1 694

МАНЗУРА ЕРНИЯЗОВА: “МЕН ҲАР ДОИМ ҒОЛИБМАН”

Манзура Ерниязова мафтункор, ҳаётдан нолимайдиган тадбиркор аёл. Қорақалпоғистон Республикасининг энг ёрдамга муҳтож, Орол денгизи фожеаси оқибатида зарар кўрган ва бугунги кунда деярли кўпчилик яхши шароит излаб кўчиб кетаётган Мўйноқ шаҳрида истиқомат қилади.  Унинг асосий шиори –“Шароит инсонни эмас, балки инсон  шароитни яратади”. Бугунги кунда Манзура Ерниязованинг кичкина, муъжаз  миллий кийим ва буюмлар тикиладиган тикув цехида 15 нафар маҳаллий қизлар иш билан таъминланган. Албатта шу ерда ҳикоямизни тугатиб қўя қолсам бўлар эди, аммо Манзура Ернизованинг бошқа тадбиркор аёллардан битта фарқли жиҳати бор. Бундан бир неча йиллар илгари ҳаётида содир бўлган фожеа оқибатида у ўнг қўли ва оёғини  йўқотган.

Манзурани ҳар доимгидек унинг кичгинагина цехидан топдик. Икки қўлтиқтаёққа суяниб юришига қарамай,  у  тикувчи қизларнинг ёнига бориб, уларга йўл йўриқ кўрсатишдан чарчамас эди. Навбатдаги тикувчининг иши бўйича кўрсатма бергач, цехнинг қорақалпоқ халқининг миллий кашталари билан безатилган бурчагига ўтдик.

— Бошимга бу кўргулик тушганида аввал шок ҳолатига тушдим. Яшашдан умидимни уздим. Аммо мени ҳаётга қайтарган фарзандим бўлди. Болам учун яшашим зарурлигини билардим. Чап қўлим билан уни кўксимга босиб, эмизиб, тунлари билан йиғлаб, ўйлаб чиқардим. Энди нима қиламан, қандай яшайман, болаларимни қандай боқаман”, деб. Шундан кейин мен кучли аёлман, бардошлиман, хаммасини енгаман деб  ўзимни ишонтирдим, дейди биз билан суҳбатда Манзура. -Шундан сўнг Микрокредит банкдан 600 минг сум кредит олиб, унга соғин сигир олдим ва сут-қатиғини сотиб кредитимни ёпдим. Колган пулга кул тикув машинаси олдим. Худойимни ёрдамини қарангки, соғ пайтим умуман қилмаган ишимни ногиронлигимда қила бошладим. Хаттоки бир қўл билан тиккан чокларим ҳам тўғри чиқди. Бир кун ўтириб, битта қуроқ кўрпача тикканимга ўзим ҳайрон қолдим. Аста секин буюртмалар туша бошлади. Кейин кўйлак тикишга қарор қилдим. Синглим матони бичиб бергач, уни тикдим. Яқин қариндошларимга кўйлак тика бошладим. Мижозлар пайдо бўлиб, кўпайди. Бир ўзим улгурмай ыолдим. Отам уйимизни ёнидан кичик цех қуриб берди. Мен ёрдамга ногирон маҳалладошим Мухаббатхонни чақирдим. Иккаламиз кийим тика бошладик. Мўйноққа ўша пайтдаги БМТДД  вакили Айзада Нуримбетова ташриф буюриб, ишимни кўрганида, мени қўллаб- қувватлаш лозимлигини айтди ва менга бир нечта  тикув машиналари ҳадя этди. Кейин Американинг Ўзбекистондаги элчихонасига лойиҳа ёзиб, ундан 12 минг 800 доллар грант ютдим ва ишни кенгайтириш имконига  эга бўлдим. Мен ҳукуматимиздан, тадбиркорларни қўллаб қувватлаётганидан жуда ҳам хурсандман.

Мўйноқ туманига жуда ҳам иш ўринлари зарур. Цехимда ишлаётган 15 нафар қизни мен улар туманнинг энг зўр тикувчилари деб айта оламан. Айни пайтда маҳсулотларимиз, яъни кийимлар, кашталар, сумкалар, кармонлар, дўппиларни Нукус, Қўнғирот туманларига жунатаман. Чунки энг кўп буюртмалар улардан тушади. Мен ўз ҳолатимга қарамасдан Аллоҳнинг, инсонларнинг назарида эканлигимдан хурсандман. Мен ҳаётда энг омадли, бахтли ва ҳеч нарсага муҳтож эмас инсонман, деб ҳисоблайман.  Одам ҳаётидан ҳар қандай қийинчиликларга қармай хурсанд бўлиб юрса, унга омад доимо кулиб боқади.  Яқинда туманимизга Юртбошимиз ташрифидан кейин ҳукуматнинг  айнан Мўйноқда туризмни ривожлантириш бўйича қарори қабул қилинди. Бу халқимизга умид берди. Чунки касаначилик, хизмат кўрса

тишнинг бошқа турлари албатта сайёҳлар ташриф буюрса ривожланади.

Туманда ногиронлиги бор инсонлар ан

чагина, ўзимнинг укам ҳам имконияти чекланган. Тўғри  барчамиз ногиронлик нафақасини олаяпмиз, аммо фақатгина унга қаноатлантиб ўтирсак, у ҳаётни  давом эттириш учун етмайди. Демак, ҳар бир инсон ҳаракат қилиши зарур. Мен айнан имконияти чекланган опа-сингилларга йўл йўриқ кўрсатишга тайёрман.  Улар билан суҳбатлашганимда айнан янги иш, янги ҳаёт бошлашга уларда қўрқув борлигини сездим. Худо хохласа бу ерни ривожлантириб, катта текстил фабрикасига айлантириш орзуим. Чунки инсон доимо изланишда бўлиб, олдинга интилсагина ўз орзусига эришади.

Мен кийимларимизда, буюмларни безашда қорақалпоқ миллий нақшларидан фойдаланаман. Уларнинг асоси табиатдан, гуллардан, ўсимлик илдизларидан олинади. Айтишларича, қадимда эри ишга кетиб, кеч уйга ҳориб қайтиб келганида аёл унинг кўзини қувнатиш учун мато ва кийимларга кашта тика бошлаган.  Нақшларнинг номлари эса жуда ҳам кўп. Масалан, чўмоли изи, гул оғзи, қуш изи, қўчқор шохи, кийик шохи ва ҳоказо. Қиз бола 7 ёшидан бошлаб турмушга чиққунга қадар  келинлик сарпосини тайёрлаган ва ўзига турли рангдаги кўйлаклар тиккан. Халқда “кўк кўйлак” деб номланган ана шу кўйлакларнинг нақшлари эса унинг орзу умидлари, ҳавасларини акс эттирган. Қизнинг янгалари, ота-онаси кўйлак тайёр бўлгач, уни узатиш вақти етганлигини англашган. Нақшларда кўпроқ қизил, яшил ва сариқ рангдан фойдаланамиз. Аммо хорижлик сайёҳларларга кўпроқ оқ ва кўк рангли нақшлар ёққанлиги учун,  маҳсулотларимизни, яъни харидоргир бўлган қорақалпоқ бош кийими, паспорт  учун ғилофлар, сўмкаларни ана шу рангдаги нақшлар билан безашга ҳаракат қиламиз.

Бугунги кунда Манзура Ерниязова бир нечта таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Унинг тикув цехида тайёрланган буюмлар анча харидоргир. “Мен ҳар доим ғолибман”, дейди Манзура Ерниязова. Айнан ана шу ғолиблик ҳисси уни олға интилишга ундайди.

  2018 йил 26 ноябрь куни 26 ноябрь  куни Манзура ҳаётида яна бир қувончли воқеа содир бўлди.   Мўйноқда янги  «Qaraqalpaq Sheberi Manzura»  масъулияти чекланган жамият – янги ижтимоий корхонанинг очилиши бўлиб ўтди. Ушбу корхона Мўйноқ туман хокимлиги  ва Ўзбекистонда БМТТД , Мўйноқ туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Кеуил Нури” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳамкорлиги  маҳсулидир. «Qaraqalpaq Sheberi Manzura»нинг таъсисчилари ногиронлиги бор инсонлар — Манзура Ерниязова  ва Марат Туксанбаевлар бўлишди.  Корхона очилишидан асосий мақсад Мўйноқ туманида ногиронлиги бор инсонларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳамкорлик борасидаги билим, тажриба ва маълумотларни алмашиниш, ногиронлиги бор инсонларнинг касб эгаллашларига ёрдам бериш ва уларнинг меҳнат интеграциясини таъминлашдир. Айни пайтда корхонада 21 нафар ишчи фаолият юритиб, уларнинг 19 нафари аёллардир. Шулардан 11 нафарининг  турли даражада ногиронлиги бор. Мўйноқ туманида бундай ижтимоий лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани қўвонарли ҳол, дейди Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза  қилиш вазири Рашид Аллабергенов. –Биз Ўзбекистондаги БМТТД га ҳамкорлик учун миннатдормиз. Корхона ташкилотчилар  бу ерга 40 нафаргача ишчи олишни режалаштиришган. Албатта уларнинг ривожланиши учун қўлимиздан келган ёрдамимизни аямаймиз.

Айзада Нурумбетова, «Кеуил Нури» ННТ директори:

– Манзура Ерниязова ва Марат Туксонбаев – Мўйноқда яшашади. Уларнинг иккаласи ҳам ногирон бўлишига қарамасдан фаол равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб келишмоқда.  Улар нафақат ўз оилаларини  таъминлаб келишмоқда, балки  бошқа ногиронлиги бор инсонлар учун ҳам янги иш ўринларини яратишаётир.  Албатта фақатгина топаётган даромадларига бундай корхона қуриб бўлмайди. Аммо улар ўз ғояларини амалга ошириш учун давлат ва нодавлат, халқаро ташкилотларни ана шундай ижтимоий корхоналар кераклигига ишонтира олишди.  «Кеуил Нури» ННТ ғояни амалга ошириш учун ижтимоий лойиҳани тайёрлашга яқиндан ёрдам берди. Янги ижтимоий корхона – маҳаллий ва халқаро донорлар ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир.

Кеч тушганига қарамай, цехда машиналар шовқини тинганича йўқ.  Зеро, ҳали олдинда амалга ошмаган режалар, орзулар кўп. Кўчада эса 200 километр узоқликдаги Оролнининг саси қумли-тузли шамолнинг увиллаши билан юзга келиб урилади. Шаҳарча хонадонларининг чироқлари бирин-кетин  ёқилиб, денгиз чекинганига қарамай, унда ҳамон ҳаёт  давом этаётганлиги кўринади. Ногирон Орол денгизи узоқ узоқлардан сас беради. Яшашга ҳаракат қилади. Аммо у ёлғиз эмас. Манзура Ерниязова ундан куч олган ҳолда, ўз тақдиридан нолимай, олға интилади.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: