1 393

ЛЮДОВИГ ПЕТО: “ЭКОЖУРНАЛИСТ БАРЧА ЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ХУСУСИДАГИ БИЛИМЛАРГА ЭГА БЎЛИШИ КЕРАК

Юртимизда меҳмон бўлган  австралиялик  журналист, сценарийчи, кинооператор, ёзувчи, эколог Людовиг Пето ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан таклиф этилган эди. Людовик Пето ўз ишларида  атроф-муҳит муҳофазасига катта эътибор беради. Унинг New Wave («Янги тўлқин»), Heat Wave («Илиқ тўлқин») каби янги лойиҳалари ҳам бевосита экология билан боғлиқ бўлиб, илиқ тўлқинлардан фойдаланиш ва уларнинг турли хил экотизимларга таъсири, шунингдек тўлқин қувватидан келажакда самарали фойдаланиш билан боғлиқдир.  Унинг экомасалалар борасидаги меҳнати эътибордан четда қолмай, Людовиг Пето  бир неча бор халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Шулар жумласига эволюцион назария ҳақида сўзловчи Ted’s Evolution («Тед эволюцияси») фильми  BAFF Rockie (Канада, 2003) мукофотига лойиқ деб топилган эди.

Фурсатдан фойдаланиб жаноб Петога бугунги кунда жаҳондаги мавжуд экомуаммолар ва уларни бартараф этишда журналистнинг ўрни хусусидаги саволлар билан мурожаат этдик.

-Жаноб Пето нима деб ўйлайсиз, бугунги кунда турли бошқа муаммолар, масалан, бутунжаҳон иқтисодий инқирози, терроризм кабилар давлатларнинг ҳудудий ва глобал экологик муаммоларга бўлган эътиборини сусайтирмаяптими?

— Экологик муаммолар  ҳар қандай даврда ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди. Албатта, бугун инсониятни терроризм сингари янги муаммо  ташвишга солмоқда ва биринчи қараганда у экологик муаммоларга нисбатан анча долзарбдир. Аммо терроризм кўзга кўринадиган, яққол намоён бўлаётган офат бўлса, экологик муаммолар аста-секинлик билан инсонлар ҳаётига хавф солади ва улар доимий равишда ҳамжамият эътиборида бўлади.

— Сиз экологик муаммоларга бағишланган фильмларингиз учун мавзу танлашда нималарга эътибор қаратасиз?

— Журналист биринчи галда ҳиссиётлар билан ишлай олиши керак. Бирорта экологик муаммони ёритишдан олдин у ўша ҳудуддаги аҳолининг кайфиятини, муаммога нисбатан муносабатини ўрганиши зарур. Масалан, мен Кариб денгизида жойлашган оролларда сув кўтарилиши натижасида ҳудудларни сув босиб, аҳоли азият чекиши хусусида қисқа метражли ҳужжатли фильм олган эдим. У ерда иқлим ўзгариши ва иссиқхона эффектининг кўчайиши оқибатида ҳар йили  ороллар ижтимоий-иқтисодий ривожига минглаб долларда зарар кўради. Фильм мазкур мавзуга бағишланган Копенгаген саммити арафасида тайёрланган ва эфирга узатилган эди. Ёки Сидней шаҳрининг яқинида уй-жойлар қурилишида Австралия “Қизил китоби”га киритилган 6 дона қурбақа топилган эди.  Уйни қураётган бизнесмен бу ҳақида шаҳар маъмуриятига хабар берди ва қурилиш тўхтатилди. Бу ҳақида ҳужжатли фильм олиб, биолог Артур Вайтнинг қурбақалар хусусидаги фикрлари орқали  мазкур муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола этдик. Маълум бўлишича, бизнесмен  қурбақалар ҳақида хабар беришга роса иккиланган, аммо айтмаслик оқибатини ўйлаб хабар беришга қарор қилган ва қурилиш тўхтатилиши натижасида миллионлаб доллар зарар кўрган. Австралияда ҳайвонларни муҳофаза қилиш қатъий назоратга олинган бўлиб,  уларга жабр етказиш катта жарима ёхуд озодликдан маҳрум бўлишгача жазоларга олиб келади. Биолог олимнинг фикрига кўра, айни пайтда атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида қурбақаларда номаълум касаллик ривожланмоқда. У охир-оқибат  жониворларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Демак, журналист муаммонинг илмий томонига ҳам эътибор бериши, мавзуга чуқур кириб бориши керак. Ушбу фильмдан асосий мақсад экологлар ва бизнесменлар ўртасидаги ҳамкорликни кўрсатиш эди.

-Ўз фильмларингизни молиялаштириш учун маблағни қаердан оласиз?

— Мен аввало фильм учун сюжет ва унинг қаҳрамонларини топаман. Сўнг ўзим ҳамкорлик қилаётган телеканал муҳаррирларига ушбу сюжетни кўрсатаман. Маъқул бўлса улар пул беришади. Бугунги кунда асосан France 5, Discovery Channel, France 3, SBS ва ABC билан ҳамкорлик қилиб келмоқдаман.

— Сиз Ўзбекистонга ташрифингиз чоғида журналистика факультетининг талабалари ва ёш журналистлар билан учрашган эдингиз. Сизнинг учрашувлардан олган таассуротларингиз….

— Ўзбекистон ёшлари фаол ва қизиқувчан. Журналистика факультети талабалари билан учрашиб,  турли форматдаги медиаконтентни, экология йўналишида ижтимоий роликларни яратиш, экожурналистиканинг ахлоқий меъёрлари  борасида суҳбатлашдик.

Суҳбат давомида маълум бўлдики, талабалар ичида ўзига аниқ йўналишни белгилаб олганлар қаторида  келгусида нима билан шуғулланмоқчи эканликлари ҳақида тассавурга эга бўлмаган ёшлар ҳам бор. Аксариятида мавжуд ҳолатни яхши томонга ўзгарттириш иштиёқи баландлигини кўрдим ва бу мени жуда қувонтирди.

-Инсоният кўпроқ атроф-муҳитга нисбатан кўпроқ яхши ишларни олиб бормоқдами ёки аксинча?

— Бугунги кунда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳамда дунёдаги экологик вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак инсоният кўпроқ Она табиатимизга нисбатан салбий муносабатда бўлмоқда ва бу албатта ўзининг оқибатини намоён қилмай қолмайди. Биргина иқлим ўзгариши муаммосини олайлик. Инсоннинг фаолияти оқибатида  барчага  маълум бўлган иссиқхона эффектининг пайдо бўлиши бир нечта муаммолар, яъни сув тошқинлари, ёғингарчиликнинг қаердадир кўпайиб, қаердадир камайиши,  чўлланиш, атмосферанинг ифлосланиши ва ҳоказоларни келтириб чиқармоқда. Яқин режаларимдан бири  2016 йилда Папуа-Гвинеяда  Мюррей кўли атрофида  иқлим ўзгариши билан боғлиқ экологик муаммоларнинг намоён бўлиши ва  унга маҳаллий аҳолининг мослашув жараёни хақида фильм олмоқчиман. Фильмда жамоат етакчиси бўлган бош қаҳрамонинг муаммо билан қай тарзда курашаётгани ва ўзи ясаган қуёш батареяларини оммалаштириши хусусида сўз юритилади.

-Ўзбекистоннинг ҳудудий ва глобал экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларидан хабардормисиз ва унга муносабатингиз қандай?

—           Мамлакатингизга ташриф буюрмасдан олдин ушбу масала билан қизиққан эдим ва бу ердаги асосий  экологик муаммо сув танқислиги, чўлланиш эканлигидан хабардорман. Орол денгизи фожеаси ва у билан  боғлиқ муаммоларни тилга олганимча йўқ, чунки ҳозир бундан бутун дунё хабардор.

—           Жаноб  Пето сизнингча экожурналистика умумий журналистиканинг бир қисмими ёки унга алоҳида йўналиш сифатида қараш зарурми?

—       Фикримча, экожурналистика  алоҳида йўналиш бўлиб, ҳаётнинг турли соҳаларини қамраб олади. Экологик  йўналишда қалам тебратадиган журналист албатта мавжуд ҳолатни яхши томонга ўзгарттиришга ҳаракат қилиши лозим. Бу ўз навбатида илмий журналистика ҳамдир.Чунки экологик муаммоларнинг инсоният ҳаётининг келажагига таъсири кучлидир.  Экожурналист олимлар билан бақамти ишламаса, муаммонинг илдизини топа олмаса, унинг фаолияти кўринмайди. Шу билан биргаликда экожурналист албатта  барча экологик муаммолар хусусидаги билимларга эга бўлиши керак.  Бунинг бир қисми сифатида ахборот манабалари билан самарали ишлай олиши, экологик йўналишда фаолият олиб борадиган корхона, ташкилот ва муассасалар, алоҳида шахслар ҳақида  ахборот жамланган маълумотлар базасини ташкил этиши зарур.

—       Жаноб Пето, Сизга фаолиятингизда муваффақият тилаб қоламиз. Раҳмат.

 

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди.

Улашинг: