350

БАХТЛИ БЎЛА ОЛМАГАН БАХТИГУЛ

Ҳаммасига аёл айбдор? Ғалати эмасми?  “Зўравонликка йўл йўқ” телеграм каналимизга келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарият ҳолатида аёлни айбдор қилиб кўчага ҳайдашади. Уни калтаклашади, ҳақоратлашади. Ҳеч ким сен ҳам ИНСОНсан, сенинг ҳам орзу-умидларинг, ҳавасларинг, ИНСОН сифатида ширин сўзга, қўллаб-қувватлашга эҳтиёжинг бордир, демайди. Нега? Наҳотки, асрлар оша давом этиб келаётган жамиятимиздаги аёлга нисбатан иккинчи нав одами сифатида қарашлар ўзгармаса?

“Ҳар бир инсоннинг тақдири Яратган томонидан унинг пешонасига туғилмасиданоқ ёзилади”, дейди машойихларимиз. Бибигулнинг  (исмлар ўзгартирилган) пешонаси ярқирамаган экан. У туғилгач, ота-онаси фарзанд кўришганига кўп қувонишмади, автоҳалокатда  халок бўлишди. Қизалоқни эса гўдаклар уйига топширишди.  Гўдаклар уйида фидойилар, қалби дарёдек  меҳрга тўла инсонлар ишласа керак. Бўлмаса онасини излаб, ҳар томондан йиғлаётган гўдакларнинг ҳаммасига оз-оз бўлсада меҳрини бериб, улрага қарашнинг ўзи бўлмайди. Бахттигулни бу сафар омади чопди. Уни  “меҳрибон” бир аёл қиз қилиб олди. Аммо аёлнинг меҳрибоничлиги Бахтигулнинг вояга етиши, яъни нафақа пули берилишининг тўхтатилиши билан тугади.  Энди  она асраб олган қизини текинхўрликда айблай бошлади. Кунора еган нони, ичган сувини миннат қилар, тезроқ бу уйдан чиқиб кетишига ундар эди.

-Кап-катта қизсан, энди ўзингни ўзинг боқ. Қачонгача, сени едириб, ичираман?

Бундай таънаю-дашномлар тугамагандек, эди гуё.  У орада  қизга совчилар кела бошлади. Угай она куёвликка даъвогарни суриб-суриштирмай қизни узатиб юборди. Туғилганидан қизим бахтли бўлсин дея, яхши ниятлар билан берилган исм бу сафар ҳам Бахтигулни бахтли қила олмади.  Янги оилада сепсиз, етим келинни  бошидан на қайнонаси, на эр  яхши кўрди.  Бу ерда ҳам  еган нони  учун миннат,  кам  иш қилаётгани учун қарғиш,  вақтида  овқатни сузмаганлиги учун калтаклар  ёш келиннинг бошига дўлдек ёғилди. Ҳақорат ва калаклар билан орадан 5 йил ўтди. Бу орада Бахтигул 3 фарзандни дунёга келтирди.  Ишининг тайини йўқ, турли хил мавсумий ишлар билан кун кўриб, оиласини боқиб юрган  эри ўғирлик билан қўлга тушиб, озодликдан маҳрум қилинди. Бирор касб -ҳунари йўқ Бахтигул, энди уч нафар боласини қандай боқишини ўйлаб турганида, қайнонаси уни  уйдан ҳайдади.  Бахтигул опасининг уйида вақтинчалик бошпана топди. Аммо 4 нафар одамни қўшиб боқишнинг ўзи бўлмайди. Бир ойлардан сўнг опаси ҳам синглисига  ўз кунини ўзи кўриши кераклигини айтиб, уйидан чиқариб юборди.  Кўчада қолган аёл маҳаллага охирги нажот сифатида мурожаат қилди. Улар ўз навбатида жувонни  фарзандлари билан Сайра Носирова раҳбарлик қилаётган Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига йўналтиришди.

Бу ерда ҳаётдан умиди сўнган жувон ва фарзандларига  психолог Роза Аманова томонидан психологик ёрдам кўрсатилди.  Марказ ҳуқуқшуноси зарур ҳужжатларни йиғиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва хокимият ёрдамида муҳтож оилалар учун ажратилган ётоқхона билан таъминланишига ёрдам берди. Бахтигулнинг бандлиги  таъминланди. Айни пайтда у  Нукус шаҳридаги кафеларнинг бирида ишламоқда.

Инсон ҳаёти давомида турли тўсиқларга дуч келади. Уни енгиб ўтишга аксарият одамларнинг (агарда қўлида ҳунари бўлмаса, ёш фарзандари бўлса) иродаси ожизлик қилади.  Шу ўринда хўрланган ва ҳақоратланган аёлларга реабилитация ва мослаштириш марказларининг ходимлари, мутасадди ташкилотлар ёрдам қўлини  чўзишади.

Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефони”:  +998612242286

Наргис Қосимова

 

Улашинг: