289

ВЛАДИМИР ПОЗНЕР ВАТАНПАРВАРЛИК ВА ЖУРНАЛИСТ ВАЗИФАЛАРИ ХУСУСИДА

Иккинчи очиқ маъруза

Журналист фаолиятида ватанпарварлик нимада кўринади?  Журналистнинг ватанпарварлиги қаерда  ёмон ҳолат, муаммо бўлса, ўша жойни кўрсатишдан иборат.  Чунки бошқа ҳеч ким кўрсатмайди. Сиз бирор маротаба махаллий, ёки федерал ҳокимият  “биз шу ишни ёмон бажардик” деганларини эшитганмисиз?  Мен шахсан эшитмаганман. Ким  бу муаммоларни кўрсатади? Оддий фуқароми?  Ким “Эй, қаранглар! Бу ерда муаммо бор” дея қичқиради? Журналист ҳеч нарсани ўзгарттира олмасада, тўртинчи ҳокимият бу ҳақида ахборот беради, масалага диққат-эътиборни жалб этади.  Бу унинг вазифасидир.   Шу ўринда журналистикадаги мавжуд бир нечта тамойил хусусида сўз юритмоқчиман.

Биринчи тамойил: фақат ҳақиқатни сўзлаш. Бу унчалик ишонарли эмас, тўғрими? Менга эътироз билдиришингиз мумкин: “Ҳақиқат турлича бўлади. У бошқариладиган демократиянинг бир бўлагидир”. Албатта барчанинг ўз ҳақиқати мавжуд — сизники, меники. Агарда мен бугун шанба деб, аммо Японияда бугун якшанба десам ҳам бу айнан ҳақиқат бўлади. Ҳеч бўлмаганда сиз ҳақиқатни айтаётганингизга ишонинг.

Иккинчи тамойил: ўзингизнинг кимгадир нисбатан яхши ва ёмон ҳиссиётларингизни яширинг. Нима ёзишаётгани, нималарни кўрсатишаётганига диққат билан эътибор берсангиз барчаси менга нима ёқади, ёки ёқмайди тамойилига асосланган. Мен фақатгина фикримни тасдиқлайдиган нарсалар хусусида гапираман. Буларнинг журналистикага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Керак бўлса бу тарғиботдир. Чунки сизнинг бурчингиз  – ахборот узатиш. Бу ҳақида сиз  қандай фикрдасиз, умуман бошқа мавзу.

Учинчиси– холис бўлиш. Албатта биз холис эмасмиз, чунки биз роботлар эмас, тирик инсонлармиз. Аммо жуда ҳам ҳаракат қилсак холис ахборот тарқатишга ўрганишимиз мумкин. Чунки ҳар биримиз қачон ўзимиз холис ёки нохолис эканлигимизни жуда яхши биламиз.  Зеро ўзимизни алдай олмаймиз.

Рус тилидан Наргис ҚОСИМОВА таржимаси.