33

Доимо индамай юрган ўғлининг  бирданига унга қарши турганига чидай олмай, ота  уни сўка кетди…

Тоҳир (исмлар ўзгартирилган) оилада катта  ўғил.  27 ёшда. Укалари ва ота-онаси билан кўп қаватли уйда жойлашган икки онали хонадонда истиқомат қилишади. Айни кучга тўлган, ҳаётдан завқ олиб яшаб, келажакда жамиятда ўз ўрнини топишга интилиши лозим бўлган йигит оиладаги тинимсиз жанжалу-тўполонлардан безор. Бунинг устига онаси  1-гуруҳ ногирони, отаси эса бозорда тадбиркорлик қилиб, оилани тебратади.

Бекорчи юриш жонига теккан Тоҳир ўртоғининг маслаҳати билан қурилишга ишга кирдию, бу қувончли хабарни айниқса отасига қандай айтишини ўйлаб, боши қотди. Негадир отаси уни кичиклигидан ёқтирмайди. Доимо арзимаган сабаблар билан уриб, сўкади. Кези келганида хаттоки дастурхон бошига қўймайди. Бирор иш  топса отаси яна жанжал кўтариб, ишдан бўшашини талаб қилади. Ишламаса, текинхўрликда айблайди.

Тоҳир уйга келганида, отаси ҳали ишдан қайтмаган экан.   Ошхонага кириб, ҳали тўлиқ пишмаган шўрванинг сувини сузиб,  нон буктириб едида, онасига ҳушхабарни етказди.

-Аяжон,  мен иш топдим. Озгина пул йиғсам, ижарага чиқиб кетаман. Бошқа отам билан бирга тура олмайман. Фақат мендан ҳафа бўлмасангиз, бўлди.

-Вой, нега ундай дейсан болам, отанг сени яхши кўради. Озгина жаҳли тез, холос.

Онаси гапини тугатмай, эшик очилиб, йўлакда Абдулла ака кўринди. Отасини кўриши билан ошхонада куймаланишаётган укалари, бир зумда балконга чиқиб кетишди. Тоҳир улгура олмай қолди. Катта ўғлининг  болаларнинг ямоғини ямаб ўтирган хотини олдида кўриб, Абдулла ака сўкинди.

-Ҳа энағар,  фақат  текинга еб-ичишни биласан. Бундай қилиб, умрингни ўтказганингча ўзингни бориб ос. Битта текинхўрдан қутилардик.

Тоҳир тишини тишига босиб, алам билан ютинди. Ишга кирганини айтмоқчи бўлдию, аммо хурсандчилик ўрнига, яна отасидан сўкиш эшитишини билиб, индамади. Ўғлининг индамагани Абдулла аканинг баттар жаҳлини чиқарди.   Тоҳирнинг олдига келиб, юзига шапалоқ тортиб юборди.

-Ҳа итнинг боласи, ҳали сенми мени менсимайдиган, сенга гапираяпман.

Яна  урмоқчи бўлиб қўл кўтарганида, Тоҳир чидаб тураолмай,  отасининг  қўлини ушлаб қолиб, қайириб ташлади.

-Етар, нега урасиз? Нима қилдим сизга? Нега мени  мунча ёмон кўрасиз?

Доимо индамай юрган ўғлининг  бирданига унга қарши турганига чидай олмай, Абдулла ака энди Тоҳирни буралаб сўка кетди. Ўрнидан амаллаб туриб, йиғлаганича, “Тоҳиржонни тинч қўйинг” деб, эрига ёпишган хотинини ҳам аяб ўтирмай, кўзлари қонга тўлган эркак  Дамирага мушт туширди. Онасининг гандираклаб  кетиб,  ерга йиқилганин кўрган Тоҳир,  хотинини уриш учун қўл кўтарган отасининг юзига мушт туширдида, эшикни қарсилатиб ёпиб, чиқиб кетди.

Аламидан  қўллари мушт бўлиб тугилган, юзлар ғазабдан лов-лов ёниб турган  Тоҳирни кўчада учратган маҳалла оқсоқоли Ҳабиб ака йигитдан ҳол-аҳвол сўради. Аммо Тоҳир бир неча маротаба Ҳабиб акага отаси билан гаплашиб қўйишларини сўрасада, натижа бўлмагани учун оқсоқолга салом бериб, олдидан индамай ўтиб кетди.

Бу сафар маҳалла котибининг маслаҳати билан   С.Кабулова  раҳбарлик қилаётган Сирдарё вилояти реабилитация марказига мурожаат қилган Тоҳирга  психолог А Жалилов, ҳуқуқшунос С.Расулов ва ИИБ ходимлари ёрдам беришди.  Ўрганиш жараёнида оила «Темир дафтар»га киритилгани ва жорий йилда мунтазам равишда моддий ёрдам олиб келгани маълум бўлди.   Бундан ташқари 2-сектор рахбарияти ва хомийлардан озиқ-овкат маҳсулотлари  оилага мунтазам равишда  етказиб берилган. 2019 йилда эса оила яшаб турган уй-жой ҳокимият томонидан 15 млн. сўмга капитал таъмирлаб берилган. Энг ачинарлиси эса оила бошлиғи Абдулла ака МФЙ томонидан моддий ёрдам олиш учун сохта маълумотномани расмийлаштириб олганлиги, махалла томонидан доимий равишда моддий ёрдамлар берилаётганлиги маълум бўлди.

Марказ психологи томонидан олиб борилган психологик машғулотлар оқибатида Тоҳирнинг руҳияти тикланди, ҳаётга бўлган қизиқиши уйғонди. Отаси Абдулла ака билан суҳбатлар кам натижа берганлиги туфайли, ўғли номидан берилган аризага мувофиқ унинг иши шаҳар ИИБ га кўриб чиқиш учун йўналтирилди.

Албатта, оилада тинчлик-тотувлик бўлмаса,  унда барака ҳам бўлмайди. Энг ачинарлиси эса фарзандларини дунёга келтириб, аммо уларнинг шахс сифатида вояга етишларига тўсқинлик қилаётган ота-оналарни тушиниш жуда ҳам қийин.  Кейинги постларимизда биз Тоҳирнинг ҳаётига яна қайтамиз. Зора,  ҳуқуқ-тартибот  идоралари вакиллари томонидан назоратга олинган ота ақлини йиғиб олса?!

Наргис Қосимова

Улашинг: