281

“…НУРЛАН УНИНГ МАҚСАДИНИ БИЛИБ, ТЕЛЕФОНИНИ СИНДИРИБ ТАШЛАДИ…”

Эри Суюмгулга (исмлар ўзгартирилган) Қозоғистонга кўчиб кетишларини айтганида, аввалига бундан жуда хурсанд бўлди. Чунки қизлик уйида ота-боболари хоки ётган юртга қайтиш ҳақидаги гап-сўзлар дастурхон атрофида тез-тез қўзғаларди. Мана, Суюмгул турмушга чиққач, эри Нурлан ҳам Қозоғистонга қайтиш ҳақида гапира бошлади. Аммо бирин-кетин туғилган тўрт нафар фарзанд сабаб бу қарорни ортга суришга тўғри келди. Вақти-соати етиб, улар Қозоғистонга кўчиб боришганида, фарзандларининг тўнғичи мактабга борарди. Тез орада Нурлан квота бўйича фуқароликни олди. Суюмгул эса факат вақтинчалик яшаш мақомига эга бўлди. Аммо Қозоғистонга келгач, Нурлан умуман ўзгариб қолди. У арзимаган сабаблар билан хотинига қўл кўтарар, баъзида эрининг калтакларидан сўнг Суюмгул бир неча кунлаб ўрнидан туролмай ётарди. Бу эса Нурланни баттар ғазаблантирарди.

Сўнгги маротаба уйга маст аҳволда келган Нурлан овқати тайёр бўлмагани учун Суюмгулни бўралатиб сўкиб, фарзандларининг кўзи олдида юзига тарсаки тортиб юборди. Катта ўғли “Аямни урманг”, деб дадасининг қўлига осилган эди, у ўғлини ҳам уриб юборди. Ўғли боши билан деворга қаттиқ урилиб, оғриқ ва аламдан йиғлаб юборди. Бошқа болалари ҳам қўрқиб кетиб, акаларига қўшилишди. Нурлан “Ўчир баринг овозингни”, деб бақирганича, ташқарига чиқиб кетди. Амаллаб ўрнидан турган Суюмгул болаларини овутди. Уларни овқатлантирди. Ётоқхонага кириб кетган эрининг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилиб, фарзандларининг нарсаларини йиғди. Эртаси куни Нурлан ишга кетиши билан болаларини олиб, Ўзбекистон чегараси томон отланди. Аммо болаларини олиб ўтишга эрининг рухсати бўлмагани сабабли чегарадан ўта олмади, ортга қайтишга мажбур бўлди. Бу орада ишдан уйга қайтиб, хотини ва болаларини топа олмаган Нурлан нима қилишини билмай, боши қотиб ўтирганди. Қайтиб келган хотини билан болаларини кўриши билан Суюмгулга бақириб, яна қочиб кетадиган бўлса, ўлдиришини айтди. Хотинининг паспорти, болаларининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини олиб қўйди.

 

Шу воқеадан сўнг калтак ва камситишлар баттар авжига чиқди. Эри ишга кетганида Суюмгул опасига телефон қилиб, уни олиб кетишларини йиғлаб илтимос қилди. Хотинининг телефонини титиб кўрган Нурлан, унинг мақсадини билиб, телефонни синдириб ташлади. Суюмгулга эса ҳозироқ уйдан чиқиб кетиши мумкинлигини, аммо бундан кейин у болаларини ҳеч қачон кўрмаслигини айтди.

Аммо аёл нима қилиб бўлса ҳам бу зўравонлик доирасини ёриб ўтишга қатъий аҳд қилди! Яна бир бор опасига телефон қилиш ва ундан ёрдам сўраш йўлини топди.

 

Опаси синглисиниг тақдиридан хавотирланиб, “Истиқболли авлод” Республика ижтимоий-ахборот марказининг Қорақалпоғистон бўлимига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ўз навбатида, Марказ ҳуқуқшуноси Марказнинг Қозоғистондаги ҳамкори “Мейрим” ННТга мурожаат қилди. Улар аёлни топишга муваффақ бўлишди ва у билан қаттиқ ишлай бошлашди. Марказнинг ҳуқуқшуноси ва психологи Суюмгул билан учрашиб, унга психологик ва юридик маслаҳатлар беришди. ННТ ҳуқуқшуноси ажрим борасидаги ҳужжатларни тайёрлай бошлади ҳамда Нурландан фарзандларини Ўзбекистонга кетишига розилигини олиш учун бир неча маротаба суҳбатлар ўтказди.

 

Айни пайтда Суюмгул ННТ ходимлари билан доимий равишда алоқада бўлиб турибди. Бошпанадан вақтинчалик жой бериш тўғрисидаги таклифни жувон рад этди. Унинг бирдан бир мақсади – эри болаларининг кетишига рухсат бериши билан Ўзбекистонга қайтиш. Ўзбекистонда уни ота-онаси, опаси ва акаси кутишмоқда.

 

Шуни унутмангки, сизнинг яшаш манзилингиздан қатъи назар, зўравонликдан қочиш ва жабрланишдан реабилитация қилишга беминнат ёрдам қўлини чўзувчи одамлар ва ташкилотлар доим топилади!

«ISTIQBOLLI AVLOD» Республика ижтимоий-ахборот марказининг “Ишонч телефони”:

+99895 605-94-94.

Наргис Косимова

Улашинг: