Агарда сиз инсоният фаолияти давомида яратилган биринчи музлатгич ёки илк болаларни овқатлантириш учун идишни кўрмоқчи, тожик халқининг минг йиллар давомида шаклланган тарихи билан танишмоқчи бўлсангиз, албатта Тожикистон миллий музейига боринг. Аёллар ҳаётини яхшилайдиган мазкур мосламалар Европада эмас, балки Марказий Осиё ҳудудида яратилган. Музей 1934 йил 12 августда ташкил этилган бўлиб, 1959 йили у еспублика тарихий-ҳудудий ва санъат музейига айлантирилган. 1999 йил 27 ноябрда Тожикитон Республикаси ҳукуматининг қарорига биноан К.Беҳзод номидаги Тожикистон музейига миллий мақоми берилди. 2013 йил март ойида Душанбеда Тожикистон миллий музейининг янги биносини очилиш маросимии бўлиб ўтдиАйни пайтда унда 22 та катта ва кичик экспозицион заллар мавжуд. Бизнинг музей экспонатлари билан танишувимиз табиат залидан бошланди. Бу ерда Тожикистон ҳудудида илк ҳаёт намуналари, ибтидоий инсонлар қароргоҳлари, аёлларнинг илк тақинчоқлари – тош мунчоқлар, бу ерда яшаб ўтган қилич тишли йўлбарс, илк уй ҳайвонлари қўйилган. Қайроқум сув омбори ёнида топилган ибтидоий инсоннинг қабри аждодларимиз анча бўйчан бўлганлигини кўрсатади. Бронза даврига тегишли бўлган ашёларнинг аксарият қисми Сараз водийсидан топилган. Давлатчилик ҳали ривожланмаган вақтдаги ҳаёт қадимшуносларда қизиқиш уйғотган. Сараз- Ернинг бошланиши деб ном олган ҳудудда косибчилик, сангтарошлик ривожланган. Бу ердан топилган қабрларда асосан жасадлар букланган ҳолда қўйилган. Қадимги саразликларнинг фикрича, инсон она қорнида қандай ётган бўлса, умри тугагач, қабрда ҳам худди шундай ҳолатда ётиши лозим бўлган.
2000 йилда Тожикистонда ўтказилган археологик қазишмалар натижасида тожиклар ҳинд-европа ирқига мансубликлари аниқланди. Зарча халиқа қабрларидан топилган кўплаб тоғ эчкиси кўринишидаги тақинчоқлар, бронзадан ясалган ойна ўша пайти анчагина цивилизация ривожланганлигини кўрсатади. Шунингдек, бу ердан кўплаб лойдан ясалган хайкалчалар ҳам топилган. Яъни овчилар овдан қайтиб келишмаса, қариндошлари ана шундай ҳайкалчаларни жасад ўрнига кўмишган.
Кейинги кўргазма зали зардуштий динига бағишланган бўлиб, бу ерда зардуштийларнинг муқаддас китоби, 12 мингта ҳўкиз терисига ёзилган Авесто китобининг нусхаси қўйилган. Айнан Авесто инсонийлик жамиятининг барча жабҳаларини қамраб олган. Мазкур залда зардуштийларнинг урф-одатлари, марҳумларнинг суяклари қўйилган оссурийларни кўриш мумкин. Янги тарих, санъат ва амалий санъат залларида эса бутун тожик халқининг тарихига гувоҳ бўласиз.
Қизиқарли экспонатлар ва тожик халқининг ўзига хос ўтмиши ва бугунги куни билан бизни таништирган музей ходими Хосият Мирзоева бу ерда илмий-тадқиқот, ёзма мерос, археология ва нумизматика бўлимлари мавжудлигини айтиб, яна бир муҳим бўлган реставрация бўлимида топилмалар қадимшуносларнинг тавсиялари ва кўрсатмалари асосида тикланишини таъкидлаб ўтди. Музей фонди 1934 йили атиги 530 та экспонатдан иборат бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 5000 дан ошган. Ўзбек журналистларининг эътиборини 7-8 асрга мансуб бўлган 15 метрлик Будданинг ётган ҳолдаги ҳайкалининг нусхаси ва Бухородаги Сомонийлар мақбарасининг нусхаси тортди. Мазкур экспонатлар бу ерда қадимда буддизм гуллаб-яшнагани ҳамда Сомонийлар давлати ривожланган даврдан бошлаб ҳозиргача бу битта қардош халқнинг ҳаёти ва маданиятининг тимсоли эканлигидан далолатдир.
Наргис ҚОСИМОВА,
Тошкент-Душанбе-Тошкент