1 832

ЭРТА ТУРМУШНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

Яқинда Андижонга хизмат сафарим чоғида йўлда бир аёл билан танишиб  қолдим. Гапдан гап чиқиб, у  қизини 15 ёшида турмушга берганлигини, афсуски балоғат ёшига етиб, ФХДЁ дан ўтишга улгурмай қадар икки болали бўлишга улгурганлигини сўзлаб берди. Унинг юзидаги чексиз ғам ва афсусни кўриб,  секин сўрадим:

-Қизингиз бахтли эмасми?

-У рўмолининг учи билан кўзига қуйилиб келган ёшини секин артди.

— Ҳаммасига мен ўзим айбдорман. Қайнонамнинг гапига кириб, гулдек қизимни бахтсиз қилдим. “Қолиб кетади, қолиб кетади”, деб қулоқ-миямни едилар. Ўзингиз мана 4 та боланинг онаси бўлиб юрибсиз, дедилар. Мен аҳмоқ…. Ўзим ҳам ёш турмушга чиққаним учун “кўникиб кетади, бахтли бўлади”, деб ўйлабман.

Аёлнинг ғамдан сўлиган юзи, тинмай оқаётган кўз ёшларига қараб раҳмим келди.

-ЗАГСдан ўтганмиди?

Ушбу саволим, унинг энг оғриқли ярасини тирнаб ўтганини, “оҳ” урганидан билдим.

-Йўқда. Никоҳ ўқитган эдик, мана талоқдан кейин қаерга бош уришини билмай ўтирибди. Куёв ҳам қизимни қўйворгани билан икки ҳафта ўтмасидан бошқасига уйланди. Илоягина, болаларини уволи тутсин. Қизимни ўқитсам бўлар экан. Коллежини  биринчи курсида эрга бергандим. Эри ўқишга юбормади. Амаллаб дипломини олдик. Энди нима қилади? Икки болачи?

Аёлнинг кўзидан яна ёш қўйилди.

— Энди ҳаммасини унутиб, қизингизни ўқитинг. Болаларини тарбиясига қарашинг.  Куёвни алиментга беринг, ахир невараларингизни туғилганлиги тўғрисида гувоҳномаси бордир. Унга отасининг исми ёзилгандир?! Худо хоҳласа ҳали қизингизнинг бахти очилади.
Аёл менга миннатдорона қараб қўйди…

Оила қуриш, фарзанд тарбияси инсон ҳаётида энг масъулиятли қадамлардан биридир. Мутахассисларнинг фикрича, ёшларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига бевосита таъсир кўрсатади. Аммо  айрим ота-оналар фарзанддарининг келажаги, соғлиғини ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ҳаракатига тушишади.  Оқибатда на бирор касбга, на олий маълумотга эга бўлмаган қизлар аксарият ҳолатларда янги оилада салкам чўри вазифасида ҳаёт кечира бошлашади. Эрта турмуш қуриш ёш онанинг саломатлиги ва руҳиятига, хаттоки туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатишини эса на қизнинг ва на йигитнинг ота-онаси хаттоки ўйлаб ҳам кўришмайди.

Facebook ижтимоий тармоғида юқоридаги ҳолат муҳокамага қўйилганида юртдошларимиз томонидан кўплаб фикрлар билдирилди. Мана уларнинг айримлари:

Равшанбек Файзуллаев: Эрта турмушга бериш ота-оналарнинг илмсизлигида, деб ўйлайман. Улар ўз фарзандининг бахти, соғлиғини ўйлаб эмас, “қизим қолиб кетса одамалар нима дейди”, деган гапдан қўрқиб яшашади.  

Шахноза Ҳолиқова:  Менинг бир дугонам 16 ёшида эрга текканди. Афсуски, бугунги кунда 3 боланинг ёлғиз онаси! Эри ҳам у вақтларда  ёш эди. Мана энди, “сени севмайман”, деб ташлаб кетди. Бошқа аёлга уйланганмиш. Орада икки қариндош юз кўрмас бўлгани қолди. Ҳозир бечора дугонамга ичим ачийди. Ота уйида уйидагиларнинг қўлига қараб яшайди. Ҳар бир ота-она қизини турмушга узатишдан олдин албатта унга билим бериши, бирор касбга ўргатиши, ҳаётга тайёрлаши лозим, деб ўйлайман.

Шоҳиста Шаҳобова: Аввало, эрта турмушга беришнинг олдини олиш, таълим масканларида, оила ва маҳаллаларда кўпни кўрган инсонлар билан оила қуриш, уни тутиш маданиятини ёшларга ўргатиш лозим.

      Эльмира Тухватуллина: Қизини 15 ёшда турмушга бериш нафақат билимсизлик, балки онгсизликнинг ўзидир. Биз ахир ўрта аср эмас, балки ХХ1 асрда яшамоқдамиз. Касбсиз, маълумотсиз 2 бола билан кўчада қолган 19 ёшли қизнинг тақдири энди нима бўлади? Унинг бахтсизлиги ва ёш умрининг хазон бўлишида айбнинг каттаси ота-онададир. Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва тарғибот ҳамда тушунтириш ишларини кенгайтириш зарур.

Бугунги кунда шифокорлар 16–17 ёшли қизлар турмушга тайёр эмаслиги, ҳо­мила­дорлик ва туғ­уруқ ҳолатида қий­на­либ қолаёт­ганини айтишмоқда. Шифокор кўригига борган қизларга 19–20 ёшларида турмушга чиқишни, йигитларга 20–22 ёшларда уйланишни тавсия қилишмоқда. Икки ёш расмий никоҳдан ўтиш учун тўйдан бир ой олдин жойлардаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идораларига ариза топширади. Шунда уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Тиббий кўрик варақаси тўлдирилган ҳолдагина фуқароларнинг расмий никоҳи қайд этилади. Келин-куёвларни тўйдан олдин мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш талаби бежиз қўйилмаган. Чунки ёшлар яширин тарзда кечаётган бирор дардга чалинган, уни ўзи ҳам сезмай юрган бўлиши мумкин. Камқонлик, юрак-қон томир, буйрак ҳасталикларини даволамай туриб ҳомиладор бўлиш ногирон болалар туғилишига олиб келиши ҳаётда кўп бора исботланган. Хасталикларни оила қуришдан аввал даволаган маъқул. Давлатимиз яратаётган бу каби шароитлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Аммо эрта турмушга узатилаётган қизлар ва уйланаётган йигитлар албатта шифокор кўригидан ўтишмайди, мободо ирсий касаллик мавжуд бўлса, бу ҳолат уларнинг фарзандларида акс этиши мумкин.

 

 

 

 

 

-Ёш оилалар ажримининг асосий қисми эрта турмуш қуриш билан боғлиқ, — дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий маркази Жиззах шаҳар бўлими мутахассиси, Жиззах вилоят Бош Имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Фароғат Сатторова. – Жиззах вилоятида эрта турмушга чиқиш ҳолатлари камайиб бормоқда.  2017 йили айнан шаърий никоҳдан ўтиб, кейин ажрашган ҳолатлар бўлган эди. Аммо бугун марказимиз ота-оналар билан тушунтириб ишларини олиб бормоқда. Тиббий кўрикдан ўтишда ҳам муаммолар мавжуд. Яна мени ҳайрон қолдирган бир нарса, хорижда ишлаб келиб, бир-икки сўм топган ёши катта эркакларга ўзининг 16-17 ёшли қизларини қўрқмай узатишгани. Ёш ва дунёқарашдаги тафовут кўп ҳолатда оиланинг бузилишига олиб келади. Биз нафақат ФХДЁга никоҳдан ўтиш учун ариза топширишга келган қизлар, балки мактаблардаги юқори синф ўқувчилари, вилоятдаги мавжуд коллеж ва лицейларда ўқувчилар, маҳаллаларда қайноналар билан суҳбатлар ўтказиб келаяпмиз. Бу ўз натижасини бермоқда, чунки деярли ҳар бир оилага кириб, эрта турмушнинг асоратларини тушунтириб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги 36 та маҳалладаги Қайноналар кенгашлари билан биргаликда нотинч оилалар, жиноятга мойиллиги бўлган ёшларнинг ота-оналар билан суҳбатлар олиб бормоқдамиз. Ўтган йили ана шу суҳбатлар натижасида қизини эрта турмушга бермоқчи бўлган 3 та  оила ўз фикридан қайтди. Ҳозир қизлар таълим олишмоқда.

Ўзбекистон  Хотин-қизлар қўмитаси берган маълумотларга кўра, 2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида республикада эрта никоҳ қуриш ҳолати 34 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил олти ойида бу рақам биттага камайган. Биргина 2017 йилнинг 5 ойи давомида Қўмита томонидан “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди билан биргаликда, барча вилоятлардаги маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, олий ва ўрта таълим муассасаларида ёшларни жалб қилган ҳолда 345 та қишлоқ, 1076 та маҳалла, 7226 та оилаларнинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиғи ўрганилган. Тиббий кўрик давомида  жами 99459 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган. Улар билан бир қаторда 1838 маротаба “Қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Репродуктив саломатлик”, “ОИТСга қарши кураш” мавзуларида суҳбатлар уюштирилган.  Албатта, ўтказилган тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини беради. Лекин шу ўринда савол туғилади: оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари раислари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан жойларда олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, нега юқоридаги каби ҳолатлар ҳамон давом этмоқда?

— Бу ҳолатнинг  аксарият сабаблари мактаб ва коллежларда қизларга репродуктив саломатлик, ёшлар учун исталмаган ҳомиладорлик ва концераптив усуллар ҳақида маълумот ва таълим бериш етарли даражада эмаслигидир, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволда бўлган хотин- қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи М.Асророва. — Бунда улар ота-оналари ва қизлардан олинган кафолат хатлари билан чекланиши, кўпчилик қизлар кам таъминланган ёки қариндошлари назоратидаги муҳожир оилалар фарзандлари, айрим оилавий ажримлар ҳолатига ҳам эрта турмуш, ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги сабаб бўлмоқда,.

2018 йил 2 февраль куни Президентимизнинг “Хотинқизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллашириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони чиқди. Унга кўра Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш борасидаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича чоралар белгиланди. Мазкур Фармонда тилга олинган ташкилотлар томонидан ўзларига юклатилган вазифалар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, бунинг ижобий натижаси тез кунларда кўзга ташланади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, уй бекаси, жамиятнинг фаол аъзоси сифатидаги зиммасига юклатилган бир қанча вазифаларини тўкис адо этишга қийналади.  Бўлажак она келгусида фарзанд тарбиясига ҳам масъуллигидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир қиз бола маълумотга эга бўлиши, маълум бир касбни эгаллаши шарт. Чунки билимсиз, дунёқараши тор она ҳеч қачон ўз фарзандини жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган фуқаро сифатида тарбия эта олмайди.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Қизларнинг, туғилажак невараларнинг бахтли ва соғлом бўлиши аввало ота-оналар қўлида. Ҳалқимизда “Сўнгги пушаймон, ўзингга душман” деган нақл бор. Минг бора пушаймон қилган билан эса вазият ўзгармайди.

 

Наргис ҚОСИМОВА,

журналист

 

 

 

 

 

Улашинг: