32

“Гаплари ёлғон эмаслигини исботлаш учун Зулфия қўлидаги сигарет чўғини қизалоқнинг товонига ва қорнига босди …”

(Айрим мулоҳазаларга бориб, барча исмлар ўзгартириб берилмоқда)

Бугунги кундаги энг ўткир ижтимоий муаммолардан бири бу – одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатациядир. Маълум бўлишича, айни вақтда дунё бўйича 40 миллион нафардан ортиқ одам қулликдан жабр чекмоқда. Афсуски, жабрдийдаларнинг жуда катта қисми (70%дан ортиқ) хотин-қизлар бўлиб, уларнинг 3/4 қисми жинсий эксплуатация мақсадларида сотиб юборилмоқда. ( Манба: https://www.un.org/ru/observances/slavery-abolition-day)

Ушбу даҳшатли рақамлар хотин-қизларнинг одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар олдида жуда ҳам заифлигини кўрсатади. Вазиятни кўплаб омиллар янада оғирлаштирмоқда: таълим олиш имкониятининг йўқлиги, аёлларнинг моддий жиҳатдан қарамлиги, етарли ижтимоий кўмак ва ривожланиш истиқболларининг мавжуд эмаслиги, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги, жамият томонидан таҳқирланиш ва яна бошқа кўплаб омиллар…

Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони, келинг, уни Дурдона деб атаймиз, жинсий қуллик муаммоси билан юзма-юз келган аёллардан бири. Ва бу ачинарли воқеа, кўпинча ёш қизлар ва аёллар фоҳишаликка қандай қилиб жалб қилинаётгани, жинсий қуллик тузоғига тушиб қолиш ва мажбурий меҳнат эксплуатацияси жабрланувчисига айланишнинг ёрқин намунасидир.

Дурдона  туғилганидан кўп ўтмай, ота-онаси ажрашиб кетишди. Айнан шу кундан бошлаб қизалоқнинг ҳаётида қора кунлар бошланди. 7 ёшида ҳеч қаерда ишламайдиган онаси қизини қўшнисининг фарзандсиз қариндошига бериб юборди. Дурдона фарзанд доғида бағри қон бўлган бу аёлнинг уйида бахтли эди. Аммо, 9-синфни битириб, эндигина улкан орзулари рўёбига киришаман деб турганида уни онаси келиб олиб кетди. Ахир, қонун қизнинг онаси томонда, Муяссар қизини бериб юбораётганида расмий равишда ундан воз кечмаганди.

Бироқ, бемеҳр она жирканч мақсадни кўзлаган экан, Дурдонани уйида кўп ушлаб ўтирмади, аксинча, ҳеч иккиланмай, ўйлаб ҳам ўтирмай, шаҳарда яшовчи бир нотаниш эркакка сотиб юборди…

…Номуси топталган Дурдона эркакнинг уйидан амаллаб қочиб кетиб, отаси вафот этиб кетгани сабабли аммаси Озоданинг уйидан бир ҳафталар чамаси паноҳ топди. Аммо аммаси ҳам бева қолган, кашта тикиб, бошқа майда-чуйда юмушларни қилиб базўр кун кўрарди. Болалигидан рақсга қизиқиши кучли бўлган Дурдона аммаси билан қўшнининг тўйига чиққанида Жиззах шаҳрида асли хоразмлик бўлган аёл борлиги, у яхши рақс туша оладиган қизларни ўқитиб, уларни иш билан таъминлашини эшитди-ю, ҳаловати йўқолди.

Ҳақиқатан ҳам, раққоса Зиёданинг уйида уч-тўрт қиз яшаб, тўйларга чиқиб рақс тушишар, топган пулларининг учдан икки қисмини “онахон”га беришарди. Дурдона ҳам ўша қизларнинг қаторига қўшилиб олди…

Шу тариқа орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар бир бирини қувалаб ўта бошлади. 20 ёшга қадам қўйган қиз Олим исмли ҳарбий хизматчи билан танишди. Лекин аввалига сенга уйланаман, бахтли қиламан, деган йигитнинг Навоийда оиласи борлигини билиб қолгач, қиз аламдан аччиқ кўз ёшларини тўкди. Аммо нима ҳам қилсин? Қўлидаги чақалоғи билан яна Зиёданикига қайтиб борди.

— Болани йўқот. Менга ортиқча даҳмазанинг кераги йўқ. Йўқотмасанг, уйимдан чиқиб кет, — шарт қўйди Зиёда.

Зиёданинг қатъий фикридан боши қотган Дурдона қизалоғини анчадан буён фарзанд кўрмай, оиласи бузилиб кетиш арафасида турган танишига расмий равишда ҳужжатлаштириб берди…

Ўша машъум куни “онахон” Дурдонани Фориш туманига тўйга жўнатди. Қиз у ерда хизматда юрган опа-сингил Зулфия ва Замира билан танишиб қолди. Дурдона уни гапга солган опа-сингилларга ўзининг ҳаётини, тақдирини, ҳеч кими йўқлигини, уй-жойга ҳам эга эмаслигини айтиб берди. Зулфиянинг Замирага қараб кўз қисганига эътибор ҳам бермади.

Опа-сингиллар уни ўзлари билан яшашга чақириб, энди тутинган опа-сингил бўлишганини таъкидлашди. “Онахон”нинг “кам пул топаяпсан” деган зуғумларидан чарчаган Дурдона ширинсўз Зулфия ва Замранинг таклифига жон деб рози бўлди.

Аммо тез орада Замира ва Зулфиянинг фоҳишалик билан шуғулланишларини англаб, тилини тишлади. Аёллар унга ҳам фоҳишалик қилишни таклиф қилиб, уй-жой беришни, эвазига мижозларнинг ярим ҳақини олишга келишишди. Орадан ярим йил ўтар-ўтмас эса унинг паспортини ҳам олиб қўйиб, пулнинг ҳаммасини оладиган бўлишди.

Дурдонани опа-сингилларнинг қўлидан навбатдаги мижози қутқарди. Расул келишган жувонни бир кўришдаёқ ёқтириб қолиб, уни шаръий никоҳига олишини, аммо бунинг учун фоҳишаликни ташлаши кераклигини айтди. Орадан бир йил ўтиб, жувон яна қиз фарзандли бўлди. Аммо қизи туғилгач, ҳафтада икки-уч маротаба келиб турадиган Расул аста-секинлик билан ташрифлар сонини камайтирди. Кейинчалик эса Дурдонани чақалоғи билан ташлаб кетди.

Эмизикли боласи билан на борар жойи, на иши, на яшаш жойи бўлмаган Дурдона Расул топган ижара хонадондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Раққосалик пайтида тўплаган пулларини ҳам еб битиргач, яна Зулфиянинг олдига боришга мажбур бўлди…  Орадан икки ой ўтиб, опа-сингиллар бу сафар

Дурдонанинг фуқаролик паспорти ва фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб қўйишди. Улардан олган 2 млн. сўмга яқин қарзини узмагунича, ҳужжатларни бермасликларини айтишди.

Дурдона ҳайрон бўлиб, бу қарз қаердан пайдо бўлганини сўраганида, Зулфиянинг важоҳати ўзгарди:

— Қизингни кашаси, тагликлар, ўзингни еб-ичишинг учун пул қаердан келаётганини ўйлаб кўрдингми? Шу қарзни тўламагунингча ҳеч қаерга кетмайсан, ҳужжатларингни ҳам бермайман, фоҳишалик қилиб тўлайсан, ҳаммасини! Агар тўламасанг, қизингни соғ қўймайман!

Гаплари ёлғон эмаслигини исботлаш учун Зулфия қўлидаги сигарет чўғини қизалоқнинг товонига ва қорнига босди. Чириллаб йиғлаган гўдакни шоша-пиша бағрига босган Дурдона ҳаммасига кўнишга мажбур бўлди.

Шу тариқа опа-сингиллар бир йил мобайнида Дурдонани жинсий эксплуатация қилишди…

Дурдонанг қийинчиликлари ва қуллигига  жувон мурожаат қилган ҳуқуқ-тартибот ходимлари чек қўйишди. У опа-сингиллар устидан шикоят аризасини  ёзиб, Республика реабилитация ва мослаштириш маркази Жиззах вилоят бўлимига йўналтирилди. Жувон қизи билан Назифа Камолова раҳбарлик қилаётган Марказ бошпанасига жойлаштирилиб,  унга сифатли равишда ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари олиб борилди.

Жумладан, Марказ психологи Д.Аҳмедова у билан қатор руҳий машғулотлар олиб бориб, Дурдонага шахсни ўрганиш, бегона одамлар билан муомала қилиш, уларнинг ишончига кириш, ўзига ишониш ва алданиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида кўп нарсаларни ўргатиб, аёлнинг руҳий ҳолатини тиклашига яқиндан ёрдам берди. Қизчаси эса, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига ётқизилиб, тиббий муолажалар орқали даволанди, соғлиғи тикланди. Дурдона Жиззах шаҳридаги МФЙлардан бирига жамоатчилик асосида ишга жалб этилиб, бандлиги таъминланди.

Дурдонани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилиб, ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган опа-сингилларга нисбатан жиноий иш очилди. Марказ ҳуқуқшуноси Эркин Муродов ёрдамида Дурдонанинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинади.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари 2020 йил 6 январь кунидан бошланиб, Дурдона жабрланувчи, деб топилди. Жиноят иши юзасидан  Дирдона билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари (сўроқ қилиш, юзлаштириш, экспертиза тайинлаш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва бошқалар)да вакил иштирок этиб, жабрланувчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.

2020 йил 25 февраль куни жиноят иши юзасидан опа-сингилларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми “б” банди, 135-моддаси 3-қисми “а” банди, 121-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айб эълон қилиниб, мазкур жиноят иши юзасидан айблов хулосаси тузилиб, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-проессуал кодексининг 381-моддаси тартибида тегишли жиноят ишлари бўйича судга юборилиши таъминланди.

Айни пайтда Дурдона Жиззах шаҳридаги текстиль корхонасига ишга жойлаштирилиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланмоқда. Унинг келгуси ҳаёти ҳам Марказ раҳбари ва ходимларининг доимий эътиборида бўлади.

Cавол:  агарда бизнинг қаҳрамонимизнинг яқинлари ёки ҳеч бўлмаганида у жамиятимиз томонидан қўллаб-қувватланганида, у бу жарликка қулармиди…?

Наргис Қосимова

Улашинг: