1 803

АҚЛЛИ КУЛГИ ЁХУД КУЛГИЛИ АҚЛ

Журналистларнинг тили узун қўли қисқа.

Камбағалнинг бойлиги- сабр.

Тор хонада ўтирсанг ҳам дунёқарашинг кенг бўлиши мумкин.

Қармоққа илинмаган балиқ илинганидан каттароқ туюлади.

Йилнинг янгилангани яхши, одам эскилигича  қолгани чатоқ.

Одам ўзини нодонроқ кўрсатиш учун ҳам ақл керак

Вайсақининг тили жиққа терга ботди.

Йўлда роман ўқиб юрма, ҳаётга туртиниб кетасан.

Ҳаётий тажрианг ортгани сари жуда ҳам оз нарсани билишингни англайверасан.

Суҳбатдошинг вайсақи бўлса қулоқ бериб, унинг касалини зўриқтирма.

Қалби кўрнинг кўзи очиқлигига ишониш қийин.

Кўзи ожизни етаклаб олган одам ён атрофга унданда кўпроқ хавотирда аланглайди.

Супурги кексайган сари қаттиқроқ ва тирнаб супиради

Ит билан ётсанг бурга билан турасан.

Олимнинг сиёҳи ёвузнинг қонидан қадрли.

Билимсизликдан фақат билимлилар азият чекади.

Ўткир мулоҳазаларни миянгдан авайлаб чиқариб олмасанг, бошингга шикаст етказиши мумкин.

Ўзининг фикри бўлмаган одамлар ўзга фикрлар ичида кун кечиради.

Пул танқислигида ақл ишга тушади.

Қонунни яхши билмаган одамнинг дўсти-қонун.

*   *

Касб

Одам жуда кўп жойда тили қисиқ бўлади, бошқаларнинг кўмагига муҳтожлик сезади. Лоақал ўзининг танлаган касб-коринг бобида бировларга қарам бўлмасликка эришиш керак. Лоақал ўз касбингда хўжайиндек ҳис қил, ўзингни инсон!

Мутолаа-қарз

Мутолаа-қарз олиш, ундан туғилган таассуротни оммалаштириш – қарзни узиш.

Тутқинлик ва ҳурлик

Одат яхши, лекин одатларни енга олган одамларгина тараққиёт йўлини кўра биладилар. Шу маънода одат – тутқинлик, одатдан устун келиш — ҳурлик

Сабоқ

Тут тез пишгани учун тез тугайди

Қонуният

Ҳар бир қилган ишингиз ўз тушунчангиз ва имконингиз маҳсулидир.

Ёвуз кўнгил…назокати

“Машҳур” фашист Гиммлер канарейкаси ўлганида йиғлаган, пьесаларда ҳаддан ташқари кўп қон тўкилади, деб Шексперни ёқтирмаган.

Хуршид Дўстмуҳаммад

“Озод изтироб қувончлари” китобидан

Улашинг: