360

ВЛАДИМИР ПОЗНЕР ЖУРНАЛИСТИКА ҲАҚИДА

Биринчи  очиқ маъруза

Мен экзистенционалистман, бугунги кун билан яшайман. Эртага нима бўлишидан бехабарман. Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Кўпчилик  эртанги кун ҳақида ўйламайди. Мен эса бугунги кун ҳаётимнинг охири бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда уни тўлиқ яшашга ҳаракат қиламан. Бу  менга ҳузур-ҳаловат бахш этади. Мен сўнгги дақиқада “Буни қилишим керак эди, аммо улгурмадим” дегим келмайди.  Аксинча,  бундай ҳаёт тарзи менга жуда ёқади. Бу менинг сўнгги маърузам. Йиғлаш керак эмас.

Демак, журналистика… Мен учун журналистика нима, уни қандай кўраман, шу ҳақида гаплашамиз. Журналистика хусусида жуда ҳам кўп фикрлар мавжуд.  Мен аввало тадқиқотларимизни маълум бир вақт билан чегараламоқчиман. Чунки антик даврда журналистика йўқ эди.  Тўғри адабиёт бўлган, аммо журналистика анча кеч пайдо бўлганлигини барчамиз яхши биламиз. «Журналистика» тушунчаси  «jour», яъни кун деган сўздан келиб чиққан.  Журналистика – бу шундай нарсаки, у ҳар куни янгилик тақдим этади.

Журналистика бевосита журнал сўзи билан боғлиқ. Илк маротаба нашр XVII асрнинг охирига келиб пайдо бўлди.  Ўша пайтлари журналистларни французча талаффўз билан “журналье” деб атаб, таржимада у ҳар куни янги  нарсани тақдим этувчи инсон маъносини англатади. Бугунги кундаги журналист тушунчаси эса XVIII асрдагина келиб чиқди.  Айнан шу пайтдан бошлаб журналистика “тўртинчи ҳокимият”га айланди. Бу тушунча ҳам французлардан quatrième état сифатида муомалага кириб келди. Аммо тўртинчи ҳокимият бўлиши учун албатта қолган  учтаси бўлиши керак. 1789 йилдаги инқилобдан кейингина реал ижро, суд ва қонунчилик ҳокимиятлари вужудга келди. Биламизки, ҳар бир иш олдиндан тузилган маълум бир режа орқали амалга оширилади. Агарда режа мукаммал бўлмаса, унинг фундаментига қурилган бино охир-оқибат қулаб тушади. Россия журналистикасига келадиган бўлсак,  бу ерда ҳеч қачон журналистика бўлмаган. Чунки олдинги учта реал ҳокимиятнинг ўзи том маънода йўқ эди. Реал, бу бир биридан мустақил бўлган ҳокимиятлардир. Бўлмаса улар ҳокимият ҳисобланмайди. 1917 йилгача Россияда фақат подшо ҳокимияти  бўлган бўлиб, у ҳам ижро, ҳам суд ҳокимияти эди. Барча ҳокимиятлар унга қарам эди. Албатта 18 асрдан бошлаб бу ерда журналлар чиқарилган. Уларда Новиков, Пушкин ижодлари чоп этилган. Аммо бу ёзишмаларни журналистика сирасига киритиб бўлмайди.

1917 йилнинг февраль октябрь ойларида ҳақиқий учта ҳокимият пайдо бўлиши билан мустақил журналистика ҳам шакллана бошлади. Бугун мустақил журналистика хусусида сўз юритсак, унинг мавжуд эмаслигини жуда яхши тушунамиз. Чунки ҳар биримизни журналист сифатида  кимдир ишга олади ва биз ўша одамга қарам бўламиз. Мустақил деганда биз қолган учта ҳокимиятга нисбатан мустақилликни назарда тутамиз. Мустақил журналистика демократияга асосланади. Аммо демократия нима ўзи ва у ҳар бир мамлакатда қандай намоён бўлади? Аввало демократия  халқнинг менталитети, унинг урф-одатлари, анъаналарини инобатга олган ҳолда шаклланади. Масалан, Америка демократияси Швеция демократиясидан тубдан фарқ қилади. Совет Иттифоқи даврида ҳам том маънода журналистика йўқ бўлиб, у тарғибот эди, холос. Чунки журналистни  ўша даврда мафкуравий фронтнинг зобити деб аташарди. Зобит буйруқ олади ва уни сўзсиз бажаради. Агарда яхши бажарса мукофот олади, офицерлик даражасига кўтарилиши мумкин. Генерал даражасига кўтарилиш сиёсий шарҳловчи бўлиш демак эди. Аммо у ҳам  мафкуравий фронтнинг зобитидир. Вазифаси- партия ва хукуматнинг сиёсатини илгари суришдан иборат. Ушбу вазифаларни аъло тарзда амалга ошириш мумкин. Аммо бу журналистика эмас. Журналистика тарғибот бўла олмайди. Албатта ўша даврда ўз касбининг усталари бўлган журналистлари бор бўлган бўлсада, аммо соҳа шаклланмаган эди. Унинг номи бор эди, холос. Қайта қуриш Россияда журналистикани вужудга келтирди. Нафақат Россия, балки барча МДҲ мамлакатларида 90- йилларнинг бошларида газета дўконлари олдида одамлар навбатга туришарди. Нима учун? Албатта жамиятда юз бераётган воқеалар, шу  кунгача яширилган  сирлар, ўз дардларини газета ва журнал саҳифаларидан ўқиш учун соатлаб навбатга туришган. Телевизордан баъзи бир дастурлар намойиш этилаётганда кўчада одам қолмасди. Ҳамма янги нарсани кўриш учун интиларди, аммо ҳеч ким  ҳақиқий журналистиканинг пайдо бўлганлигини билмас эди.  Ҳозир бу ўта қизиқ туюлиши мумкин.  Афсуски бу жараён узоқ давом этмади.

Ўша пайтлари АҚШда Колумбия журналистика мактабида профессор, таниқли журналист Фред Френдли  фаолият юритарди. Мен мазкур даргоҳни ҳақиқий журналистларни тайёрлаш мактаби, деб биламан. Чунки бу ерга бошқа касб эгалари айнан журналистика соҳасини эгаллаш мақсадида келишади. Журналистика факультетини ташкил этиш ва ёшларни ўқитиш — бу соҳа устидан кулишдир. Қандай қилиб эндигина мактабни битирган 18  ёшли  йигитча журналист бўла олади? Унинг аудиторияга айтар гапи борми? У бу дунёни тушуниб етганми? Колумбия журналистика мактабида эса биринчи олти ой давомида журналист бўла олмаслигингизни сизга исбот қилишга уринишади. Сиз эса унинг аксини исботлашга ҳаракат қиласиз.  Сизга аниқ вазифа беришади, сиз уни бажарасиз, улар эса ёзиб келган нарсангизни ахлат қутига ташлаб: “Менинг вақтимни олаяпсиз, бу ерга бошқа келманг” дейишади. Баъзилар қайтиб келишмайди, баъзилар хаттоки йиғлаб,  ёлворишади, қолганлар эса яна ва яна қайтиб келишади. Айнан ана шу одамлар ҳақиқий журналист бўлиб етишишади.

Бир куни Френдли америкалик журналистларни аудиторияга  йиғди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Чунки ўша пайтлари Америка телевидениесида Фил Донахью билан биргаликда ишлардим. Ҳаммага синчиковлик билан қараб чиққач, Френдли гап бошлади:

-Ҳамкасблар, сизнинг олдингизга бир чигал вазифани қўймоқчиман. Тасаввур қилинг сиз АҚШ мудофаа вазиридан интервью олаяпсиз. Унинг кабинетида ўтириб, суҳбатлашмоқдасиз. Телефон жиринглайди. Вазир гўшакни кўтаради-да: “Ҳа, албатта, раҳмат” дейди. Сўнг сизга юзланиб, “Кечирасиз, 3 дақиқага ташқарига чиқишим керак. Ҳозир келаман” дея чиыиб кетади. Албатта, сиз унинг ёзув столи устида нима борлиги билан қизиқасиз, тўғрими? Чунки сиз журналистсиз. Унда “Ўта махфий” ёзуви билан қоғоз ётганлигини кўрасиз. Қоғоз сизга тескари бўлсада, сиз уни ўқий оласиз, чунки сиз ҳақиқий журналистсиз-ку! Агарда сизга тескари ётган қоғоздаги ёзувни ўқий олмасангиз, албатта ўрганинг. Бу жуда ҳам фаолиятингизда керак бўлади. Унда ёзилишича АҚШ бошқа мамлакатга 10 кундан сўнг  уруш эълон қилади. Албатта бу ёлғон эмас. Вазир ҳам сизни синаб кўриш учун қоғозни қолдирмаган, у шошилиб, уни яширишни эсдан чиқарган, холос. Вазир қайтиб келади. Сиз аниқлаган ахборотни нима қиласиз? Сизларга ўйлаш учун бир дақиқа вақт бераман.

Атиги 30 сониядан сўнг барча “Биз тайёрмиз”, дейишди. “Тайёрмисиз?!” дея қайта сўради Френдли.  “Ҳа, тайёрмиз. Биз мазкур  хабарни оммалаштириш учун қўлимиздан келган ишни қиламиз. Бу бизнинг вазифамиз ва бурчимиздир. Бизнинг фақатгина ўз аудиториямиз олдида бурчимиз бор. Мамлакат президентининг ҳам, ҳукуматнинг ҳам, таҳририят раҳбарининг ҳам олдида эмас. Бизнинг бурчимиз бизни кўрадиган, эшитадиган, ўқийдиган  инсонлар олдида бўлиб, уларга максимум ахборот беришдир. Бу ахборот бевосита уларга тегишлидир. Биз  уларни хабардор қилишга мажбурмиз. Аммо буни уддалай оламизми ёки йўқ, бу бошқа масала. Чунки бу ишни амалга оширишга йўл қўймасликлари ҳам мумкин. Чунки уларнинг оталари, эрлари, болаларини урушга жўнатишади.  Это их детей, мужей, братьев отправят на войну. Мы обязаны это сделать. Биз буни албатта бажарамиз”.

Кейинчалик  мен бу саволни жуда ҳам кўп журналистларга бердим. Жавоблар таҳминан  қуйидагича эди: “Мен бу хабарни ҳаммага ёйсам, ватанпарварлик  бўлмайди”. “Мен вазирдан сўрар эдим: Жаноб вазир, бизнинг мамлакатимиз бошқасига уруш эълон қилмоқчи эканлиги ҳақида миш-мишлар юрибди. Шу гап ростми?”. Шунда мен ушбу журналистга дедим: “Тасаввур қилинг мен вазирман ва мен сизга жавоб бераман: бу буҳтон. Турли хил ланъати мухолифчиларнинг ёлғони. Кейинги саволингиз?”

Бугунгу кунгача  мен фақатгина битта одамдангина “Ушбу ахборотни  ўз аудиториямга етказишга ҳаракат қиламан” деган жавобни олдим. Фақат биттадан! Агарда менга “Мен бундай қилишдан қўрқаман” дейишса тушунардим. Аммо Америкада ҳам  барча журналистлар шундай жавоб беришган бўларди, деб ўйламанг. Чунки бу давлат сирини ошкор этиш  демакдир.У ерда ҳам дарҳол бундай ҳаракат учун қамоққа олишади. Демак, ҳар ким ўз виждони ва бурчидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши зарур.

Рус тилидан Наргис ҚОСИМОВА таржимаси.