Метрода ёнимда кетаётган йигитча рўпарамизда ўтирган қизни нигоҳи билан кўрсатиб, ёнидагисига шивирлади:
-Анавини қара чаёни бор экан.
Шериги уни тушунмади шекилли, бир ёнбоши билан ўтириб, дугонасига гап сотаётган қизга, бир ўртоғига қаради.
-Зўр экан демоқчимисан?
-Йўғ-ей, билагига қара.
Мен ҳам қизиқиб, йигитча имлаган томонга нигоҳ ташладим. Рўпарамизда ўтирган қизнинг билагига думини гажжак қилиб чаён турарди. Шу пайт бекат эълон илиниб, дугоналар ўрнидан туришди. Поезд бир қалқиб тўхтади. Эътиборимизни тортган қизнинг дугонаси кулганича вагоннинг тепа тутқичидан ушлаш учун қўлини кўтарган эди, белини салгина ёпиб трган кофтаси кўтарилиб, шимининг камар қисмидан “турига ёпишган ўргимчак” кўринди. Буни кўрган йигитчалар очиқчасига кулишди.
-Қара, чаённинг зўри бу ёқда экан…
-Чиқиб келаётган жойини қара…
Қизлар гап ўзлари ҳақида кетаётганини билиб, лабларини буришди-да, елка оша йигитчаларга қараб, “ҳари-иф” деганича вагондан тушиб кетишди.
Бу воқеани кузатиб турган ёши каттароқ аёл бошини чайқаб қўйган бўлса, бошқаси “Эҳ, ёшлар, ёшлар” деганича, яна қўлидаги газетага тикилди.
Афсуски, бугунги кунда ёшларимиз орасида урф бўлаётган боди-арт (инглиз тилидан body art — “тана санъати”) нинг тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Қизларимиз, келинчакларимизнинг “қош-кўзини попукдек, лабини ғунчадек” қилиб қўйишга чақирувчи татуаж салонлари ҳам ёмғирдан сўнг потирлаб чиққан қўзиқориндек кўпаймоқда. Уларда нафақат қош ва лаб, балки тананинг исталган жойига нақш ҳам солинади. Бу хизматни чўнтак кўтарса бўлгани. Шу ўринда тилимизга кириб келган боди-арт тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Мазкур тушунча тилимизга инглиз тилидан кириб келган бўлиб, оммавий маданиятнинг бир тури ҳисобланади ва ижод учун объект сифатида инсон танаси танлаб олинади. Кўп ҳолатларда сурат тананинг очиқ жойларига игна орқали танага ранг киргизиб, сурат чизилади (татуировка). Боди-арт ўз мазмунига кўра нудизм, садомазохизм, натуризм, панк ва хиппи маданиятига жуда ҳам яқин. Умуминсоний маданиятга ўзига хос қарама-қарши йўналишда келиб чиққан мазкур маданият турларининг ҳар бирида боди-арт элементларини топиш мумкин.
Боди-артнинг содда кўринишлари ХХ аср бошларида пайдо бўлиб, рус футуристи М.Ларионов номи билан боғлиқ.. 1960- йилларга келиб, боди-арт Европада кенг тарқалади. Айнан шу йиллари боди-арт вакиллари ўз таналарини ижод материали сифатида намоён қилиб, аксарият ҳолатларда оғриқли амалларни бажаришади. Масалан, француз Ж.Пан сочини йиғилганлар олдида ёқиш орқали, бошига расм солади, австриялик Р. Шварцкоглер ўз танасидан кичик-кичик бўлаклар кесиб олиб, “ярали сурат” яратиш жараёнида қон йўқотиш натижасида шу ернинг ўзида вафот этади. 1960—1970 йилларда Л. Онтани, Р. Хорст, Х. Вилке, П. Коттон, У. Лути, Ю. Клауке, Л. Кастелли, В.Трасов, П.Олешко, Р. Ва В. Герловиналар яланғоч танани турли рангларга бўяб, “модалар фестивалини” ташкил этишади ва боди-артнинг бодипейтинг, яъни танага сурат чизиш йўналишига асос соладилар. Бугунги кунда боди артнинг фейс-арт (юзга расм солиш), нейл-арт (тирноқларни бўяш), менди-арт (танага хина ёрдамида расм солиш), татуировка, пирсинг (тананинг маълум бир қисмини тешиб, тақинчоқ тақиш), скайс (тишни бўяш), кўз имплантлари (кўзнинг оқига расм солиш), скарификация ёки брэдинг (чуқур яралар орқали танага бирор бир нақшни чизиш, тамға босиш) каби турлари мавжуд. Албатта боди-арт тарафдорлари аввало омма ичидан ажралиб туриш, ўз таналарини кўз-кўз қилиш, ўзгалар эътиборини тортишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар ва бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Афсуски, ўсмирлар, ёшлар боди-арт тарафдорларига кўр-кўрона эргашадилар ва таналарига чиздираётган расмларнинг туб моҳиятида маълум бир маъно-мазмун борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Жаҳон халқлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳиндлар, ҳиндулар, Африка, Австралияда истиқомат қиладиган баъзи бир қабилалар дунёқарашлари, диний эътиқодларига кўра таналарига расм чизиб, бўяшган, турли хил тақинчоқлар тақишган. Кейинчалик ўғри, фирибгар, қаллоб, қотил, фоҳишаларга қилган жиноятига қараб танасига турли хил қизиган темир билан тамғалар босилган. Натижада 19 асрнинг охирига келиб, ҳибсга олинган жиноятичилар ўртасида танага турли хил нақшлар (наколкалар) солиш урф бўлади ва улар айнан уларга қараб қамоқхонада маълум бир мавқеъни эгаллашган. Жиноятчилар ўртасида мазкур одат ҳозир ҳам сақланиб қолган. Жиноятчи билаги, қўли, бўйни, танасига чизилган турли хил татуировкаларга қараб, уларнинг нима жиноят қилганлигини осонгина аниқлаш мумкин.
Энди юқорида келтирилган воқеага назар ташлайдиган бўлсак, қизларимиз танасига чизилган чаён ва ўргимчак суратлари жиноятчилик оламида ўз маъносига эга. Чаён зўравонлик, қасос олиш маъносини билдирса, ўргимчак гиёҳвандларнинг ўзига хос белгиси. Шунингдек, мазкур ҳашарот суратини ўғрилар ўз таналарига чиздириб, у тананинг қайси жойидалигига қараб панжара ортида жиноят содир этган тартиббузарлиги учун олган жазосининг турини ҳам англатади. Қизлар бундан бехабар бўлишса керак, акс ҳолда ўзларига бир умр бундай тамғани босмаган бўлар эдилар.
Ҳалқимиз қадимдан аёлни, айниқса қиз болани ҳаёси, одоби, ибоси учун ҳурмат қилади, қадрлайди. Бугунги кунда унинг бу хислатларига қизларимизнинг билими, кенг дунёқараши, ўз юртига, ота-онасига, туғилиб ўсган она тупроғига бўлган меҳр-муҳаббатини қўшиш мумкин. Охирги гаплар албатта йигитларга ҳам тегишли. Ёшлик қилиб, ўз таналарига турли ҳашаротларнинг расмини татуаж орқали чиздирган бу қизлар наҳотки ўзларининг эртанги кунларини ўйламаган бўлсалар? Аслида оммавий маданият онгимизга “одатий ҳол” бўлиб кўринган нарсалар – компьютер ўйинлари, хориж мультфильм ва бадиий фильмлари,бирор бир машҳур артист ёхуд киноактёрга тақлид қилиш, пирсинг, татуаж ва боди-артнинг бошқа турларига берилиш орқали кириб келиб, ўрнашади ва оқибатда ўзлигимизнинг йўқотишимизга олиб келади. Бу ҳақида юртбошимиз И.Каримов ўзининг “Юксак маънавият –енгилмас куч” китобида ҳам таъкидлаб ўтган эди. Қош устига, лаб остига зирак тақиш, думғаза устига расм солиш, ҳар бир гапга инглиз ёки бошқа тилдаги сўзларни қўшиб, ўзини “ўта замонавий ва маданий” деб билиш, аслида ғирт маданиятсизликнинг ўзидир. Муқаддас ҳадисларимизда ҳам инсон ўзига, танасига озор етказиш гуноҳ эканлиги қайд этилади, исломда болани бадҳулқ этиб тарбиялаш эса жамиятга етказиладиган энг катта зарарлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилади.
Зебо АХРОРОВА, педагогика фанларининг номзоди:
-Афсуски, сўнгги пайтлари ёшларимиз умуминсоний маданиятни оммавий маданият тушунчаси билан чалкаштириш, умуминсоний тамойиллар ва қадриятларни эмас, балки иккинчисининг зарарли хусусиятлари орқасидан эргашмоқдалар. Компьютер технологияларининг ривожланиши инсониятнинг олға қадам ташлашига сабаб бўлиши билан биргаликда, эгоцентризмнинг кучайишига олиб келмоқда. Инсон, айниқса вояга етмаган ўсмирлар ва ёшлар ўз қобиғига ўралиб, яқинларидан, жамият манфаатларидан кўра ўз манфаатларини устун қўйиш ҳолатлари юзага келаётир. Бунинг орқасидан эса қандай қилиб бўлсада жамоадан ажралиб туриш, ўзини кўз-кўз қилиш келиб чиқмоқда. Албатта боди-артга берилиб, танасига турли тақинчоқлар тақиб, нақшлар солдириб “ўзига хос” бўлиш осон, аммо баъзи ҳолатларда бир умр баданда тамға бўлиб қоладиган бундай суратларни йўқотиш жуда ҳам қийин. Татуировкани кеткизирш натижасида баданда қоладиган яра изи, ўша қиз ёки йигитнинг қалбида ҳам доғ қолдириши аниқ.. Ёшларимизнинг ўйламай босган ҳар бир қадами қандай салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида албатта биринчи навбатта ота-оналари ўсмирлик даврини ўз бошидан кечираётган фарзандларининг ҳар бир қадамини кузатишлари, дўстлари даврасидан хабардор бўлишлари, энг асосийси фарзандлари билан очиқ гаплашиб, ўғил ёки қизларининг ҳиссий кечинмаларидан бохабар бўлган ҳолда, уларнинг ишончларини қозонишлари лозим. Ёшларимизнинг оммавий маданиятнинг салбий гирдобига тушиб қолмасликлари учун биз педагоглардан ҳам ҳушёрлик талаб этилади. Бунинг учун аввало таълим муассасаларида шифокорлар, руҳшунослар, ҳуқуқшунослар, маҳалла оқсоқоллари иштирокида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб, ўқувчи-ёшларда танқидий фикрлашни, воқеани, келаётган ахборотни таҳлил этиш кўникмаларини шакллантириш, индивидни шахс сифатида тарбиялаш, синфдан ташқари дарсларда, тарбиявий соатларда оммавий маданият турлари ва кўринишларини муҳокама этиш, зарур бўлса мазкур мавзуга бағишланган факультатив дарслар ташкил этиш лозим. Зеро, ёшлар тарбиясига барчамиз масъул бўлиб, буюк педагог Абдулла Авлоний эътирофига кўра, тарбия айнан ҳаёт ва мамот масаласи бўлиб қолмоғи лозим.
Наргис ҚОСИМОВА.