Қандай қилиб дейсизми? Албатта озон қатлами ҳақидаги саволларга жавоб бериш ва шу орқали ўз билимларини ошириб, ўйинда ғолиб бўлиш орқали. Бевосита болалар, ёшлар ва катталарнинг озон муаммосига эътиборини қаратиш ва уни муҳофаза қилиш масаалалрига бағишланган “Вақт машинаси: саргузашт” янги мобил интелектуал илованинг тақдимоти2018 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан “Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш куни” доирасида бўлиб ўтди.
Ўйин муаллифи Акбар Султоновнинг фикрига кўра, воқеа-ҳодисалар узоқ 2150 йилларда бўлиб ўтади. Бу вақтга келиб инсоният томонидан озон емирувчи моддаларнинг атмосферага хаддан зиёд ташланиши натижасида ернинг озон қатлами батамом емирилиб бўлади. Бу эса ер юзидан барча тирик жонзотларнинг аста-секин йўқолиб кетишига олиб келади. Ўйинчига, асосий қаҳрамон сифатида атроф-муҳитни ўрганиш ва озон тўғрисида кўп қизиқарли маълумотларни билиб олиш талаб этилади. Ўйинчи турли жараёнлар давомида озон қатлами емирилишининг сабаблари, уни муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни қабул қилиш бўйича саволларга жавобларни топадилар. Ўйин шундай ўйланганки, бунда иштирокчи озон, атмосфера билан боғлиқ зарур билимларни ошириш ҳамда саволларга жавоб топа олиши керак бўлади. Ўйин асосий ўйинлардан ҳамда турли мини-ўйинлардан ташкил топган.
Айтиш жоизки, Озон қатламининг емирилиши бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Ўтган асрниннг 80-йилларидан бошлаб жаҳон ҳамжамияти томонидан озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар қабул қилина бошланди. Дунёнинг қатор мамлакатлари “Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Вена конвенцияси, “Озон емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи” ва унинг қўшимчалари (Лондон, Копенгаген, Монреаль, Пекин) каби халқаро шартномаларни имзолаб, атмосферада озон емириш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ташламаларини назорат қилиш имконига эга бўлдилар.Озон қатлами – стратосферада (ер сатҳидан 10 кмдан 50 кмгача) юпқа газ қобиғи бўлиб, у биосферани қуёшнинг ультра бинафша нурларидан емирилишини муҳофаза қилади. Атмосферада озон концентрацияси 0.0001% ни ташкил қилади.1985 йилда тадқиқот ҳамда кузатишлар натижасида Антарктидада озон қатламининг кескин емирилиб борилаётганлиги аниқланган бўлиб, озон миқдори камайиб, “озон туйнуги” номини олган ўзига хос бўшлиқ юзага келган.Олимлар исботлаганидек, озон қатлами емирилишининг асосий сабабларидан бири — вулқон отилиши, космик ракеталарнинг учиши, самалётларнинг парвози ва таркибида озон молекулаларини парчаловчи кимёвий моддалар (хлор, фтор) мавжуд бўлган фреонларнинг атмосферага ташламалари ва бошқалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси “Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Вена конвенциясини имзолаб, “Озон емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи” ва унинг қўшимчаларини (Лондон, Копенгаген, Монреаль, Пекин) ратификация қилди. Бугунги кунда мамлакатимиз Вена конвенцияси ҳамда Озон емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи юзасидан белгиланганвазифаларни муваффиқиятли бажариб келмоқда. Озон қатлами емирилишини бартараф этиш, шунингдек, Монреаль протоколи юзасидан олинган мажбуриятларни бажаришда асосий стратегик йўналишлардан бири бу — 2030 йилга келиб гидрохлорфторуглеродлардан (ГХФУ) батамом воз кечиш ҳисобланади.
Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни муваффақиятли бажаришда ҳабардорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади. Бир қарашда, озон қатламининг емирилишини оммага тушунтириш енгил туюлса-да, аслида, озон қатламини муҳофаза қилиш билан профессионал даражада шуғулланувчи мутахассислардан ташқари оддий фуқаронинг тушуниши учун мураккаб масаладир.
Бугунги кунга келиб, амалиётда ушбу масала бўйича хабардорликни оширишнинг турли услублари қўлланилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “Вақт машинаси: саргузашт” янги мобил интелектуал ўйин озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича аҳоли хабардорлигини оширишда нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда инновацион ёндошувнинг ёрқин мисолидир.
Мазкур мобил илова Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарманинг ҳамкорликдаги Ўзбекистон Республикасида гидрохлорфторуглеродлардан фойдаланишни жадал қисқартиришга йўналтирилган лойиҳаси доирасида16 сентябрь – Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш куни” ни нишонлаш арафасида ишлаб чиқилди. Лойиҳа Аброр Ходжаев,сценарий муаллифи Акбар Султонов, дастурчи Левон Тумасов, композитор Мартинас Лаур, рассом Элдос Фозилбековлар NASA мутахассиси Пол Ньюмон, БМТнинг Озон бўйича котибияти ходими Ден Тенг’о, ЮНЕП нинг ОзонЭкшн вакили Анна-Мария Феннер ва кўплаб бошқа мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахром Қўчқоров, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер сўзга чиқиб, озонни муҳофаза қилиш билан боғлиқ билимларнинг ошишига хизмат қилувчи қизиқарли ташаббуснинг ишлаб чиқилгани ва йўлга қўйилганлиги билан самимий қутладилар.
Лойиҳанинг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланганлиги алоҳида аҳамиятга моликдир. Юқорида баён этилган ўйин Озон котибияти ҳамда БМТ нинг атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) «ОзонЭкшн» кўмагида тайёрланди. Озон котибиятининг коммуникация бўйича мутахассиси Ден Тенг’о Ўзбекистоннинг озон қатламини муҳофаза қилишдаги ўрнини ва ютуқларини юқори баҳолаб, озон емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколининг муваффақиятли бажарилишида мазкур ишларнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон ҳамда Озон котибияти ўртасида жаҳон жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш мақсадидаги ўзвий ҳамкорлик намунасидир.
-Ўйин бугунги кунда экология муаммоларига бефарқ бўлмаган барча ёшдагилар учун мўлжаллангани қувонарлидир.Ўйлайманки, у ёшлар ўртасида тез оммалашад ва шу орқали ҳар бир ёш йигит-қиз экологик муаммолар, хусусан озон қатламини муҳофаза қилиш йўлидаги ўз хатти-ҳаракатини ўйлаб кўради, деди тақдимот қатнашчиси С.Ботиров.
Мазкур мобил ўйин Андроид 4.4. операцион тизимида ишловчи мобил қурилма ҳамда планшетлар учун мўлжалланган. “Вақт машинаси: саргузашт” ўйинининг бета версиясини www.game.o3.uz/TMQuest.apk ҳаволаси орқали ҳамда “Вақт машинаси: билимдон” мини-ўйинини http://game.o3.uz/TMQuiz.apk ҳаволаси орқали бепул юклаб олиш мумкин.Интелектуал ўйин дастлаб БМТнинг икки тилда, яъни рус ва инглиз тилларида тақдим этилди, яқин келажакда БМТнинг яна тўртта расмий тилига ўгириш режалаштирилган. Шунингдек, ўзбек тилидаги намунасини яқин кунларда юклаб олиш имкони мавжуд бўлади.. Ўйин муаллифларининг фикрича, уни таълим тизимига ҳам жорий этиш мумкин. Бунинг уун қизиққан таълим муассасалари бевосита Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ёки БМТ Тараққиёт дастурига мурожаат қилишлари мумкин.
Наргис ҚОСИМОВА