Сурхондарё вилояти Термиз туманига йўли тушган одам бу ернинг энг қадимий ёдгорликларидан бири Қирқ қиз қалъасини зиёрат қилмай кетмайди. Йиллар суронида нураган деворлар ҳануз ўтган воқелардан шивирлайди, сақланиб қолган хоналар бу ерда мутолаа қилган, жангга тайёрланган қизларнинг ҳаёллари, изтироблари, қувончлари билан туйингандек, гуё.
— Қирққиз қалъаси XIV-XV асрларга оид ёдгорлик бўлиб, халқ орасида унинг келиб чиқиши ва тарихи билан боғлиқ кўплаб афсона ва ривоятлар тарқалган. Баъзи маълумотларда келтирилишича, ушбу қалъада ўз ерларини талончи кўчманчилардан ҳимоя қилган Гулойим бошчилигидаги 40 қиз яшаган. Ушбу жой билан жуда ҳам кўп ривоятлар бор, дейди Сурхондарё вилояти Журналистлар ижодий уюшмасининг раиси Норқувват Тўраев. – Ривоятларга кўра, қадимда бу ерда яшаган подшоҳнинг 40 нафар қизи бўлган. Бир куни салтанатга донишманд ташриф буюриб, барча уламолар ва вазирларни баҳсларда мот қилади. Шунда муллалар ундан уч олиш мақсадида подшоҳга унга нисбатан туҳмат қилишади. Шоҳ эса гап нимадалигини аниқламасдан донишмандни қатл этиб, жасадини куйдириб, кулини Амударёга сепишга фармон беради. Фармон ижро этилади. Аммо сувга сепилган кулни дарёда чўмилаётган подшоҳ қизлари бехосдан сув билан ютиб, хаммаси ҳомиладор бўлиб қолишади. Жаҳли чиққан шоҳ қалъа қурдириб, ҳамма қизларини у ерга қамайди. Муддати етгач, уларнинг барчаси 40 та ўғил кўришади. Қалъани Қирқ—қиз деб аташади. Кейинчалик улар подшонинг катта қизи Гулойим (Гавҳар) раҳбарлигида босқинчилардан ҳимоя қилишади.
Яна бир ривоятга кўра, ўз атрофига 40 та ўқимишли қизларни тўплаган малика Гавҳар бостириб келган ёв билан аёвсиз курашади. Унинг 40 та қизи ҳалок бўлади. Қонга беланган малика қалъадан чиқиб, душман шоҳи билан якка курашмоқчи эканлигини айтади ва бошидан дубулғасини олади. Қирқ кокили бели узра ёзилган соҳибжамолни кўрган шоҳ “қани энди менинг аскарларим ҳам шу қизлардек бўлса эди” дея, отдан тушиб, маликани қўлини ўпади ва “Мен Термез гавҳарини кўрдим, менга шу етарли” дея, ўз қўшинини ортга қайтаради. Зўрға турган малика эса ерга йиқилиб, жон беради.
Қалъа тўртбурчак шаклда бўлиб, дунё томонларига мослаб қатъий мужас-самотда бунёд этилган. Қальа тўртбурчак тарҳли (53,3×54,8 м), 1 қаватли, фақат йўлаклар умумий баландликда 2 қаватли бўлиб, хом ғишт (30x30x5 — 5,5 см)лардан қурилган, тоқ ва равоқларида шу ўлчамдаги пишиқ ғиштлар ҳам ишлатилган; қалин девор билан ўралган (ташқи девор қалинлиги2—2,5 м), бурчаклари ҳажмдор буржлар билан мустаҳкамланган; буржлар оралиғида токлар билан ёпилган айвонлар жойлашган, тарзларига бир маромда такрорланувчи туйнуклар ишланган. Ўртасида квадрат шаклидаги ҳовлиси ва унинг 50 га яқин хоналари мавжуд. Қалъанинг барча хоналари ва марказдаги саҳн (11,5×11,5 м) ўзаро йўлаклар билан боғланган. Марказий саҳн ҳовли ёки гумбазли зал бўлган деб тахмин қилинади. Айвон ва йўлаклар бинони 4 қисмга бўлган. Булар: 2 та бир хил тузилган (5 хона ва 3 томонидан ўралган йўлак, эни 2,1 м) шимолий-ғарбий ва шимолий-шарқий ҳамла 2 та жанубий-ғарбий (2 га йўлакча билан боғланган5 та хона) ва жанубий-шарқий (йўлакча билан боғланган 2 та хона ва 3 устунли катта меҳмонхона) қисмлардир. Ўзига хос моҳирона қурилиши орқали гўзаликка ва ҳашамдорликка эга бино орадан гарчи кўп асрлик вақт ўтган бўлсада ўз жозибасини йўқотмаган. Ёдгорликнинг олд қисми
реконструкция қилинган.
Археолог Л.Толстовнинг таъкидлашича, “Қирқ қиз” номи билан боғлиқ ривоятлар ва халқ достонларининг илдизлари милоддан аввалги асрларда яшаган сак-массагетларидаги ривоятлар билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ўша даврларда қабилаларда жангчи қизлар бўлинмаларининг борлиги Юнон ва Рим тарихчилари томонидан ҳам тилга олинган. Бу аёлларнинг жасорати, шижоати, ҳарбий соҳадаги маҳорати эл оғзига тушиб, кейинчалик улар тўғрисида турли ривоят ва достонлар юзага келади. Шу тариқа жой номлари ҳам пайдо бўлган. Олим О.Муродовнинг ёзишича, Ўрта Осиё халқларида қадимдан “Қирқ қизлар”га илтижо қилиб, мадад сўраш одати ҳам мавжуд. Кейинчалик бу одат фолбин аёлларда сақланиб қолган. “Қирқ қиз” ёки форсча “Чилдухторон” номли жойлар Ўрта Осиёда ҳам кўплаб учрайди. Айтиш жоиз, қирқ рақамини эъзозлаш туркий халқларда қадим замонлардан бошланганини деярли барча олимлар тасдиқлашади. Кўп олимлар бугунги кунда ҳам ҳақиқатдан ҳам қалъада 40 та қиз бўлганми, деган саволга жавоб излашади. Аммо бунга ҳануз жавоб топилганича йўқ. Кўпчилик эса қизлар сонининг 40 рақамини сирлилиги билан боғлашади. Чунки қирқ рақами қадим замонларда саноқнинг охири вазифасини бажарган ва бўлиқлик, тўлиқлик, буюклик, илоҳий қудрат тимсоли маъноларини англатган. Қирқ рақами матриархат даврида ҳам кўплик тушунчасининг мифологик ифодаси вазифасини бажарган.
Қалъада 40 та қиз яшаганми ёки ундан кўп муҳим эмас. Асосийси юртимизда қадимдан қад кўтарган мана шундай меъморий ёдгорликлар келгуси авлодда Ватанга, юрт тарихига ҳурмат ва эҳтиром туйғулари шакллантиришга хизмат қилади. Уларни асраб-авайлаш, асл ҳолдича сақлаб қолиш, ўзбек, инглиз, рус ва бошқа тилларда интернет тармоқлари орқали кенг тарғиб қилиш зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Наргис ҚОСИМОВА, журналист