61

ЧЕГАРАЛАР ОРТИДАГИ ЧИГАЛ ТАҚДИРЛАР

«ЁРУҒЛИК НУРИ”  минтақавий Ташаббуслар дастури доирасида Марказий Осиё ва Афғонистон учун  “COVID-19 эпедимияси шароитида хотин-қизларга нисбатан зўравонликни тугатиш ва ва олдини олиш” бўйича Жиззах вилоят “ҚАЛБ НУРИ” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг “СЕН ЁЛҒИЗ ЭМАССАН”  лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида марказда (72) 226-52-62 рақамли “Ишонч телефони”, ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик бепул хизматлар йўлга қўйилган.

“Ишонч телефони”га ҳар куни турфа тақдирли турли мурожаатлар келиб тушмоқда. Улар орасидаги Олмахон ва унинг қизларининг тақдирлари айниқса аянчли эди…

Иттифоқ даврида, чегаралар бўлмаган бир даврда бахмаллик 1970 йилда туғилган Олмахон нариги қишлоқлари томонга, яъни Тожикистонга келин бўлди. Шу орада Иттифоқ парчаланиб, қўшни, қардош мамлакатлар ўртасига чегара тортилди.

Олмахон биринчи фарзандини Тожикистонда дунёга келтирган. Иккинчи фарзанди туғилиш арафасида турмуш ўртоғи билан ишлаш учун Ўзбекистонга келишган.  Иккинчи қизи Дилором 1995 йилда Зомин тумани Кошқосув қишлоғида туғилган, лекин қизчага Ўзбекистонда туғилган тўғрисида гувоҳнома берилмаган. Шундан сўнг отаси Тожикистондан олиб келган. Дилором мактабда ҳам Ўзбекистонда ўқиган.  Бу йиллар давомида отаси оиласини ташлаб Россия Федерациясига ишлашга кетган.

Дилором мактабни онасининг қишлоғи, Бахмал туманидаги 19- мактабда тамомлади. Аммо унинг фуқаролиги Тожикистон Республика бўлганлиги боис мактаб битирганлиги тўғрисида шаходатнома берилмади. Шундан сўнг Дилоромнинг онаси қизини ўқиганлиги тўғрисида хужжат олишга мажбур бўлганлиги сабабли Тожикистон элчихонасидан сертификат олиб, Тожикистонга ўтказишга, отасининг қариндошлариникига юборишга  мажбур бўлди. Ўша кундан бошлаб ёш қизнинг ҳаётида ўз онаси, опасидан йироқда оғир кунлар бошланди..

Чегараларнинг ёпиқлиги, бориш-кеклишдаги муаммолар она ва болаларни бир биридан айирди.Орадан роппа роса 3 йил ўтиб Дилоромга ўзи туғилиб ўсган, яқинлари яшаётган Ўзбекистонга келиш насиб этди.  Аммо шу 3 йил ичида ёш қиз юрак хасталигига чалиниб улгурган эди. Энг ачинарлиси, Дилором онаси уйида кўп қололмасди, чунки у ўзга давлат фуқароси эди.

Россия давлатида ишлаб юрган отаси Олмахонга қизларни олиб унинг ёнига боришини айтади. Олмахон қизларини олиб, узоқ йиллар олдин турмушга чиққан, ҳаёт синовлари ва турмуш қийинчиликларига дош бермай, икки нафар норасида фарзандлари билан ўз онасиникига ташлаб кетган, ўтган йиллар давомида фарзандларига бирор маротаба ёрдам бермаган, салкам унут бўла бошлаган турмуш ўртоғининг олдига етиб боради.

Тоғда ўсган, ҳар қандай оғир меҳнатга чидамли Олмахон ва унинг қизлари Россияда бажармаган ишлари қолмади. Хожатхона тозалаш, фаррошлик, чўрилик… Уч бирдек одам тиним билмай ишласа, даромад ҳам шунга яраша бўларкан. Йиғилган пулларни кўрган ота янги бизнес бошлаш таклифини айтиб, улардан пулларини бериб туришларини сўради. Албатта, улар келажакда уй олиб, бирга бахтли ҳаёт кечириш орзусида барча пулларини топширишди.

Кунлар кетидан йиллар ҳам ўта бошладики, чўриликнинг чеки, бизнеснинг чўғи кўринмади. Кунлардан бир куни маълум бўлдики, турмуш ўртоғининг у ёқларда аллақачон бошқа оиласи бор экан!

Олмахоннинг ёши улғайган сари чарчоқ ва беморлик аломатлари сезила бошлаган эди. Қўйни пуч ёнғоққа тўлган Олмахон ўз юртига, уйига қайтиб келади. Катта қизи эса алам ва изтироб ўтида Туркия давлатига яхшироқ даромадли иш топди ва ўша ёқларда бир йигит билан танишиб турмушга чиқиб кетди.

Иккинчи қизнинг тақдири жуда чигал бўлиб қолганди. Онаси олдига келай деса, ўзга юрт фуқароси. Устига устак, мамлакатлар ўртасида тортилган чегаралар таранглашган даврлар. Дилором отасининг яқин қариндоши яъни амакисининг уйида яшашга яна мажбур бўлди.

Олмахон ўз фарзандларидан узоқда ҳаёт чигалликларидан боши гаранг бўлиб юрган бир пайтда Тожикистондан қайиноғаси Зафаробод тумани Лочин қишлоғидаги “Зафаобод” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлайдиган Аббос Ибрагимов иккинчи турмуш ўртоғи ҳам асли Ўзбекистондан, Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳардан бўлган Асалат исмли аёлдан бўлган фарзандига Дилоромни келин қилиб олишларини айтади. Олмахон, ўзи чегара ортида бўлиб, қизига бахт тилашдан ўзга чораси йўқ эди.

Олмахон ва унинг қизи Дилоромнинг бахтига чегаралар очилади. Яна Ўзбекистон Тожикистондан ўтиб қайтиш осонлашади. Катта қизи Туркияда эмасми синглисининг тўйи учун сеп-сериқлар, мебель ва бошқа сарполари учун пул маблағларини юборади. Олмахон қизи Дилоромни ҳеч кимдан кам қилмай узатади. Бироқ, бу никоҳ узоққа бориб чўзилмайди. Куёв бола ишлаш учун Россияга кетади. Қайнона эса турмуш ўртоғининг биринчи оиласига қайтгани аламини ёш, яна хасталаниб қолган, унинг устига ҳомиладор келинидан ола бошлади. Куёв бола эса ёш келинчакни ҳимоя қилиш ўрнига “Сен етимчасан, бу ерларда сени ҳеч киминг йўқ” деб хўрлайди.

Дилором қорнидаги олти ойлик ҳомиласи билан онасининг уйига Ўзбекистонга қайтиб келди. 2019 йилнинг июль ойида у қиз фарзандини онаси ижарада яшаб юрган Тошкент шаҳри Олмазор туманида дунёга келтирди. Қизалоққа Ўзбекистонда туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилди.

Дилоромнинг турмуш ўртоғи хотини ва қизини олдига эмас, Россияга ишга кетди.

Олмахон Тожикистондаги қудаси Асалатга қўнғироқ қилиб, ўғлингиз энди қизим билан яшамас экан, буюмларини беринг, деб  сўраса, нариги томондан таҳқирлаш ва қарғиш билан ҳеч нарса ололмаслигини эшитди.

2020 йилнинг июль ойида Дилоромнинг қизи бир ёшга тўлди. Унинг турмуш ўртоғи Россиядан қўнғироқ қилиб, уйга қайтаётганини, агар Дилором ҳам қайтиб келса, яхши яшашларини айтади.

Олмахон ўзи бир умр турмуш ўртоғисиз хали у қариндошиникида, хали ижарада яшаб жонидан ўтиб кетмаганми, қизининг ҳам, набирасининг ҳам тақдиридан  хавотир олиб, уларни Тожикистонга юборди. Дилором ўша кетганидан салкам бир йил бўлаётган бўлсада, турмуш ўртоғи “ана бораман, мана бораман” деб, келмади. Қайнонаси эса уни таҳқирлаш, хўрлашдан тўхтамасди.

Бу хўрликлар жонидан ўтиб кетган Дилором қайнотасидан ёрдам сўрайди. Қайнотаси келинини ўзининг биринчи турмуш ўртоғиникига олиб боришини айтади. Бундан хабар топган ўз қайнонаси ўзини идрок қилолмай қолади ва энди дамланган қайноқ чойни чойнаги билан боласини кўтариб турган Дилоромга улоқтириб юборади. Қайноқ чойдан куйган она бола яланг оёқ холда кўчага отилиб чиқишади ва қайинотасининг синглисиникига туман марказигача шу аҳволда пиёда боришади.

Қайноқ чойдан куйган она ва боланинг қўл-оёқлари териси пуфакчалар ҳосил қилиб, ёрилиб, чидаб бўлмайдиган даражада азоб бермоқда экан. Бу ҳақда Дилором ўз онасига айтиб хафа қилишни истамаганидан Туркиядаги опасига дардини ёрибди. Аммо қаерга боришни, кимдан паноҳ топишни билмасмиш. Кетай деса, кетишга биринчидан пули йўқ бўлса, иккинчидан у ўзга юрт фуқароси!

Олмахоннинг дард ва изтиробга тўла хасратини, мурожаатини эшитиб, инсон тақдири шунчаларам чигал бўладими, дейсиз. Олмахоннинг Тожикистондаги қизи албатта ҳимоя қилинади. Бунинг учун инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар бор! Айни пайтда Тожикистонда қаёққа боришини билмай,  боласи билан кўчада қолган Дилоромга Тожикистондаги Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ёрдам қўлини чўзар деган ниятдамиз.

 

 

 

Улашинг: