1 393

ОЧИҚЛИК БИЗГА НИМА БЕРАДИ? БИЗ-ЧИ?

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тизимида медиа-марказ ташкил қилинди. Унга таниқли журналист Бобур АЛИХАНОВ раҳбар этиб тайинланди. Устоз журналист билан суҳбатда бўлдик. Миллий журналистикани ривожлантириш масалалари, касб-коримиз олдида турган вазифалар  бўйича фикрлар мазкур интервьюда акс этган.

— Ёш журналистларга ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш, касбий фаолиятда эркин ва ошкора ёзиш, жамият билан ҳамқадам бўлишда нималарни маслаҳат берардингиз?

— Мен катта медиа марказ ёки янги сайт бўладими, талаба ёки энди меҳнат фаолиятини бошлаган журналистми, маслаҳат беришга доим тайёрман. Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, модомики ҳамкасб эканмиз, биз доим бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кези келганда камчиликларимизни ҳам очиқ ойдин айтиб туришимиз керак. Бу шунчаки “Танқид келажак меваси” деган машҳур ақидага амал қилиш учунгина эмас, балки янгиланиб бораётган тезкор давримизда ислоҳатлар моҳиятини тўғри англаш, мураккаб жараёнлар силсиласида эскича андозалар ва ёндашувлар асоратларига яна мубтало бўлиб қолмаслик учун ҳам ниҳоятда зарур. Модомики шундай экан, ҳафа бўлишга, зарда қилишимизга ўрин йўқ.

Журналистика соҳасида 30 йилдан ошиқ вақт давомида ишлаб келаётган бўлсам, афсуски, жуда кўп ҳолатларда айрим ҳамкасбларимиз ўз олдига аниқ мақсад қўймаганлиги, мавзуни ёки қайсидир йўналишни яхши билмаслиги ёки тайёргарлик кўрмагани сабабли нима ҳақда ёзиш ва сўрашни, қандай хулосалар қилишни билмай қолганини кўп кузатганман. Ҳозирда анчадан буён давом этиб келаётган шу тенденцияни йўқотишга ҳаракат қилинаяпти.

Яна бир томони, бизнинг мақола, кўрсатув, эшиттириш, матн ва нутқимизда “сув” кўп. Агар шу ортиқча сувни чиқариб ташласангиз, ғалвирда деярли ҳеч нарса қолмайди. Назаримда, энг катта қусуримиз – қаламкаш дўстларимизнинг кўпчилиги фикрлашни унутиб қўйишган. Агар унча-мунча мулохаза бўлса ҳам сийқаси чиқиб кетган ибора ва қуруқ гаплардан бошқа нарса эмас. Бунда умуман журналист ўз фикрини аниқ ва лўнда ифода қила олиши керак, деган бош талаб ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

— Миллий журналистикамизнинг камчилиги яна нимада деб ўйлайсиз?

— Яқинда медиа-марказимизнинг очилишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Бош прокурори журналистларга мурожаат қилиб: “Қани, менга қанақа саволларингиз бор? Мен барча саволларингизга жавоб беришга тайёрман!” деди. Журналистлар учун бунақа имконият, очиғи шу кунгача бўлмаган. Бироқ, афсуски, ўнлаб ҳамкасбларимиз орасида ҳеч ким ҳеч қандай савол бермади. Билмадим, журналистларимизга нима етишмайди? Дадиллик, қатъият ёки билимми?

Тадбир якунида телевидение каналларидан бирининг мухбири менга “Прокуратурада мульти-медиа марказининг ташкил қилиниши журналистлар билан прокуратура ходимлари ўртасидаги кўринмас деворни олиб ташлайди, деб ўйлайсизми?” деди. Шу вақт менга “Журналистлар ҳуқуқ-тартибот органлари билан уларнинг орасида қанақадир девор бор, деб ўйлаётган бўлса, демак ушбу шартли деворни бунёд қилишга ижодкорларнинг ўзлари ҳам ғишт қалаган десак инсофдан бўларди, – деган фикр келди. Биз: “…журналистларга эркинлик йўқ, танқидий материалларимиз чиқмайди, чиқса ҳам ҳар хил тазйиқ ёки бошқалар бўлади”, дейишга ўрганиб қолганмиз. Аслини олганда, бугун тақдим этилган очиқлик ва ошкоралик шамолига дадил пешвоз чиқа олмаяпмиз, унинг илҳомбахш руҳиятидан ўзимизни ҳам, одамларни ҳам бахраманд қила олмаяпмиз, афсуски.

Бугун журналистикада баландпарвоз гаплар ёки қуруқ сафсата ўтмайди. Ҳозирда одамлар ҳам бунга учмайди. Ҳамма нарса реал шароитда амалий тарзда олиб борилсагина фаолият ривожланади. Мен ўйлайманки, бугун журналистларимиз ҳам ўзининг ишига, касбга бўлган муносабатини ва умуман ёндашувини ўзгартириши керак. Акс ҳолда одамлар бизнинг мақоламизни ўқимайди, радиомизни эшитмайди, кўрсатувимизни кўрмайди, сайтимизга кирмайди. Бу нарсалар ҳаммаси осмондан олиб ёзилгандай бўлади. Шунинг баробарида одамларимизнинг онгидаги бўшлиқни бошқа ёқдан тўлдирилиш хавфи юзага келади. Шунинг учун биз ўз миллий ахборот маконимизни, ўз позициямизни бегоналарга бериб қўйишимиз мумкин эмас!

—Бугунги жадал ислоҳотлар даврида журналист қиёфаси, тимсоли қандай бўлиши керак?

— Бугунги кунда Президентимизнинг ўзи ҳам журналистларни очиқ бўлишга, рўй-рост гапиришга ундаяптилар. Ўзлари ташаббус билан чиқаяптилар, бунақа имконият қачон бўлган? Шундай имкониятдан фойдаланмасликни мен ношукурлик деб ҳисоблайман.

Ҳозир оммавий ахборот воситалари ривожланиб кетди. Бу жараён бир тарафдан ахборот технологияларининг тезкор тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Негаки ахборотнинг тарқалиш қамрови, одамларга етиб бориш йўллари жуда тезкор ва қулай бўлиб қолди. Оддий телефон орқали ҳам кўп нарсани билиш, бажариш ва ҳал қилиш мумкин.

Шу сабабдан ислоҳотларни ёритиш баробарида ҳар биримиз ўзимизда ва иш фаолиятимизда янгиликларни жорий қилсак, энг катта ютуғимиз шу бўлади. Ҳозир одамлар реал ҳақиқатни билишни истайди. Лекин агар биз бу ишни уддалай олмасак ёки ишимизга нотавонлик билан ёндашсак уларнинг ишончини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Ишончни тиклаш эса ўта мушкул вазифа.

 Қандай масалалар миллий журналистикамиз ривожига тўсқинлик қилаяпти?

— Масалалар талайгина. Энг оғриқли муаммо: кадрлар тайёрлаш, улардаги малаканинг пастлиги, савиянинг етарли эмаслиги… Аслида бу ҳолат фақат бизнинг соҳага таъллуқли эмас. Жойимизда депсиниб тураверсак, ҳеч қачон олдинга силжимаймиз. Бир қадам ёки ярим қадам бўлса ҳам фақат олдинга ҳаракат қилиш керак. Айниқса жамият кўзгуси ва энг илғор вакиллари бўлган бизнинг соҳада. Чунки жамият ҳаёти тез илдамлаб кетяпти. Мен тўла масъулият билан айта оламанки, бугун бизга ҳеч қандай чегара ёки тақиқлар йўқ. Ҳар қандай мавзу бўлса, уни қонун доирасида ва умумманфаат йўлида бемалол кўтариб чиқишимиз керак.

Жамиятда медиа тузилмалар кўпайгани сари соғлом рақобат ривожланиб боради. Кимки ахборотни биринчи ёритса ёки долзарб материали билан ўз ўқувчиларини топса, бу фақат алоҳида ОАВнинг эмас, балки барчамизнинг ютуғимиз. Аслини олганда ҳаммамиз битта мамлакат, ягона юрт равнақи учун ишлаяпмиз. Шунинг учун биргаликда ҳамжиҳат фаолият юритишимиз лозим.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди

Улашинг: