Дунёда иқтидорли, ақлли одамлар кўп. Аммо уларнинг орасида мутлақо ўзга дунёқарашга эга, ўз фалсафаси ва жамият қонунларидан ўзгачароқ фикр юритадиган инсонлар бор. Уларнинг билими, тажрибаси аксарият ҳолатларда мавжуд тизим чегарасидан чиқади. Ана шундай иқтидор эгаларидан бири – Вячеслав Иванов 1929 йили 21 августда Москва шаҳрида ёзувчи Всеволод Иванов оиласида таваллуд топган. Ёшлигида оғир касаликка чалинганлиги боис уйда таълим олган. 1941—1943 йиллари Иккинчи жаҳон урушида Тошкентга эвакуацияда қилинган. 1946 йили мактабни, 1951 йили Москва давлат университетининг филология факультетини тамомлади. 1955 йилда филология фанлар доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади. Аммо Олий аттестация комиссияси диссертация йўқолганлиги боис уни тасдиқламади. 1978 йили олим иккинчи маротаба мазкур даражага эришди.
Вячеслав Иванов–лингвист, семиотик, антрополог, Америка лингвистик жамияти (1968), Британия Академияси(1977), Америка санъат ва фан академияси (1993), Америка файласуфлари жамиятининг (1994) аъзоси. Россия Фанлар Академиясининг Адабиёт ва тил бўлими академиги (2000), Калифорния университетининг славян ва Шарқий Европа тиллари ва адабиёти бўйича профессори, МДУ жаҳон маданияти институтининг директори, Фундаментал лингвистик тадқиқотлар жамғармаси Васийлик Кенгашининг директори, В.Н. Топоров билан биргаликда “Асосий афсона назарияси”нинг муаллифи. Докторлик диссертациясини В. Иванов “Хет тилининг бошқа ҳинд-европа тилларига нисбати” мавзусида ёқлаган эди. Всеволод Иванов бугунги кунда юзта тилда бемалол ўқий олади ва Европанинг барча тилларида эркин сўзлашади.
Вячеслав Ивановнинг инсон онги, таълим борасидаги фикрлари жуда қизиқ. Унинг 2004 йили Россия Федерациясида чоп этиладиган “Независимая газета” таҳририяти мухбири Ким Смирновга берган интервьюси жамиятни бугун ҳам ўйлантираётган муаммоларга бағишланган. Интервью қисқартириб тақдим этилмоқда.
КЕЛАЖАК БУГУН МАВЖУД
Савол: Келажакнинг оптимистик вариантини сиз инсон онги билан боғлайсиз. Аммо келажакда онгнинг ўзи ва унинг ижодкори – инсон қандай ўзгаради? Ирсий муҳандисликнинг сўнгги ютуқлари, биотехнологиялар мисли кўрилмаган хаёлларга бизни етаклайди! Масалан, журналист дунёдан узилиб, ўз тажрибалари билан машғул бўлган олимнинг лабораториясига яширинча кириб, унинг спиртланган идишга солинган ирсий нусхасини кўриб савол беради: “Тирик одамни яратиб, сўнг уни ўлдиришга қандай ҳаддингиз сиғди?”. Олим эса қуйидагича жавоб берган: “Ким сизга уни мен яратганимни айтди? Аксинча, у мени яратди!”
Вячеслав Иванов: Қизиқ. Аммо мен бундан-да кулгили сюжетни биламан. Станислав Лем бир эпизодни келтиради:…. Барча органлари сунъий бўлган ва унга бу органларни ясаб берган фирма билан судлашаётган одам фирмани ўзининг хусусий мулки, деб билади. Масалага жиддий ёндашадиган бўлсак, инсоннинг жисмоний табиатини ирсий жиҳатдан бутунлай ўзгартириш мумкинлигига унчалик ишонмайман. Биз инсон ирсиятини хали тўлиқ ўрганганимизча йўқ. Табиат томонидан инсон организмига жойланган фантастик имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун уни янада яхши ўрганиш лозим. Масалан, инсон миясини олайлик. Замонавий ахборот назарияси унинг салоҳияти ва имкониятларини баҳолашгача олиб кела олди. Оддий инсоннинг мияси бугунги ва шу пайтгача мавжуд бўлган маданият ютуқларининг барчасини ўзида жо этиши мумкин. Мен бўрттираётганим йўқ. Физиологик жиҳатдан айнан шундай. Бундан бир қанча амалий хулосаларга келиш мумкин. Айтмоқчи бўлганим, замонавий, бутун дунёдаги таълим ва тарбия тизими нотўғрилиги. Чунки биз даҳо деб ҳисоблаган одамлар ҳам ўз мияларининг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаганлар. Бундан ташқари, инсон ҳаёти давомида ўзидаги мия заҳирасининг жуда оз қисмидан фойдаланади. Инсон туғилганда унинг мияси тўлиқ шаклланмаган ҳолатда бўлади. Унинг нейронлари ва улар ўртасидаги боғланиш жуда секинлик билан амалга ошади. Шунинг учун ҳам инсон икки ёшигача гапира олмайди ва биз ҳаётимизнинг илк йилларини эслай олмаймиз. Физиологик жиҳатдан бизнинг асаб тизимимиз босқичма-босқич, аммо жуда тез ва кўп нарсани ўзлаштиришга қодир. Янги таълим парадигмасининг моҳияти шундаки, миянинг у ёки бу қисми ишлай бошлаган пайтдан бошлаб вақтни бой бермаслик лозим. Агарда буни ўз вақтида қилмасак, жуда кўп нарсадан қуруқ қолган ҳолда бу дунёдан ўтиб кетамиз. Таълим тизими бутун жаҳонда жуда ҳам чўзилган. Болага ёшлигиданоқ жиддий билим бериш мумкин. Корней Чуковский ўз вақтида болалар учун кутубхона очиб, унинг илтимоси билан қадимги ёзувларни тушунтириб берувчи тўгарак очган эдим.
Болалар сабоқларни катталарга нисбатан жуда тез ўзлаштириб, фантастик натижаларга эришишди. Бу эса менинг болаларга жуда ҳам эрта сабоқ бериш керак, деган фикримни яна бир маротаба исботлади. Айтиш жоизки, ҳар бир бола кичик даҳодир, биз эса унинг иқтидори ривожланишига йўл қўймаймиз. Чунки бизнинг мактабгача, ўрта ва олий мактаб таълими тизими тўғри йўлга қўйилмаган. Бу нафақат Россияда, балки Европа, Осиё ва Америкада ҳам худди шундайдир. Нобель мукофотини Сперри ва Визеллар ажойиб тажрибалари учун олишган. Улар эндигина итбалиқдан чиққан қурбақачанинг бир кўзини ярим йилга боғлашган. Вақт ўтгач, кўз боғичини ечишганда, қурбақача миясининг ўша томони мутлақо фаолият юритмаганлиги аниқланган. Кейинчалик ҳам кўз очиқ бўлса-да, мияда ривожланиш кузатилмаган. Биз ҳам таълим-тарбияни эрта бошламасак, бир умрга кечиккан бўламиз. Асосийси, биз билимларни ўз вақтида болаларга беришимиз лозим. Ҳозирги таълим тизимимизда эса барча нарсалар кечроқ берилади, кейин эса турли шикоятлар бошланади: фарзандларимиз ундай эмас, ялқов, такасалтанг…
Савол: Сиз дунё билимларни эрта ўргатадиган таълим инқилоби арафасида турибди, деган фикрни билдирган эдингиз. Аммо дунёнинг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Россия таълим тизимининг ислоҳ қилинганлигини инобатга олмак ва олий ўқув юртига киришда ўйлаш, фикрлаш эмас, ўз фикрини баён этишга эмас, балки қуруқ ёдлаб, викторина каби тўғри жавобни топишга асосланган тестлар, яъни Умумий давлат имтиҳони (ЕГЭ) топширилиши киритилганлигини қандай баҳолайсиз?
Вячеслав Иванов: Тўғри. Буни киритган мансабдорлар келажакни кўра билмаганлиги аниқ. Улар келади ва кетади. Умумий давлат имтиҳони, тестлар эса афсуски қолмоқда. Ким бизни тўғри фикрлашга ўргатади?
Савол: Академик Дмитрий Сергеевич Лихачев билан суҳбатимда, у инсоният тарихи давомида қўл билан бажариладиган бирорта, ҳаттоки ҳозир керак бўлмай қолган амалий санъатни ва ҳунарларни йўқотмаслигимиз лозимлигини айтган эди. Унинг фикрича, биз ушбу хилма-хилликни сақлаб қолмасак маданиятимизни йўқотамиз. Аммо мазкур хилма-хилликни жуғрофий ва тарихий жиҳатдан, глобаллашув жараёнида қандай сақлаб қолишимиз мумкин?
Вячеслав Иванов: Дмитрий Сергеевичнинг гаплари тўғри. Бу жиддий муаммо нафақат маданиятимизга, балки ….инсон анатомиясига ҳам тааллуқли. Француз антропологи Леруа Гуран жаҳон маданияти ривожи ҳақида икки томлик асар ёзган эди. Унда олим бизнинг ўтган авлодлар ривожида муҳим ўрин тутган ва миянинг юксак фаолиятини таъминлаган қўл меҳнати аҳамиятининг пасайиши ва бутунлай йўқолиб кетишидан хавотирланган эди. Нейропсихология бўйича монография ва дарсликларда ўнг қўл, хаттоки бош бармоқнинг инсон мияси пўстлоғида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақидаги далиллар келтирилади.
Мия қўл билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам автоматик воситаларга ўтишда жисмоний, ақлий, интеллектуал ва руҳий ривожланиш учун, албатта, қўл билан бажариладиган майда операцияларни қолдириш зарур. Асрлар давомида ёш болаларни тўғри ва чиройли ёзиш, қаламни тўғри ушлашга ўргатиш нафақат таълим, балки тарбия жараёнининг ҳам муҳим қисмидир. Яқин келажакда биринчи синфга қадам қўйган болакайларни ёзиш эмас, компьютер тугмаларини босишга ўргатиш мия ривожидаги муҳим бир бўғиннинг йўқолишига олиб келади.
Савол:Деярли кўпайтириш жадвали ва оғзаки ҳисоб калькуляторлар пайдо бўлгандан бери ўз аҳамиятини йўқотди….
Вячеслав Иванов: Оҳ, бу умумжаҳоний муаммога айланмоқда. Америкада бу масалага ҳар қадамда дуч келаман. Агар дўконда калькулятор ёки ҳисоб машинаси ишдан чиқса, сотувчилар даҳшатга тушишади, чунки улар карра жадвални аллақачон унутишган. Албатта, бу аянчли. Тамаддун машинага инсон ривожи учун зарур бўлган функцияларни топширди.
Савол: Охирги саволимин ака-ука Стругацкийларнинг “Худо бўлиш қийинми?” асари бош ғоясига боғлаб бермоқчиман. Бугунги ўзгарувчан дунёда, шиддатли асрда, мамлакатимизда инсон бўлиш қийинми?
Вячеслав Иванов: Пушкиннинг шундай мисраси бор: “…менинг шафқатсиз асримда”. Аммо ҳозирги замон ундан-да шафқатсиз. Агарда инсон ташқаридан жуда ҳам катта босимга учраган ҳолатда ҳам ўзида бошқалар учун, ўзгаларнинг дарди билан яшайдиган шахс сифатларини сақлаган бўлса, у ўз ҳаётини енгиллаштиради ва инсонийлик қиёфасини сақлаб қолади.
Наргис ҚОСИМОВА таржимаси.