1 367

АЁЛ ЭРКАК ҲАЁТИНИ БАРБОД ЭТАДИ ЁКИ ЮКСАЛТИРАДИ ЁХУД ШЕКИ ХОНЛАРИНИНГ САРОЙИ

Шеки қирликларда жойлашган. Шаҳарнинг юқори қисмида атрофга виқор билан боқиб турган хон саройи (азерб. Şəki xan sarayı) жойлашган. Сарой XVIII асрда қурилиб, қалъа деворлари билан ўралган. Сарой 30 метр узунликка эга бўлиб, 300 м²майдонда 6 та хона, 4 та йўлак ва 2 та ойнаванд айвончага эга. Саройнинг ташқи томони ов ва уруш  лавҳаларини ўзида акс эттирган суратлар, нақшлар билан безатилган. Деразалари турли хил рангдаги рангли Муран шишасидан қилинган мозаика шаклида йиғилиб, нақшли панжара билан тўсилган. Гид Осман Керимовнинг айтишича, сарой шоир, мутафаккир  Хусайн хон томонидан  1761 йилда қурилган. Хон саройи ёзги резеденция  вазифасини ўтаган. Унинг остонаси тахта билан тўсилган, бу   елвизакдан асраган. Нақшлар асосан гянчдан ясалган. Унинг қабулхона мақомидаги асосий залининг шифтида аёл бошли аждар устида ўтирган хон тасвирланган, аждар ўз навбатида ернинг устида турибди. Маъноси эса жуда ҳам фалсафий. Эркак киши ҳар қанча ҳукмрон бўлмасин у аёлга қарамдир, ўз навбатида аёл уни буюкликка кўтариши шунингдек ер билан яксон қилиши мумкин. Бундай фалсафий маънога эга суратларни саройнинг ҳар бир хонасида кўриш мумкин. Бундан ташқари бино деворларида “ҳаёт дарахти” олдида турган товусларни кўриш мумкин. Айнан мазкур қуш доимо шохона ҳаётни акс этган. Сарой мажмуасидаги мачитдан ташқари бошқа бинолар афсуски бизгача сақланиб қолмаган. Ёзнинг иссиқ кунларида сарой ховлисидаги мармар  фаввора олдига қўйилган курсилардан Шекининг бетакрор табиатни  томоша қилиш, тарихга даҳлдор эканлигингдан ажиб бир ҳисни туйиш мумкин.

Икки метрлик одамлар қурган Киш ибодатхонаси

Шеки шаҳри ва атрофида  сайёҳларни эътиборини жалб этвчи кўплаб қизиқарли ёдгорликлар ичида Киш қишлоғида жойлашган албанлар ибодатхонасидир. Тарихий қайдларга кўра, у эрамизнинг I асрда авлиё Елисей  томонидан қурилган.  Ибодатхона бир неча маротаба вайрон қилинган, хаттоки эрамизнинг 7 асрида бу ерда сопол идишларни куйдириш учун катта печь қурила бошланганда. Бехосдан жуда хам узун бўйли одамлар кўмилган қабристонга дуч келишган. Айтишларича айнан бу одамлар эрамиздан олдин шу ерда Ой ибодатхонасини қуришган. Кейинчалик унинг пойдеворида авлиё Елисей насронийлик динини тарқатиш мақсадида мазкур ибодатхонани қад кўтарган.  2000 йилга

қадар ибодатхона мусулмонлар ва насронийлар томонидан бирдай ибодат учун фойдаланилган. 2000 йилда реставрация ишлари бошланиб. 2003 йил сентябрда ибодатхона музейга айлантирилди ва унинг ҳудудидан топилган буюмлар экспонат сифатида фойдаланилди. Гид Фаргана Самедованинг фикрига кўра, ибодатхона деворлари сирли кучга эга. Тўрдаги деворга чақани юргизиб, ният қилсангиз,  у албатта амалга ошар экан. Кишликлар само қуши сифатида товусга сиғинишган. Унинг суратини буюмларда кўриш мумкин. Озарбайжоннинг  ҳозирги ҳудудида эрамиздан аввал ва

эрамизнинг биринчи йилларида албанлар яшагани боис у тарихий манбаларда Албания Кавкази деб юритилади ва ҳозирги кунга қадар бу ерда ислом ва насроний динлари тарафдорлари аралаш истоқамат қилади.

Пахлаванинг 60 дан ортиқ тури ёки даволовчи ширинликлар

Озарбайжон пахлавасини билмаган, уни татиб кўриш орзусида бўлмаган инсоннинг ўзи топилмаса керак. Оғзингизга солганингиз билан эриб кетадиган, болаликда орзу қилган эртакнамо ширинликни эслатадиган ҳақиқий пахлаванинг беҳисоб турини айнан Шеки қандолатчилари пиширишади. Пахлава ва бошқа ширинликларни сотиб олиш учун бу ерга нафақат Озарбайжон, балки қўшни республикалардан ҳам харидорлар келишади.

Бизнинг Озарбайжон ширинликлари билан танишувимиз Баку шаҳридан бошланган бўлсада, Шекида татиб кўрган пахлавалар улардан фарқ қилишини айнан ширинликни тайёрлаш жараёнини кузатганда ҳис қилдик. Асалли, ёнғоқли, фундуқли, майизли пахлавалар, оғизда эрийдиган хамирли сомончалардан тайёрланган холвалар, парварда ва бошқа 25 турдан ортиқ қандолат маҳсулотларини  6 асрдан буён тайёрлаб келаётган Али Аҳмад сулоласи Шекидаги энг машҳур қандолатчилардир. Ширинликларни бу ерда фақат эркаклар пиширишади, аёллар бундай масъулиятли ишга аралашишмайди. Ҳануз ширинликлар тайёрлаш технологиясида бошқалардан сир тутиладиган, авлоддан авлодга ўтиб келаётган рецептлар қўлланилади.  “Али Аҳмад ширноввот уйи” махсус дўконига кирар экансиз териб қўйилган

ширинликдан татиб кўриб, оғзингиздаги ширани атиргул япроқларидан тайёрланган гулоб билан ютишингиз мумкин. Сизга татиб кўриш учун узатилган ширинликни албатта олишингиз ва еб кўришингиз зарур, бўлмаса унинг эгаси хафа бўлади. Айтишларича, Шеки ширинликлари  одамни семиртирмас ва даволаш хусусиятига  ҳам эга экан. Уларни еган одам стресс ва хафагарчиликдан даволаниши, шубҳасиз.

Наргис ҚОСИМОВА,

Тошкент-Баку-Шеки-Тошкент

Улашинг: