886

ИСЁН

Абдураҳмон жевачи Абдужабборов 1846 йили ҳозирги Жиззах вилояти Фориш туманининг Кўҳнабозор қишлоғида ўртаҳол деҳқон оиласида таваллуд топган. 1866 йили эски мактабга ўқишга кириб, отаси Абдужаббор вафот этгач, ўқишни ташлади ва Михин қишлоғига отасидан қолган 2 гектар ерда деҳқончилик билан шуғулланди. 8 ўғил, 4 қизини илмли, зиёли қилиб тарбиялашга ҳаракат қилди. 1916 йили Россия подшоси Николай П нинг «Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга мажбурий сафарбар қилиш» тўғрисидаги Фармонига қарши кўтарилган Жиззах кўзғолонини қувватлаган боғдонликларга озодлик учун курашда етакчилик қилди.

Кўҳнабозор қишлоғининг чеккасида ён атрофи ҳовлилар билан ўралган бир қабр бор. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича, бундан 88 йил илгари бу ерда оқ пошшога қарши қўзғолган халқнинг мард йигитлари отилган. Ўлиг-у ярадор отишга ҳукм қилинганларнинг ўзи қазиган чуқурга кўмилган. Яна айтишадики, қабр 3 кунгача қимирлаб турган экан. Қишлоқ одамлари уларни қазиб олмасликлари учун бир ҳафтагача рус аскарлари қабрни қўриқлаб, унга ҳеч кимни яқинлаштиришмаган экан…

… 1916 йил 13 июль. Жиззахдан Боғдонга тушга яқин отчопар келди. У оқ кўпик билан қопланган отидан туша солиб, Абдураҳмон жевачининг эшигини қоқди. Абдураҳмон жевачи бундан 10 кун илгари жиззахликлар оқ пошшонинг зулмидан тўйиб, мустамлакачиларга қарши қўзғолганлигини билар, шу боис Жиззахдан хабарчини интиқлик билан кутар эди. Бундан бир неча кун олдин Янгиқишлоқ гузарида оқсоқоллар билан бўлиб ўтган суҳбат фақат оқ пошшонинг мардикор олиш ҳақидаги Фармони ҳақида бўлди. Кубай ота Қўнғирбой аканинг узатган чойидан ҳўплар экан, халқнинг бошига ёғилаётган бало-қазолардан кўп зорланди:

— Оқ пошшонинг гермон билан уруши биз йўқсилларга қимматга тушди. Айни йиғим-терим пайти мардикорликка кетсак болларни ким боқади?

-Тўғри айтасиз,- дея гапга қўшилди Абдурауф Орифжонов,- нарх-наво соат сайин ошади-я. Оқ пошшонинг солиқларичи. Русия ўрмонларида дарахт кесиб ўлгандан кўра, шу ерда она юртда ўлган афзалроқ. Бир бошга бир ўлим. Қўзғалмоқ керак.

Юртдошлари билан бўлиб ўтган бу суҳбатни эслаб ўтирган Жевачи эшик тақиллаганидан чўчиб тушди. Хабарчининг Жиззахда халқ қўзғолганлигини, уларга зудлик билан ёрдам кераклиги ҳақидаги гапларини эшитгач, ўғиллари Довулбек, Сафарбек, Достонларни оқсоқолларни айтиб келиш учун юборди. Уйига тўпланган фаолларга Жиззах қўзғолонини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида зудлик билан барча қишлоқларга хабарчи юбориб, халқни исёнга кўтариш зарурлигини уқтирди.

Жиззах қўзғолонининг қатнашчиси, Абдураҳмон жевачининг невараси Каримберди Довилов ўз отасидан эшитганларини шундай ҳикоя қилади:

— Жиззахда қўзғолон кўтарилганлиги тўғрисидаги хабар атрофдаги қишлоқларга яшин тезлигида тарқалди. Минглаб кишилар, кимдир отда, кимдир эшакда, кимдир пиёда паншаха, ўроқ, кетмонлар билан қуролланиб Жиззах томон йўл олдилар. Бобомнинг топшириғи билан отам Янгиқишлоқ, Кўхнабозор қишлоғи одамлари билан Жиззах томон отланадилар. Бобомнинг ёнларида унинг энг яқин дўстлари Нормурод Ҳасанбоев, Кубай Туришбоев, Абдурауф Орифжонов, Жонқобул Раҳмонжонов, Қўнгирбой Қосимов, Зиёд Сариевлар елкама-елка туриб курашишган.

Боғдондаги маҳаллий маъмур ва бойлар Боғдон пристави Бориллани қўллаб-қувватлаб, қўзғолончиларга ҳиенат қилишди. Қўзғолонга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида приставга хабар беришди. Борилла ўз навбатида маҳаллий халқни Янгиқишлоқдаги масжидга тўплаб, улардан қўзғолон кўтаришни тўхтатишни талаб қилди.

— Зудлик билан исённи тўҳтатинглар. Сен сартларларга Улуғ Русия пошшоси фармонини бажармасликни ким қўйибди,- дея ер депсиниб бақирди Борилла.-Ҳозироқ исёнкорларнинг номларини айтасанлар. Бўлмаса Жиззахдан жазо отряди чақиритириб, ҳаммангни қиришга буюраман.

Орага бир зум чўккан сукунатни кимнингдир «Мардикорликка одам олиш учун рўйхатга олиш тўхтатилмаса ғалаён кўтарамиз»- деган овози бузди. Борилланинг «Ким у, исёнкор» деб бақирганини оламоннинг «Мардикорликка бормаймиз», «Мардикорликка бойларнинг боласи борсин», «Мардикорлик зулмини тортмаймиз» деган овозлари босиб кетди. Халқнинг жунбушга келганлигини кўрган пристав ва бойлар, маҳкамага қочиб, яширинишди. У ерда Жиззахдан жазо отрядини чақириб, ғалаённи бостириш ҳақида режа туздилар. Бундан хабар топган Абдураҳмон жевачи Жиззахга борадиган асосий йўллардан бири, Қоратош қишлоғига ўз соқчиларини қўйди. Борилланинг алоқачилари шу ерда Жевачи йигитлари томонидан ушлаб олинди.

Боғдонда бошланган қўзғолон 14 июль куни бутун Фориш, Синтоб бекликларига тарқалди. Боғдон беклигидаги Шотолиб қишлоғи қўзғолон маркази этиб танланди. Қўзғолонда Абдураҳмон жевачининг фарзандларидан мулла Довил, Сорабек, Достон, укаси Бобобек Абдужабборов, сафдошлари бўлмиш Исмоил ва Иброҳим Аллаевлар, Умар Имомов, Умар Абдурасулов, Эргаш Абдусатторов, Зиёд Сариев, Аваз Искандаров, Синтоб беклигидан Хўжаниез Шербоев, Саврон Ҳасанов, Тулли Мусабоев, Турсунбой Суюндиков каби юзлаб қасоскорлар иштирок этдилар. Айни пайтда улар ҳақидаги тўлииқ маълумот Ўзбекистон Давлат архивида сақланмоқда.

14 июль куни кечаси Абдураҳмон жевачи аввало Боғдон пристави Бориллани йўқ қилиш лозимлиги ҳақида бир қарорга келадилар. Аммо уларнинг режаси амалга ошмайди, чунки Борилла айгоқчилари унга бу хабарни етказиб улгиришган, Борилла эса кўчманчи қозоқлар қароргоҳидан

бошпана топишга улгурган эди. 15 июл куни маҳкамага келган қўзғолончилар, бу ердан приставни топа олмайдилар. Уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган пристав алоқачиси Сибирцевни, ўрмон назоратчиси Бобинни ўлдиришди. Маҳкамадаги барча буюмларни синдиришди. Маҳкамадаги бошқа русларнинг қаршилик қилмаётганлигини кўрган жевачи, ғазабга минган ҳалойиқни тўхтатиб, бегуноҳ қон тўкилишини олдини олиш мАқсадида, қўзғолончиларга мурожаат қилди:

«Ҳалойиқ, Боғдон пристави бу ерда йўқ, кечаси қочиб кетибди. Биз фақат у билан ҳисоб-китоб қилишимиз керак эди. Энди бошқа ўрисларга тегманглар, уларда айб йўқ». Аммо жунбушга келган оломонни тўхтатиш мушкул эди. Шу сабабли Абдураҳмон жевачи ўз ўғилларини чақиртириб, маҳкама ҳамшираси Янковская, ва хизматчиси Клюеваларни ўз уйига олиб бориб, яширишни топширади, шу тариқа рус аёлларининг ҳаетларини сақлаб қолади.

Боғдон қўзғолончиларининг сони соат сайин кўпаяр, Илончи, Анамуна, Ёмчи, Қоратош, Шарилдоқ, Сафарота, Михин қишлоқларидан келиб қўшилаетган йигитлар жиззахликларга бориб қўшилишни давъат эта бошладилар. 14-17 июл кунлари Абдураҳмон жевачи томонидан бекликларга жўнатилган хабарчилар, халқни биргаликда ҳаракат қилишга чақирдилар. Бунинг натижасида Фориш, Нарвон, Мажрум бекликларининг аҳолиси оёққа турди.

Аммо боғдонликлар Жиззах қўзғолончиларига ёрдамга етиб келгунларига қадар, рус қўшинлари Жиззах қўзғолонини бостиришга эришган эдилар. Жиззах шаҳри тўплардан ўққа тутилган, мачит ва мадрасалар вайрон этилган. Барчанинг мол-мулки таланган. Одамларни майдонга тўплаб, бешикда чирқиллаб ётган чақалоқларни ҳам оналарига ечиб олишга қўймай, барчани Жиззахдан 25 км узоқликда жойлашган Қили чўлига сургун қилишган эди.

Бундан хабар топган боғдонликлар чекинишни ўзларига ор деб билдилар ва 20 июль куни Қили арииғи яқинида полковник Афанасьевнинг отрядига ҳужум қилиш режасини туздилар. Биринчи жангда боғдонликларнинг қўли баланд келди. Полковник ўз йигитлари билан шаҳарга чекинишга мажбур бўлди. Аммо иккинчи жангда Афанасьевга Ивановнинг жазо отряди ёрдамга келди. Яхши қуролланган рус қўшинларига қўзғолончилар дош бера олмадилар.Жангда омон қолганлар Молгузар, Нурота тоғларига нажот излаб қочишди. Ўз қишлоқларига қайтиб келганларни эса Жиззахдан куч тўплаб келган Борилла аёвсиз ўлдира бошлади. Борилла бошлиқ жазо отряди Кўхнабозор, Қоратош, Ёмчи қишлоқларида қўзғолончиларнинг уйларига бирин-кетин ўт қўйишар, айбдор деб тахмин қилинганлар, калтакланиб, қамоққа олинар эди. Бир ҳафта ичида 120 киши терговсиз отиб ташланди. Умуман қўзғолонда қатнашмаган юзлаб кишилар қийноққа олиниб, «айбларини бўйинлари»га олгач, кўплари осиб ўлдирилди, турмага ташланди, Россиянинг шимолига сургун қилиндилар

Абдураҳмон жевачи ва унинг бир нечта сафдошлари 21 июль куни ҳибсга олинган эдилар. Тергов хужжатларида қайд қилинишича,1 Абдураҳмон жевачига судда:

— Нега халқни қўзғолонга чорладинг?» деб берилган саволга, Жевачи:

— Сизлар бизни оёқ ости қилдингиз. Мачитларимиз, китобларимиз, тарихий обидаларимизни ёндириб, ўққа тутиб, вайрон қилиб йўқ килдингиз. Динимизни топтадингиз. Бу ҳам етмаганидек, оқ пошшонинг Фармони билан йигитларимизни мардикорликка чақириши халқимнинг сабр-косасини тўлдирди. Биз бирлашиб Туркистон Жумҳуриятини тузмоқчи эдик. Минг афсуски, ўйлаган ўйларим амалга ошмади» деб жавоб берди. Терговдан сўнг, ҳарбий дала суди билан Абдураҳмон жевачи ва унинг сафдошлари ўлдиришга ҳукм этилди.Жиззахнинг Қўтирбулоқ мавзесида дор тикланиб, атрофдаги одамларга сабоқ бўлиши учун, улар зиератгоҳ ҳисобланиш бу жойга ҳайдаб келиндилар. Ҳукм олдидан бошларини қуйи солган оломонга, яктаклари қонга бўялган қўзғолончиларга бир-бир қараб олган дала суди раиси Абдураҳмон Жевачига :

— Ҳалойиқ олдида қилган ишимдан пушаймондаман, товба қилдим десанг, ўзингни ҳам, ўртоқларингни ҳам ўлимдан озод этамиз, – деди.

Абдураҳмон жевачи ғазаб билан жилмайиб турган раисга қараб:

— Мен сотқин эмасман, мен халқим озодлиги учун курашдим, ўз йўлимдан ҳеч ҳам қайтмайман, алвидо юртдошлар, дея сиртмоқни ўз қўли билан бўйнига солди.

Тунда осиб ўлдирилган барча қўзғолончиларнинг жасадлари аравада Самарқандга олиб кетилди ва у ерда яширинча дафн этилди.

Тарихнинг тўлиқ ўрганилмаган, ўқилмаган саҳифалари жуда ҳам кўп. Чор Россияси томонидан асоратга солиниб, мустамлакаларга айлантирилган ҳудудларда 1856 йилдан1916 йилгача 4922 марта катта-кичик галаёнлар бўлиб ўтган. Жиззах қўзғолончилари эса миллий мустақиллиги ва эрки учун курашган халқимизнинг кичик бир қисми эди, холос. Борилла жазо отряди томонидан ўт қўйилган Кўхнабозор қишлоғи култепалари ҳануз сақланиб қолган. Исёнкор боғдонликларнинг янги авлоди мана шу култепалардан бир неча километр узоқликда янги Кўхнабозор қишлоғини тиклашган. Нафақат қишлоқ балки 1916 йилги қўзғолонга оид кўпгина маълумот ва хўжжатлар топилиб, қайта тикланди. Кўхнабозорлик тарихчи-олим Каримберди Давилов бобоси Абдураҳмон жевачи етакчилик қилган қўзғолончиларнинг исми шарифларини деярли 80% фоизга тиклашга эришди, унинг оиласи томонидан салкам ярим асрдан буен боғдонлик исёнчиларга оид хужжатлар, шахсий буюмларни йиғиб, авайлаб –асраб келмоқда. Шунингдек, Кўхнабозор қишлоғида жойлашган 5 ўрта мактабга К.Давилов ва кўхнабозорликлар ташаббуси билан 1999 йили Абдураҳмон жевачи Абдужабборов номи берилди. Борилла маҳкамаси Фориш туман сил касалликлари диспансери тасарруфига берилиб, айни пайтда тоза ҳавога муҳтож беморлар тоғлар орасида жойлашган бу муассасага келиб даволанишмоқда.Аммо тарихимизни келгуси авлодлар учун асраш бизга ҳам қарз, ҳам фарздир. 1886 йили кўрилган маҳкамани ўша машъум кунлар ёди сифатида сақлаш, боғдонлик қўзғолончилар ҳақида барча маълумотларни у ерга жойлаштириб, музей қилиш мақсадга мувофиқ эмасмикан?

 

Наргис ҚОСИМОВА.

2003 йил

Улашинг: