Наманган шаҳридаги «Сайҳун» меҳмонхонаси конференциялар залида ўтказилган семинар-тренинг 1-кунида сув билан боғлиқ жуда қизиқарли маълумотларга эга бўлдик.
Машғулотларни тажрибали тренер ва таниқли журналист Наргис Қосимова олиб борди.
* Айниқса, «виртуал сув» ҳақидаги мавзу ажойиб экан. Яъни бу атама бирор маҳсулот учун сарфланадиган умумий сув миқдори, суммасига нисбатан ишлатилади. Мисол учун, 1 кг. ошга (ҳамма масаллиқларини ҳисоблаганда) тахминан 1 миллион сўмлик сув ишлатарканмиз. Чунки бу харажатларнинг ичида 1 кг. гуруч, гўшт, ёғ ва бошқаларни етиштиришга, ишчи меҳнатига кетадиган сув ҳисоби ҳам қўшилган!..
Алоҳида қайд этдикки, ҳар қандай маҳсулотнинг нарх-навоси сувнинг қиймати билан ўлчанаркан, боғлиқ экан. Ахир жамики нарсанинг яратилиши учун албатта сув зарурдир. Демак, сув қимматлашмаса, ҳар қандай буюмнинг пули кўнгилдагидек бўлади.
* Сувнинг қаттиқлиги (сифати ёмонлиги) Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Чуст туманлари ва Тошбулоқ шаҳарчасида кузатилади. Меъёри 6 балликда баҳоланади, бу ҳудудларда эса 30 гача етаркан.
* Баклашкадаги ва картонларга қадоқланган сув кўп вақт ўтгач, қуёш ва иссиқнинг тиғида, нам жойда реакцияга киришаркан ва сифати бузиларкан. Шунинг учун қуруқ ва салқин жойда турган сувни харид қилинг. Шиша идишдаги сув эса анчагача сифатини йўқотмас экан. Сувнинг яроқлилик муддатига ҳеч эътибор берганмисиз, очиғи, йўқ. Энди доимо санасига кўз ташлашни унутманг!..
* Мақолаларимизда ҳам «Сув — бебаҳо неъмат» эмас, «Сув — олтиндан қиммат» деган сарлавҳа қўйсак, ҳаётий ва фойдали маълумотлар билан бошласак, бойитсак, ўқувчи учун манзурдир.
* Хуллас, соғлигимизни ўйлашни, табиатни ардоқлашни, сувни тежаб ишлатишни ўрганяпмиз, ОАВда таъсирчан усулда тарғиб қиламиз.
Ҳа, ҳеч бўлмаса, фарзандларимиз учун бу муқаддас неъматларни тугатиб қўймайлик, уларни ўйлайлик. Болаларимиз «Ота-оналаримиз, бобо-бувиларимиз роса исроф қилувчи одамлар бўлишган экан!» деб маломат тошларини отишмасин бизга)))
@ Айтмоқчи, семинарнинг 2-кунига ташриф буюринг, афсусланмайсиз!..
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Наманган садоси» газетасидан иштирокчи.