289

ВЛАДИМИР ПОЗНЕР ИНТЕРНЕТ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРНИНГ ЎРНИНИ БОСА ОЛАДИМИ ЁКИ ЙЎҚМИ ДЕГАН САВОЛГА ЖАВОБ БЕРАДИ

Бугунги Россияда  оммавий ахборот воситалари жуда ҳам қийинчилик билан тарққий этмоқда, чунки тўртинчи ҳокимият йўқ. Фақат биттагина ҳокимият мавжуд ва қолганлар — ҳам суд, ҳам қонунчилик  ижро ҳокимияти қарамоғида.  Ахир шундай, тўғрими? Бундай ҳолатда журналистика қандай бўлиши керак?

Журналистлар доимо курашадилар: баъзилар ҳокимият қандай йўл тутишидан қатъий назар – яхшими, ёмонми, жуда ҳам ёмонми, жиноят содир этиладими ёзишдан чарчашмайди.  Қолганлари аксинча ҳамма нарсага ижобий кўз билан қараб,  яхши, жуда ҳам яхши, ажойиб деган фикрни илгари суришади.

Баъзи бир инсонлар Давлат Думасининг депутатлари ёки бирор партиянинг аъзоси бўла туриб, ўзларини журналистлар деб аташади. Ўз материалларини партия интизоми мавжудлиги билан оқлашади (партия шундай қарор қилдими, демак унинг тамойилларини ҳимоя қилиш лозим). Мен билишни истардим, бундай журналистлар омма олдида мазкур партияда амалга оширилаётган ишлар унчалик тўғри эмаслигини  тан ола оладими? Албатта, йўқ. Ҳўш, у ҳақиқатдан ҳам журналистми?

Шу ўринда таққосий бир мисол келтирмоқчи эдим. Жанг майдонини тасcаввур қилинг. Ярадорлар  ёрдам кутиб ётишибди. Шифокор ярадорнинг олдига бориб унинг миллатини сўрашга ҳақлими? Ярадор сўнгги фашист бўлсада, шифокор уни қутқаришга мажбур. У бошқача йўл тута олмайди. Чунки бу унинг бурчидир: у инсон ҳаётини қутқариши лозим. Журналист ҳам  қайсидир маънода худди шу ишни амалга оширади., фақат озгина ўзгача. У “Мен бунга қўшиламан, бунга қўшилмайман, уни қиламан, буни қилмайман” дея олмайди. У фақатгина ўз аудиторияси ҳақида ўйлаши лозим. Албатта бу хавфлидир. Аммо журналист буни амалга ошириши лозим.

Айтишим керакки,  қаерда демократия бўлмаса, журналистика ҳам бўлмайди. Чунки демократия йўқ жойда бир биридан мустақил бўлган ҳокимиятлар йўқдир. Агарда телевидение тўғридан тўғри ёки қисман давлат томонидан бошқарилса, журналистика ҳақида гапириш мумкинми? Албатта, йўқ.

Фикримнинг якунида айтишим керакки, Ғарбий Европа буюк даҳоларни дунёга келтириб,  Уйғониш даврини бошидан кечираётганда Россия муғуллар истилосидан азият чекмоқда эди. Бу истило 250-300 йил давом этди. Агарда бир авлод тараққиётини 20 йил деб оладиган бўлсак, мавҳумлик ва  қулликда қанча авлод эзилганлигини тасаввур қила оласизми? 30, балки ундан ортиқ ҳамдир.

.

 

Бу бизнинг ким бўлишимизга ўз таъсирини кўрсатди. Россия узоқ вақт ёпиқ эди. Мамлакатга ҳеч ким киритилмасди.  Хорижликлар савдо – сотиқ учун келишганда уларннг алоҳида  яшаши учун жой ажратишарди.  Шундай қилиб немис ва бошқа қишлоқлар пайдо бўлди. Нима учун биласизми? Улар  рус одамини ўз фикрлари, дунёқараши учун “зарарламаслиги” учун! Албатта ўша пайти хорижликлар ўз слободалари (қишлоқлари)дан ҳарбийларнинг кузатувисиз ташқарига чиқа олмас эдилар. Бу нарса уларнинг яқинига ҳеч ким йўламаслиги учун қилинарди. Россия Европа давлатлари ичида ўз халқини қул қилган ягона давлат. Крепостнойлик бу ерда 1861 йилгача давом этди. Унгача эрни хотиндан, болани ота-онадан ажратишар, уларни сотишар, калтаклашар, хўрлашар эди. Крепостнойликка барҳам берилиб, деҳқонларга “сиз озодсиз” дейишди, аммо ер беришмади. Улар яна ўз хўжайинларига қул бўлишга мажбур бўлишди. Фақатгина уларнинг фарзандлари, неваралари бошқача ҳаёт кечира бошлашди. Капитализм вужудга келди. Аммо у ҳам узоқ вақт давом этмади. Ҳокимиятни большевиклар қўлга олишди. Колхозчи эркин одам эдими? Уларнинг хаттоки паспорти ҳам бўлмай, четга рухсатсиз чиқа олмас эдилар.

Тарихга назар ташлаб мен нега ҳамон журналистика яхши ривожланмаганлиги ва яқин орада ҳам ривожлана олмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилаяпман. Бунинг учун миллий менталитет, ҳаётга бўлган қарашлар ўзгариши лозим. Бу нарса бир ёки икки авлод ҳаётида тезликда юз бермайди.

Мен доимо ғарб танишларимга “Сиз жуда ҳам шошилаяпсиз. Сизларга демократияга эришиш учун 200 йил керак бўлди, ҳозир ҳам у  мукаммал эмас. Сиз эса бу йўлни биз атиги 20 йилда босиб ўтишимизни истаяпсиз. Бундай бўлмайди. Аммо 200 йилга ҳам бу жараён чўзилмайди.Чунки барчаси тезлашиб кетди. Ўйлайманки  бунинг учун яна 30-40 йил кутишимиз керак. Бир мисол келтирмоқчиман. Мусо пайғамбар Исроил аҳлини 40 йил чўллар аро муқаддаc ерга боришлари учун йўл кўрсатди, аммо ўзи унга етиша олмади. Чунки у қул, банди эди. Том маънодаги  демократия қурилиши учун сўнгги қул йўқолиши лозим. Чунки қулларча фикрлашдан озод бўлиш қийин иш. Аммо бунга эришиш мумкин. Раҳмат.

Таниқли журналист Владимир Познернинг РИА-новости ахборот агентлигида эълон қилинган очиқ маърузалари қисқарттирилган ҳолда берилмоқда.

Рус тилидан Наргис ҚОСИМОВА таржимаси.