140

-Вой эгачи момоларимизнинг арвоҳларини зор қақшатиб, қизингизни ғирт бегонага бермоқчисиз, деб эшитдим? Ўзимизда ҳам ойдай йигитлар бор. Мана мени ўғлимни олинг. Ўқимаган бўлса нима бўпти, ҳозир билсангиз ўқигандан қўлида ҳунари бори кўп пул топаяпти. Рўзғорни, оилани нима ушлайди-пул! Бекор бувиларимиз рўзғор-ғор  демаган, худди таги тешик лўлининг тўрвасига ўхшайди, неча сўм бўлса ҳам кириб кетади. Ана Саодатнинг келини Фотима кунида бизникида, қизимнинг олдига чиқиб йиғлармиш. Холамнинг ўғли ўқимаган деб тегмовдим,  аммо тагида мошина, хотинига қўша-қўша тилла олиб бераяпти. Акбар акам бўлса у ойликдан бу ойликка қараб ўтиради. Келинликда тиктирган кўйлакларим ҳам йиртилиб адо бўп қолди, деб. Шунинг учун ўқиганни қидирманг, овсин. Ўғлим мошина таъмирлайди. Кунда қора мойга беланиб келса ҳам, чўнтаги тўла пул. Пулга қора мой текканми ёки йўқми бунинг фарқи йўқ, энг  аввало унинг борлигида. Гулчеҳрани анчадан буён кўз остимга олиб юрувдим, хўжайинингиз Султон акамлар ҳам рози, нега сиз тунингизни тескари кийиб олгансиз, ҳайронман. Ахир ўртада хўжайинингиз, менинг эрим момоларининг арвоҳлари турибди-я, уларни норози қилиб, Гулчеҳрани ўқиган деб бошқага берсангиз, бахтли бўлмайди.

Қудаларининг тўйига кетаётиб, овсини Норхолнинг олдига ўтирганига минг пушаймон еб, кетаётган Султонпошша, ҳорғин кўзини юмди. Қизи бу йил тиббиёт коллежини битиради. Орзуси олийгоҳга кириб, ўқишини давом эттириш. Аммо хўжайини ҳам, қариндош-уруғи, қайнонаси ҳам Гулчеҳрани эрга бериш пайида. Она бўлиб ўз боласининг тақдирига ҳам эгалик қила олмайди. Ўзи ўқимаганига яраша қизи ўқисин, одам бўлсин девди. 17 ёшида бошига рўзғор ташвиши тушиб, бу дунёдан инсон, шахс сифатида ҳеч нарсага эришмай, ўз орзуларини кўролмай ўтиб кетадими? Мактаб пайти ўзи ҳам аълочи, кимё фанини жону дилидан яхши кўрар, хаттоки республика олимпиадасидан биринчи ўринни  олган эди. Аммо отаси қиз бола ўқиб, менга дунё олиб берадими, шаҳарда бир қилиқ чиқариб мени шарманда қилади, деб ўртоғининг ўғлига узатди. Бошидан не кунлар ўтмади, дейсиз. Худога шукр хўжайини яхши, меҳрибон одам. Аммо онасининг айтган гапидан чиқмайди, ўзининг фикри йўқ.. Заводда ишчи бўлиб ишлаб,  27 ёшида ўнг қўлини дастгоҳ чайнаб кетиб, бир умрга ногирон бўлиб қолди. Бутун рўзғорнинг оғирлиги эндигина 19 га кирган Султонпошшога тушди. Онасидан палак, чойшаб тикишни ўрганган ёш келинчак кечалари билан мижжа қоқмай тикиш қилиб, тонг саҳарда ёнларидаги поликлиниканинг полини ювиб, амаллаб рўзғор тебрата бошлади. Уч боласи орқама-кетин туғилиб, эндигина уларнинг бўйи етганида оғзи ошга тегди-ю, аммо уйқусиз тунлар, ярим оч кунлар ўз ишини қилиб бўлди. Эндигина 45 га киради-ю, аммо 65 ёшли кампирга ўхшайди.

Султонпошшани аччиқ хотиралардан яна Норхолнинг шанғиллаган овози халос этди.

-Нега миқ этмайсиз, ахир сизга гапираяпман. Ҳозир рози бўлмасангиз кейин кеч бўлади.Ўғлимга тегадиган қиз кўп, Гулчеҳра бегона бўлмасин девдим-да.

-Овсинжон, хафа бўлманг-у, Гулчеҳра яқин қариндошга тегмайман, бўлмаса болаларим ногирон бўлиб туғилиши мумкин девди. Коллежидаги ўқитувчилари шундай дебди. Ахир на сиз, на мен бундай бўлишини истамаймиз, тўғрими? Соғлом невараларни боқишга, уларнинг бахтини кўришга нима етсин? Дўхтирлар ҳам бир нарсани билиб гапирар.

Норхол Султонпошшанинг гапини охиригача эшитмай, автобус шовқини-ю, тўйга кетаётган хотин-халажнинг овозини босиш учун бақириб гапира бошлади.

-Энди шу қизингизни мендан, ўз овсинингиз у ёқда турсин, хўжайинингизни акасидан қизғонаяпсизми? “Қўйнидан тўкилса қунжига” деган гап бор. Мен аҳмоқ момоларимиз арвоҳлари норози бўлмасин, қариндошчилигимиз, борди-келдимиз узилмасин дебман. Суф сизга, сизни юрагимга яқин олиб ўтирибман-а. Норхол лабларини буриб,  Султонпошшага юзини буриб олди. Шу пайт хотин-халажларнинг қий-чуви, автобуснинг ғийқиллаши тўйхонага етканликларидан дарак берди. Ҳамма гурра ўзини эшикка урди. Ноғора ва карнай-сурнайнинг овози бир неча дақиқа олдин икки овсин ўртасида пайдо бўлган тушунмовчилик кўпригини бузиб ташлагандек бўлди.

Султонпошшонинг эри Гулчеҳранинг қаршилигига қарамай акасининг ўғлига қизини узатди. Икки ёшнинг тўйи бундан бир ой олдин овсинлар қатнашган тўйдан кам бўлмади. Махалладошларнинг бир қисми ака-укалар қуда бўлишганини қўллаб-қувватласа,  қолган ярми  “афсус” дегандек бош чайқарди.

Ўртани пастқамгина девор ажратиб турган ҳовлиларда катта бўлган Салим билан Гулчеҳра ака-сингилдек бўлиб ўсишгани боисми, бошида ўзларининг янги мақомларига анчагача кўника олмай юришди. Буни сезган Норхол келинининг ҳомиладор бўлмаётганига ишора қилиб,  пайти келди дегунча гап билан уйиб оларди. Бугун ҳам дастурхонни йиғиштираётган Гулчеҳранинг озғин, рангпар юзига тикилар экан телевизор кўриб, чой хуплаётган эрига эшиттириб деди:

-Қани энди мен ҳам невара кўрсам, олти ойдан бери шуни орзу қиламан. Дадаси сиз ҳам неварангизни ҳозир бағрингизга олиб ўтирган бўлармидингиз, а? Нима дейсиз келин пошша?

Гулчеҳра қизарганича шоша-пиша дастурхонни йиғиштирди-да, идиш-товоқларни кўтарганича ошхонага йўналди.

-Бунпча бечорани тинч қўймайсан. Ўғлимни фақат жиянимга уйлантираман деб қулоқ-миямни еювдинг. Биламан, ҳаммасига овсининг якка қизига олиб қўйгане тилла тақинчоқлари сабаб бўлди.  Султонпошшо Гулчеҳрага олиб қўйган тилла тақинчоқларини сенга кўрсатгани ҳақида тшлиб-тошиб гапирганинг ёдимда, шундан сўнг тинчинг бузилиб, қиз бечорани келин қилишга тушдинг. Ҳеч бўлмаса битта узугини қайтариб бер. Янги келин, у ҳам тиллаларини тақсин. Овсининг олдида нима деган одам бўламиз?!

-Э сиз нимани ҳам билардингиз, ўқишга борганида юқотиб қўяди, деб олиб қўйганман. Коллежини битириши билан қайтариб  бераман. Ахир ҳозир гап бошқа ёқда, бир ўғлингиз билан гаплашиб қўясизми, ўзи нима гап, нега Гулчеҳра ҳануз ҳомиладор эмас, шунга ҳайронман.

-Бўлмағур гапларни қўй, вақти келса ҳаммаси бўлади. Собир ака пиёлани хонтахтага тункариб, чопонини елкасига ташлади:

-Мен бир гузарга чиқиб келай.

-Ана, мен гап бошласам, сиз доимо гузарга отланасиз, бундоқ дардимни эшитадиган одам ҳам йўқ. Собир ака хурсинганича Норхолнинг охирги гапларини эшитмай ташқарига чиқди.

Октябрь ойининг смўнгги кунлари. Кундузи қуёш ҳануз қиздирсада, кечқурунлари баданни жунжиктирувчи совуқ тушади. Осмонни ҳам қора булут қоплаб, бир-икки томчи ёмҳир Собир аканинг бурнига тушди. Ҳовлининг чеккасидаги ошхонада идиш-товоқларнинг шақир-шуқури эшитилди. Гулчаҳра идиш юваётган бўлса керак. Собир ака жиянининг сўнгги кунларда тобора сарғайиб бораётган юзини эслаб, ошхочна томон бурилди.

Гулчеҳра қайнотасини кўриши билан ўрнидан турди.

-Ишингни қилавер қизим,  фақат сўрамоқчи эдим. Мободо бирор жойинг оғримаяптими? Икки-уч кундан бери тузук овқат ҳам емайсан, кулмайсан ҳам ёки Салимжон сени хафа қилдими?

-Йўқ, дадажон. Фақат ўзимни ғалати сезаяпман, бошим ҳам оғрияпти. Чарчоқдан бўлса керак, ҳозир ўқишларим ҳам кўпайиб кетган, ҳаммасига улгурмаяпман.

-Ўзингни асра, ахир сен менга келин эмас, қизи м, ўзимнинг жигаримсан.

Собир ака ташқарига чиқиб кучайган ёмғир томчиларига бироз юзини тутиб турди-да, қайтиб уйга кирди. Норхол телевизорда берилаётган корейс сериалига анқайганича ўтирарди.

-Менга қара хотин, сал келинингга эҳтиёт бўл, мазаси йўқроқ шекилли, ғалати бўлаяпман, деди. Ҳамма ишни унга қилдиравермай иккита қизингга ҳам қилдир. Гулчеҳра ҳам одам.

Норхол эрига жавоб бериб улгурмасдан Собир ака ташқарига чиқиб кетди.

Гулчеҳра ҳомиладорлигини аввало Султонпошша сезди. Ҳар домгидек ўқишдан келиши билан онасиникига бирров кириб чиқадиган Гулчеҳрани кўрган Султонпошша қизининг зағил юзи, киртайган кўзларига қараб аҳми келди. Унинг овқатланиб олиши учун олдиндан тайёрлаб қўйган лағмонни Гулчеҳранинг олдига қўяр экан, келинчакнинг лағмон сувидан бир қошиқ хўплаши билан ўқчиб юборганини кўриб, қувончини яшира олмади.

-Ҳомиладормисан, қизим. Ёки эрталаб бирор ёқмаган нарса еганмидинг?

-Йўқ ойижон, эрталабдан бери туз тотганим йўқ. Кечадан бери ўз-ўзидан кўнглим айнийди. Ўзингни зудик билан духтирга кўрсат. Ўзинг ҳам беш дақиқа  духтирсан-у, барибир тажрибаси бор одам кўрган яхши-да.

Гулчеҳранинг ҳомиладорлигини эшитган Султонпошша бир куннинг ичида буткул ўзга одамга айланганидан Собир ака ҳам, ўғли Салимжон ҳам ҳайрон. Уй юмушларини ббуткул ёш келинчак елкасига ташлаган Норхол эндиликда икки қизини тинч қўймас, Гулчеҳрани асраб-авайлар эди. Овсининг қизини тилла тақинчоқларини олиб қўйганини эшитганидан бери тўнини тескари кийиб юрган Султонпошша ҳам бу қувончли хабардан сўнг Норхолларникига тез-тез чиқа бошлади.

Ёз чилласида Гулчеҳранинг кўзи ёрди.  Чақалоқ нимжон, овози зўрға чиқарди. Боласининг кампир мисол буришган юзи, яккам-дуккам сийрак сочларига термуллар экан Гулчеҳра наҳотка ана шундай бир парча гўшт кап-катта одамга айланса, дея ҳайрон қолганича ўғли Суҳробжонга тикиларди.

Орадан 8 ой ўтсада Суҳробжон қўлтиғидан ушлаб турғизса-да, оёғини яхши босолмади. Бундан хавотирланган Гулчеҳра юрагини икки ойдан бери кемириб келаётган гумонларини эрига айтди.

-Қўйсангчи, энди тиббиётдан хабарим бор деб, бўлар булмас ҳаёлларга бораверасанми. Ойимлардан сўра, мен неча ёшда юрган эканман, ҳалигача аранг икки ёшда оёққа тургансан, деб кулишади. Мана худога шукр соппа-соғман.

Бу гапни қайнонасига айтиб эса балога қолди.  Суҳробжонни эмлатишга олиб чиққан Гулчеҳра оилавий поликлиникадаги педиатрга ўғлини кўрсатиб, кўзига қуйилиб келган ёшни тўхтата олмади. Султонпошшога ёрдам сўраб мурожаат қилган келинчак Суҳробжонни тўлиқ текширувдан ўтказишга муваффақ бўлди. Болакай туғма ногирон эди.

Бу хабарни эшитган Норхол бор айбни Гулчеҳрага тўнкади. На Собир ака, на Султонпошша, на Султон ака Норхолга бас кела олишмади. Эндиина келинлик, оналик бахтидан қувончга тўлган Салимжон билан Гулчеҳра ажрашишди. Икки ака-ука қудаларнинг ҳовлиларини ажратиб турувчи пастқам девор бузиб ташланиб, қариндошчилик, қудачилик ришталарини мутлақо узган баланд девор урилди.

Наргис ҚОСИМОВА