1 158

“Бизга китоб беринг устоз” ёхуд чироқчидаги мактабларга дарслик китоблари қачон етиб келади?

Ўтган йили Президентимизнинг хайрли ташаббуси билан ёшларни китобхонликка чорлаш мақсадида “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови жорий этилди. Танловда иштирокчиларининг ғолибига “Спарк” автомашинасини берилиши эса ҳар бир ёшни китобхонликка чорлади. Бевосита ота-оналар ҳам китоб дуконлари томон йўл олишди.
Ғолибларни автомобил совғасини олганини телевизор орқали кузатган ҳар бир ёш борки, кўнглида мутолаага бўлган мойиллик икки боробар ошди. Бу йилги танловга ҳам қанчалаб ёшларимиз ҳозирлик кўришмоқда. Гап китобхонлик хусусида бораркан, мамлакатимизда ёшларни эзгулик сари етаклаб, китобхонлликка чорлов бўлаётган бир пайтда Қашқадарё вилоятининг айрим мактабларида дарслик китоблари етишмаётгани ажабланарли эмасмикин? Мисол учун Чироқчи туманидаги 86-умумтаълим мактабида бўлганимизда мактабнинг 11 “Б”- синф ўқувчиларидан Шахзод Жўрев “Она тили” ва “Адабиёт”и, Гулмира Дустёрова ҳам “Она тили” фани дарслик китоблари йўқлиги, шу фанлардан ўзлаштришда, уй вазифаларини тайёрлашда муаммога дуч келаётганини айтиб қолишди. Шунингдек, 6 “А”- синф ўқувчиси Асилбек Алибоев “Тарих” ва “Ватан туғуси” дарслик китоблари, қолган тенгдошлари Ҳилола Тошқўзиева, Феруза Эшқувватова, Сурайё Шайдуллаева каби ўнга яқин ўқувчиларнинг “Ватан туйғуси” дарслик китоблари йўқлигини таъкидлашди.
Тумандаги 82-ўрта таълим мактабида эса аҳвол бунданда ачинарли. Жумладан, мактабнинг 8-синф ўқувчилари Гулҳаё Холмуродова, Рамазон Асадуллаев, Ҳамроз Холмаматов, Сабина Умрзоқоваларга “Жаҳон тарихи”, “Ўзбекистон тарихи”, “Адабиёт”, “Она тили”, “Физика”, “Кимё”, “Информатика”, “Чизмачилик”, “География”, “Ҳуқуқ”, “Иқтисодий билим асослари” дарслик китоблари янги ўқув йилидан буён берилмаганини айтиб ўтишган бўлса, қолган ўқувчиларда ҳам деярли кўпгина дарслик китоблари йўқлигини афсус билан қайд этишди. Ушбу синфда эса жами бўлиб юздан ортиқ дарслик китоблари етишмас экан.
Кейинги манзилимиз тумандаги 67-умумтаълим мактаби бўлди. Мактабга кириб борганимизда бизни мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Худойберди Жўраев, Ёшлар иттифоқининг мактабдаги бошланғич ташкилоти етакчиси Фахриддин Раҳимов ўқитувчи Гулҳаё Эгамқуловалар нарози қиёфада кутиб олишди. Бироз ўтиб уларнинг тушкин кайфияти сабаби маълум бўлди. Уларнинг таъкидлашича, таман халқ таълими бўлими мудири Назира Абраеванинг топшириғига кўра мактабга келаётган ҳар бир журналистнинг қўлида “буйруғи” бўлишлигини агар йўқ бўлса, киритилмаслиги тўғрисида кўрсатма берилганини айтишди. Биз бу буюруқ қандай мазмунда ва қайси меъёрий ҳужжатга асосан эканлигини сўраганимизда улар бирор бир жўяли жавоб бериша олмади.
Мактаб кутубхоначиси Дилшода Ҳайдаволова билан суҳбат қилганимизда шу нарса аён бўлдики, мактабда таҳсил олаётган ўқучиларнинг қанча нафарига дарслик китоблари етишмаслиги бўйича маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди. Унинг тахминий айтишига кўра юздан ортиқ дарслик китблари мактабдаги ўқувчиларга етишмас экан.
Қизиқ, туман халқ таълими бўлими мутасаддиси мактабга келаётган журналистлардан буйруқ талаб қилиши мактабдаги бу ачинарли аҳволни сир тутишни мақсад қилиб қўймаганмикан? Яна ким билибди?
Энг ажабланарали томони мана янги ўқув йилининг тўртинчи ойи бошланган бўлсада, учта мактабнинг бирор бир мутасаддиси дарслик китоблари мактабларида етишмаслиги борасида юқори ташкилотига муржаат қилишмаган ёки қилишган бўлсада, ҳеч ким бу хусусда бош қотирмаган.
Вилоят Халқ таълими бошқармасининг дарсликлар бўйича методисти Жўра Халиловнинг бизга берган маълумотига кўра вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари дарслик ижара китоблари билан тўлиқ таъминлаган. Чироқчи туман Халқ таълими бўлими дарсликлар бўйича методисти Шаҳриёр Тангиров ҳам тумандаги барча умумтаълим мактабарида таҳсил олаётган ўқувчиларга дарслик китоблари юз фоиз берилганини қайд этиб ўтди. Хуш, вилоят ҳамда туман Халқ таълими мутахассисларининг маълумотлари тўғри бўлса, унда биз гувоҳи бўлган мактаблардаги дарслик китоблари қайерда?
Дарвоқе, қайсидир мактабнинг билимга чанқоқ ёшлари “бизга китоб берасизми устоз, энди бизда ҳам дарслик китоблари тўлиқ бўладими?, дея сўраб қолишди. Бу сўзларини эшитиб биз ҳам ҳурматли мақолани ўқиётан шу соҳага дахлдор устозларга қарата айтардикки, ўқувчига китоб беринг устоз! Зеро миллат келажагига беарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз эса бу мавзуга яна қайтиб, ўқувчиларнинг давр ўқувчисидек шодон дарс қилаётгани ҳақида ёзамиз. Нима дедингиз?

Ў. ЮЗБОЕВ,
А. МАҲМУДОВ,
журналистлар

Улашинг: