2 281

“ЁМҒИР БОЛАЛАРИ” ЁХУД АУТИЗМ КАСАЛЛИГИ ХУСУСИДА

Инсоннинг фарзанди соғлом тўғилсин, соғлом улғайсин экан. Шундагина  ота-она фарзандининг камолидан умидвор бўлади, унинг юриши, туриши, кулишидан баҳра олади, хурсанд бўлади. Аммо ХХ аср бир қатор даво билмас касалликлар қаторига яна бир офатни- болалар аутизмини қўшди.  2005  йили БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан дунёда аутизм билан касалланган болалар сони ортиб бораётганлиги, аммо унинг давоси ҳануз топилмаганлигидан ташвишланиб 2 апрелни Халқаро аутизм муаммоси ҳақида хабар бериш куни сифатида нишонлашни таклиф этди. Чунки касалликни бир қарашда аниқлаш қийин. Ташхис қўйилгач эса, аксариат ота-оналар нима қилишни билмай қолишади, шифокорлар эса бош чайқашади. Албатта,  аутизм ўтган асрларда ҳам мавжуд бўлиб, унинг сабабларини шифокорлар тушинтириб бериша олмаган, оддий инсонлар эса аутистларга ғайриоддий инсонлар сифатида қарашган. Касаллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак XVIII асрда француз ёзма манбаларида аутизм  билан касалланган инсонлар тилга олинади. 1798  йили шундай 12 ёшли болани шифокор  Жан Итар даволашга ҳаракат қилади ва унда ижтимоий кўникмаларни ҳосил қилиш учун махсус таълим дастурини ишлаб чиқади.

«Autismus» термини швейцариялик руҳшунос Ойген Блейлер томонидан 1911 йили муомалага киритилган. Ушбу тушунча юнон тилидан олинган  бўлиб αὐτός — «мен», демакдир, яъни беморнинг ўзликка кетиши ва атрофдагиларга эътибор бермаслиги назарда тутилади. Бугунги кунда мазкур тушунча том маъносида  1938 йили  веналик Ганс Аспергер томонидан  “Руҳий ноодатий бола”  сарлавҳали илмий мақоласида тушинтириб берилади. 1944  йили Аспергер касалликни алоҳида “Бола ёшида аутистик психопатия” мақоласида таҳлил этади ва кейинчалик касаллик Аспергер синдроми номини олади. Ушбу касалликни тадқиқ этган шифокор Лео Каннер Жон Хопкинс госпиталида  фаолият юритар экан, 11 нафар аутизм билан касалланган болаларни кузатади ва  инглиз тилига «аутизм»  терменини киритади.  Афсуски, бугунги кунга қадар касалликнинг келиб чиқиш сабаблари тўлиқ ўрганилмаган. Зеро, аксарият ҳолатларда соппа-соғ тўғилган болаларда вақт ўтиши билан ушбу касаллик кузатилади. Бу эса ота-оналарни жиддий ташвишга солмоқда.

Аутизм – бу руҳий касаллик ҳисобланади ва бундай инсонлар ижтимоий мулоқотдан қочишади, бир хил ҳаракатларни такрорлайверишади. Кўп ҳолатларда касаллик бола уч ёшга тўлгачгина намоён бўла бошлайди.  Ҳўш, аутизм билан касалланган инсонлар нимани ҳис қилишади? Тасаввур қилинг сиз ҳис қилаётган нарсалар бир неча юз ҳаттоки минг маротаба кичрайган ёки катталашган бўлса, енгил тегинишлардан ҳам оғриқ сезсангиз ёки қаттиқ урилиб кетсангизда, ҳеч нарса сезмасангиз. Ёрқин рангнлар сизни қўрқитса, шовқин, баланд мусиқа овозидан даҳшатга тушсангиз, сиз билан суҳбатлашаётган одамнинг оддий сўзларини ҳам тушунмасангиз…

Аутизм билан касалланганлар таҳминан ана шундай дунёда яшашади. Буни кўп йиллик тадқиқотлар асосида бир Германия, Англия, Россия, АҚШ шифокорлари исботлашди. Аутизм билан оғриган инсонлар аксарият ҳолатда ўз таналарини бошқара олмайдилар, чунки касалликдаги энг даҳшатли ҳолат инсон “мен”ини унутади. Дунё унга бефарқ бўлиб қолади, хаттоки энг қадрдон инсонлари, ота-онаси ҳам…

Ҳали мазкур касалликнинг сир асрорлари тўлиқ очилмаган, белгилари  тўлиқ намоён этилмаган. Аутизмга дучор бўлган болаларнинг баъзилари буткул гапиришдан воз кечишса, бошқалари китоблар, мультфильмлардан тинмай иқтибослар келтиришлари мумкин. Аутизм бу ўзликка чўкишдир ва ана шу ўзликни англаб етмасликдир. Аутист бола мураккаб математик масалаларини ечган ҳолда, оддийгина пойафзалини кия олмаслиги мумкин. Узлигига чўккан бола  ана шу дунёсини бошқалардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади, чунки ҳар қандай ўзгариш унда қўрқув уйғотади. Юртимизда мазкур касаллик мавжудлиги 2010 йилда расмий равишда қайд этилди.  Бунга илк маротаба 10 яшар  ўғли Мухаммадали  аутизм касаллигига чалинган Фарход Ортиқбоев эришди. Кўплаб шифокорларга учрашиш, боланинг ўзгариб қолганлиги, у ҳақиқатан ҳам касал эканлиги борасидаги ташхислардан сўнг Муҳамадалига ногиронлик берилди. Бугунги кунда аутизм билан касалланган болалар  Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида педагогик, юридик, ижтимоий соҳаларда, диагностика, ортопедик ва неврологик даволанади ҳамда реабилитация бўйича ёрдам кўрсатилади. Шунингдек “Сен ёлғиз эмассан”  Республика жамоат болалар жамғармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  2014 йилдан бошлаб “Аутизм: инновацион ёндашув ва ҳаракатлар стратегияси” деб номланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиб, унда шифокорлар эътиборини аутизм касаллиги муаммоларига  қаратилмоқда.  Конференция материалларида қайд этилишича аутизмга мойил болалар аксарият ҳолатларда узиикун компьютер ёнида ўтиришдан, виртуал дунёга муккасидан кетишдан ёхуд мия фаолиятини бузилишга олиб келадиган турли хил вирусли касалликлар билан оғришдан ҳам вужудга келиши мумкин. Халқаро амалиётда   ота-оналар учун болаларини доимий равишда кузатиш тавсия этилиб,  улар ўз фарзандларида қуйидаги белгиларни кўрсалар, дарҳол шифокорларга мурожаат этишлари тавсия этилади:

—    болани  исми билан чақирганингизда у қарамайди;

—    нима истаётганини тушинтириб бера олмайди;

—    ривожланишда бир оз орқада қолади;

—    баъзида гапларни эшитмайди:

—    у ёки бу ўйинчоқ билан қандай ўйнашни билмайди;

—    визуал алоқани қийинчилик билан ўрнатади;

—    бошқаларга жилмаймайди;

—    гўдак 12 ойлигида ҳам индамайди, жилмаймайди, атрофга  қизиқиб, боқмайди;

—    16 ойлигида ҳам алоҳида сўзларни айта олмайди;

—    2 ёшида ҳам гапира олмайди ва ҳоказо.

Тошкент тиббиёт академияси даволаш иши факультетининг талабаси Амаль Мухамадиеванинг фикрича, инсонлар аутизмни нотўғри талқин қиладилар. Бугунги кунда аутизмни тўлиқ даволаб бўлмайди, аммо  вақтида ташхиси аниқ бўлган болани ривожлантиришида тенгдошларидан орқада қолмаслиги учун, уни қўллаб-қувватлаш, кўпроқ эътибор бериш, шифокорлар маслаҳатларига риоя этиш зарур, дейди А.Мухамадиева.

Руҳшунос М.Аҳмедованинг фикрига кўра эса, бундай болаларни ўқитишда инклюзив таълим усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки бола ўқитувчига аста-секинлик билан ўрганиб, доимо ёнида бўлган онасини кўриб тинчланиши ва таълим олишга тайёр бўлиши мумкин. Албатта инклюзив таълим орқали болада ижтимоий мулоқот кўникмалари шакллантирилади. Албатта таълим жараёнини бошлашдан олдин мутахассис-шифокор билан   маслаҳатлашиш зарур.

Халқаро аутизм муаммоси ҳақида хабар бериш куни аутизм касаллиги тўғрисидаги турли хил афсоналарга чек қўйиши,  индамаслиги, доимо ғамгинлиги боис “ёмғир болалари” номини олган аутист болалар муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, ота-оналар, шифокорлар, бевосита касаллик тадқиқоти билан шуғулланувчи турли хил мутахассисларнинг ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: