1 081

Маънавий илдизи бақувват фарзанд жиноят кўчасига кирмайди!

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта етакчи куч ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис маърифатпарвар шоир  Абдулла Авлоний ёшлар тарбиясини “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот  масаласидир” дея таърифлаган эди. Тарбияга эътиборсизлик фарзанд келажаги учун хавф солувчи асосий омилдир. Айрим ҳолларда ёшларнинг билиб-билмай жиноятга қўл уришига айни тарбиядаги хато сабаб бўлаяпти.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов билан суҳбатимиз шу мавзу теграсида кечди.

— Мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар олиб бориляпти. Бундай тадбирлар, айниқса, ёшларнинг жиноятга қўл урмаслиги борасида бажарилаётган ишлар қандай натижа беряпти?

— Ўтган 2018 йилда пойтахтимизда содир этилган жиноятлар 2017 йилга нисбатан 49,5 фоизга камайган. Жиноят содир этилмаган маҳаллалар 2017 йилга нисбатан олти ярим баробарга ёки тўққизтадан 59 тага кўпайишига эришилганлиги бу ўз-ўзидан ёшлар ўртасида ҳам жиноятчиликнинг камайганлигини билдиради. Айни пайтда ички ишлар ходимларининг 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун маҳаллаларда ишлаяпти. Асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган. Лекин шунга қарамай ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг учраб тураётгани афсусланарли ҳол, албатта.

Биз судлар аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларни мунтазам равишда таҳлил қиламиз. Ҳар чорак охирида таҳлил натижалари Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқоролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталарига юбориб, қайси ҳолатларга, нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида маълумотлар берамиз.

Ўрганишлар натижасида ишсизлик, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўғил-қизларни ота-оналар тўла назорат қила олмаслиги, оиладаги нотинчлик, ўқув даргоҳларидаги камчиликлар турли кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани аниқланди. Айтиш мумкинки, ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёшларнинг 62,2 фоизи бўш вақтини кўчада ўтказади.

Шу боис судялар ўқув муассасаларида профилактик тадбирлар ўтказаяпти. Ёшларга оид жиноятлар судда кўрилаётган пайтида бу ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноятга олиб келган сабаблар ўрганилади. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида хусусий ажрим чиқариш орқали судланган шахсларнинг ўқиш жойларига муҳокама қилиш учун юбориляпти. Катта аудиторияларда ёшлар иштирокида ўтказилаётган муҳокамаларда бевосита хусусий ажрим чиқарган судянинг ўзи иштирок этаяпти. Ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш борасида ўтказаётган суҳбатларимизда қайси ҳаракатлар жиноят ҳисобланиши, қайси ҳолатларда ҳуқуқбузарлик бўлиши, бунинг учун жазонинг муқаррарлиги ҳақида батафсил тушунтиряпмиз.

Йўлдан адашганларнинг тақдирига ҳам бефарқ қаралмайди. Вояга етмаганлар коллониялари, жазони ўташ муассасаларидаги ёшлар билан суҳбатлар олиб бориляпти. Уларнинг дунёқараши ўзгарганми, тузалиш йўлига ўтганми, қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олдими, бу бўйича ҳам алоҳида тизимли ишлар олиб бориляпти. Агар содир этган жиноятининг оқибатини тушуниб етганлигига амин бўлсак, келгусида жазони енгиллаштириш, тезроқ жамиятга қайтариш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу борада айниқса, тарбияси оғир, уюшмаган ёшлар контингентини қамраб олиш кўзда тутилган.

—Ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик доирасидаги ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.

— Ўзбекистон Олий суди ва Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унда ёшлар билан боғлиқ барча муаммолар, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Маълумотларга қараганда айни пайтда мамлакатимизда 687 минг нафар ёш ишсиз.Асосий вазифа уларнинг бандлигини таъминлаш. Меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, маҳаллаларда бўш иш ўринлари ҳақида уларга маълумот бериб бориляпти.Содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақида Ёшлар иттифоқи билан маълумот алмашинувини йўлга қўйганмиз. Ҳар битта ҳолат юзасидансудда кўрилаётган жараёндаёқ Иттифоқни хабардор қиляпмиз.Ёшлар иттифоқи вакиллари бу шахсларни ўрганиб, судларда кенг жамоатчилик иштироки таъминланяпти. Билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолганлар борасида сўз борар экан, маҳалла фуқоролар йиғинидан 649 та,Ёшлар иттифоқидан105 такафилликлар сўралганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Жами 31 нафар вояга етмаган, 325 нафар ёшлар, жами 750 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Уларга тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди, содир этилган жиноятнинг ижтимоий  даражаси ниҳоятда паст бўлганларга кўмак берилди. Жазони ўташ муддатини ўтаб келганларни иш билан таъминлаш, уларнинг реаблизация қилиш, моддий ва маънавий кўмак бериш борасида ҳам талайгина ишлар қилиняпти.

— Ҳар бир ҳукм ортида инсон тақдири бор. Суд залида ёш судланувчига ҳукм ўқиётганингизда кўнглингиздан қандай кечинмалар кечади?

— Бир сафар интернет кафеда компьютер ўйинларига берилиб кетиб, пул тикиб, қимор ўйнаган йигитга ҳукм ўқидим.

Қиморда кимдир ютқизади. Кейин ўртага тикилган пулни қарз олиб бўлса ҳам тўлашга мажбур.У ҳам ана шунга мажбур бўлгач жиноятга қўл урган. Пул топиш мақсадида оғир жиноят содир этган. Бу жуда ачинарли. Яна бир ҳолатда  йўлда кетаётган ўсмирлар қаршисида келаётган тенгдошини тўхтатиб, қўлидан телефонини олиб қўйган. Бу бир қараганда ҳеч нарса эмасдек туюлади. Аммо, бу ҳаракат босқинчилик — оғир жиноят ҳисобланади.

Боланинг бегонаси бўлмайди! Аслида улар ҳам сиз-у бизнинг фарзандларимиз. Уларни суд мажлиси залида, панжара ортида кўриш, ота-оналарнинг йиғлаб ўтиришига гувоҳ бўлиш жуда оғир. Шўхлиги оқибатини тушуниб етмагани натижасида ўз ҳатти-ҳаракатига енгил-елпи қараб бугун қора курсига ўтирганларга бефарқ қарай олмаймиз. Аммо, жиноят жазосиз қолса, у илдиз отиши шубҳасиз. Ёшларимиз жиноят учун жазо муқаррарлигини тушуниб етиши керак. Шу боис, ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқини билса, ҳатти-ҳаракатларига масъуллик сезса, уларни ҳеч ким кузатмаётган пайтда ҳам ўзларини яхши тутишни ўрганса дейман.Зеро, оқ-қорани фарқлай оладиган, ўзи, ои­ласи, халқининг шаъни, обрўйини ўйлайдиган, маънавий ил­дизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига кирмайди. Бунинг учун эса, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси масъулдир.

— Суҳбатингиз учун ташаккур.

Рисолат МАДИЕВА

Улашинг: