Аҳиллик, оқибат бор жойда тинчлик ҳукм суради. Зеро, инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати туфайли ўртадаги дўстлик, биродарлик ришталари маҳкамроқ боғланади.
Унинг қанчалик мустаҳкам бўлиши кишининг ўзигагина боғлиқдир. Агар ўртадаги дўстлик риштасига ичкилик оқибатида путур етса-чи? Чунки, ичкилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Унинг бир пиёласи ҳам инсонни ақлу-ҳушидан айириб, шерга айлантириб юборади. Эски гиналарни ёдга солиб, адоватга ундайди.
Куни билан томоғи тақиллаган Козим спиртли ичимликлар дўконига кириб, “яхши ухлаши” учун дўкон токчаларига териб қўйилган спиртли ичимликларга кўз тикар экан, таниш овозни эшитиб, ёнига қаради-ю, чеҳраси ёришди.
-Э, салом Витя, омонмисан? Кўринмайсан?
-Юрибман. Ўзингчи? Бош оғрияптими, дейман?
-Ҳа, энди. Бу дунёда бошқа кайфиятни кўтарадиган нарса қолмади.
Козим Виталий турли бўш ароқ шишаларига вино қўйдириб олганлигини кўриб, кулимсиради.
-Бугун, хурсандчиликми, оғайни? 7 та шишани бир ўзинг ичмоқчимисан?
Сотувчи йигит Виталийнинг илтимосига кўра Козимга 100 грамм вино қўйиб бергач, Козимнинг кайфияти янада кўтарилди. Виталий кўзига шу он туғишганидан ҳам кўра қадрдонроқ кўринди. Унинг таклифи эса кеч бўлишига қарамай ичкилик истаб чиққан Козимга мойдек ёқиб тушди.
-Менга қара Козим, бугун меҳмон кутаётувдим. У келгунига қадар бизникида бироз қиттак-қиттак қилмаймизми-а?! Онам ҳам тунги навбатчи эди. Уйда ҳеч ким йўқ.
Улар Виталийнинг уйига келганларида кеч соат 22 эди. 2 шиша винони ичишгач, Виталийнинг юзи тундлашди.
-Козим, менга айтчи, сен эркакмисан ўзи? Нега менинг пулимни ҳалигача қайтармайсан? Тўғри собиқ ҳамкасбимсан, дўстимсан? Аммо сенга керак пайти сўраганингда берган эдим, энди орқангдан ялиниб юришим керакми? Сен ифлос, маразсан.
-Ўзинг маразсан. Бераман ўша пулингни, сўтак..
-Ким сўтак, ҳе онангни… Виталий Козимнинг онаси-ю, севгилиси Луизани ҳам ҳақорат қила бошлагач, Козим оёқ кийимини кийишга тушди.
-Қаёққа? Аввал менинг пулимни қайтариб бер, мараз. Виталий гандираклаганича келиб, кўча эшигини қулфладида, хонага қайтиб кирди. –Пулни қайтариб бермаганингча бу ердан чиқмайсан.
Ғазаби қўзғаган Козим ошхонага кириб, ошпичоқни олиб енгига тиқиб, Виталий ёнига келди. Козимнинг кўзлари бежо ёнаётганига эътибор бермай, Виталий амирона буюрди:
-Тиз чўк, ит эмган. Виталий қаршисида турган Козимни урмоқчи бўлиб қўл кўтариши билан чап, сўнг тезликда бир неча бор кўкрагига санчилган пичоқ зарбларидан гандириклаб диванга ўтириб қолди. Ўрнидан турмоқчи бўлганида бўйнига урилган пичоқдан ўзини олиб қочмоқчи бўлди-ю, аммо юзини кесиб ўтган тиғдан ерга йиқилди. Козим бир пас бундан бир неча дақиқалар олдин бир-бирига яхши тилаклар тилаб, ичиб ўтирган ҳамтовоғининг жасадига қараб турдида, сўнг стол устида турган вино шишаларини пиджагининг чўнтагига тиққанича, чиқиб кетди. Тунги салқин ҳаво Козимни ўзига келтирди. Бирданига юрагини ваҳима босди. Чўнтагидаги шишалардан бирини олиб, бир кўтаришда уни бўшатди-да, йўловчи машинани тўхтатиб, ишхонаси, автомашиналар ювиш корхонасига етиб борди. Қоровулхонадан уйқусираганича ҳамкасби В. Ли чиқиб келди.
-Тинчликми? Нега келдинг?
Козим қоровулхонага кириб сўрига ўтирди-да, чўнтакларидан вино шишаларни чиқариб, Лига юзланди:
-Менга айтчи, одам ўлдирса неча йил беришади?
— Мен қаёқдан билай, нега сўраяпсан?
— Биласанми Ли, мен одам ўлдирдим. Манови билан… У чўнтагидан чиқариб пичоқни сўрига қўймоқчи бўлган эди, пичоқ тахталар ўртасидаги тирқишга тушиб кетди.
-Витя, мастсан. Ҳозир уйингга бориб, ухлада. Эртага ишга келганингда, кимни, нима учун ўлдирганингни айтиб берасан, хўпми?
Ли виноларни Козимнинг чўнтагига қайта жойлаб, унинг орқасидан итарганича қоровулхонадан чиқариб юборди.
Эртаси куни тушда боши оғриб, кўзлари қизарган Козим ерда кўзлари ярим очиқ холда ғалати кўринишда ётган Виталий жасадининг фотосуратига жиноят қидирув бўлимида тикилар экан, мудҳиш жиноят содир этишига нима сабаб бўлганин эслашга уринар, аммо тунги ичкиликбозликдан сўнг “шишган” мияси бўлиб ўтган воқеани идрок этишга йзл қўймасди.
Ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Қора курсига ўтирган Козим Рахмонов суд ҳукми билан 17 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ичкилик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришга Рахмоновда энди етарлича вақт бор. Аммо у бундан тўғри хулоса чиқарармикан?
Наргис Қосимова