Виртуал олам ўзига хос глобал ахборий-рақамли қонуниятларга бўйсинади. Ҳар бир инсон болалик чоғиданоқ бир маротаба бу оламга қадам қўйса ундан қайтиб чиқмайди ёки қайтиб чиқиши жуда ҳам қийин бўлади. Нега биз бугун “виртуал олам”. “виртуал ҳаёт” терминларини ишлата бошладик. Чунки ҳозирда интернетдан фойдаланмайдиган одамлар, хусусан ёшлар деярли йўқ. Уларнинг барчаси виртуал, яъни кибер маданиятга аллақачон ошнодирлар. Хаттоки “виртуал ҳаётда бўлмасанг, демак сен ҳаётда ҳам йўқсан” деган иборалар ҳам пайдо бўлди. Албатта инсонга хос қадриятларнинг виртуал оламга сингиши бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Буларнинг асосийси эгоцентризмдир.
Аввало ёшларда ўзига хос виртуал аутизми, яъни ўз оламига сингиш, мулоқотдан қочиш, ўз муаммолари қозонида ўзи “қовурилиш” жараёнлари аста-секин ривожлана бошлайди. Бу айниқса ўсмирлар учун хавфлидир. Улар дардини яқинлари, ота-онасига эмас, балки мутлақо бегоналарга онлайн тарзда тўкиб сочадилар. Бундан аксарият ҳолатда “виртуал дунёдаги яхши одамлар” самарли фойдаланишади. Ўсмирни осонгина бошқариш имкони пайдо бўлади. Буни бундан 2-3 йил илгари жуда тарқалган ва кўпгина ўсмирларнинг ҳаётига зомин бўлган “кўк кит” ўйини мисолида ҳам кўриш мумкин. Яна бир хавф, айнан виртуал дунё орқали ёшларни турли хил экстремистик ва террористик гуруҳлар ўз сафларига жалб қилишмоқда. Уларнинг асосий ваъдалари “жасурлик, романтиклик, ҳаётда ўз “мен”ига эга бўлиш,жаннатга тушиш ва албатта барча орзуларни руёбга чиқариш учун жуда ҳам катта маблағни осонгина топиш”дан иборат.
Виртуал олам ҳозирги кунда “ижтимоий тармоқлар экстремизми” деган янги тушунчани пайдо қилди. Инсон ичидаги барча норозигарчиликларини ижтимоий тармоқларда бировларни қоралаш, айблаш, ҳақорат қилиш орқали тўкиб сола бошлади. Акарият ҳолатда реал ҳаётда бу нарсалар ўз ифодасини топмайди. Аммо инернетдаги анонимлик бунга йўл қўйиб беради. Санкт-Петербург университетининг доценти Анастасия Гришанина ўтказган тадқиқотлар натижасида, айнан ижтимоий тармоқлардаги “экстремист”ларнинг 75% 18-30 ёшдаги фойдаланувчилар эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, яна бир муаммо виртуал оламнинг ўта кераксиз ахборотларга тўлалиги билан ифодаланади. Бугун инсон ўзига ёғилаётган барча ахборотни саралаб, қайси фойдали, қайси эса фойдасиз, хавфли эканлигини ажратишга вақти ва имконияти йўқ. Бу мамлакатимизда медиасаводхонликнинг деярли ривожланмаганлиги билан белгиланади. Инсон психологияси шундайки, аксарият ҳолатда ё ўзига қизиқ туйилган сенсацион ахборотни ўзлаштиради. Кўпинча бу ахборот инсоннинг ўзига хавф солиши, асабийлаштириши, организм фаолиятининг маълум миқдорда бузилишига олиб келиши мумкин. Ёшларда эса, уларнинг максималистлигини инобатга оладиган бўлсак, ножоиз “қаҳрамонликлар” кўрсатишига туртки бўлади.
Бугунги кунда виртуал олам тадқиқотчилари янги “инфологема” тушунчасини илгари суришмоқда. Бу текшириб бўлмайдиган ҳақиқатга яқин, аммо аслида ёлғон, сохта қарашлар, концепциялар демакдир. Кўпинча айнан ана шундай ёлғон қарашлар ёшларни уларни такрорлашга ундайди. Инфологемалар аввало ёшларда бошқаларга, яқинларига, ватанига нисбатан нафратни, душманни, ўзининг барча хатоликлари ва омадсизликларининг айбдорини топишга бўлган ҳаракатни шакллантиради. Бундан кўпина зўравон экстремизм ва терроризм намоёндалари фойдаланишади.
Умуман олганда виртуал дунё инсонга жуда ҳам кенг имкониятларни очиб беради. Интернетдаги анонимлик, дунёнинг турли нуқталаридан кира олиш, ҳар қандай фойдаланувчи (жинси, ёши, миллати, динидан қатъи назар) билан мулоқотга киришиш, ўзини реализация қила олиш, ҳаётдаги ахлоқий қоидаларнинг интернетда йўқлиги, жавобгарликдан қочиш юқорида қайд этилган хавфларни янада кучайтиради.
НаргисҚосимова,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика
факультетининг доценти