519

Кўчирмакашларни тайёрлаяпмизми ёки журналистларни?

Мазам бўлмай, жуда ҳам қаттиқ асабимга теккан бўлса ҳам ёзишга ҳолим бўлмаган эди. Кичик бир воқеадан кейин журналистика факультетлари керакми ёки қизиққанлар семинар-тренингларда малакасини ошириб, ҳам жамият муаммоларини кўтармоқдаку, деган ҳаёл бўлди. Аслида гап университетда йил якунланиб, ковид пандемияси туфайли талабалар “Экожурналистика” фанидан онлайн якуний назорат ишларини топширишлари ҳақида. ЎзЖОКУ, 2 курс, рус гуруҳлари. Вазифа — “Ўзбекистондаги мавжуд экологик муаммолардан бирини мақола қилиб ёзиб, тақдим қилиш”. Мақсад — талабаларнинг атрофдаги мавжуд муаммоларни кўра билишлари, уларни таҳлил қилиш ва кўтариб чиқа олишларини баҳолаш. Афсус, рус гуруҳларида экожурналистикадан 70%! талаба интернетдаги умумий Ўзбекистоннинг экологик муаммолар ҳақидаги мақолаларни уялмай! (плагиатликда айблаганимда буни одатий ҳолдай қабул қилишлари эса мени янада шокка туширди) баҳолаш учун жўнатишди. Табийки, ҳаммасига мақолани қаердан олганлигининг ҳаволасини кўрсатиб, “2” баҳо қўйдим. Кейин эса улар менга мен ноҳақлигим, бу туришда стипендиядан қолиб кетишларини, бу уларга нисбатан ноҳақлик эканлигини ёза бошлашди.
Мен журналистикада 35 йилдан буён фаолият юритаман. ТошДУ, МДУ журналистка факультетларида сабоқ олганимда, устозларимиз. “Оёғинг остида муаммо. Оддий одам кўра олмаган муаммони кўра билмасанг, бошқа касб танла” дейишгани ҳали ёдимда. Бу ерда гап экологик муаммолар ҳақида ҳам эмас. Бугун улар ҳар қадамда ва аҳолимиз оз бўлсада, эртага уларга эътибор қаратмаса, ўзи, оиласи, боласи, авлоди, жамият яшаб қолиши даргумонлигини бироз бўлсада тушуниб етаяпти. Гап, ўша мен дарс ўтган гуруҳлардаги 70% нега Журналистика университетига кирганини тушунмай, бефарқ талабаларнинг мавжудлигида! “Ҳа майли бундайлар ҳар бир универда тиқилиб ётибди, диплом учун ўқийди, дерсиз! Тўғри. Аммо улар репититорларга бориб, аъло баҳолар билан қабул қилиниб, кейин бу соҳага фойдаси тегмайдиган кадр бўлиб етишиши нимадан дарак беради? Жаҳондаги етакчи олий таълим муассасаларида 100 та одам қабул қилинса, номақбули сараланиб, ўқишдан ҳайдалиб 10 таси, мутахассис бўлиб битиради. Журналистика факультетларидан ижодий имтиҳонни ҳам олиб ташлашди. Аслида журналистика факультетларга имтиҳон эмас, айнан ана шундай ёза биладиган, фикрини айта оладиган, мавжуд воқейликни таҳлил қила оладиган талабаларни қабул қилиш қилиш керак. Ҳозирги кунда дипломи йўқ, аммо етакчи ОАВда ишлаб юрганлар бунга мисол. Журналистикада ҳар бир йўналишдаги фаннинг якуни шу йўналишда тайёрланган журналистик материал орқали (тест, реферат, саволларга жавоб эмас, ҳаммаси кўчирмакашлик натижасида баҳо қўйилади охир-оқибат) баҳоланиши лозим. Шунда талаблар ҳеч бўлмаса икки жумлада фикрини баён қилишни, ёзишни ўрганади. Дарслар лекция-семинар эмас, таҳлил асосида ўтилиши лозим. Яъни, талаба ҳар бир мавзу бўйича берилган адабиётларни ўқиб, таҳлил қила олиши керак. Шу йўналишдаги журналистик материаллар ўрганилиб, дарсда таҳлил қилиниши лозим. Мустақил ишларида (курс ишларида) талаблар реал бирор муаммони олиб, унинг ечимини кўрсатишлари лозим). Келажакда миллий журналистикамизда кўчирмакашлар ва кўчирмакашлигидан уялмайдиганлар эмас, балки халқни дардини тинглай, муаммоларни кўтара оладиган журналистларни балки шу асносда тарбиялай, журналистика мавқеини тиклай олармиз…
Наргис Қосимова

Улашинг: