960

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР — ЯНГИ ЁЗУВ КАШФИЁТЧИСИ

Наргис ҚОСИМОВА

филология фанлари номзоди, доцент

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Аннотация

                   Мақолада  Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур  нафақат  буюк  шоҳ, маҳоратли  саркарда, мумтоз  шоир,  қонуншунос  ҳамда  тилшунос,  балки  янги  ёзув  асосчиси  эканлиги,  ҳамда инсоният маданияти тарихида ёзувлар аҳамиятининг улканлиги ҳақида сўз юритилади.

                   Калит  сўзлар:  мумтоз  шоир,  қонуншунос,  Бадахшон,  алифбо,  Ўрхун-Энасой, Бобурнома

Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур  буюк  шоҳ, маҳоратли  саркарда,  мумтоз  шоир,  назариётчи адабиётшунос,  қонуншунос,  тилшунос,  санъатшунос, этнограф,  ҳайвонот  ва  наботот  оламининг  билимдони каби  кўпқиррали  фаолият  ва  ижод  соҳибидир.  Бобур кенг  дунёқараши  ва  мукаммал  ақл-заковати  билан Ҳиндистонда  Бобурийлар  сулоласига  асос  солиб,  бу мамлакат  тарихида  давлат  арбоби  сифатида  номқозонган  бўлса,  ўзбек  тилида  ёзилган  “Бобурнома”асари  билан  жаҳоннинг  машҳур  тарихнавис  олимлари  қаторидан  жой  олди.

Бобурнинг  мазкур  асари  тилга  муносабатининг  яққол  ифодасидир.  Айнан Бобурнинг  мазкур  шоҳ  асарида  ўзбек  тилининг  лексик  имкониятлари, лингвистик  хусусиятлари  жамланган.  Асар  тилининг  ўзига  хослиги, воқеликни  имкон  қадар  аниқ,  лўнда,  таъсирчан  ифода  этишда  ёзма  нутқ маҳорати  алоҳида  диққатга  сазовордир.  Бобур  воқеликни  ифода  этишда лексик  бирликлардан  маҳорат  билан  фойдаланган:  девон  куни  (ўтган  кун), туно-кун (туну кун), охирзамон (ҳукмронлигининг кейинги даврлари), илгида хамир  бўлмоқ  (муте  бўлмоқ),  орияти  қуюлмоқ  (вақтинча  тайинланмоқ), шунқор  бўлмоқ  (ўлмоқ)  кабилар  бевосита Бобур  услубига  хос  ифодалардир. Бобурнинг  ўзи туркий сўзлар асосида бир қанча  терминларни ясаган. Масалан,қўшиннинг  душман  қисмини  ёриб  ҳужум  қиладиган  қисмини  ёрқунчи  деб атайди.  Шунингдек,  имло  масалаларига,  айниқса,  арабча  сўзлар  имлосига алоҳида  эътибор  бергани  маълум.  Унинг  сўз  имлосига  муносабати  ўғли Хумоюнга ёзган мактубида намоён бўлади. Унда Бобур муаллиф исм имлоси ва  маъносига  эътиборли  бўлиш,  ота-онанинг  ўз  фарзандига  муносиб  исм бериш фарзи ҳақида, имло масалалари,  ҳуснихат ва унинг аҳамияти, тил ва тафаккур боғлиқлигига тўхталади. Ўғлининг хатига оид танбеҳлар бериб, уни хатосиз ёзишга  ундайди:  “Бундан  нари  бетакаллуф  ва  равшан  ва пок  алфоз била бити. Ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ҳам  ўқуғучиға”.  Фикни  ифодалашни нутқ имкониятлари орқали мукаммал эгаллаган Бобур буни ўғлидан ҳам талаб этган.

Бобур  ўз  асарида  бирор-бир ҳудудни тасвирлар экан, ерли халқнинг лаҳжасини  кузатади:  “Андижон  эли туркдур.  Шаҳри  ва  бозорийсида  турк тилини билмас киши йўқдур. Элининг лафзи  қалам  бирла  ростдур.  Ани учунким  Мир  Алишер  Навоийнинг мусаннафоти  бовужудким,  Ҳириди нашъу намо топибдур, бу тил биладур”.“Бобурнома”да  бошқа  халқларнинг урф-одатларини  акс  эттирувчи  сўзлар ҳам  бор.  У  ҳижрий  925  йилдаги воқеаларни  тасвирлар  экан,  шундай ёзади:  “Ўша  ерда  йилқирон  оши торттирулди”  (Йилқирон  оши  деб, дастлаб  вабо  касали  тарқалганидаофатдан  сақлашни  сўраб,  дуо  қилиш маросимига айтилган.  Бобур бу ўринда бирикмкни  айнан  шу  маънода қўллаган).  Тилшунослар “Бобурнома”да  сўзларнинг  келиб  чиқиши,  муаллифнинг  қиёсий тилшуносликка  оид  мулоҳазаларини,  унинг  сўзларни  семантик  гуруҳларга ажратиб  фойдаланганини,  лексик  бирлик  маъносининг  даража кўринишларини  маҳорат  билан  қўллаганини  тадқиқотларда  аниқлаб берганлар.

Буларнинг  барчаси  Бобур  ижодининг  ўзбек  адабий  тили тараққиётидаги ўрни беқиёс эканлигини кўрсатади. Бобур  нафақат  тилшунос,  балки  янги  ёзув асосчиси  ҳамдир.  Инсоният  маданияти  тарихида ёзувларнинг  аҳамияти  улкандир.  Айнан  Ўрхун-Энасой битикларидан  тортиб  бугунги  кунгача  қўлланилган ёзувлар тарих  зарварақаларига  назар ташлаш имконини беради.  Туркий  халқлар  ҳам  кўплаб  ёзувлардан, чунончи,  турк-руний,  араб,  уйғур  ёзувларидан фойдаланишган. Бобур ёшлигиданоқ араб ёзувида савод чиқарган  бўлса-да,  ҳаётининг  охиригача  ушбу  ёзувда икки-уч тилда матн битган, ижод қилган. У бу ёзувнинг ифода имкониятлари, шакл ва қўлланиш хусусиятлари, ютуқ  ва  камчиликларини  яхши  билган.  Шунинг  учун ҳам  у араб  ёзувини янада  соддалаштириш,  бу ёзувда битилган  сўзни ҳар хил ўқиш  нуқсонларини  бартараф  этиш  мақсадида  1504  йили  ўзининг  янги ёзувини —  “Хатти Бобурий”ни  (“Бобур ёзуви”ни) кашф этади. “Бобурнома”да бу ҳақда: “Ушбу маҳалларда бобурий хатини ихтироъ қилдим”,  –  деб  ёзади. Унинг ихтиросидаги алифбо 29  та  ҳарфдан  иборат бўлиб,  Бобур  Хуросонга борганида  ҳиротлик  машҳур  уламолардан  Қози  Ихтиёр  ва  Муҳаммад Мирюсуф ундан “Хатти Бобурий” алифбосини ўрганган. Бобур Ҳиндистонни забт  этганидан  сўнг,  ўғиллари  –  Қандаҳорда  турган  Комрон  мирзо  ва Бадахшондаги  Ҳиндол  мирзога  ҳам  “Хатти  Бобурий”  алифбосида  мактубйўллайди.

Унинг  бу  ҳаракати,  аввало,  қўл  остидаги  аҳолининг  саводини осонроқ  чиқариш  истаги  сабабли  бўлса,  иккинчидан,  ўқиш  ва  ёзишни қулайлаштиришга  интилиши  туфайли  эди. Албатта,  Ўрта  асрларда  мавжуд  ёзувни янгилаш  ёки  янги  хатни  жорий  этишга уриниш  жуда  ҳам  қийин  эди.  Чунки  араб алифбосида  “Қуръон”  битилган  эди.  Буёзувга  дин  пешволари  тиш-тирноғи  билан қарши  бўлишган.  Шунинг  учун  ҳам  Бобур янги ёзувни амалиётга жорий қилиш  ниятида,аввало,  Қуръони  каримдан  икки  нусха тайёрлаб,  бирини  Маккага,  иккинчисини Теҳронга  жўнатади.  Бу  ўз  даври  учун  катта маданий-маърифий  жасорат  эди.  “Хатти Бобурий”да  кўчиртирилган  Қуръони каримнинг  бир  нусхаси  бугунги  кунда Машҳад  шаҳридаги  Имом  Ризо  ёдгорлик мажмуаси  китоб  фондида  сақланади..  Унинг  нусхаси  Халқаро  Бобур фондининг раҳбари Зокиржон Машрабов томонидан 2005 йили Ўзбекистонга олиб келиниб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилган.

 

Улашинг: