган? Дугонангни ёки унинг эрини душманлари борми?

Ботирга  ҳаммасини яна бир бошидан гапириб беришга тўғри келди.

— Аммо жуда яхши биласанки, жабрланувчининг аризаси бўлмаса, иш оча олмаймиз. Ўша дугонангнинг эри келсин, ариза ёзсин…

-Э.. унгача Дилнозни ўлдиришсачи? Агарда уч кун ичида  20 минг долларни топиб бермасам, уни ўлдиришади.

-Ваҳима қилмагин. Ўзинг эри бизнесмен деяяпсан. Суюкли хотини ва бўлажак фарзанди учун пул топиб берар, деган умиддаман. Жиноятчилар пулни олаётганда уларни  асос, мавжуд даллиллар билан қўлга тушириш осон бўлади. Ҳозир дугонангни эрига телефон қилиб, учрашув белгила. Унга иккимиз борамиз

Узоқ кутилган дақиқалардан сўнг Рамиз ака ниҳоят гўшакни кўтарди. Унинг овози ҳорғин эди. Мени эшитгач, уйга келишимни тайинлади.

Дилнозларнинг уйига етиб келганимизда соат 5 дан ошган. Ҳали ўғлимни ва Гулойни боғчадан олишим кераклигини унутмаган ҳолда, ичкарига мўраладим.

-Рамиз ака! Рамиз ака…

Ичкаридан садо чиқмади. Дарвозахонада унинг машинаси турганлигини кўриб, ичкари хонада бўлса эшитмаётгандир дея ичкарига кирдим. Менинг орқамдан Ботир эргашди. Аммо на ҳовлида, на  айвонда бирор кимса кўринмади. Нима бўлса, бўлар дея Дилнозларнинг ётоғига йўналдим. Эшикни очиб, ичкарига қадам қўйишим билан остонада узала тушиб ётган Рамиз акага қоқилиб, йиқилиб тушишимга сал қолди.

-Рамиз ака. Сизга нима бўлди?

Унинг оғир танасини кўтаришга ҳаракат қилмоқчи бўлган эдим, қўлим ёпишқоқ бир нарсага тегди. Кафтим қон эди.

Бор кучим билан чинқириб юборганим боис, хонага ҳовлида кутиб турган Ботир отилиб кирди. Орадан кўп ўтмай ҳовлини шифокор ва милиция ходимлари босиб кетди. Кимдир Рамиз акага уч маротаба пичоқ урган, аммо у бахтимизга тирик қолган эди. Фақат комада. Демак,  унинг қотилини топиш учун Рамиз аканинг уйғонишини кутиш керак. Агар уйғонса, албатта!

***

Барча қоғозларга қўл қўйиб, боғчага етиб борганимда соат кечки 19.00 дан ошган ва боғчада ҳеч ким йўқ эди. Бўм-бўш ҳовлида у ёғдан бу ёққа зир югура бошладим.  Юрагим орқага тортиб кетиб, қоровулхонага югурдим.   Тоғни урса талқон қиладиган йигит, елим халтадаги сомсани олдига қўйиб, кечки овқатга тайёрланаётган экан.

-Кечирасиз,  ясли гуруҳидаги болалар қани?

-У тишлаган сомсасини амаллаб ютиб, менга осмондан тушган ўзга сайёраликка қарагандай, қаради

-Кетишди.

-Қаёққа?

-Уйга.

-Ўғлимчи?

-Билмайман.

-Нега билмайсиз? Азизахон, ясли гуруҳининг тарбиячиси қаерда яшайди?

-Орқадаги кўчада, нимайди?

Қоровул йигитни оғзидаги сомсаси билан қолдирганча Азизахонникига югурдим. Сўраб, сўраб тарбиячининг уйини топиб бордим. Гулой билан Сардоржон балконда овқатланиб ўтиришган экан. Азизахон мени кўриши билан айбдорларча жилмайди.

-Кечирасиз, Севара опа. Қўл телефонингизга туша олмадим. Келавермаганингизга болаларни уйга олиб  келдим. Ҳозир сизга яна қўнғироқ қилмоқчи бўлиб турган эдим. Азизахонга раҳмат айтганча, болаларни олиб, таксига ўтирдимда, уйга  “учдим”. О, худо. Қайнонамдан балога қоладиган бўлдим. Даврон акам бугун навбатчилар, аммо қайнонам. Овқат ҳам қилганим йўқ. Бугун овқат қилиш навбати меники эди. Овсиним атайин қилмаган бўлса керак.

Уйга келиб, тезда болаларнинг кийимларини алмаштирдим. Ошхонадан ошнинг ёқимли ҳиди димоғимга  урди. Қўлида капгир билан овсиним Феруза чиқиб келди.

-Э худо, Гулойни олиб келдингизми?

-Шу пайтгача қизингиз ўзингизни эсингизга тушмадими? Соат 8 бўлди. Наҳотки боғчага ғир этиб бориб, келиш қийин бўлса.

-Биринчидан мен сизга ўхшаб уйда  ўтирган бекорчи эмасман. Ишлайман. Иккинчидан ишдан кейин ниҳоят вақт топиб сартарашхонага кирган эдим. Шунга бир оз кеч қолдим. Келсам на болалар бор, на овқат қилинган? Бунинг устига Даврон акангиз сизга мутлақо туша олмаганлигини айтди. Ойижонимнинг мазалари бўлмай, уларни касалхонага  олиб кетишибди. Ўзингиз ярим кечагача қаерларда юрибсиз? Эрингиз навбатчиликка туриши билан, эркин қушман деб ўйлагансиз чоғи?

Бирдан қоним қайнаб, мияда кичкина одамчалар, кичкина болғачалари билан ҳар бир асаб толамга ура бошлади. Қўлида капгир билан тиржайиб турган овсинимнинг башарисига тупириб юбормаслик учун, амаллаб сохта табассумни юзимга ёпиштирдим.

-Тўғри айтасиз, бир оз шамоллагим келиб қолди.  Дўконга бордим, кафега кирдим, дугоналарим билан учрашдим. Охир-оқибат уйда ўтиришнинг ўзгача гашти бор.

Мендан жанжални кутган Феруза оғзини очганича турган жойида қолди. Мен эса ғолибона бош кўтарганимча ошхонага кириб кетдим.

Овқатдан сўнг  идишларни ювар эканман,  бугун йиққан маълумотларни бир-бирига ёпиштиришга уринардим. Демак, Дилнозанинг онаси қизининг қаерда эканлигидан хабарсиз.  Рамиз ака касалхонада. Қайнонам ҳам. Қайнотамни беш кун олдин санаторияга кузатган эдик. Бир томондан ойижонимнинг касалхонадалиги менинг оёқларимдаги кишанни бўшатади. Эртага болаларни боғчага олиб боргач, қайнонамни бориб кўраман. Кейин Рамиз акаларникига бораман. Пули бўлса керак. Агар 20 минг доллар топмасам,  Дилноза тамом бўлади. Бу ўғирлик эмас, бу мажбурий қадам.

Ўзимни шу ўйлар билан юпатганича, хонага кириб, Гулой билан қайин акамнинг олдида ўйнаб турган Сардоржонни олиб,  ўзимизни тарафга ўтдим. Бир оздан сўнг куни билан чарчаган Сардоржон пишиллаб ухлаб қолди. Югуриб юрганимдан оёқларим зинғилласада, кўзимга чўп тираб қўйгандек юмилмасди. Ниҳоят Морфей қучоғига ўзимни отишим билан, бошимда Рамиз ака пайдо бўлди. Унинг кўз ости қорайган, лаблари янада ингичкалашган, йирик гавдаси кичрайгандай эди.

“Дилнозани топ, Дилнозани топ, Дилнозани топ” Рамиз ака бир гапни қайтарганича негадир мени қучоқламоқчи бўлди. Бирданига унинг кўзлари янада ичкарига ботиб, ёноқ суяги олдинга туртиб чиқди. Менга  Рамиз ака кийимидаги  скелет бош суягининг чаноғи қоп-қора кўз бўшлиқлари билан қараб турарди. Қўрққанимдан бақириб, уйғониб кетдим. Эндигина ётган бўлсамда, тонг оқара бошлабди. Аммо ҳовлида жимжитлик. Автомат сингари ўрнимдан туриб, Сардоржоннинг устини ёпиб, ҳовлига чиқдим. Челак билан супургини қўлимга олиб, кўчага йўналдим. Бирданига қайнонам касалхонадалиги, энди бир неча кун бўлсада тонг саҳарлаб туриб, кўча супурмаса ҳам бўлишини англаб, кулиб юбордим. Аммо барибир  кўчага сув сепиб, ёғ тушса ялагудек қилиб супурдим. Нонушта тайёрлаб, Сардоржонни уйғотиш учун ичкарига кирдим. Айвонга  ўғлим билан кирганимда қайин акам, овсиним қизчаси билан чой ичиб ўтиришган экан.

Сардоржонни овқатлантиргач, ўзим бир  финжон қаҳқани ичдимда, ўрнимдан қўзғолдим.

— Достон ака, илтимос Сардоржонни ҳам боғчага ташлаб ўтинглар, мен бирор бир ширинроқ нарса пишириб, ойижонимни кўргани ўтаман. Адашмасам, Даврон акам ишлётган касалхонада бўлсалар керак.

Ферузахон бир чимирилиб, гапга оғиз жуфтлаган эди, Достон ака унинг гапини бўлди.

-Албатта. Аввал болаларга, кейин овсинингизга бугун  ҳайдовчилик қиламан. Борсангиз ойимга салом айтинг. Мен олдиларига тушдан кейин киришга ҳаракат қиламан.

Уларни кузатгач,  зудлик билан овқатга уннадим. Бир пасда қайнонам яхши  кўрган ширкадини қилиб, устига мўлгина қилиб сариёғни солдимда, дастурхонга ўраб йўлга отландим.

Қайнонамнинг рангги синиққан, кўзларининг остида кўкимтир доғлар пайдо бўлган эди. Ундан ҳол-аҳвол сўраб, тезроқ тузалиб кетишларини тиладим-у, Даврон акамни ҳам кутмай кўчага отилдим. Демак, биринчи галда Рамиз аканикига бориш керак. Ботирдан унчалик фойда йўққа ўхшайди. Унга расмий мурожаат керакмиш. Биламан бунақа расмий мурожаатларни. Уни қабул қилиб, жиноий иш қўзғагунича Дилноза  арши аълога сафарга отланиши мумкин.

Ўзимнинг ҳаёлимдан ўзим қўрқиб кетдим. Дилнозаларнинг Кўкчадаги ҳовлисига етиб келганимда соат 11 бўлган эди. Эшик муҳрланган. Астагина тирноққа оро берувчи пичоқча билан муҳрланган қоғознинг четидан кўчиргач, дарвоза эшигини итардим. Қуфланмаган экан. Ичкари бўм-бўш. Ёзнинг жазирамаси гуллар очилиб, токнинг ҳафсала билан таралган шохлари тагидан пастга деярли ўтмайди. Аллақаёқдан эсган салқин шабода машиналарнинг тутини билан бирга дилга ҳуш ёқувчи ифорни олиб келди. Айвоннинг ҳашамдор, уймакор эшигини итариб, ичкарига кирдим. Негадир юрагимни қўрқув босди, худди ичкаридан биров чиқиб, менга ташланадигандек.  “Пулни Рамиз ака қаерда сақлар экан-а?! Ётоқда сақламайди, меҳмонҳонада ҳам. Балки ўзининг иш кабинетида сақлар. Уфф, мунча хоналар кўп бўлмаса? Дилноза буларни қачон тозалаб улгурар экан-а? Мен ўзимизга ажратилган икки хонага зўрға чидайман-у. Ўзи аслида Дилнозанинг бахти очилгани шу бўлса керак. Рамиз ака хотинини жонидан ҳам ортиқ кўради. Қайнонаси билан қайнотаси  кўчанинг у бошида туришади. Данғиллама ҳовли, машина. Дилнознинг  эри унинг туғилган кунига совға қилган “Prado”си бор. Аммо у киши минмайди, қўрқармиш. Дилноза билан ёшлигимиздан дугонамиз. Ўзи танишувимиз ҳам қизиқ бўлган. 7-синфда мактабимизга ва бизнинг синфимизга “кетворган” қиз келди. Бу албатта ўғил болаларнинг  унга берган таърифи эди. Аслида, ўша куни синфимизга оддий, ҳеч биримиздан фарқ қилмайдиган қизча кириб келди. Устида оқ кофта, қора юбка, бошида катта оқ бант. Дилноза ойиси, янги йил арчаси сингари ялтираб, тиллага бурканган,  баданига ёпишиб турган кўйлаги тиззасидан юқори бўлган, сочи сўнгги русумда турмакланган, юзидаги буёғи бизнинг учта ўқитувчимизнинг икки кун бўянишига етадиган аёлнинг қўлидан ушлаб турарди. Улар синфга кириши билан атрофни қиммат фаранг атирининг ҳиди тутиб кетди. Ҳамма бирдан жимиб қолди. Хаттоки, сержаҳл физика ўқитувчимиз, доимо сочини силлиқ тараб, қора костюмда юрувчи Ғайбулла тажанг устознинг ҳам оғзи очилиб қолди. Албатта Дилнозага эмас, унинг ойисига қараб.

Олдимда бўш жой бўлгани учун мактаб директоримиз Хокима Камоловна  уни менинг олдимга ўтқазди. Негадир нотаниш қизча билан ўтиргим келмай, “бу жой банд” дедим.

-Қани бандлиги? Комилова бу нима қилиқ? Директоримизнинг аччиғи чиққани кўзойнагини олиб қўлида ўйнашидан билинди.

-Бу ерда Зуфар ўтиради. У касал бўлиб қолиб бугун мактабга келмади.

-Келса бошқа жойга ўтиради. Бугундан бошлаб Дилноза Ғофурованинг жойи мана шу ер.  Болалар, Дилноза мактабимизга Испаниядан келди. У ерда испан тилида ўқиган ва ўзбек репетиторларидан сабоқ олган. Ўйлайманки, унга дарсларни ўзлаштиришда  барчангиз ёрдам берасиз.

Испанияни эшитиб, бутун синф ғувиллай бошлади. Ғайбулла тажанг устоз амаллаб бизларни тинчитгач, барча саволлар Дилнозага дарсдан сўнг берилишини таъкидлади ва директор билан Дилнозанинг ойисини эшиккача кузатиб қўйди.

Мен ўша куни Дилноза билан гаплашмадим, аммо у синфдаги болалар қуршовида қолиб кетди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Дилноза астма билан касалланганлигини, Испаниянинг нам ва иссиқ иқлими унга ёқмай, касаллиги тез-тез қўзғала бошлагани учун  айнан шу сабабли ҳавоси қуруқ Ўзбекистонга қайтишганини билиб олдим. Дилноза ақлли, сабрли ва гўзал эди. Унинг масъум юзига мана шу гўзалликни қалин ва узун киприклари остида доимо кулиб турган  шаҳло кўзлари баҳшида этганди.  Кўп ўтмай биз орамиздан қил ўтмас дугонага айландик. Доимо бирга дарс қилар, ўйнардик. Уларникига борсам ойиси менинг етти ухлаб тушимга кирмаган ширинликлар билан меҳмон қилар, байрамларда албатта Дилнозага олган совғаси меники билан бир хил бўладрди. Бунинг устига Каромат опа мактаб директори эди.  Совғаларни эса Испанияда элчихонада ишлайдиган отаси олиб келарди. Мен ҳанузгача нега Дилнозалар Испаниядан қайтиб, Тошкентга эмас бизнинг шароити йўқ туман марказимизга кўчиб келишганини ҳануз тушуна олмайман. Буни албатта ўртоғимни қутгаргач,  ундан сўрайман.

Мактабни тугатгач, Дилноза Шарқшунослик институтига ўқишга кириб, араб тилини ўргана бошлади. Мен эса Юридик институтга кирдим. Энди камроқ учраша бошладик. Чунки мен ётоқхонада, Дилноза эса ота-онасининг Тошкентдаги квартирасида турарди. Дилноза бир неча бор чақирсада негадир у ерда тургим,, тўғрироғи  яна уларга юк бўлгим келмади. Бунга ғурурим йўл қўймади, десам ҳам бўлади. Аммо таҳминан 3 курсда фалокат юз берди. Дилноза ҳомиладор бўлиб қолди. Гўзал, бойвачча қизнинг орқасидан югуриб юрган йигитлар кўп эди. Аммо Дилнозанинг тўйсиз, никоҳсиз бу даражага бориши! У мени чақириб, йиғлаб бўлган воқеани айтиб берганида кўзларимга ишонмадим. Ҳомила анча катта бўлиб қолгани боис, уни олдириб ташлаш ҳам кеч бўлганди. Буни Дилноза иккимиз қабулига ёзилган шифокор айтди. Сўнгги йўл, Дилнозанинг ойисини  бундан хабардор қилиш ва унинг отасига билдирмаслик эди.

-Йўқ, ойим мени ўлдирадилар. Дадам билсалар сўйишлари аниқ. Дугонам яна ҳунграб йиғлаб юборди.

-Бўлди қил.  Боланинг отаси ким ўзи, айтсангчи? Уни зудлик билан топиб, сенга уйланишини талаб қилиш керак.

-Йўқ. Бўлмайди. У уйланмайди.

— Нега ахир?

— Чунки,  чунки у уйланган.

— Вой аҳмоқ қиз. Нега бўлмаса у билан етаклашиб юрибсан? Эсинг жойидами ўзи? Ахир қиз бола шаънинг…

-Ўзим ҳам билмайман. Қандай қилиб уни севиб қолдим. Бирга бўлишимиз эса… Мен унинг оилали эканлигини билмагандим. У шунча кўп ваъдалар бердики… Дилноза яна ҳунграб йиғлашга тушди.

-Кейин у автоҳалокатда ҳалок бўлди.

-Вой, худойимей!

Дилнозанинг қпршилигига қарамай, ўша куни Каромат опага телефон қилиб, эртагаёқ Тошкентга етиб келишларини сўрадим.

Каромат опа индамай бўлган воқеани эшитиб, Дилнозанинг тўлиша бошлаган гавдасига қараб қуярди. У бақирмади, уришмади ҳам. Аммо ўта ҳорғин овозда секин сўради:

-Боланинг отаси ким, Дилноза?

-……………….

-Балки неча ойлик бўлганини айтарсан?

— Беш ойлик.

-Энди нима қилмоқчисан?

-…………………

-Демак, туғасан. Бу тўғри фикр. Майли бўлар иш бўлибди. Бола туғилмагунича уйга бормайсан. Севара сен унинг олдига  вақтинча кўчиб келсанг яхши бўларди. Бу ўқишига ҳам бормасин. Қолганини ўзим тўғирлайман. Отаси албатта билмаслиги керак, уқдингларми?

Каромат опа гавдасини тик тутганича эшикка йўналдию, аммо унга етмасидан  ерка йиқилиб тушди. Дилноза билан қўрққанимиздан унга отилдик. Бир оздан сўнг юзига сув сепгач ўзига келган Каромат опа туриб ўтириб, чуқур-чуқур нафас олди. Бир пиёла сувни ичгач, “сизлар безовта бўлманглар” дея уйдан чиқиб кетди. Мен аёлнинг сабри ва матонатига ўшанда қойил қолдим. У мутлоқа биринчи кўрганимдаги танноз хонимга  ўхшамасди.

Дилноза шу кундан бошлаб ўқишга бормади. Онаси унинг касалини рўкач қилиб, академик таътил олди. Бола тўғилиши билан уни Гўдаклар уйига топширишди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас Дилнозани Рамиз акага, дадасининг қадрдон ўртоғининг яккаю ягона ўғлига узатишди. Тўйдан олдин Дилноза бир неча маротаба шифокорга қатнаб, жарроҳлик йўли билан қизлигини тиклади. Тўй ҳам ҳеч бир мажорасиз, силлиқ, дабдабали ўтди. Аммо орадан 5 йил ўтса ҳамки Дилноза қайтиб ҳомиладор бўлмаган эди. Бир ой олдин дугонам ниҳоят фарзандли бўлишини айтганида бошим кўкка етган, Рамиз ака қувончининг эса чеки йўқ эди. Энди бўлса…

Бирданига қўл телефоним жиринглаб, ўтакамни ёриб юборди. Ботир экан. Унинг айтишича бугун кечаси Рамиз ака касалхонада жон берибди. Энди қотилларни топиш янада қийинлашади.

Миямга кирган оғриқдан кўзларимни чирт юмдим. Бир оздан сўнг яна қидирувни давом эттирдим. Мана Рамиз аканинг иш столи.  Бизнес режа, паспорти. Бу нима?..Қўлимдаги папкада  шаҳарнинг энг кўзга кўринган бойларидан бири Жалололиддин Сафаровга тегишли ҳужжатлар турарди. Яна бир папкада “Турон гўзали” акциядорлик компанияси директори Қўлмурод Дониёровнинг ҳужжатлари, бошқасида “Яксарт кийиги” фирмасининг директорига тегишли ҳужжатлар бор эди. Қизиқ булар Рамиз акага нима учун керак бўлди экан? Уйда кўрарман, дея  папкаларни сумкамга тиқиб, столни титкилашни давом этдим. Пастки тортмани очган эдим кўзим долларларга тушди. Қувониб кетдим. Аммо бу ерда бор- йўғи икки минг доллар пул бор эди. Менга эса 20 минг керак. Пулларни  олиб, стол устини тартибга келтириб, хонани яна бир бор диққат билан кўздан кечирдим. Бошқа яширадиган жой ҳам йўқ. Ҳафсалам пир бўлиб эшикка йўналган эдим, бирданига ҳамма жойда бармоқ изларим қолгани ёдимга тушди. Рўмолчамни чиқариб, ҳамма жойни арта бошладим. Бирорта эшик тутқисчи қолмади. Дилнозаларнинг ётоғига етганимда бирданига ичкаридан телефон жиринглади. Қўрқиб, орқамга қарамай қочишимга сал қолди. Бироз нафас ростлагач, ичкарига қадам қўйдим. Овоз катта, ҳашамдор икки кишилик каравот тагидан келарди. Энгашиб қараб, Рамиз аканинг қўл телефонини кўрдим. Олиб тугмачани босишим билан дағал эркак овози ушқирди:

“Менга қара Рамиз. Бугун айтганимни соат кечки  еттида мадрасанинг олдидаги эҳсон қутисини олдига етказ. Бўлмаса бир умр пушаймонда қоласан.”

Мен бирор нарсани англагунимча номаълум кимса гўшакни қўйиб қўйди. Ташқарига чиқиб, ёруғда телефон мониторида акс этган номга қарадим. “Барс” қизиқ. Тоғ қоплонининг бу кимсага нима даҳли бор экан?

Кўчага чиққанимда соат бирдан ошган эди. Қорним очганини  ва умуман боши берк кўчага кириб қолганимни сездим. Муюлишдаги гуммадан тўрттасини  олиб, шоша-пиша биттасини тишладим. Шу гумма талабалик давримни эслатади. Калла-почча ва бошқа ички органлардан қилинган қийма хамирга ўралиб, ёғда қовурилган. Олаётган стипендиямиз қоринни тўйдириш учун айнан шу гуммага етарди. Мазали ва тўйимли. Тўртта гуммани паққос туширгач, ўйланиб туриб яна иккита сотиб олдимда, гуммага қўшиб бериладиган аччиқ  билан уни ҳам туширгач, кўзимга олам бошқача кўрина бошлади.  Демак, эртага 20 минг долларни олиб боришим керак, аммо улар менда йўқ. Аммо масаланинг ечими соат  еттида  мадрасининг олдида бўлиши мумкин. Ҳўш, ҳозир уйга бориб овқат қиламанда, сўнг болаларни боғчадан эртароқ олиб келиб, уларни овқатлантираманда Ферузага ташлаб, мадрасанинг олдига келаман. Ишқилиб овсиним  вақтида ишдан келсинда! У поликлиникада шифокор бўлиб ишлайди, иш куни соат  тўртда тугайди.

***

Мадрасанинг олдида одам гавжум.  Ёнида бозор, автобус бекати бўлганлиги, иш вақти тугагнлиги сабабли одам жуда ҳам кўп эди. Мадрасининг ён эшиги олдидаги эҳсон қутини олдида туриб кута бошладим. Нон сотувчилар, киракаш “Дамас” ҳайдовчиларининг бақир-чақири, одамларнинг ичига чўп суқилган ари сингари ғувиллаши  иш куни тугаб, барча уй-уйига шошилаётганидан дарак берарди. Диққат билан  эҳсон қутиси ёнига яқинлашаётган ҳар бир одамни кузатар эканман, ниҳоят қутининг  яқинига келиб аланглаётган ёш йигитни кўрдим. Унинг олдига бориб, енгидан тортдим.

-Кечирасиз, сизни Барс юбордими?

-Сиз кимсиз, Барсни қаердан танийсиз? Қуёшдан қорайган юзи,  туртиб чиққан ёноқлари, юпқа лаблари, қисиқ кўзлари ва чап кўзи ёнидан ёноғига тушган чандиқ  йигитнинг ташқи кўринишига бир оз ваҳшийлик бериб турарди .

-Мени Рамиз ака юборди.

Йигит менга бошдан оёқ қараб чиққач, қўлини чўзди.

-Бер.

-Нимани?

-Ҳужжатни!

-Мм.. Барснинг ўзига бераман.

-Майли. Кетдик.

Йигитнинг орқасидан эргашдим. Бекатдан сал нарида турган қора  “Prado”га чиқдик. Машинанинг ичида  кеч бўлишига қарамай, қора кўзойнак таққан иккита йигит ўтирарди. Машина бир оз  юриб, Эски шаҳарнинг жин кўчаларига бурилди. Атрофга қоронғулик чўкди. Кўчаларда деярли чироқ йўқ. Ниҳоят болахонали, уч қават уйнинг олдида тўхтадик. Йигит машинадан тушиб,  “туш” дегандек бошини ирғади. Дарвозанинг қўнғироғини уч марта чалиши билан, эшикни  гавдаси менга  бешта келадиган эркак очди. Йигит унга индамай бошини силкитганича  ичкарига йўналди. Унга эргашдим. Орқамиздан  ўша “шкаф”  борарди. Ҳашаматли айвон ичкарисига кириб, оғзим очилиб қолди. Пол мармардан ишланган, юқорига кетадиган кенг зинанинг икки томонига  менинг бўйимдан баланд чинни хитой гулдонлари қўйилган. Зинага боссанг оёғинг тўпиғигача ботадиган эрон гилами тўшалган. Айвон ичкарисига  чўғдек ёпинчиқ ёпилган диван креслолар, рўпарада экрани нақд кинотеатрдагидек телевизор турар, унинг икки четига ҳам хитой чинниси қўйилган. Тепадаги қандилнинг катталигидан айвон ёп-ёруғ. Иккинчи қаватга кўтарилиб,  чоғроққина  хонага кирдик. Унда  фақатгина катта ёнғоқ дарахтидан ишланган стол ва юмшоқ курси, четда малла рангдаги чарм диван турарди.  Диван ёнидаги камин хонанинг гулқоғозига мос равишда устига лок суртилган тўқ қизил сопол билан безатилган, ёни   қора  гулдор панжара билан ўралган. Деворга Рембрандми, Микеланжеломи ишқилиб буюкларнинг муйқаламига мансуб ажиб суратлар илинган. Ҳар бирининг роми қандил нурида ялтираб, кўзни олади. Хонанинг энг асосий “кўрки” стол бошида ўтирган жиккакина чол эди. Бизни кўриши билан, у тутатиб ўтирган сигарасининг кулини  қоқиб, ўрнидан турди. Бўйи сал мендан баланд экан, холос.

-Рамизнинг ўзи келмай, сени юбордими? Қизиқ

-Ассалому –алайкум, дедим секингина.

-Ваалайкум. Буни қара-я, қўрқмай олдимга келибсан. Қани бер.

-Аввал Дилнозани қўйиб юборинг.

Чол ўсиқ, оқ оралаб улгурган қошлари остидан менга тикилди. Шундагина  нега унинг юзи менга бошқача кўринаётганини англадим. Унинг бир кўзи мушукники сингари ям-яшил, иккинчисининг қорачиғи эса қора эди.

-Кимни?

-Дилнозани?

— Ким у?

— Ўзингизни гўликка солманг. Дарҳол Дилнозани қўйиб юборинг. Фақат шундагина сизнинг айтган нарсангизни бераман.

-Менга қара, сен олдимга кимни етаклаб келдинг. Ҳужжат қани? Чол мени олиб келган йигитга ушқирган эди, ундан гавдаси уч маротаба катта бўлган йигит, бўйнини қисиб, кўзларини жовдиратди.

-Ўзи айтди, Рамизданман деб.

-Менга қара қизалоқ. Кимлигингни билмайман-у, аммо довюрак экансан. Ҳеч қандан Дилнозадан хабарим йўқ. Рамиз катта пул эвазига менга ҳужжатларни бериши керак эди. Мана пул. Чол стол ёнига  қайтиб тортмадан бир даста  долларни чиқарди. -Энди сен менга ҳужжатларни берасанда, иккимиз хайрлашамиз. Аммо бу ерда кўрганларингни ҳеч кимга айтмайсан. Бўлмаса дунёнинг нариги четидан бўлса ҳам сени топиб келиб,  жазоингни берамиз. Тушундингми?

Оёқларим қўрғошин қўйгандек оғирлашиб, негадир қўлларим титрай бошлади.

-Лекин менда ҳужжат йўқ. Тўғриси Рамиз акани ўлдиришди. Унинг хотини Дилнозани ўғирлаб кетишди. Агар эртага мен уларга 20 минг доллар пулни олиб бориб бермасам, уни ҳам ўлдирашади. Овозим бегоналарникидек бўлиб, охирги сўзларни пичирлаб айтдим. Томоғим қуриб, тилим танглайимга ёпишгандек бўлди.

-Нега Рамиз ўлганини мен билмайман? — яна йигитга ўшқирди  чол. –Тез уйига бориб, ҳужжатларни топиб кел.

Йигит  кетиши билан мен ҳам эшикка йўналдим.

-Ҳой, сен қаёққа?

-Уйга.

Чол бирданига кулиб юборди.

-Азизбек келмагунича шу  ерда ўтирасан. Қани айтчи нега энди мени Рамиз юборди, дединг?

-Мен Дилнозани сиз ўғирлагансиз, деб ўйловдим.

-Наҳотки одам ўғрисига ўхшасам?! Мен оддий бизнесменман, холос. Рамиз билан кичкина олди-бердимиз бор эди. Чой ичасанми?

Мен индамай бошимни ирғадим. Болаларни овқатлантириб,  ўзим овқатланмаганим учун қорним улгудек очган, бунинг устига Даврон акам ишдан келиб, мени тополмагач, нималар деб ўйлаб ўтирган экан-а?

-Майлими уйдагиларга телефон қилсам, кеч бўп кетди.

Чол индамай бошини силкиди,  эшик олдида турган “шкаф”га чой олиб келишни буюрди.

Олтинчи гудокдан сўнг ниҳоят гўшакда Даврон акамнинг дарғазаб овози эшитилди.

-Қаерларда юрибсан?

-Дилноза дугонамнинг мазаси бўлмай қолди. Эри уйда йўқлиги учун мени чақиртирувди. Биласизку ҳомиладор. Бир соатларда бораман. Хавотирланманг.

Чол сигарасини чекишда давом этар экан, жилмайди. Ўғирланган дугонанг ҳомиладорми?

-Ҳа, боласи бўлмай, беш йил деганда  бўлувди. Афсуски, бу қувончга энди Рамиз ака шерик бўла олмайдилар.

Чол бирданига хомуш тортди. Сигарасини кулдонга ўчириб, диванга ёнимга келиб ўтирди. Шу пайт “шкаф” бир патнисда қаймоқ,  иссиқ кулча, узум, шоколад ва чой олиб кирди. Пиёлаларга чой қўйиб бизга узатгач, яна  жойига бориб турди.

-Қани, уялма, ол.

Барс нонни ушатиб, қаймоқни ёнимга сурди. Қорним қулдирай бошлаганидан иссиқина нонни қаймоққа ботириб, узум билан паққос тушира кетдим.

-Мана менинг фарзандим йўқ. Бизнесим, уй-жойим, шунча мол-мулкни кимга деб йиғдим? Ёшим ҳам ўтиб қолди. Яқинда Яратган эгамнинг ҳузурига кетсам, ким  белини боғлаб, тобутимни кўтаради? Эҳ…Барс чуқур уҳ тортди. Негадир унга жуда ҳам раҳмим келиб кетди.

-Нега бола асраб олмадингиз?

-Ўзим истамадим. Кейн ҳохлаганимда келинойинг хоҳламади. Ёшимиз ҳам ўтиб қолган эди. Ўзи етимхонада катта бўлганман.  Ўзимга ўхшаган қизга уйландим. Ҳеч нарсамиз йўқ бўлсада жуда бахтиёр эдик. Қўлимда чилангарлик касбим бор эди. Кейин устага шогирд тушиб, машина чилангарлигини ўргандим.  1990 йилларда устамни уйида ўлдириб кетишди. Унинг кичкинагина устахонаси бор эди. Мени ўзининг ўғлидек, хотинимни қизидек кўрарди. Ҳеч кими йўқ эди. Вафотидан кейин уникида яшаб, ишини юрғиза бошладим. Кейин бошқа жойдан яна бир устахона очдим. Одамлардан эски машиналарни олиб, уларни янгилаб сота бошладик. Кўриб турганингдек, ёмон бўлганим йўқ. Ҳозир  мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ автосалоним бор, чет эл билан ишлайман. Рамиз бўлса, …Рамиз  бизлар учун қора доғ бўлди…

-Нега?

Шу пайти эшик тақиллаб, Рамиз аканикига кетган йигит қайтиб келди.

-Хўжайин, ҳужжатлар ҳеч қаерда йўқ. Ҳамма жойни титиб чиқдим. Кейин қариндошлари ҳовлига ўликни олиб келишди, одам кўпайиб кетди. Зўрға чиқиб кетдим.

Барснинг ранги ўзгариб, ўрнидан туриб кетди. Сўнг менга кўзи тушиб, “шкаф”га имлади.

-Уйигача кузатиб қўйинглар. Бошидан бир тола сочи тушмасин.

Мен оғзимдаги  қаймоқли нон бўлагини аранг ютиб, ўрнимдан турдим.

-Раҳмат сизга. Қаймоқ жуда ҳам ширин экан.

-Айтгандай, отинг нима?

-Севара.

-Севарахон, дегин. Менинг раҳматли хотинимнинг  оти ҳам Севара эди. Майли  ҳали учрашиб қолармиз, аммо дангаллигинг  менга жуда ёқди…, қизим.

Барс охирги сўзларини тескари қараб айтди. Овози негадир титраб чиқди.

Йигитлар қоп-қора жипда  дарвозамизнинг олдигача олиб кетишди. Дарвозадан  киришим билан истеҳзоли  жилмайиб турган овсинимга рўбару келдим.

-Дилнозахон жип олибдиларми? Машина минмасди шекилли? Ё бу дугона  баҳона дийдор ғаниматми, дейман-а?

-Гапингизни ўйлаб гапиринг, Ферузахон. Мен дугонамникидан келаяпман. Агар яхшилаб қараган бўлсангиз рулда Рамиз ака эди.

Шаҳд билан ичкарига кирдиму, сўнгги гапларимдан пушаймон едим. Барибир Рамиз аканинг ўлдирилгани ҳақида гап  уйдагиларнинг қулоғига етиб келади. Кейин жанжал тагида қолиб кетмасам бўлгани?! Пулни чоршанба куни  кечки  соат 7 га олиб кел дейишувди.  Эртага чоршанба. Оббо, аммо қаергалигини айтишмаганку. Дилнозни  телефонига қўнғироқ қилсаммикан?

Худди менинг фикрларимни эшитишгандек, қўл телефоним жиринглади

-Алло…

— Севар… Дилнозанинг хиқиллагани  овози эшитилди.

— Дилноз, тузукмисан? Қаердасан?

Яна гўшакда ўша аёлнинг овози янгради.

— Кўп гап эшакка юк. Пулни тайёрладингизми?

— Йўқ, э, ҳа

— Ҳами ёки йўқми? Нима бўлганда ҳам бу сизнинг муаммоингиз. Эртага пулни  Хасти Имом масжидининг ён томонида бекат бор. Ана шу бекатга олиб келасиз, соат 11 да.

— Дилноза ҳам келадими? Аммо гапимни нариги томондагилар эшитмади. Гўшакни қўйиб қўйишди.

— Яна ким билан гаплашаяпсан? Тинчликми? Даврон ака жаҳли чиқиб, менга қараб турарди. Дугонанг билан бўлиб,  мутлақо бизни эсдан чиқардинг, шекилли.

-Ассалому –алайкум Даврон ака. Яхши келдингизми? Дугонамни тоби қочиб қолди.  Уйдагиларни безовта қилгиси келмабди.

Кечаси билан ухлай олмай, тўлғониб чиқдим. Сардоржонни Даврон акам боғчага олиб кетгани учун тезда, шўрва солиб, уйларни, ҳовлини йиғиштириб чиқдим. Ҳамма жойни саромжонлагач, шўрвани кўтариб, касалхонага югурдим. Қайнонам бугун анча тетик эди. Ҳар куни келаётганимни кўриб, ойижонимнинг кўзида меҳр учқунлади. Овсиним икки кундан бери кўргани келмаётганини айтиб,  уни бир ғажиб олди.

  • Ишдада ойижон, шанба куни келиб қолади.
  • Иши соат тўртда тугаса, уйда мол-ҳол бўлмаса…
  • Майли қўйинг, асабийлашманг. Даврон акамлар ҳар куни ёнингизда. Мана мен келиб турибман. Нима егингиз келаётганини айтсангиз олиб келаман.
  • Невраларимни соғиндим.
  • Олиб келаман, ойижон.

Касалхонадан чиқиб, Хасти Имом масжиди томон югурдим. Аксига шаҳарда машина кўпайиб кетганидан, такси ҳар бир светафорнинг олдида 10 дақиқадан қолиб кетарди. Аммо белгиланган вақтдан 40 дақиқа олдин белгиланган манзилга етиб келдим. Энди нима қилсам экан-а?

Оёқларим ўзидан ўзи масжид томон етаклади. Унинг олдига яқинлашганим билан улуғворлиги, салобати босди.  Яхшиямки бугун узун юбкамни кийган эканман. Буйнимдаги ҳарир шарфни бошимга ташлаб, Худонинг уйига қадам босдим ва бирданига қалбимни хотиржамлик қамраб олди. Хасти Имом масжидининг тарихи инсон тарихига ўхшайди. Болалигимизда дадам раҳматли ҳаммамизни  машинага солиб, ойда бир маротаба зиёратгоҳларга олиб борарди. Ҳар бир зиёратгоҳга қадам босганим билан қалбимни ажиб туйғу чўлғаб олар, ўзимни худди ўтмиш билан бугунги куннинг ўртасидаги воситадек ҳис қилардим, гуё.  Қуръондан сураларни қироат билан ўқигач, отам доимо ҳар бир борган зиёратгоҳимизнинг тарихи ҳақида сўзлаб берарди. Ҳозир ҳам Хасти Имимом масжидининг ҳовлисига қадам қўяр эканман, отамнинг сўзлари яна бир  маротаба қўлоғим остида жаранглагандек бўлди: “Ўзбекистоннинг муқаддас тупроғида буюк аждодларимиз ётибди. Уларни ёдлаш,  қабрларини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир”. 2007 йили Таълим, фан ва маданият бўйича халқаро ислом ташкилоти бежиз Тошкентни ислом маданиятининг маркази деб эълон қилмади. Азим пойтахтимизда қанчадан қанча зиёратгоҳлар, масжиду мадрасалар бор. Афсуски кундалик ташвишларимиз билан бўлиб уларни зиёрат қилмаймиз, хаттоки борлигини ҳам билмаймиз. Мана Хасти Имом мажмуасини олайлик. Бу ерда XVI асрда қурилган Бароқ хон, Тилла Шайх масжиди, Абу Бакр Каффол  Шоший мақбараси ва ал Бухорий номидаги Ислом институти жойлашган. 903 йили Мадина аш-Шош, яъни Тошкент шаҳрида қулф устаси оиласида ўғил бола дунёга келади ва уни биринчи халфа номи билан Абу Бакр дея атайдилар. Тошкентда, сўнг Боғдодда  билим олган Абу Бакр Каффол  Шоший тез орада фикх илмини чуқур эгаллаб,  ўзидан сўнг фалсафага оид бир қанча шеърий девонларини қолдирган. Тошкентга қайтгач мутафаккир ислом зиёсини махаллий халқ орасида тарқатади ва 976 йили она шаҳрида вафот этади. Вафотидан сўнг уни Хасти Имом деб атай бошлайдилар. Унинг мақбараси 1541 йили бунёд этилади. Шунингдек, бу ерда кўплаб қўлёзмалардан ташқари 7 асрда  ёзилган ва юртимизга буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур томонидан келтирилган Усмонийлар Қуръони бор. Хасти Имом мажмуасининг бугунги кўриниши 2007 йилда қайтадан ҳашар йўли билан бунёд этиб, пойтахтимиз кўркига кўрк қўшди.

Сокин хоналардан ўтиб борар эканман, бу дунёнинг барча ишлари менга арзимасдек туюлди. Усмонийлар Қуръони  олдида кўпроқ туриб қолдим. Араб тилини билмаганимдан илк маротаба афсусландим. Муқаддас китобимиз ўзбек тилига ўгирилган, аммо бундай илоҳий битикларни аслида ўқишга нима ҳам етсин?

Бирданига бу ерга нима учун келганимни эслаб, соатимга қарадим. Соат беш дақиқа кам ўн бир. Тана ва дилга ором баҳш этувчи салқин хоналарни тарк этиб,  ташқарига, аёвсиз қиздираётган кўчага чиқдим.

Бекатда ҳеч ким йўқ. Тўғрида бундай иссиқда ўзини ҳурмат қилган одам бирор бир салқин жойда, кондиционер тагида ўтиради. Бекатдаги тангадек соя жойга ўтиб, атрофга алангалай бошладим. Ҳеч ким йўқ. Соат 11 дан ҳам ўтди. Нима қилишимни билмай бошим қотиб турган эди, телефоним жиринглади.Ундан қўпол эркак овози эшитилди.

-Менга қара қизалоқ, пул ёнингдами?  Чорсу ёнидаги Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғини  биласан-а? Тўғри ўша ерга бор. Сен турган жойдан атиги 10 дақиқалик йўл. Боғнинг марказида музқаймоқ сотадиган дўконча бор. Ўша ерда учрашамиз, 10 дақиқадан кейин. Қара яна кечикиб юрма.

Соатимга қарадим. 11.20. Демак, 11.30 да ўша ерда бўлишим керак.  Зиппилаб йўлга тушдим.  Чорраҳага етганимча 7 дақиқа вақт ўтди. Бирдан пешонамга шапатиладим. Ахир  машина тўхтатсам бўлардику. Ҳозир эса иссиқда эгаси таёқ билан қувган итдек тилим осилиб, ҳансираб турардим. Метеоритдек боғнинг ичига  учиб кириб, дўкон олдида ҳозир бўлдим.  Боғ  кимсасиз. Катта, соя берадиган дарахтлар негадир ўтган йили кесиб ташланган эди. Ўрнига экилган кўчатлар ҳали дам олувчилар соясида жон сақлаш ҳолида эмас. Шунинг учун бўлса керак, боғда зоғ ҳам йўқ. Музқаймоқ дўкони ҳам ёпиқ. Атрофга  аланглаб, боя бекат ёнидан сув сотиб олмаганимга афсусландим. Назаримда тилим шишиб, оғзимга сиғмай кетаётгандек эди. Яна телефоним жиринглади. Бу сафар яна қаёққадир мени ҳайдашса, боплаб жиноятчиларни сўкаман деб турувдим,  бир марталик  таниш ўша аёлнинг овози эшитилди.

  • Майсазор ўртасига ўрнатилган йиқилган кўза ва лайлак ҳайкалини кўраяпсизми?

Атрофга аланглаб, сал нарида турган инсталляцияга кўзим тушди

-Ҳа, кўрдим.

-Пулни ўша кўзани ичига қўйиб кетаверинг.

-Э, йўқ, дедим жаҳлим чиқиб. – Аввал Дилнозани кўрай. Уни қўйиб юборинглар. Кейин пулни оласизлар.

— Яхши қиз. Бу ер бозор эмас. Агар пулни ташлаб кетмаcангиз, дугонангиздан айрилдим деяверинг.

Гапирмоқчи эдим, нариги томон гўшакни  қўйиб қўйди. Нима қилишга бошим қотди. Ўтган куни  Рамиз ака уйидан топган  доллардан 100 ни олиб, рангли ксероксда  20 минг долларлик қилиб чиқариб, тахламнинг олди ва орқасига ҳақиқий «кўки»дан қўйган эдим. Ҳозир сумкамдаги “5 минг доллардан” тўртта тахлами ётарди. Ноилож  пулларни  елим пакетга солиб, “йиқилган” кўзанинг ичига тиқдим. Шундоққина  қўлим олдидан шувиллаб каттагина калтакесак ўтиб кетди. Юрагим шувиллаб, бақириб юбордим. “Барибир улар пулни  олгани келади. Шунда орқасидан  пойлаб бораман” деган қарорга келишим билан яна телефоним жиринглади.

-Энди уйга қайтишингиз мумкин, дугонангизни икки соатдан кейин уйида кўрасиз.

Алоқа яна узилди. Демак, улар мени кузатиб туришибди, начора бирор жойга яширинишга тўғри келади.

Рўмолчам билан юзимнинг терисини артиб, боғ дарвозаси томон йўналдим. Ундан чиқиб, айнан пул яширинган жой кафтдек кўриниб турган йўл четидаги дарахтлар панасига ўтиб, кузата бошладим. Аммо  орадан бир соат вақт ўтди ҳамки кўза олдида ҳеч ким пайдо бўлмади. Эндигина сабрим тугаган пайти, ердан чиқдими ёки осмондан кўза олдида уралашаётган қизга кўзим тушди. Аввал  уни Дилноза деб, бақириб юборишимга оз қолди. Чунки туриши, юриши жуда ҳам дугонамникига ўхшарди. Аммо  тикилиброқ қараб, аёлнинг сочи сариқлигини кўрдим. Катта қора кўзойнак тақиб олиб, иссиқдан сақланиш учун бошига шляпа кийиб олгани учун ҳам юзини яхши кўриб бўлмасди. Аёл пулни  олиб сумкачасига солгач, бозор томонидан чиқадиган  орқа дарвозага қараб кета бошлади. Узун юбкамга ўралашганча, унинг орқасидан югурдим. Бозорга кирса борми, йўқотишим  аниқ.

Боғдан чиққач, у бозорга қараб кета бошлади. Юрагим орқага тортиб кетди. Аммо ичкарига кирмай,  унинг ёнидаги метро бекатига тушди. Кўзига кўринмаслик учун у экскалатордан тушганича кузатиб турдимда, орқасидан юрдим.  Бекат бозор ёнида бўлгани учун одам гавжум. Жазирама иссиқдан сўнг ер ости салқини жонга ором баҳшида этади. Қўшни вагонга чиқиб, аёлдан кўз узмай кета бошладим. У менга орқасини бериб тургани учун, вагон ойнасидан бемалол кўриниб турарди. Метро поездининг бир маромда чайқалиши, вагондаги салқинлик бир зум элитиб, кўзим юмилганини сезмай ҳам қолибман. Кўзимни очганимда  тепамда ёши олтмишда ошган бўлса ҳам  юзлари  тобини келтириб пардоз қилинган, устидаги енгил шифон кўйлаги хипча бел қилиб тикилган аёлга кўзим тушиб, сакраб ўрнимдан турдим.

-Кечирасиз, кўзим илинибди. Ўтиринг.

Бирдан аёлнинг жаҳли чиқиб, юзлари қизариб кетди.

-Нима мени шунчалик қари деб ўйлаяпсизми? Жойингиз ўзингизга сийлов.

— Йўқ, фақат ҳурмат  юзасидан айтувдим.

Аёл юзини тескари буриб олди. Унинг гапларини эшитган атрофдаги йўловчилар мийғиларида кулишарди. Бирданига метрога  нима учун чиққанлигим  ёдимга тушиб, қўшни вагонга  қарадим. Эвоҳ! Пулни олган аёл йўқ эди. Юрагим қинидан чиққудек бўлиб ура бошлади. Поезд тўхташи билан қўшни вагонга ўтиб олдим. Ҳеч қаерда йўқ. Мен аҳмоқ ухлаб қолиб, у тушиб қолганлигини сезмабман ҳам. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, уйга қайтдим. Аммо мен ўтирган автобус негадир бошқа йўналишдан кетиб, Рамиз акалар уйи ёнидаги бекатга тўхтаганида ўзимга келдим. Ҳаёл билан бўлиб, бошқа йўналишдаги автобусга ўтирибман. Рамиз акаларнинг уйи ёнида иссиқ бўлишига қарамай, чопон кийиб, белига белбоғ бойлаган, дўппи кийган эркакларни кўриб, кеча эшитган ноҳўш хабар ёдимга тушди. “Кириб, Дилнозанинг қайнона ва қайнотасидан кўнгил сўраш керак” деган фикр ўтди. Автобусдан тушиб, эркакларга қарамасликка ҳаракат қилиб, ҳовлига кирдим. Ҳовлида аёл тўла, йиғи-сиғи авжида. Бошига оқ рўмол ташлаб, кўк кийим кийган аёллар мен билан келиб сўрашишди. Ниҳоят Рамиз аканинг ойиси Розия опани кўрдим. Баққуват, гавдали хотин икки кун ичида бир бурда бўлиб қолибди. Йиғлайверганидан қовоқлари салқиган. Уни  шу пайтгача атиги икки маротаба кўрган бўлсамда,  бу аёлнинг кибрлилигидан лол қолган эдим. Дилнозанинг айтишича,  Рамиз аканинг ойиси бошидан келинини ёқтирмаган. Қилдан қийиқ ахтариб, доимо уни Рамиз аканинг олдида камситишга ҳаракат қилган. Менимча онанинг қалби уни алдашганини  туйнинг биринчи куниёқ сезган бўлса керак. Аллақачон олтмишдан ошган бўлсада Розия опа  ёшига нисбатан анча ёш кўринар, айтишларича, бир умр  қайсидир жуда ҳам катта ташкилотда бош ҳисобчи бўлиб ишлаган экан. Ҳозир ҳам бошини баланд кўтариб, одам билан гаплашганда бир қошини кўтарганича унга бошдан-оёқ зимдан назар ташлар ва шу нигоҳи билан рўпарасида турган одамни ер билан яксон қиларди.  Ҳозир мен билган Розия опадан асар ҳам қолмабди. У билан кўришиб,  таъзия изҳор этар эканман, мени дарҳол эслаганига  қойил қолдим.

-Фарзанд доғини Аллоҳим ҳеч кимга кўрсатмасин экан. Ўғлимни ўлдиришганича мени ўлдиришса бўлмасмиди. Ёшимни яшаган бўлсам, у нимани ҳам кўрди? Хаттоки бахтли ҳаёт кечиришга улгурмади, ҳам. Ҳаммаси анави шумқадам келинни деб бўлди. Шундай кунда ўзиям йўқ. Қизиқ қаерларда санқиб юрган экан-а? Одамларга нима дейишимни билмай касалхонада дедим. Рамиз хотинини тизгинини қўйиб юборганлигини  оқибати бу. Шунча  йил бола кўришмади. Қўйвориш керак эди. Шунча бир биридан гўзал қиз бола турганида шу аёлга ёпишди-я?! Туғмас хотин тўймас хотин дейишади.  Унга фақат мол-дунё бўлса бўлди. Ўғлимни топганини еб битирди, яшшамагур.

Бирданига Розия опа ўғлининг  тирик эмаслигини эслади  шекилли,  яна кўзларида ёш қалқиди. Розия опанинг “шу аёлга ёпишди-я” деган сўзлари мени сергак торттирди. Демак, Дилнозанинг сирини билар эканда. Аммо унга буни ким айтди экан?

Марҳум хотирасига қуръон туширилгач,  юзимга фотиҳа тортиб ўрнимдан  турдим. Ҳовлидан чиқаётганимда дарвозахонада тизилишиб ўтирган эркаклар ичида юзи жуда ҳам Рамиз аканикига  ўхшаб кетадиган ёши ўтган одамни кўрдим. Хойнаҳой отаси бўлса керак.

Тез-тез юриб, аза очилган ҳовлидан узоқлашар эканман, Дилноза эрини ўлдирилганини билармикан? Ўзичи ўзи тирикмикан? деган ваҳимали фикр миямни пармаларди. Тамом мутлақо боши берк кўчага кириб қолдим.  Энди нима қилсам экан-а?

Уйга етиб келганимда соат  иккидан ошганди. Автоматик равишда чой қўйиб, кечаги шўрва билан тамадди қилиб олгач,  бошқа овқатга уннадим. Сабзи тўғраб, ошнинг зирвагини тайёрладим. Сувнинг қайнашини кутиб, қозон тагида кўкимтир тусда ёнаётган оловга тикилар эканман,  боши берк кўчадан қандай қилиб чиқиб кетишни ўйлардим. Демак, Дилноза кимлардир томонидан пул учун ўғирланган, Рамиз ака  қандайдир ҳужжат учун ўлдирилган. Ўша кимлардир Дилнозанинг олдинги ҳаёти ҳақида билишади. Барс ўзига керакли ҳужжатни Рамиздан ола олмаган ва энг ёмони менинг Муштарийим ҳам қайсидир бераҳм, жаллод томонидан бўғилган. Ҳозир мен ишсиз ҳуқуқшуносман, ишли, тажрибали курсдошим Жиянов менга ёрдам беришни истамади, бу бир. Ўзбекистонда хусусий детективлик билан шуғулланиш қонун билан тақиқланган, бу икки. Аммо мен  буни пул учун эмас, яқин дугонамни  бошига тушган мусибатдан қутқариш учун қилаяпман, бу уч. Ҳўш, нега мен Рамиз ҳужжат учун ўлдирилганлигига ишончим комил? У қандай ҳужжат? Бирданига ёдимга Рамиз аканинг уйидан пул билан бирга олган  ҳужжатлар ёдимга тушди. Шоша-пиша   ётоқхонадаги тахланган кўрпачаларнинг орасига тиқилган қоғозларни тимирскилаб топиб, кўздан кечира бошладим.  Қўлимда устига “Турон гўзали” деб ёзилган папка эди. Ичида компаниянинг Низоми, аллақандай рақамларга тўла қоғоз, даромад ва харажатлар,  унинг директори Қўлмурод Дониёров ва ходимлар, тушунишимча бошқарувдаги ходимларниг шахсий ҳужжатларининг нусхалари турарди. Папка ичидан каттагина конверт сирғалиб, кўрпа ўстига тушди.  Ичи тўла фотосурат. Биттасида  тепакал, гавдали, кўк костюм,  гардиши ялтироқ кўзойнакдаги салобатли одам иккита  бошқа эркак билан қўл  бериб, жилмайиб туришарди. Иккинчи суратда у  қадаҳ кўтарган ҳолатда бир немалар дейишга оғиз жуфтлаган. Ажабо. Учинчи расмда у ёзги енгил футболка ва шортида. Ёши қирққа етмаган бўлса керак, аммо қорни дуппайиб, футболкасини кўтариб турибди. Икки томонида ёшгина, хипчабел қизларни қучоқлаб олган. Тўртинчи сурат унданда қизиқарли эди. Ўша кимса ҳаммомда қизлар билан. Расмнинг сифати сал хирароқ.Телефонга олинган шекилли. Суратдаги эркак ва аёллар яланғоч бўлиб, кейингисида уларнинг турли хил ҳолатдаги ишқий муносабатлари акс этган эди.  Ҳойнаҳой бу ўша Дониёров шахсий ҳаётининг  бошқаларга кўринмас томони кимдир томонидан акс эттиришга ҳаракат қилинган кўринади.

Иккинчи папка “Яксарт кийиги”  корхонасининг раҳбарига тегишли эди. Бу ерда ишқий саргузаштлар бўлмасада, аммо асосий қаҳрамон турли хил кўринишларда юзидан хорижликка ўхшаб кетадиган бир неча кимсалар билан қандайдир қоғоз,  пулни бераётганда суратга туширилган. Суратлар ҳам телефон ёки бошқа аппарат билан яширинча олингани аниқ. Чунки баъзи жойларда суратга тушувчиларнинг ҳаракати аниқ кўринмай, суркалиб кетган.

Учинчи жилд устига   “Snow leopard” деб ёзилган эди. Бирданига миямда яшин чақнагандек бўлди. Леопард бу қоплон дегани,  агарда  институтда ўрганган инглиз тилимни ёдга оладиган бўлсам, адашмасам   snow  қор дегани. Яъни, қор қоплони. Вой Барску! Жилд ичидаги қоғозларни кўздан кечира бошладим. Рақамлар, рақамлар. Ўзи математика  билан ҳеч қачон дўст бўлмаганман. Аниқ фанлардан узоқроқ бўлган ҳуқуқшунослик институтига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинганимда бахтиёр эдим. Аммо биринчи курсданоқ дарс жадвалига олий математика ва мантиқ фани қўйилганини кўриб, капалагим учди. Мен  қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлишдан ортиғини билмайману, қандайдир логорифмлар,  номаълум икс ва игрикларга йўл бўлсин?!  Айниқса анчагача  синус билан косинуснинг фарқига бормай, қаердандир Пи остидан чиқадиган  ҳосила мен учун бошқа ўлчамдаги тушунарсиз ҳодиса бўлиб кўринарди. Ўзи буюк бобокалонимиз Ал-Хоразмий алжабрни ўйлаб топганида  мена ўхшаган  келажак авлод тақдирини ўйламаган эканда! Баъзида  ана шундай  буюк бобокалонларимиз ақлига қойил қоламан ва  ўзимдан уларнинг авлодига мос эмаслигимдан ўкиниб кетаман.  Бундан нақд минг, беш юз йиллар илгари яшаган аждодларимиз, яъни Ал-Хоразмий,  Абу али ибн Сино, Бу Райҳон Беруний, Улуғбеклар  шу даражада ақлли бўлиб, бараваракайига 5-6 тилда ижод қилишдан ташқари ҳозир уяли алоқа телефонлари асосида ётувчи  логорифмик асосларни ўйлаб топишган, Ернинг шар шаклида эканлигини аниқлаб,  кейинги 500 йилга ҳам етадиган  самодаги юлдузлари харитасини тузиб қўйиб, инсон танасидаги мавжуд касалликлар давосини айтиб кетишгану, мен бўлса, олий маълумотли ҳуқуқшунос, элементларнинг кимёвий ва физик хоссалари у ёқда турсин, оддий тўртта соннинг иккитага кўпайтиришни калькуляторсиз амалга ошира олмайман. Ҳаммасига шу фан-техника айбдор. Одамни дангаса қилиб қўйди. Мана ойим, ҳеч жойда ўқимай, мактабни атиги 6 синфни битирган бўлсаларда,  бир пасда 123 ни 12 га кўпайтира олардилар. Мен уни калькуляторда кўпайтириб, жавобини айтганимча, тўғри жавобни жилмайганларича айтардилар. Интернет деган бало чиқиб эса, ҳамма ёнидаги қадрдонини унутиб, виртуал дўстга ошиқ бўлди қолди. У виртуал дўстлар қанийди оғир кунингда ёнингда туриб, бошингни силаб, илиқ сўз айтса? Сен билан эркак гаплашаяптими, аёл кишими билиб бўлмайди. Ўз расмларини ўрнига бир киноюлдузни қўйиб, ўғирланган шеър мисраларини қалаштириб ташлашади.  Бир бирини уялмай алдашади. Мактаб ўқувчиларичи, рефератни интерентдан олишади, бадиий китоб ўқишга вақтлари йўқ, аммо playstationда  соатлаб ўтириб, виртуал ўйинларда бир бирларини ўлдиришга вақт топишади. Чалғиб кетдим. Демак ҳужжатлар бўйича Барс компаниясининг мамлакатимизда 20 дан ортиқ филиали бор. Буни ўзи ҳам айтувди. Асосан оргтехника сотиш билан, шунингдек машина сотиш билан шуғулланар экан. Бир бирига мутлақо бегона соҳа. Оҳҳо, окамизнинг иккита нашриёти ҳам бор эканда. Мана бу  ўртада хорижликлар билан оргтехника хусусида тузилган шартномалар, буниси йўл қурилишига оид ҳужжатлар, буниси эса юк ташиш учун ҳужжатлар. Аждодларимизни эсладиму, ёнимизда яшаб турган турли соҳадан бахобар инсонлар яшаётганлигини билмаймиз ҳам. Айтгандек, Барснинг ўзи  бизнесини машинадан бошлаганлигини айтган эди. Бу эса Барснинг муҳри ва имзоси бор бўш бланкалар. Қизиқ, қандай қилиб шунча ақлли одам бўш қоғозга имзо қўйиб, муҳр босса? Суратлари ҳам бор экан. Бирида Рамз  билан Барснинг ўзи, кулиб туришибди. Иккинчисида Барс қандайдир аёл билан шаҳар ташқарисида дам олишда. Ҳойнахой аёли бўлса керак, ёши Барс билан деярли тенг кўринади. Учинчисида яна Барс Рамиз билан нималарнидир баҳслашаяпти. Тўртинчи расм жуда ҳам қизиқ. У ерда Барс ким биландир қўл сиқишиб турибди, аммо шеригининг юзи қирқиб олинган. Иккинчи расмда у аёл киши билан.Бу сафар аёлнинг юзи қирқиб олинган. Яна бирида Барс  ёшгина қиз билан турибди. Қиз жуда ҳам Дилнозага ўхшаб кетарди. Фвқат сочи узун.  Демак,  Барснинг бу ишларга аниқ алоқаси бор. Фақатгина юзлари қирқиб олинган одамларнинг кимлигини аниқлаш керак. Адашмасам, буларнинг барчаси  қаҳрамонларининг сураткаш олдида туришидан расмий ҳолатда олинган суратлар. Балки газетада чиққандир. Интернетга кириб,  Барс ҳақидаги маълумотларни қидириб кўришим керак. Компьютерни ёқиб, интернетга улангач, “Snow leopard” деб қидирувга бердим. Аҳмоқ машина бир дунё тоғ қоплони ҳақидаги инглиз тилидаги маълумотларни, бу  бетакрор гўзаликка ва улуғворликка эга жониворнинг расмини мониторга чиқариб берди. Хато қилганини англаб, “Snow leopard компанияси Тошкент Ўзбекистон” деб   ёзган эдим, мен кутган натижа мониторда пайдо бўлди.   Оҳ-ҳо, қаҳрамоним  интернетда машҳур экан. Қидирувдаги топ ўнталикдан ташқари  иккинчи, учинчи ва тўртинчи саҳифаларда ҳам  турли хил оммавий ахборот  воситалари у ҳақида ёзилган мақолаларидан ташқари  компаниянинг турли йўналишлари бўйича   ўз сайтлари ҳам бор эди.  Барснинг аслида исми Жалолиддин  Сафаров экан.  Чиройли исм. Мақолалардан аниқ бўлишича, ўз фаолиятини собиқ Иттифоқ давридаёқ, яъни қайта қурилиш йилларида бошлаган. Кейинчалик иши юришган.  2009 йиллардан кейин эса автосалонларининг сони 30 дан ошган.  Ҳозир беш хил йўналишда фаолият олиб боради. Айни пайтда чет эл билан  ҳамкорликда ишлайди. Асосий ҳамкорлардан бири Испаниядаги  компания. Номи испанча бўлгани учун унчалик тушунмадим. Машиналарни унчалик тушунмайман, демак оргтехникага борасида фаолият юритаётган корхона сайтига кирамиз. Алоқа телефонлари ичида компания телефонларини топиб,  қўнғироқ қилдим. Дарҳол гўшакни кўтаришди. Ёқимли аёл овози компания ва ўзини таништириб, нима хизматлигини сўради.

-Мен  янги очилган «Компьютер олами» журналининг мухбириман. Сизнинг  фаолиятингизни ёритмоқчи эдим.  Раҳбарингиз билан учрашсам дегандим. Қачон вақтлари бўлади?

Кўп ўйлаб ўтирмай, оғзимга келган, аслида мавжуд эмас журнал  номини айтиб, ўзимни таништирдим.

-Алишер Ҳамидовични айтаяпсизми? У киши бугун жуда ҳам бандлар. Эртага тушдан кейтин қўнғироқ қилинг, унгача мен айтиб кўраман.

— Йўқ, адашмасам компания Жалоллидин Сафаровга тегишли. Мен у киши билан учрашмоқчи эдим.

-Тўғри компания уларга тегишли, аммо уларнинг офиси мутлақо бошқа манзилда жойлашган. Бизнинг филиалимизга Алишер Ҳамидович раҳбарлик қиладилар.

-Узр, Жалолиддин Сафаров бевосита раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг телефон рақамини бера олмайсизми?

-Ҳозир, бир дақиқа кутиб туринг.

Орадан 30 сония вақт ўтар-ўтмас, ҳалиги овоз телефон рақамини дона- дона қилиб айтиб турди. Айтилган рақамни теришим билан, боягиданда ширалироқ овоз эшитилди.

— Эшитаман.

Яна компания ва котиба қиз номини дона- дона қилиб айтиб, нима хизматлигини сўради. Ёлғонимни қайтаргач, у кутиб туришимни айтиб, хўжайинининг бандлик жадвалини кўриб чиққач, эртага соат 10 га учрашувни белгилади. Ундан офис манзилини сўраб олгач, эртароқ боришга қарор қилдим.

Ҳа, Барс ўз ходимларини анчагина тарбиялаган шекилли. Барчаси жуда ҳам илтифотли.

***

    Айтилган жойда соат 9.30 да ҳозир-у, нозир эдим.  Қўғирчоқдек, қош-киприги бўялган, олчаранг юпқа шифондан олди парпар кофточка ва қор калта юбка  кийган котиба қиз, компьютер мониторига тикилиб ўтирарди. Ўзимни таништиргач, у гувоҳномамни ҳам сўрамай,  ширали овозда “чой ичасизми ёки қаҳва?”  деб сўради. “Қаҳва” дейишим билан кимгадир қўнғироқ қилиб, ичимликни келтиришни буюрди.

“Сервис  зўрку” деб ўйлаб, котибага тикилдим. Яқинроқ қараганимда “котиба қиз” 40 ёшлар чамаси аёл эканлигини сезиб, ажабландим.  Пардози жуда ҳам усталик билан қилинган ва кўзининг олдидаги майда ажинларни буткул яширган эди. Нозик гавдаси, уни ёш қизларга тенглаштирарди. Барснинг дидига қойил қолиб, уни гапга тутишга ҳаракат қилдим.

-Жуда ҳам келишган экансиз. Айниқса кофточкангизнинг ранги жуда ҳам сизга ярашибди.   Юзингиздаги косметика фарангларникими? Атирингизни ҳиди жуда ҳам ҳушбуй экан. Айтгандай исмингиз нима?

Аёлларни мақташ дарҳол ўз натижасини кўрсатади. Котиба аёл эрталабдан зерикиб ўтирган эканми, ҳафсала билан бўялган кўзлари чақнаб, туш билан узайтирилган киприклари пирпиради.

-Гулмира.

-Вой, исмингиз жисмингизга ярашган экан. Ўзингиз  ҳам нозиккина гулдек экансиз. Нақд маликанинг ўзи. Сизнинг жойингиз қаср бўлиши керак. Турмушга чиқмаганмисиз? Тинмай  ёғилаётган мақтовлардан Гулмиранинг ёноқлари қизарди. Секингина “йўқ” деди.

Унинг суҳбат учун тайёр бўлганини сезиб, аста мақсадга кўча бошладим.

— Анчадан бери бу ерда ишлайсизми?

— Шу компания  ташкил этилганидан сўнг икки йилдан кейин келганман.

— Унда сиз  ажойиб ходима экансиз. Раҳбарингизнинг ҳар бир  инжиқликларини кўтаришингиз керак. Унинг  иш кунини режалаштиришингиз, барча тадбирларни ўз вақтида эслатишингиз керак. Эҳ-ҳей, қанча иш. Мен бунга чидай олмас эдим. Тўғрисини айтсам жуда ҳам ёш кўринар экансиз. Мен бир қараганда сизни ёш қизча деб ўйлабман.

Айнан ўқ нишонга текканини Гулмиранинг жилмайиб, ерга қараганидан билдим.

— Жалолиддин Алимович, инжиқ эмаслар. Албатта жаҳллари тез, аммо бақирганларидан сўнг индамасанг, дарҳол ўзларига келиб қоладилар. Кейин тартибни жуда ҳам яхши кўрадилар ва доимо келганларида кабинетларида иссиқ қаҳва бўлишни ҳам. Шунинг учун келишлари билан орқаларидан қаҳваларини олиб кираман. Ўзлари жуда ҳам сахий одамлар. Бирор муаммоингиз бўлса, албатта ёрдам берадилар. Нечта одамга ёрдам бердилар. Масалан,  кадрлар бўлимида Ноила опа бор, эри йўқ, учта болани бир ўзи катта тарбиялайди. Жалоллиддин акамлар ўғилларининг суннат тўйларини қилиб бердилар. Ноила опа роса раҳмат айтиб, кейин йиғлади. Ҳисоб бўлимидаги Рўзимат аканинг ўғлини қамоқдан чиқариб бердилар. Маҳаллаларида бирорта бева-бечора, кам таъминланган одам, ногирон йўқки Жалолиддин ака ёрдам бермаган бўлса?! Ҳар ойда даромадимизнинг маълум бир фоизини албатта Гўдаклар ва Меҳрибонлик уйларига навбатма навбат ўтказиб турамиз. Тўғриси,  уларга беш кетаман. Ёшлари ўтган бўлсада компьютерда ишлайдилар, инглиз тилини ўрганаяптилар.

Ниҳоят  котибанинг гап қопи очилганига хурсанд бўлиб, уни тинглаш учун жойлашиброқ ўтирдим. Шу пайт  ёши ўтганроқ, оқ кофта, қора юбка кийган аёл патнисдаги кичик пилжонларда қаҳва олиб келиб бирини менинг олдимга, иккинчисини Гулмиранинг олдига қўйиб кетди. Пилжон тагидаги тақсимчага қўйилган икки дона қандни қаҳвага ташлаб, қошиқча билан аралаштиргач, Гулмирани тинглаш учун қулоққа айландим.

Ўзининг қаҳвасидан бир ҳўплагач, у гапини давом этди.

— Билишимча кўпроқ Испания билан ишлар экансизлар?

-Ҳа, компаниямизнинг Испанияда ҳам филиали бор. Ўшанда ишга  Испанияда яшаган бир аёлни олган эдик. Оти  адашмасам Каромат эди. Жуда келишган аёл, эри элчихонадами, қаердадир ишларди. Испанчани  сувдек биларди.  Барча  ҳамкор йиғилишлар албатта усиз ўтмасди. Тез орада у Жалолиддин акамнинг ўнг қўлига айланди. Ҳамма жойга бирга боришадиган бўлишди.

Гулмиранинг кўзи совуқ чақнади. Демак бу аёл бутун умрини Барсга бахшида этгану, аммо у бу қурбонликни тан олмаган шекилли.

  • Адашмасам унинг қизи ҳам бор эди, гапини давом эттирди Гулмира.- Онаси бир –икки маротаба касал бўлиб, расмий учрашувларга таржимонлик қилишга кела олмаганида қизи келиб, онасининг ишини  бажарганди. Орадан кўп ўтмай Жалолиддин акамнинг негадир Каромат билан оралари бирдан бузилди. Айтишларича, Жалолиддин акам унинг қизига илакишган.  Ўша қиз хаттоки ундан бола кўрган дейишади. Янаям билмадим. Нима бўлган тақдирда она-бола  ҳаётимиздан бирдан юқолди, худога шукр.

Бирдан юрагим музлади. Нахотки Дилнозанинг қизи Лола Барснинг қизчаси бўлса? У бундан бехабармикан? Менга фарзандим йўқ деган эди.

  • Ҳаётимиздан дедингизми?
  • Компаниямиздан демоқчи эдим. Ҳозир бир Хусан Салимов Испания билан ишларимизни юритади. Жуда ҳам ақлли, дунёқараши кенг, билимдон йигит.
  • Унда барча ходимларни яхши танисангиз керак-а?
  • Албатта, ахир деярли компания ташкил этилганидан бери шу ердаман. Нечта одам бу ерга келиб кетмади, дейсиз. Энг билимдонлар, ишнинг кўзини биладиган, масъулиятли кадрларнигина олиб қолдик.
  • Рамиз Ғойиповни яхши танирмидингиз?
  • Ҳа, уми?

Негадир Гулмиранинг чиройли терилган, камонсимон қошлари чимирилиб, юзи тундлашди.

  • Ҳа, -деди у дарҳол ўзини қўлга олиб. – У бир пайтлар Жалоллиддин аканинг ўнг қўли, энг яхши кўрган шогирди эди. Уни айнан Жалолиддин ака одам қилди, бизнес сирларини ўргатди, бой қилди. У ифлос бўлса, ўзининг бизнесини ими- жимида тиклаб олгач, Жалолиддин акага қарши бош кўтарди. Қандайдир ҳужжатлар билан уни шантаж қилаётганини биламан. Эшитишимча, уни ўлдириб кетишибди.  Менимча у  фақат Жалолиддин акамларни эмас, бошқа ҳамкорларимизни ҳам шантаж қилиб пул ундирган.  Доимо маълумот йиғиб юрадиган одам эди. Буни бир неча маротаба Жалолиддин акага айтсамда, у эътибор бермовди. Энг яхши кўрган, ўғлидек бўлиб қолган шогирди унинг орқасига ханжар санчишини кутмаганди.

Шу пайт эшик очилиб,  қабулхонага Барс кириб келди. Атрофга қарамай, тезда  ўзининг кабинетига кириб кетди. Унинг орқасидан янги буюртирилган қаҳва кўтариб, Гулмира кирди. Бир оздан сўнг қайтиб чиқди-ю, жилмайганича «киришингиз мумкин», деди.

Эшикни тақиллатиб ичкарига кирар эканман, кабинетнинг ҳашамдорлиги унинг уйидан қолишмаслигини сездим.  Яна ўшандай чинни кўзалар турда савлат тўкиб турар, ҳашаматли дарпардалар мебел ранггига қараб танланган. Бутун кабинетни эгаллаб турган тўқ малла гилам ҳам дарпардалар ранггида эди. Ўртада Т шаклида  қўйилган, полиролланган стол, юмшоқ курсилар. Столнинг икки чеккасида турган биллур гулдонларга  янги узилган атиргуллар солинган. Уларнинг сезилар сезилмас ифори ҳонада ҳукм сурарди.Четда қора чарм билан қопланган юмшоқ диван  ва креслолар. Уларнинг тутқичлари ўймакор  қизил дарахтдан ишланган. Буларнинг барчаси хона эгасининг ҳашамни яхши кўршидан далолат бериб турарди. Барснинг ўзи эса енги калта оқ кўйлак ва қора шимда эди.  Фақатгина қўлидаги қора тошли катта кумуш узук ва ўнг қўлидаги “Ролекс” русумли соат хона эгасининг анчадан буён тўқ ҳаёт эгаси эканлигидан далолат бериб турарди.

Секин салом бердим. Барс бошини кўтариб қараб, юзида ажабланиш ифодаси акс этди.

  • Сен? Бу ерда нима қилиб юрибсан? Журналистмисан?
  • Йўқ, хавотирланманг. Сиздан интервью олмоқчи эмасман. Сиз қидирган битта омонат менда эди. Шуни бергани келдим. Уни бермай, қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Аммо бугун котибангиз сизнинг нафақат ишхонангиз, балки маҳалладагилар, Меҳрибонлик уйларига ҳам доимо ёрдам бериб, ҳимматингизни аямаслигини айтди. Саҳоватли инсон экансиз. Сиздек одамлар дунёда купайса, зориққанлар мушкули осон бўлармиди? Мана олинг. Менимча Рамиз аканинг уйидан айнан шуни қидиргансиз.

Барснинг ёнига бориб, стол устига  “Snow leopard” деб ёзилган жилдни қўйдим. У папкани очиб, ичидаги ҳужжатларни кўз кечирар экан, ранги ўзгариб, ингичка лаблари қимталди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб, папкани ёпди.

-Раҳмат. Бунинг ичида ҳаммасими?

-Топганимда шу қоғозлар бор эди. Мен журналист эмасман,  ҳуқуқшуносман. Аммо бола тарбияси билан банд бўлганим учун ҳозирча ҳеч жойда ишламайман. Ҳозир бошимга мусибат тушган. Энг яқин дугонамни ўғирлаб кетишган. Билмайман у ўликми ёки тирик, чунки жиноятчилар жуда ҳам катта пул сўрашганди. Майли ишингизга омад, мен кетдим.

Негадир ожизлигимдан хўрлигим келди. Кўзимга ёш қалқиди. Эшикка яқинлашганимда орқамдан Барснинг жарангдор ва салобатли овози эшитилди.

-Тўхта қизалоқ. Бу ёққа кел.

Шошганча рўмолчам билан кўз ёшимни артиб, орқага қарадим.

-Аёл киши бўлсанг ҳам мард инсон экансан. Сен ўша биринчи кўрганимда менга ёққан эдинг. Аммо Рамиз исмини тилга олганингда фикрим ўзгаришига сал қолганди. Нима истайсан? Сенга ёрдам бераман.

-Жиноятчилар дугонамни озод этиш учун 20 минг доллар сўрашган. Ҳозирча мен уларни алдаб, сохта пулларни бериб юборувдим. Аммо менинг ёлғоним аллақачон очилган бўлса керак. Агарда уларга жуда ҳам пул керак бўлса яна алоқага чиқишади, бўлмаса…

Ниҳоят ўзимни тута олмай, йиғлаб юбордим. Барс олдимга келиб оталарча бошимни силаб юпата бошлади. Ўзига олиб келинган қаҳвани менга тутди.

-Дугонангни жуда ҳам яхши кўрар экансан, қойил. Аёллар ўртасида, умуман инсонлар ўртасида ҳақиқий дўстлик  камдан кам бўлади. Ҳақиқий дўст фақатгина қийинчиликда билинади. Бойлик ортидан келган дўстлар эса…. барчаси сохта. Буни неча маротаба  ўзимда синаб кўрдим. Раҳмат сенга. Қани энди менинг ҳам ана шундай довюрак  қизим бўлса эди. Афсус. Сенга ўша пулни мен бераман. Инсон ҳаёти ҳар қанча пулдан азиз. Сени қўриқлаш учун йигитларим ёнингда бўлади. Бундан буён сен менинг қизимсан, унутма.

Унинг гапларини эшитар эканман, кўзимдан тинмай ёш оқар, шу кунлари бошимдан кечирганларим, қийинчиликлар, ожизлигим устидан кўз ёш тўкмоқда эдим.

***

Барснинг ожиз томонларини фош этувчи жилдни эгасига қайтаргач, елкамдан тоғ ағдарилгандек  бўлди. Кўчада қуёш  чарақлар, офис олдидаги фаввора сувида камалак жилваланарди. Ҳаёт нақадар гўзал. Шу пайт яна қўл телефоним жиринглади. Номаълум рақам, демак қалбаки пуллардан иборат тўловим фош бўлган. Гўшакни қулоғимга тутишим билан, яна ўша аёлнинг таниш овози эшитилди.

-Менга қаранг қоқиндиқ. Сиз кимни алдамоқчи бўлдингиз? Дугонангизни нархи  саккиз юз эмас, йигирма минг доллар. Энди ўзингиздан кўринг.

Энди гапирмоқчи эдим, гўшакдан Дилнозанинг ҳиққиллаган овози эшитилди.

-Дугонажон, бошқа чидай олмайман. Нега Рамиз акам телефонни кўтармайди? Бошқа хотин топдими? Чидолмайман, ўлиб қоламан.

— Дилноз, қаердасан, айт? Ойинг, дадангларга хабар берайми? Яна бир оз чида? Милицияга хабар берайми?

-Агар милицияга қўнғироқ қилсангиз, дугонангизни, бўлаклаб оласиз? Ота-онасини телефонини беринг, сизларга кечқурун бешгача вақт. Бу охирги муддат.

Оғиз жуфтлашга ҳам улгурмай, нариги томонда гўшакни қўйишди. Бошим қотиб қолди. Демак, Дилноза Рамиз акасининг ўлдирилганлигини билмайди. Ота-онаси ҳам бехабар. Э, худойим. Беш куннинг ичида ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди.

Яна телефоним жиринглади. Бу сафар нотаниш  кимса қаердалигимни сўради.

-Кимсиз?

-Жалолиддин акамларнинг номидан телефон қилаяпман. Сизга пул бериб юборувдилар ва олдингизда бўлишимизни айтдилар.

Кечки бешга яқин учрашув жойини белгилаб олгач, енгил тин олдим. Соат тушга яқинлашиб қолибди. Эндиги ишим қўлимдаги қолган ҳужжат эгаларига телефон қилиб, уларга омонатини қайтариб бериш.

Аввал “Тўрон гўзали” фирмасининг рақамини тердим. Гўшакни бир йигит кўтарди. Ўзимни журналист  сифатида таништириб, раҳбари билан учрашув вақтини  сўрадим.

-Ҳозир, бир дақиқа. Ҳа, ҳозироқ келишингиз мумкин. Қўлмурод Суюновичнинг  бир соатча вақтлари бор. Манзилни сўраб олгач, “Тўрон гўзали”га шошилдим. Шаҳарнинг нақд иккинчи томонида экан, таксичи билан зўрға топиб бордик. Офис унча катта бўлмаган ғиштин  бинода жойлашган бўлиб, атрофи  майса билан қопланган,  чиройли қилиб турли шаклларда кесилган буталар бу ернинг хўжайинининг диди юқори эканлигидан далолат бериб турарди. Офиснинг ичи ҳам замонавийлик билан миллийликнинг қоришмасини ўзида акс эттирган. Сўнгги русумдаги таъмирланган йўлак ва хоналар миллий  услубда безатилганди. Бинога киришим билан бурчакда  стол  атрофида ўтирган қўриқчи кийимидаги йигит йўлимни тўсди.

Қулмурод Суюнович кутаётганлигини айтганим билан мени қўйиб юборди. Қабулхонада  директорнинг ёрдамчиси эринчоқлик билан тирноғига оро бериб ўтирарди. Аксарият ҳолатларга бундай хатти-ҳаракатлар қизларга хос. Шунинг учун кўзимга ғалати кўриниб, юзимда ажабланиш ҳолатини сезган йигит, тирноқ тозалагични четга қўйиб, жилмайди.

-Адашмасам, сиз Севарахонсиз?

-Ҳа.

-Қулмурод Суюнович сизни кутаяптилар.

Директорнинг хонаси Барсникидан анча кичик ва камтарона безатилган эди. Бу ерда ҳам миллийлик ҳукм сурарди. Деворга токчалар ўйилган бўлиб, уларга турли хил миллий буюмлар: лаган, пахта гулли чойнак, пиёла, қўғирчоқлар қўйилганди. Деворга атлас мато қоқилган бўлиб, бир томонда унга рубоб, иккинчи деворга сават илинган.

Тўрда стол орқасида ўтирган директорнинг кўриниши ҳам “Муштум” журналида  чизиладиган янги бойларнинг айнан ўзи эди. Ёш бўлишига қарамай, қорин қўйган, юзлари бироз салқиган, шишинқираган қовоқлари остидан қисиқ қўй кўзлари ялтироқ гардишли кўзойнак орқасидан одамга шубҳали боқарди. Агарда эгнига чопон кийгизиб, бошига салла қўндирсангиз  Ғофур Ғуломнинг “Шум бола” асаридаги  бойнинг нақд ўзи бўлиб қоларди. Фақат кўзойнагини олиб ташлаш керак. Мени кўриб Қулмурод Суюнович ўрнида бир силкиниб қўйди ва жилмайганича рўпарасидаги стулни кўрсатди.

-Марҳамат.

-Мен  «Жамият ва биз» газетасининг мухбириман. Сизнинг бугунги кунда гуллаб-яшнаётган корхонанингиз ҳақида  ёзмоқчи эдим. Аввало унинг фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Қулмурод Суюнович  пиёладаги совуб қолган чойдан бир хўплаб, менга қаттиқ тикилди.

Шунда ёнимда ҳеч нарса йўқлигини тушуниб, шоша-пиша сумкамдан доимо ёнимда олиб юриб, бозордан харид қиладиган нарсаларни ёзиб юрадиган ён дафтаримни, ручкани чиқариб, жилмайдим.

-Ҳм, фирмамиз транспортда юк ташийди. Ҳозирда  юртимизда бундай фирмаларнинг сони кўпайиб, анчагина рақобатбардошлик пайдо бўлди. Аммо биздаги нархлар анча пастлиги ҳамда ўзимизнинг автокорхонамиз борлиги учун мижозларим кўп. Уларга холис хизмат  кўрсатаяпмиз. Иккита логист қизимиз бор. Динора ва Азизахонлар беш тилда сўзлашишади. Албатта, уларнинг  ёрдамида чет эл билан ҳам ҳамкорлигимиз ёмон эмас.

-Бу ерда ҳамкорларингиз борми?

Қулмурод Суюнович совуқ жилмайди.

  • Йўқ, бу ерда рақибларимиз бор. Ахир бозор иқтисодиётининг ўзи рақобатбардошликни тақозо этади.
  • Унда рақибларингизни санаб ўта олмайсизми? Айнан рақобатбардошликнинг ижобий ва салбий томонларини санаб ўтсангиз?
  • Кечирасиз, исмингиз нима эди?
  • Севарахон.
  • Жуда ҳам гўзал исм. Ҳўш, Севарахон рақибларимиз, сизга маъқул келса ҳамкорларимиз анчагина. Шулардан бири “Қор қоплони” компанияси. Эшитмаган бўлсангиз керак, улар ҳам логистика билан шуғулланишади.
  • Яқинда улар ҳақида каттагина мақола ёзган эдим, аммо унинг раҳбари фаолиятининг бу йўналиши ҳақида айтмаганди.
  • Ҳа, Жалолиддин айёр тулки. Сизга фирмаси мамлакатимизга етказиб келаётган юқори сифатли оргтехника, сотаётган машиналари ҳақида кўп гапирганди. Албатта бу йўналиши ҳақида индамаганлиги маълум. Чунки улар холисона фаолият юритишмайди ва кўпинча қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўядилар.
  • Сизчи?
  • Мен тоза ишлайман. Ҳеч кимни алдамайман. Қонунни бузмайман.
  • Унда ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмас экансизда?
  • Тушунмадим.
  • Бир пайтлар “Барс” компаниясида ишлаган Рамиз Ғойиповни танисангиз керак.

Қулмурод Суюновичнинг ранги ўзгариб, юзи қизариб кетди. Яна бир маротаба  чой ҳуплагач, менга қаҳрли тикилди.

-Cиз мухбир эмассиз, кимсиз?

-Тўғри. Мен ички ишлар ходими, майор Тўраеваман. Ҳўш, Рамиз Ғойипов билан танишмисизлар?

Доимо юртдошларимизнинг ички ишлар ёки журналист номини эшитгани биалн ўзгариб қолишига ҳайрон қоламан. Айниқса ўқиб юрганимда Тошкент туманлари ички ишларидан бирида амалиёт ўтаган эдим. Амалиёт раҳбарим Зўхра Ҳамроевна жуда ҳам қаттиқул, инжиқ хотин эди. Бир жиноят бўйича гувоҳларни сўроқ қилгани уйма уй юргандим. Устимда оддий кофта, юбка. Аммо милицияданман дейишим билан мен учун барча эшиклар очилар, одамлар ҳужжатимни ҳам сўрамай, билганларини тўкиб солишарди. Раҳматли бувим, одамнинг айби бўлсагина аввало гапни  ўзини оқлашдан бошлайди, дердилар. Қулмурод Суюнович ҳам ҳужжатимни сўрашни унутиб, негадир хона ишлаб турган кондиционер ҳавосидан салқин бўлсада, бурнининг устини қоплаган реза терни рўмолчаси билан артиб, стол устида турган ручкани қўлида айлантира бошлади.

-Боя айтганимдек мен холис, тоза ишлайман. Марҳамат ҳужжатларни  кўринг. Бизда ҳаммаси жойида.

-Сиз саволимга жавоб бермадингиз.

-Ҳа, Ғойиповми? У нусха билан бирга ишлаганмиз. Жалолиддин аканинг қўлида. Кейин йўлларимиз айро тушди. Ҳаммамиз ўз ишимизни очдик. Аммо Рамиз аблаҳ чиқди. Тирноқнинг тагидан кир қидириб, ҳаммадан пул ундира бошлади. Бир кунмас бир кун юзма-юз учрашиб, абжағини  чиқараман, аблаҳнинг.

-Нима учун?

-Айтдимку, тирноқ тагидан кир қидиради деб, сиз ана шунақа ҳалол одамларни шантаж қилиб, пул ундирадиганларни қаманг.

Демак, Қулмурод  Дониёров ҳам Рамиз Ғойиповнинг ўлдирилганилигини эшитмаган. Қизиқ.

-Cиз ҳалол ишласангиз, унда сизнинг қайси камчиликларингиз учун шантаж қилишади?

-Э, қаллоблар учун пул ундиришнинг йўли кўп. Инсон бор жойда хатолик бор, ҳаётда ҳам ишда ҳам. Пашшадек нарсани филдек қилишадида. Агар ана шу пашшадек нарсалар тегишли жойга  филдек қилиб етказилса бошинг ғалвадан чиқмайди, ишинг ҳам қолиб кетади.

-Демак, барибир камчиликларингиз бор эканда. Сизнинг устингиздан анча  ҳужжат тўпланган. Мана буларга нима дейсиз?

Мен Қулмурод Дониёровга тегишли жилдни чиқариб, унинг олдига қўйдим. У жилдни очиб кўриб, ранги ўзгарди. Ҳужжатларни тез-тез кўздан кечирар экан, расмларни кўриб, рангги оқариб кетди.

-Ҳўш, бунга нима дейсиз?

Тили калимага келмай қолган Қулмуродов олдидан  ҳужжат ва расмларни тўплаб олиб, жилднинг ичига солиб, унга қарадим.

-Барча тушунтиришларни туман ички ишлар бўлимида берасиз. Эртага  соат ўнда кутаман. Ўзингиз борасизми ёки чақирув қоғозини юборайми?

-Йўқ, йўқ.  Балки  келишармиз. Ички ишларга бориб нима қилдим. Мана шуни олиб қўйинг.  Бир паснинг ичида олдимда дуппайиб турган конверт пайдо бўлди.

-Илтимос, қўлимни қайтарманг.

-Сиз ҳозир лавозимдаги шахсга хизмат бурчини ўтар пайти пора таклиф қилиб, яна бир жиноят содир этдингиз.

-Ахир бу чин дилдан Севарахон.

-Эртага сизни кутаман.

Жилдни олиб, эшикка йўналдим. Орқамда Қулмуродовнинг нигоҳи менга қадалганлигини сезиб турардим. Демак, Рамиз акани бу ҳам ўлдиртирмаган. Унда ким?

Офисдан чиқиб, аёвсиз қиздираётган  июлнинг жазирама қуёшидан қочиш учун, соя жой қидира бошладим. Аввало кейинги қадамларимни ўйлаб кўришим керак. Кўзим  йўлнинг четидаги Ботаника боғига кўзим тушиб, ўша томон юрдим. Кираверишдаги  дўкончадан сув  сотиб олиб, бир кўтаришда ярим литрни бўшатдим. Эслаб кўрсам Қулмурод Дониёров менга хаттоки чой ҳам таклиф қилмабди. Уни ички ишларга чақиртирдим. Эртага борса, албатта ҳеч қандай Севара Тўраева у ерда ишламаслиги маълум бўлади. Сўнг эса мени қидира бошлайди. Ботаника боғини жуда ҳам яхши кўраман. Бу ерда хилват гўшалар кўп. Талабалик йилларимиз айнан Ботир Жиянов билан шу ерга келиб, бирор бир хилват гўша топиб, соатлаб гаплашар, амалиётда кўрган жиноят ишларининг натижаларини муҳокама қилардик. Кейинчалик Даврон акамлар билан аразлашиб қолган пайтларимиз ҳам, уйимиздан узоқроқ бўлсада шу ерга келиб, нега  шундай ҳолат юз берганини ўйлашга имкон бўларди. Дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган дарахтлар ва буталар, йилнинг ҳар бир фаслида  кетма-кет очиладиган гулларнинг ифори инсонни тинчлантиради, уни ўзлигига етаклайди. Инсон табиатнинг ажралмас бўлаги эканлигини яна бир бор эслатгандай бўлади.

Ниҳоят  боғнинг ўртасидаги икки йўл оралиғида ўсаётган зич дарахт ва буталар ўртасидаги йиқилган дарахтни топиб, унга ўтирдим. Айнан ана шу дарахтда Ботир Жиянов билан соатлаб суҳбатлашардик. Бу тилсиз гувоҳ яна кимларнинг дардини эшитган экан-а?

Орқамдан шохлар шитирлаши эшитилди. Қайрилиб қарашга улгурмай, кучли қўллар юзимга  ўткир ҳидли қандайдир латтани босди. Чуқур нафас олдиму, қора жар томон учиб кетдим. Қанча қоронғуликда бўлганимни билмайман, кўзимни очганимда деворлари лойсувоқ уйчада,  эски сим каравотда ётганинимни кўрдим. Бошим чидаб бўлмас даражада оғрир,  оғзим қуруқшаб тилим танглайимга ёпишиб қолгандек эди, гуё.  Туришга ҳаракат қилган эдим, қўл ва оёқларимни қимирлата олмаётганини сездим. Амаллаб бошимни кўтариб қарадим. Қўл-оёғим чилвир билан боғлаб ташланганлигини сездим. Бақирай десам, оғзимга тиқилган латта халақит берарди. Бирданига миям яшин тезлигида ишлаб кетди. Э, худо қаердаман ўзи? Соат неча бўлди? Сардоржонни боғчадан олишдимикан? Даврон акам нима дейди? Дилнозачи?  Бугун Барснинг одами билан учрашиб, пулни бермоқчи, Дилнозани қутқармоқчи эдик-ку?!

Қимирлаб, қўлимни бўшатишга ҳаракат қила бошладим, аммо қимирлаган сарим  билагимга чилвир қаттиқроқ бота бошлади. Шу пайт рангини аллақачон билиб бўлмайдиган, кир эшик очилиб,  гавдали эркак кирди. Уни кўриб, юрагим орқага тортиб кетди. Энди куним битди деганимда, эркак бошимга келиб, қўлимдан ушлади. Қўлида ханжарнинг тиғи ярақлаб кетди. Қўрққанимдан кўзимни чирт юмиб олдим. Тез-тез болалигимда раҳматли бувим ўргатган калимани қайтара бошладим. Бироздан сўнг қўлим, кейин оёқларим бўшаганини сездим. Кейин оғзимдаги латтани ҳам суғуриб олишди. Аста кўзимни очганимда тепамда ўша Барснинг уйида кўрган “шкаф” турарди. Бирданига хўрлигим келиб, ҳунграб йиғлаб юбордим. “Шкаф”  лабига бармоғини босиб, мени осонгина каравотдан турғаздида, орқасидан судради. Боғланган оёқларим увишиб қолгани боис,  чалишиб, зўрға борардим. Ташқари ёруғ эди. Ичимда хайрият, деб қўйдим. Демак мени Ботаника боғидан ўғирлаганлар боғлаб шу ерга ташлашгану, ўзлари аллақаерга кетишган. Аммо “шкаф” бу ерда қаердан пайдо бўлди? Ташқарига чиққач, бийдай далани кўриб, ташландиқ бир шийпонда эканлигимизни ҳис қилдим.  “Шкаф” мени судраганича орқада турган қора жипга тиқдида, рулда ўтирган, мен билан масжид олдида учрашган  йигитга “ҳайда” деди. Машина бирданига жойидан қўзғалиб, ғилдираклари тагидан кўтарилган чанг бутунлай орқа ойнани қоплаб олди. Анчагина дала ичидаги уйдим-чуқур йўлдан юриб, ниҳоят асфальтланган катта йўлга чиқиб олдик. Олдимиздан зинғиллаганича иккита милиция машинаси ўтиб кетди.  Индамай кетаётган йигитлардан ниҳоят сўрашга журъат қилдим.

-Кечирасизлар, мени қандай топдингиз? Аввало сизга катта раҳмат. Мени қутқардинглар. Узр, исмларингни билмайман.  Халоскорларимни исмини билсам бўладими?

Ниҳоят  машинани ҳайдаб кетаётган йигит ўзини Азизбек, “шкаф” эса Юсуф дея таништирди. Айтишларича, улар Барснинг буйруғига биноан эрталабдан бери мени кузатиб, э-э-э қўриқлаб юришган. Уларнинг ашаддий душмани бўлган Дониёров офисига борганим уларда шубҳа уйғотган. Айниқса у ердан чиқиб кетгач, орқамдан бир йигит тушганини кўриб, хавотирлари янада  кучайган, чунки Барс менинг бошимдан бир дона ҳам соч толаси тушмаслигини тайинлаган экан. Ботаника боғига кириб кетганимдан кейин, орқамдан Дониёров йигити ҳам кирган. Азизбек  машинада боғ эшигини кузатиб туриш учун қолиб, Юсуф мени қидириб кириб кетган. Бир оздан сўнг ҳалиги йигит, менинг белимдан қучоқлаганича олиб чиққан ва боғнинг назоратчисига “хотинимнинг мазаси қочди” деган. Унинг орқасидан Юсуф чиққан.  Улар мени тортиб олишмоқчи бўлишга келишгунларича, йигит мени машинага тиқиб, олиб кетган. Унинг орқасидан анча узоқроқда кузатиб боришган. Мени шу ерга олиб келиб, бир пасдан сўнг йигит чиқиб кетган. У кетгач, улар  шийпонни текшириб,  ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, мени қутқаришган.

-Унинг қўлида қора жилд бормиди?

-Менимча бор эди, деди Азизбек. –Ҳа, бор эди. У шошиб чиқиб, машина ичига папкани улоқтириб, кейин ўзи рулга ўтирди. Менимча раҳбаридан кўрсатма олгани кетган.

-Айтгандай соат неча бўлди?

— Соат икки бўлаяпти.

Вақтни эшитиб, бироз кўнглим хотиржам тортди. Режалаштирган ишларимга улгурар эканман. Бошим қаттиқ оғриганидан инграб юбордим. Олд ўриндиқда ўтирган Юсуф менга ачингансимон қараб,  бардачокдан дори олиб, маъданли сув билан узатди. Дорини ҳаплаб, салқин сувнинг барчасини ичгач, оғриқ бироз босилгандай бўлди.

-Ҳозир қаерга борамиз? — деб сўрадим йигитлардан.

-Сизни Барс кутаяпти, — дея ниҳоят тилга кирди Азизбек.

Барснинг менга таниш бўлган ҳовлисига етиб келганимизда соат учдан ошган эди. Бу сафар у мени қадрдонидек кутиб олди. Бошқа хонадан чиққан аёл, мени ювиниш хонасига кузатиб қўйди. Ўзимни тартибга келтириб, қайтиб хонага кирганимда  турфа нозу неъматлар билан дастурхон тузатилган эди. Шундагина эрталабдан буён туз тотмаганлигим ёдимга тушди. Иссиқ қайнатма шўрвадан сўнг тортилган норин жонимга ором бахш этди. Орқасидан муздек айрон ичгач, ниҳоят Барс тилга кирди.

-Нега Дониёровнинг олдига бординг?

-Унинг  фаолиятининг ноқонуний томонларини фош этувчи ҳужжатлар  қўлимга тушиб қолувди. Унинг ўзига уларни топширмоқчи эдим.

-Вой аҳмоқ қизей. Бошингни ўзинг сиртмоққа тиқибсанку. Шу даражада одам лаққи бўладими? Агар савоб қилмоқчи бўлсанг, бева- бечорага қил.  Барс хо-холаб кулди.-Энди айтчи, бу ҳужжатлар сенинг қўлингга қаердан тушиб қолди.

Барсга чин дилдан Рамиз ака уйига нима учун кирганим, ҳужжатлар ва пулни олганим, кейин унинг ўзи қўнғироқ қилганида Дилнозани Барснинг ўзи ўғирлаган деган фикрга келганим, унинг котибаси ва ўзи билан учрашгач фикрим ўзгариб, ҳужжатларни унга қайтариб берганимни айтдиб бердим.

-Аммо Рамиз Ғойиповни кимдир ўлдирган. Натижада хотини учун тўланадиган товонни у тўлашга  улгурмаган, хаттоки хотинини ўғирлаб кетишганини билишга ҳам улгурмади. Қўлимдаги ҳужжатлар орқали у бир пайтлар ўзи билан ишлаган одамларининг нозик томонларини ўрганиб, шантаж орқали пул ишлашини билиб олдим. Тўғриси мен уни Дониёров ўлдиртирган десам, бугун у эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Айтгандай унинг хотинини онаси сиз билан ишлаган экан.

Сигарасини ҳузур қилиб чекаётган Барс ажабланиб, савол назари билан менга тикилди.

-Ким экан у?

-Испан тилини сувдек билувчи Каромат исмли аёл. Унинг қизини ҳам танийсиз. У Дилноза.

Барснинг қўлидан сигараси тушиб кетишига оз қолди. У менга тикилганча турар, аммо ҳаёли хотира уммонида сўзаётгани бир нуқтага тикилган нигоҳидан билса бўларди.

-Демак, ўғирланган дугонанг Кароматнинг қизи дегин. Ҳм-м. Соат тўрт ярим бўлибди. Қани кетдик.

Савол бермай, унинг орқасидан эргашдим.  Шу пайт  юбкам чўнтагидаги телефоним жиринглади. Шундагина сумкам ўша эски шийпонда қолиб кетганини эсладим. Эссиз, калитларим,  атир-упам,  анчагина пулим, паспортим сумкачамда эди. Яхшиямки доимо ишлатганим учун телефонимни юбкамнинг чўнтагига солиб қўйган эканман. Тушиб қолмаганига шукр. Машинага ўтиришим билан гўшакни кўтардим. Барс менга бир қараб, Азизбекка имлаган эди. У дарҳол ноутбукни очиб, қандайдир дастурга кирди.

-Алло?

— Бу сиз учун охирги имконият. Соат беш эмас, олтида Муқимий театри ёнида олдингизга қизил футболка ва шу рангдаги кепкада, жинси шим кийган йигит боради. Пулни унга берасиз ва дарҳол  кетасиз.

-Дилнозани кўрмасдан пулни бермайман.

-Бу сафар ҳам бизни лақиллатаман, ёки милиция билан келаман деб хомтама бўлманг. Агарда хатоликка йўл қўйсангиз бошқа алоқага чиқмаймиз ва эртага дугонангизни бўлаклаб  ола бошлайсиз.

-Йўқ бир ўзим бораман. Пул ёнимда хавотирланманг. Энг асосий Дилноза тирикми?

Гўшакдан Дилнозанинг  анчагина ҳолдан тойган овози эшитилди.

-Севар илтимос ойимларга айт, мени қутқаришсин, бошқа чидай олмайман.

-Дугонажон яна бир оз чида, худо хоҳласа бугун кечқурун уйда бўласан.

Аммо гапим чала қолди, гўшакдан қисқа гўдоклар эшитилди.

Барс менга қараб, бош бармоғини кўтарди.

-Қаердан қўнғироқ қилишганини аниқладик.

Машинада шаҳардан чиқиб кетиб, унга уланган маҳалла кўчаларини айлана бошладик ва ниҳоят, кўримсизгина бир қаватли, сувоқлари кўчган, кичкина эшиги анъанавий  тарзда кўкка бўялган уй олдида тўхтадик. Барс диққат билан уйни  ташқарисидан кечиргач, машинамиз орқага қайтиб, икки хонадон нарида тўхтади. Барс, мен, Юсуф, Азизбек ундан тушиб, уйнинг олдига бордик.

-Cизлар нарироққа бориб туринглар. Биз панароққа ўтгач, Барс эшикни тақиллатди. Жимжитлик. Яна қаттиқроқ тақиллатган эди, ичкаридан “ким у?” деган овоз эшитилди.

-Мен хокимиятданман. Эшикни очинг. Ўз бўлимимга тегишли маҳалла аҳли билан танишиб юрувдим.

Қулф шиқирлаб эшик очилиб, ундан мен ҳиёбонда учрашган аёл кўринди.

-Ассалому алайкум. Узр, мен бу ерда ижарада тураман. Эгалари Россияга ишлагани кетишган. Шунинг учун сизга ёрдам бераолмайман.

-Яхши, ижарада турсангиз ҳам шу маҳаллада турибсизми? Фарқи йўқ. Биз барча фуқароларни тенг кўрамиз. Бирор муаммоингиз борми? Ичкарига кирсам бўладими?

Аёл нима қилишини билмай бироз каловлангач, йўл бўшатди. Барс унинг орқасидан кирар экан бизга “келинглар” дегандек ишора қилди. Юсуф билан Азизбек чаққонлик билан  кичкина эшикдан ичкарига киришди-ю, аёл нима бўлганини англаб етгунича  Юсуф унинг оғзини қўли билан бекитиб, енгилгина бўйин томирига босган эди, аёл латта қўғирчоқ каби  “шкаф”нинг қўлида шалпайиб қолди. Юсуф уни четроқда турган стулга  ўтқизиб қўйди. Ҳовли кичкина ва мутлақо қаровсиз эди. Бир пайтлар гуллаб яшнаган райҳон ва гултожихўрозлар қовжираган, ёз бўлишига қарамай токларнинг барги сарғайган, ҳовли сатҳи анчадан буён супирилмаганди. Азизбек билан Юсуф бир паснинг ичида уй ёнида қурилган оғилхона, тандирхона, ўчоқбошиларни айланиб чиққач, уйга кириб кетишди, орқаларидан бормоқчи эдим, Барс билагимдан  ушлаб тўхтатиб қолди. Бир дақиқа вақт ўтар ўтмас, Юсуф анча ҳолдан тойган Дилнозани қўлида кўтарганича олиб чиқди.

Барс югуриб бориб, чаққонлик билан  унинг қўлидан дугонамни олиб,  ҳовлида турган эски курсига  ўтқазди. Озғин, жиккак чолдан бунчалик куч ва чаққонликни кутмаган эдим. Дилноза озган, кўзлари ичига ботган, доимо чиройли таралиб, турмакланган сочлари тўзғиган эди. Устида  ўзига жуда ҳам ярашган сарғимтир кўйлаги  рангини юқотиб, қандайдир доғлар билан қопланганди. Қўллари боғлиқ. Барс стол устида турган лаби учган пиёлада крандан сув олиб, Дилнозанинг қорайиб, ёрилган лабларига тутди. Бир қултум сув дугонажонимнинг томоғидан аранг ўтди. У кўзини очиб, Барсни кўрдида, бир пас унга тикилиб туриб, бақириб юборди.

-Бўлди қизалоқ, тинчлан. Ҳаммаси орқада қолди. Энди бошингдан бир тола соч ҳам тушмайди. Ишон менга. Дилноза хурсиниб, ҳорғин кўзларини юмди ва … мени кўрмади ҳам.

Шу пайт ҳушсиз аёл аста ўзига кела бошлади. Буни кўрган Юсуф яна ўша қўлининг енгил ҳаракати билан уни ҳушсизлантириб қўйди.

-Уни милицияга топшириш керак, дедим секингина.

-Йўқ, -деди Барс.-Уни  ўзим сўроқ қиламан, кейин қолгани билан милиция шуғулланади. Аёлни ҳам ўзимиз билан олиб кетдик.

Соат олтидан ошганлиги учун биринчи галда боғчага югурдим. Хайрият Сардоржоннинг боғча опаси Гулой билан уни олиб ўтирган экан. Шу овсинимга ҳайронманда, ҳеч бўлмаса вақтлироқ қизини олгани келса бўларди. Феруза мендан икки йил олдин қайин акамга турмушга чиққан бўлсада, кеч туққан, шунинг учун Гулойнинг ёши Сардоржон билан тенг эди. Бунинг устига ҳомиладор бўлгани учун қайнонам ва эри уни еру кўкка ишонишмасди. Ҳозир ҳам ҳойнаҳой ё сартарошхонада, ёки онасиникида бўлса керак. Овсиним қайнонам касалхонага  тушгандан бери ҳар куни онасиникига борадиган бўлганди. Уйга етиб келганимда айтганимдек Феруза  йўқ эди. Даврон акам ҳам ҳали ишдан қайтмабдилар. Худога шукр қилиб, болаларнинг олдига ўйинчоқларини  тўкдимда,  тезда овқатга уннадим. Кайфиятим аъло эди. Ниҳоят менга неча кундан буён тинчлик бермаётган муаммо барҳам топди. Дилноза озодликда. Алабатта севимли Рамиз акасининг вафот этганини билса қайғуради, аммо унинг ёнида энди  Барс борку. Ҳам ота, ҳам эр. Ёмон эмас. Эртага Дилнозани бориб кўраман ва ниҳоят уни ким ва қандай ўғирлаганини айтиб беради. Ботир Жиянов эса бармоғини тишлаб қолаверсин, уйда ўтирган ҳуқуқшунослардан ҳам яхшигина изқувар чиқишини билиб олсин.

Аммо шу куни ҳам тинчгина ухлай олмадим. Негадир тушимга тинмай Рамиз ака кириб чиқди. Эрталаб худди туни билан тош кўтариб чиққан  одамдай, чарчаган ҳолда уйғондим. Амаллаб туриб, нонушта тайёрлаб, Сардоржонни кийинтириб, нонушта қилиб бўлгач, ўғлимни Даврон акамларнинг қўлига ойижоним учун тайёрлаб қўйган овқатим билан тутқаздим.

-Нима, мазанг бўлмаяптими? Туни билан инграб, кимлар биландир уришиб чиқдинг. Барс дейсанмией, доллармией? Шу кундузи камроқ телевизор кўрсанг бўларди. Бир ўзингга қара  худди эгасини излаган итдай ҳорғин кўринасан. Бугун ойимларнинг олдига бориб ўтирма. Ўзим уларга вазиятни тушинтираман.

Даврон акам бошини чайқаб, дадасининг қўлоғидан чўзаётган Сардоржонни эркалаганича,  машинасига ўтирди. Шу пайт Феруза Гулойни етаклаб, онасиникига кетаётганини айтди.

-Севарахон,  бугун Достон акамларга ҳам овқат сузиб беринг. Аямларникида қоламиз. Адажонимиздан жавоб олган эдик.

-Шундаям ҳар куни ойингизникидасизку. Майли хавотир олманг, Достон акангиз оч қолмайдилар. Овсинимнинг орқасидан эшикни ёпиб, енгил тин олдим. Мана буни муваффақият  деса бўлади. Куни билан ўзимга ўзим хўжайинман. Тезда уйларни йиғиштириб, ҳовлига сув сепиб, супурдим. Кечаги қовжираган райҳонлар  ёдимга тушиб, баҳорда меҳр билан экан гул ва райҳонларни яхшилаб суғордим. Сув тегиши билан шабодада енгил тебранган райҳонларнинг ҳиди гуп этиб димоғимга урилди. Бежиз райҳонни жаннатнинг гули дейишмайди. Шохлар ҳам саройларининг боғларига биринчи галда райҳон эктиришган, чунки у  турар жойни ҳар қандай жин-ажинлардан ҳимоя қилишига ишонишган.

Сўнг ойижонимга бериб юборган мошхўрдани қатиқлаб бир банкага солдимда, йўлдаги дўкондан яна  шарбат ва кулча харид қилишни ўйлаб, кийиндим. Бу сафар пушти кофта ва шу рангдаги енгилгина юбка мени янада ёшартириб юборди. Енгилгина пардоз қилгач, Дилнозанинг олдига шошилдим.

Касалхонада алоҳида палатада ётган Дилнозанинг кўриниши анча яхши  бўлсада, йиғидан қовоқлари салқиган, кўзлари қизарган эди. Иккаламиз йиғлаб кўришдик. Демак, эрининг ўлганини билибди.

-Раҳмат дугонажон. Сен бўлмаганингда ўлиб кетардим. Кеча ойим билан дадам келиб, мени роса уришишди. Аммо бўлган воқеани уларга айтиб ўтирмадим. Айтгандай Жалолиддин акани қаердан танийсан? Дилнозанинг нигоҳида ажабланиш акс этди. Мен унга бўлган воқеани айтиб бердим.

-Энди менга айтчи,  ўзи сени ким ўғирлади ва қандай қилиб анови қаллобларнинг қўлига тушиб қолдинг? Улар Лоланинг борлигини қаердан билишаркан? Ўзинг, мен ва ойингдан бошқа ҳеч ким буни билмасдику? Кейин менга тўғрисини айт, қизингнинг отаси Барсми?

— Сен қаёқдан билдинг?

-Нима мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми?

-Ҳа, у қизимнинг отаси, аммо буни ойим билмайдилар.

-Унинг ўзичи?

-Ўзиям.

-Нега унга айтмайсан?

-Унинг оиласи бор.

-Йўқ. Билишимча ҳозир унинг сен ва Лоладан бошқа ҳеч кими йўқ. Хотини касал бўлиб, вафот этган, болалари бўлмаган. Наҳотки ундан ҳомиладор бўлганингни айтмаган бўлсанг.

Дилноза индамай бошини чайқади.

-Сен менга, ойингга болангнинг отасини қандайдир Суюн, у автоҳалокатга учраб, вафот этди дегандинг. Демак, барчаси ёлғон эканда? Мени, энг яқин дугонангни алдабсанда?

Дилноза бирдан бақириб йиғлаб юборди.

— Мени кечир дугонажон. У пайти жуда ҳам ёш эдим. Бир неча маротаба  учрашувларда испан тилидан таржима қилганимдан сўнг Жалолиддин аканинг ўзини тутиши, ишбилармонлиги мени ром этди. Ёши анча катта бўлишига қарамай, мен уни севиб қолганимни тушундим.  У худди эртаклардаги жингамией, подшохгамией ўхшарди. Бирданига пайдо бўлиб сени ё гулга, ё тиллага кўмиб ташларди. Ишонсанг у билан бир ҳафтага Парижга бориб келганмиз. Испанияда анча йил яшаган бўлсамда, ҳеч қачон Францияга бормагандим. Ўша бир ҳафта гуёки туш эди. Шундан сўнг уники бўлдим. Аввалига ҳаммаси зўр эди. У менга ҳам ота, ҳам эр  эди. Аммо бир куни ойимни кўргани борганимда фотосуратларни кўриб ўтирган эканлар. Бир икки жойда Барснинг ойимнинг қўлини ушлаб турган суратини кўрдим. Астагина  сўрасам, биз фақатгина ҳамкормиз, деб қўя қолдилар. Кейин Жалолиддин аканинг офисига бордим. Гулмира опа ҳаммасини айтиб бердилар. Ойим дадамга Барс билан ҳиёнат қилган эканлар. У мени кўргач, ойимни ташлаб бор эътиборини менга қаратибди. Қанчалик разиллик ва ифлослик.

Ўша куниёқ унга кимлигини башарасига айтиб ташладим. Иккинчи  ёнимга яқинлашмаслигини огоҳлантирдим. У кейин келмади, мен ҳам унинг олдига қайтиб бормадим. Кейин эса ҳомиладорлигимни тушундим.  Бор гап шу, холос.

-Хўп, энди унга Лола ҳақида айт, ахир болангнинг отаси. Бечора қизалоқ онаси ҳам, отаси ҳам тирик бўла туриб, етимхонада тарбияланса-я? Боланинг уволидан қўрқ.  Рамиз ака энди йўқ. Бир умр онанг билан отангнинг бўйнида ўтирмайсан-ку?!

— Билмадим. Кеча уни кўриб, қўрқиб кетдим. Шу билан бирга мен уни жуда ҳам соғинибман Севар.

-Янаям ўйлаб кўр. Ҳали ҳам кеч эмас. Вақти келиб бунга ойинг ҳам кўникади. Қани энди қандай қилиб анови маразларнинг қўлига тушиб қолдинг?

Мен билан гаплашганидан сўнг кўп ўйлагач, Дилноза бор гапни Рамиз акасига айтишга қарор қилади. Аммо шу куни Рамиз ака уйга келмайди. Қўнғироқ қилиб иши чиқиб қолганини, Дилноза эса қўрқса, мени чақиришини айтади. Тушларда дугонам дам олаётганида эшbк қўнғироқи жиринглайди. Очса, эшикда бир лўли аёл турганини кўради. Унга садақа бермоқчи бўлганида, лўли Дилнозанинг ҳомиладорлигини, агар  зиёратгоҳга бориб хайр-эҳсон қилмаса, боласи ўлик тўғилишини, бунинг касри қизига ҳам уришини айтганида бутунлай ўзини юқотиб қўяди. Лўлини ичкарига таклиф этади.

-Вой бачам, бошингизга оғир кулфат тушубди, уйингизга инсу-жинслар уя қурибдией.

-Нега опажон? Нима гуноҳ қилдим? Дилнозанинг  овози қалтираб чиққанидан лўли аёл унинг қопқонга тушганлигини сезди.

-Бегуноҳ фақат Яратган эгам. Қолган барчамиз гуноҳкормиз. Қани ўнг қўлингизни берингчи? Вой-вой, кўришни ҳам истамайман.

Баттар ваҳимага тушган Дилноза ёши қирқлардан ошган бўлсада, ҳали ўз тарофатини юқотмаган лўли аёлга тикилди.

-Ўлим, ҳа ўлим сояси бор бу ерда. Бу ердан кетинг. Бошқа жойда туғинг. Гуноҳларингизни хайру-садақа билан ювинг. Истасангиз бошланғич амалларни ўзим қилиб, ҳовлингизни  ва ўзингизни тозалаб беришим мумкин. Аммо бу қиммат туради.

-Қанча?

-Юз минг.

-Мен ҳозир, опажон.

Дилноза югуриб ичкаридан пулни олиб чиқиб, лўли аёлга тутқазди. У дарҳол пулни яшириб, унга  туз, шакар,  игна, қора ва оқ ип олиб келишни буюрди. Зум утмай,  уларни олиб амалларини бошлади. Туз билан шакарни аралаштириб, рўмолчасига тугдида, унинг оғзини аввал қора, кейин уни олиб ташлаб, оқ ип билан чатди. Сўнг Дилнозага сурига ётиб, кўзини юмишини айтди. Дилноза кўрпачага чўзилиб, кўзини юмиши билан юзига босилган  ўткир ҳидли латтадан кўнгли айниб, ҳушидан кетди. Шундан сўнг ҳеч нарсани билмайди. Кўзини очганида ўзини исқирт кўрпачанинг устида, қандайдир хонада кўради. Ерга титилиб кетган полос тўшалган, дераза ойналарига газета ёпиштириб ташланган, қўли боғлиқ эди. Олдига бир аёл кириб, агарда эри 20 минг доллар тўламаса шу ердан ўлиги чиқишини айтади. Бундан ташқари  қизи ҳақида билишларини ва бу ҳақда севимли эрига айтишлари мумкинлигини билдиради. Аксига олиб, Рамиз ака ҳеч ҳам гўшакни кўтармайди. Уларга ойиси билан дадасини безовта қилмаслик учун уларни Испанияга кетишган дейди. Биттагина нажот мендан бўлганлиги учун, улар менга қўнғироқ қилишади. Ўша аёлдан бошқа у ҳеч кимни кўрмайди, аммо баъзида ҳовлида эркак овози ва бошқа бир аёлнинг овози ҳам эшитилади. Аёлнинг овози жуда ҳам таниш бўлгани билан Дилноза ҳеч ҳам  бу овоз кимга тегишли эканлигини эслай олмайди. Унга фақат бир кунда бир маротаба овқат беришади. Ҳожатга қўли боғлиқ ҳолда аёлнинг ўзи олиб чиқади.

-Энг қўрққаним ичимдаги фарзандим ўлиб қолмаса бўлди, дея худойимга ёлворардим. Худога шукр тирик экан. Ҳалигача ақлим етмайди, ўша лўли аёл ҳомиладорлигим ва Лола ҳақида қаердан билди экан-а?

-Вой бунча лақма бўлмасанг. Уни ёллаганлар сенинг қизинг борлигини билишган. Ҳомиладорлигинг эса ҳали қорнинг чиқмаган бўлсада, юзингдаги доғлардан билиниб турибди. Айтгандай мановини олиб қўй.

Дилноза қўлимдаги долларларга ҳайрон бўлиб қаради.

  • Нима бу?
  • Сени қутқаришга пул топа олмай, уйингиздан қидирган эдим. Атиги икки минг доллар топиб, унинг ярмини қалбаки пулларни четига қўювдим. Бу қолгани.
  • Керак эмас, ўзингда қолаверсин. Мени деб шунча югурдинг. Чин дилдан, улар сеники. Дилноза пул тутган кафтимни секин ўзидан нари итарди. –Агар олмасанг, қаттиқ хафа бўламан.

Дилнозанинг ёнидан чиқиб,  Жияновнинг олдига боришга қарор қилдим. Менда Рамиз аканинг уйидан топилган яна бир жилд бор. Қўйдай ювош кўринган Рамиз ака аслида қаллоб ва разил одам эканлигини ким билибди дейсиз. Энди ўзим  бу фирмага бормайман. Барснинг одамлари бўлмаганида Дониёров мени ўлдиртириб юборармиди. Кейин бир ҳафталар ўтгач, мени бедарак йўқолдига чиқаришар, ва ниҳоят ер эгаси ташландиқ шийпонидан хабар олса, сасиб, қуртлаб кетган мурдамни топишарди. Ўзимнинг ҳаёлимдан ўзим қўрқиб, этим жунжикиб кетди. Даврон акам мен ўлсам, бироз юрармикан аза очиб, ёким дарҳол уйланиб олармикан-а? Буни албатта ундан сўраш керак. Эркаклар кўпга чидамайди. Менимча, дарҳол уйланса керак. Унда севгимиз нима бўлади?

Фикрларим чалкашиб, юрагим ҳапқириб кетди. Даврон акамга қўнғироқ қилдим. Бахтимга у операцияда эмас шекилли, гўшакни дарҳол кўтарди.

-Даврон ака мени яхши кўрасизми?

-Севар, тинчликми? Мазанг бўлмаяптими? Ҳамма ишларингни йиғиштириб ётиб дам ол. Ўзи сенга нима бўлаяпти ўзи?

-Ҳеч нарса, яхшиман. Ўзим сўрадим. Сизни соғиндим.

-Севара, жоним. Сизларни яхши кўришимни биласан-ку. Буни уйда гаплашамиз. Ҳозир ишим кўп.

Доим шунақа. Даврон акам ишдан ортмайди, мен уйдаги хизматкорман, холос. Кимман ўзи? Олий маълумотли, ҳуқуқшунос дипломига эга бўлган уй бекаси. Дарвозамизнинг тепасига шундай деб ёзиб қўйиш керак. Қўлимдан нима келади ўзи? Йўқ, иш топмасам бўлмайди.

Ботир Жиянов ишда экан. Менга кутиб туришни буюрди. Бироздан сўнг иккита милиционер кириб, унинг олдида ўтирган аёлни олиб чиқиб кетишди. Аёлнинг юзи менга таниш кўринди.

  • Салом изқувар хоним. Қарая, бунчалик чаққонлигингни билмаган эканман, деди Ботир рўпарамга келиб ўтириб. – Ҳўш, охирги кунлари нима ишлар қилиб юрганингни ўзинг айтасанми ёки мен?
  • Нима бу терговми? Билсангиз олдингга иш сўраб келдим
  • Сен-а? Ўзингга аллақачон хусусий изқуварлик ишини топиб олибсанку.
  • Айтчи Барсни қаердан танийсан? Сени Дониёров лайчаларидан қутқарганимизча, у илғорлик қилиб олиб қочиб кетди. Дилнозанинг қаердалигини биз аниқладигу, у бўлса қаҳрамон бўлди.
  • Дилнозанинг қаердалигини сиз эмас, у аниқлади ва дарҳол дугонамни қутқарди. Сиз бармоғингизни ҳам қимирлатганингиз йўқ-ку?! Агар ёдингизда бўлса, аввал сизга ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим.
  • Кейин эса ўзбошимчалик қилиб, мени барча режаларимни чипакка чиқаришга ва ўзинг ўлиб кетишингга сал қолди, тўғрими? Айтгандай ўзи Барс кимлигини биласанми?
  • Биламан. Жуда ҳам ҳалол одам.
  • Буни қара-я? Унинг моливий кирдикорларидан хабаринг йўқ, шекилли. Ҳозир унинг иши терговда. Бунинг устига у Рамиз Ғойиповнинг қотили сифатида ҳам айбланаяпти.
  • Ёлғон. Барс Рамиз акани ўлдирмаган.
  • Тўғри, аммо ўлдиришга буйруқ берган.
  • Йўқ. Унинг олдига борганимда у Рамиз аканинг ўлганини ҳам билмасди. Боя Дониёровдан қутқармоқчи эдик дедингизми?
  • Ҳа. Рамиз Ғойиповнинг уйига яна кириб чиққанингдан кейин, орқангдан одам қўйишга мажбур бўлдим.
  • У ердаги бармоқ изларимни артиб ташловдимку.
  • Ҳа, фақат тутқичлардагисини. Аммо ётоқхона каравоти оёғидагиси қолган. Энгашиб бир нарса қидиргансан.

Шунда Рамиз аканинг каравот тагидаги жиринглаётган телефонини олиш учун гиламга ётиб, каравот оёғини ушлаб, унинг тагига сурилганим ёдимга тушди.

  • Нега унда мени ҳибсга олмадингиз?
  • Чунки сен жиноятчи эмассан. Қизиққонлигингни ва бошлаган ишингни охиригача етказишингни билганим учун сени кузатишга қарор қилдим.
  • Фақат кузатдингиз ва ёрдам бермадингиз, шундайми?
  • Бўлди, Севар аразлама. Ҳаммаси ортда қолди.
  • Йўқ қолмади. Рамиз аканинг қотилини топиш керак. Уни Барс ўлдиртиргани йўқ. Буни сезиб турибман.
  • Нима бало, бу чол барчангизни сеҳрлаб қўйганми? Аёллар устидан ўлиб қолишади-я, тавба?!
  • Хўп, ўлдиртирмаган дейдик, аммо Рамиз унинг устидан обдон ҳужжат йиққан ва шу орқали пул ишламоқчи бўлган. Барснинг телефон рақамлари, унга ким қўнғироқ қилганини текширдик. Охирги кунлари энг кўп қўнғироқ Рамиз Ғойиповдан бўлган.
  • Тўғри. Рамиз уни шантаж қилган, аммо у Қулмурод Дониёровни ҳам шантаж, қилиб пул талаб қилганини унутманг. Бундан ташқари олдингизга келишимга сабаб мана бу.

Ботирнинг олдига “Яксарт кийиги”  деб ёзилган жилдни ташладим.

  • Менимча, қотиллик сири шу ерда.

Ботир дарҳол  жилдни очиб, ичидаги ҳужжатлар ва суратларни кўра бошлади.

-Ҳа, дугонангнинг эри профессионал шантажчи экан. Бу суратларни қаердан олган экан-а? Ҳужжатларничи? Қойил. Корхона раҳбари Соипов Жасур. Транспортда юк ташиш билан шуғулланади. Илгари ноқонуний хатти-ҳаракати учун ўтириб ҳам чиққан. Қизиқ…

-Нима қизиқ?

-Севаржон, сен даҳосан. Бугунги тушлик мендан. Тополмаган калаванинг учини топиб бердинг. Ниҳоят ҳаммаси жой-жойига тушди, шекилли. Аммо буни аввал текшириб кўриш керак.

-Ботир, боя олдингда ўтирган аёл кўзимга таниш кўринувди. У ким?

-Ҳа, у ми? Сенга ўзи шуни айтмоқчи эдим. У Рамиз Ғойиповнинг угай опаси. Яъни отасининг биринчи хотинидан бўлган фарзанд, аммо уларнинг борди, келдиси бор, яъни қизи билан иккинчи хотининг оиласи иноқ. Ғойиповлар оиласи тўқ бўлгани учун у ўзидан анча кичик бўлган ва онасининг бошқа эридан бўлган синглисини Рамизга бериш ниятида юрган. Унинг онаси Ғойиповдан ажрашгач, икки марта эрга теккан. Аммо унинг топган эрлари ҳаммаси фақат ойликка яшаганлиги сабабли, Гулнора пинҳона отаси билан учрашиб юради. Ғойипов  қизини яхши кўргани сабабли, унга қўлидан келганича ёрдам беради. Ўқитади, хаттоки кичик Гўзаллик салони ҳам очиб беради. Ғойиповнинг ҳозирги хотини Розия опа уйларига келиб юрган  эрининг қизини бошида қабул қилмаган. Аммо Ғойиповнинг қаттиқ гапидан сўнг, ўзини Гулнорага нисбатан меҳрибон қилиб кўрсатишга мажбур бўлган. Чунки оддий ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган аёл жуда ҳам топармон-тутармон эрини йўқотишдан қўрқарди. Бунинг устига Ғойиповнинг қўли очиқ бўлиб, ҳар байрамга тиллани жуда ҳам яхши кўрадиган Розия опага  тақинчоқлар совға қилар, ҳар йили икки марта чет элга дам олишга кетаётганида уни ҳам бирга олиб кетарди. Ёлғиз ўғлиникуя  еру-кўкка ишонмасди. Ночор оилада  катта бўлган Гулнора бу бойликларнинг эгаси бўлиши мумкинлигини ўйласа, хўрлиги келарди. Отаси унга Гўзаллик салонини очиб бериб, қўлига пул туша бошлаган бўлсада, юрагида отасига ва унинг оиласига нисбатан бир умр муҳрланган нафрат  уни ҳаракат қилишга ундарди. Онасининг иккинчи эридан бўлган синглиси ундан 10 ёш кичик бўлсада, Гулнора Гулзодани жуда ҳам яхши кўрарди. Рамиз Гулзодадан атиги 4 ёш катта бўлиб, Гулноранинг фикрича, агар унга уйланса осонгина  отасининг бойлиги ҳақиқий эгасини топган бўларди. У бир неча маротаба Гулзодани Розия опаларникига олиб борганида, синглисини хушламай қабул қилганликларини кўриб, уларни якка ҳолда Рамиз билан учраштиришга қарор қилади. Аммо бу орада Дилноза пайдо бўлиб, кўз очиб-юмгунча укаси билан унинг тўйи бўлиб ўтади. Ҳаммасидан аниқ айрилганини билган Гулнора нима қилишини билмай юрганида, тақдир унга кулиб боқади. Гулноранинг Гўзаллик салони яқинида Меҳрибонлик уйи жойлашган бўлиб, ишдан эрта чиққан Гулнора унинг ҳовлисида ўзига жуда ўхшаш қизалоқни эркалаб турган Дилнозани кўради. Орадан бир неча кун ўтгач, яна ўша қизалоқ Дилнозанинг ойисининг қўлидан тутганича, Меҳрибонлик уйидан чиқиб кетаётган эди. Меҳрибонлик уйи тарбиячисига узатилган конвертдаги пул  унинг шубҳаларига аниқлик киритади. Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиси Лола ҳақиқатдан ҳам Дилнозанинг қизи. Бу ерга Гўдаклар уйидан уч ёшида келтирилган. Ҳозир қизалоқ беш ёшда. Онаси ва бувисининг кимлигини Лола билмайди ва доимо “касал ойиси”нинг тузалиб, уни олиб кетишини кутади.

Гулнора пайт пойлаб,  Лоланинг бувиси билан учрашган пайтларини телефонга суратга олиб, шу орқали пул ишлашни ўйлаб, бунинг уддасидан чиқади ҳам. У аллақачон  бизнесини кенгайтиришни режалаштирган, бунга эса пул керак эди. Отасидан пул сўраганида унга ҳозир  бера олмаслигини айтганида, ўйлаб юрган режасини амалга оширишга қарор қилади.  Ҳеч қаерда ишламайдиган, авваллари майда ўғирлик  учун ўтириб чиққан Холниса деган аёл билан жиноий тил бириктиради. Холниса Гулноранинг қўшниси бўлиб, сўнгги пайтлари улар анча яқинлашиб қолишган эди. Иккаласи ҳам турмуши бузилган, ёши каттароқ Холнисанинг бир қизи ва ўғли бўлиб, коллежни битиргач, дуч келган иш билан шуғулланиб юришган. Дилноза ниқоби остидаги мен билан учрашувга айнан Холниса келган эди. Атиги 50 минг сўмга ёлланган лўли Дилноза юзига одамни ҳушидан кетказувчи дори сингдирилган латтани ёпгач, Холниса ўғли билан осонгина Дилнозани эгаси ҳақиқатдан ҳам Россияга кетган ва Гулнора ижарага олган уйга олиб келишади. Дугонамни бу ерда қўриқлаган ҳам Холниса бўлади. Дилноза ҳовлида эшитган эркак овози эса уларга ёрдам берган Холнисанинг 19 яшар ўғли эди. Қалбаки пулларни олган ва мен бир қарашда Дилнозага ўхшатган қиз Холнисанинг қизи бўлган. Сохта пулларни кўрган Гулноранинг  фиғони фалакка чиқади. У Дилнозанинг ота-онасидан пул ундиришга ҳаракат қилади, аммо улар ҳақиқатдан  ҳам сафарда  бўлишади. Мен билан учрашувга қизил футболка ва кепкада Холнисанинг ўғли келиши керак бўлган. Барс Дилнозани қутқаргач, Холниса биринчи сўроқдаёқ ҳаммасини унга айтиб берган. Дилнозага ариза ёздириб олиб, жиноий иш қўзғаш учун уни ва Холнисани  Ботир Жиянов қўлига топширган.

-Жалолиддин Сафаров Холниса Қаюмовани топширгач, биз барча жиноий гуруҳни қўлга олдик. Сен кўрганинг Ғойиповнинг биринчи фарзанди Гулнора эди. У ҳаммасига иқрор бўлди. Энди уларнинг иши судга оширилади.

-Жалолиддин Сафаровчи? Ахир у сизларга ёрдам бердику?

-Албатта, унинг бу ҳаракати судда инобатга олинади. У қотиллик қилмаган тақдирда ҳам, иқтисодий махинациялар, транспортда ноқонуний юк ташиш билан шуғулланган. Бунинг учун жазосини олиш керак. Юр, бирга тушлик қиламиз. Сенсиз мен бу ишни уддаламаган бўлардим.

Жиянов билан шинамгина кафеда ош егач, хайрлашдик. У мена “Яксарт кийиги” ҳақидаги маълумотни топгач, айтиб беришини ваъда берди. У билан хайрлашар эканман, бирданига жуда ҳам чарчаганимни ҳис қилдим. Ичимдаги аллақандай куч, Рамизнинг қотилини топишга ундарди.

Бозорга боришни унча ҳушламасамда, ёнимда Дилноза менга совға қилган бир минг икки юз  доллар борлиги ёдимга тушиб, кайфиятим кўтарилди. Икки кундан кейин Сардоржон ва Даврон акамнинг тўғилган кунлари. Ўғлимиз айнан эрим тўғилган кунида дунёга келганида унинг севинганини кўриб, йиғлаб юборган эдим. Ҳозир пулни алмаштириб, бозорга бораман. Рамиз ака ўлди, аммо қотили  эркинликда юрибди. Уни милиция топар. Мен эса энг яхши кўрган инсонларимга совға оламан. Ўзи бозорга боришни яхши кўрмайман. Айниқса ёз куни. Иссиқда терлаган одамларнинг ҳиди одамнинг кўнглини айнитади. Бўйим унча баланд бўлмаганлиги учун  автобусда тутқични ушлаб турган бирорта йигитнинг ёнида туриб қолсам борми, нафасимни ушлаб зўрға манзилга етиб келаман. Нега шу аксарият эркаклар чўмилмас экан-а? Аммо начора. Аввал пулни алмаштириш керак. Афсуски, бизда бу катта муаммо. Пул алмаштириш шохобчалари ишламайди, банкда ҳам алмаштириб бўлмайди. Чет элга чиқмоқмоқчи бўлсангиз, валютани сизга пластик картага тушириб беришади. Шаҳарда эса ҳар бир бозор эшиги олдида изғиб юрувчи фақатгина валютчиклардан албатта  валютани қора бозор нархида алмаштиришингиз  ёки сотиб олишингиз мумкин. Энг қизиғи бизда хусусий шахслардан валюта харид қилиш ёки сотиш қонуний тақиқланган ва жазо белгиланган. Ҳар бир бозорда  милиция участкалар бўлсада, улар валютчикларни кўришса тескари қарашади. Назаримда улар жиноятчиларни ушлаб, уларни тартибга чақириш учун эмас, аксинча уларни қўриқлаш учун қўйилгандай.

Шаҳар чеккасидаги Отчопар бозорига трамвайда тиқилиб, етиб борганимда соат миллари учга яқинлашиб қолган эди. “Доллар, танга, российский рубл оламиз” деб жавраб турган, қорачадан келган йигитнинг олдига бориб, “Қанчадан оласизлар?” деб сўрадим.

-Тангами? Долларми?

-Доллар.

-270.

-Сотишчи?

-290

-Бунча қиммат?

-Сотасизми, оласизми? Йигит бетоқатлана бошлади.

-Сотасизми? Оласизми?

-Сотаман.

Ниҳоят пулнинг бир қисмини алмаштиргач, енгил тортиб, бозор ичкарисига кирдим. Ҳавонинг қайнаб ётганлигига қарамай, одам гавжум. Сотувчилар ҳар бир харидорни ўз олдида ушлаб қолиб, молини сотишга ҳаракат қилишади. Уч соат ичида ниҳоят Даврон акамга шим, кўйлак, Сардоржонга икки-уч хил кийим, бир дунё ўйинчоқ, ўзимга кўйлак ва бежирим сумка харид қилиб, уйга қайтдим. Қўлимдаги харидларни кўриб овсинимнинг оғзи очилиб қолди. Унинг ёниб кетганини кўриб, мийғимда кулганча, бошимни баланд кўтариб,  уйга кириб кетдим.

***

    Эрта билан қайнонамни касалхонада кўргач,  кеча интернетдан топган “Яксарт кийиги” компаниясининг сайтидан олган алоқа телефонига қўнғироқ қилдим. Офиснинг манзилини котиба қиздан олиб, яна эски “ҳунарим”ни қўллаган ҳолда мухбир сифатида раҳбари Сафо Тўрамирзаев  олдига кирдим. Тўрамирзаев гавдали, очиқ чеҳрали, сочлари қалин бўлганидан калта қилиб олинган одам экан. Менинг техника билан қизиқишимни у хурсандчилик билан қабул қилиб,  компания фаолияти ҳақида гапира бошлади. Компания йўналишларидан бири транспортда юк ташишлигини сўзлаб бераётганида ундан Жалолиддин Сафаровни таниш-танимаслигини  сўрадим.

У дарҳол сергак тортди.

-Сиз уни қаердан танийсиз?

-Мен  у киши ҳақида мақола ёзган эдим. Компания фаолиятлари  ўхшаш экан.

-Ҳа, Жалолиддин ака устозим ва ҳамкорим. Аммо ҳозир иши терговда.

— Нега? Ўзимни гўликка солдим.

-Уни қотилликда айблашаяпти. Аммо у чумолига ҳам озор бермайдиган одам.

-Жабрдийда ким экан?

Сафо Тўрамирзаев олдида журналист ўтирганини эслади чоғи, қўл силтади. -Бир маразни, барчамизни ҳаётимизни заҳарлаган одамнинг қотиллигида айблашаяпти. Лекин Рамизни Жалоллиддин ака ўлдирмагани аниқ, илтимос буни ёзиш керак эмас.

-Демак, ўлган одамнинг исми Рамиз бўлган. У билан бирга ишлаганмисизлар?

-Ҳа, бир пайтлар. Ҳаммамизга Жалолиддин ака устозлик қилган эдилар. Жалолиддин ака тилла одам. Билсангиз у етимхонада тарбияланган. Мен ҳам. Асосан атрофига у етимхонадан сўнг қаерга боришни билмаётган йигитларни тўплаб, уларни оёққа турғазишга ҳаракат қилган эди. Уларнинг қўлига мен Жалолиддин ака ўзини тутиб олганда тушдим, десам ҳам бўлади. Анчагина бирга ишлашдик. Менга бизнес сирларини ўргатди, сўнг ўзимнинг ишимни очишга ёрдам берди.

-Ўлган Рамиз ҳам етимхонадан эдими?

-Йўқ. Адашмасам у юқоридан кимнингдир тавсияси билан ишга келган. Ўзи яхши мутахассис, чет тилларни биларди. Чет тилини мукаммал билган одамни Жалолиддин ака қадрларди. Рамиз бўлса, унинг қўйнига илон сингари кириб, меҳрини қозонди. Сўнг эса  туз ялаган тузлиғига тупирди.

-Нега?

-Маразлигидан, кўролмаслигидан. Жалолиддин аканинг фарзанди йўқ.  Ёши ҳам ўтган. Албатта унинг бойлигига кўз олайтирувчилар йиллар ўтган сари кўпайиб борди. Шулардан бири Рамиз эди.  Аммо Жалолиддин ака уни ўлдирмаган. У ундай одам эмас. Жалолиддин ака йиқилганга қўл чўзиб турғизади, аммо уни лойга итармайди.

“Яксарт кийиги”дан чиққанимда, ҳануз қоронғиликда ҳеч нарсани кўрмай, тимирскиланиб юрган одамдай сездим ўзимни. Сафо Тўрамирзаев ҳам Рамизнинг қотилига ўхшамайди. Очиққина одам экан? Аммо одамнинг оласи ичида дейишади, яна ким билсин?

Орадан икки кун ўтди. Даврон ака ва Сардоржоннинг тўғилган кунини  кенг даврада нишонладик.  Қишлоқдан ойим ва дадам, акам оиласи билан келишди. Даврон акамнинг дўстлари, қариндошлар. Хурсандчилик ярим кечагача давом этди. Шу куни совға-cаломлар билан қайнонамни ҳам кўриб келдик. Ойижоним анча ўзига келган ва кўриниши ҳам яхши эди. Эрталаб Даврон акам ва Сардоржонни кузатгач,  тўғилган кун ташвишлари билан Рамиз ака воқеаси ёдимдан кўтарилганини эсладим. Тўғилган кундан қолган тансиқликларни сумкага жойлаб, Дилнозани кўришга отландим. Палатага кирганимда унинг олдида Барс ўтирарди. Иккаласи ҳам хурсанд. Жалолиддин ака ёшариб кетган эди. Қадди ўқдек тик. Икки хил рангдаги кўзи, ўсиқ қошлари остидан чақнаб турарди. Айнан инсоннинг кўзи унинг ёшини белгилашини эшитган эдим. Шу пайт хонага катта қўғирчоқ кўтариб, Лола югуриб кирди. Жалолиддин ака қизалоқни даст кўтариб, бағрига босди. Менинг  ажабланганимни кўриб, Дилноза кулиб қўйди.

Касалхонадан қушдек енгил бўлиб чиқдим. Демак, Дилноза Барсга қизи ҳақида айтибди. Бечора қизалоқ ниҳоят ота-онасининг бағрига қайтибди. Аммо.. Барс  ҳибсдамасмиди?

Дарҳол телефонни олиб, Жияновга қўнғироқ қилдим. Хайрият у дарҳол гўшакни кўтарди.

-Ботир сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Барсни қўйиб юбордингларми?

-Ҳа, жаноби олиялари. Ишдаман, келгин, ҳаммасини айтиб бераман.

Туман ички ишлар бўлимига учиб бордим. Навбатчи милиционер мени таниб қолгани учун ҳужжат ҳам сўраб ўтирмади. Жиянов ўз хонасида ноутбукка тикилганича ўтирарди. Мени кўриб, унинг юзи ёришди.

-Келдингизми изқувар хоним. Табриклашинг мумкин. Рамиз қотилини топдик.

-Йўғ-ей?!

— Ҳа, у оддий ўғри экан.  Бу хонадонни анчадан буён кузатиб юрган. Дилнозан олиб чиқишаётганини ҳам кўрган. Шундан сўнг ўғирликка кирган. Аммо тўсатдан Рамиз ишдан уйга қайтиб келади. Ўғри чиқиб кетмоқчи бўлганида, уни кўриб қолади. Ўртадаги қисқа олишув Рамиз учун фожеали тугайди. Ўғри унга уч маротаба пичоқ урган ва биз келишимиздан 5 дақиқа аввал чиқиб кетган.

-Уни қандай тутдинглар?

-Ўғирлик қилаётганда қўлга тушди. Ўғирликка кирган хонадоннинг итидан қочиб, дарахтга чиққан ва у ерда эгалари келганча ўтирган. Ит уни қўриқлаган. Рамизнинг тирноқлари остидан олинган тери қолдиқлари айнан Баҳодир Каримовга тегишли эканлиги аниқланди ва у тезда айбини ўз бўйнига олди.

-Қойил, зўр ишлабсизлар. Жалолиддин Сафаровчи, у озод қилиндими?

-Cендан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди-я? Қаердан билдинг?

-Ҳозиргина уни касалхонада, Дилнозанинг ёнида кўрдим.

-Қотил топилгач, ундан шаҳардан чиқиб кетмаслиги ҳақида тилхат олиниб, иқтисодий  фаолияти бўйича ноқонуний ҳаракатлари борасида тергов тугамагунича уйига қўйиб юборилди. “Тўрон гўзали”, “Яксарт кийиги” ва Барснинг компанияси ҳамкорликда иш кўришган. “Яксарт кийиги”га тегишли ҳужжатларни бериб,  ишимизни анча енгиллаштирдинг. Бу компанияларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида бир йил олдин сигнал келиб тушган эди. Анчагина маълумот тўпланган бўлишига қарамай, Рамиз Ғойипов тўплаган ҳужжатлар қўлимизда йўқ эди.

-А, унда яхши.

-Ҳа, нега хафа бўлиб қолдинг. Мен ўйлаб кўриб,  раҳбарият билан гаплашган эдим, бизга ишга келмайсанми?

Кутилмаган янгиликдан бир оз гангиб қолдим. Кейин раҳмат айтганча, Ботир Жияновнинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб олдим. Бу ҳаракатимдан Жиянов ўзини юқотиб қўйди. Ёш йигитчалардек қизариб кетди-ю, кейин иккаламиз бир-биримизга қараб кулиб юбордик.

***

Уйда овқатни солиб бўлгач, сув сепиб, ҳовлидаги ўзим яхши кўрган сўрида  ранг олиб қолган узумларга тикилиб, бўлажак ишим ҳақида ҳаёл суриб ётган эдим, эшик тақиллаб, ҳовлига қўшнимизнинг ўғли Сарваржон кириб келди. Ўрнимдан туриб ўтиририб, унга тикилдим.

-Кел Сарваржон. Ўқишларинг яхшими?

-Раҳмат Севара опа. Мени кечиринг.

-Нега? Бирор айб иш қилдингми?

-Мана буни олинг, илтимос.

Шундагина Сарваржоннинг қўйнида кичкина, оппоқ мушукча борлигини кўрдим.

-Вой, мунча ширин бўлмаса! Ўзингникими?

-Cиз учун сотиб олдим.

-Қаердан?

-Қуш бозоридан.

-Пулни қаердан олдинг?

-Битта тўти қушимни сотдим. Мени кечиринг, илтимос.

Сарваржоннинг ҳадеб битта гапни қайтарганидан жаҳлим чиқа бошлаган эди.

-Нима учун кечиришим керак, мундоқ тушинтириб айтсангчи?

-Муштарийни мен билмасдан ўлдириб қўювдим. Тўтиқушимнинг полапонларини мушук еб кетди. Мен Муштарий деб ўйлаб, уни сим билан боғлаб қўйдим. Аммо ишонинг, ўлдирмоқчи эмас эдим. Ўзи симдан бўшалмоқчи бўлиб, бўғилиб ўлиб қолибди. Кейин билсам  ҳовлидаги тўтиларимнинг олдига бошқа мушук келар экан.

-Сен эса Муштарий ўлгач, уни кўммай, кечқурун яширинча бизнинг эшигимиз олдига қўйиб кетгансан, шундайми?

-Қаердан билдингиз?

Мен унинг гуноҳкор, аммо масъум кўзларига қараб жилмайдим. Сарваржон “раҳмат” деганича кўчага ўқдек отилиб чиқиб кетди, қўлимдаги мушукча “мяу” дедию, кичкина, пуштиранг тилчаси билан қўлимни ялаб қўйди.

 

Наргис ҚОСИМОВА, 2014 йил

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг: