369

«Энг хавфли пайт – жабрдийда кетишга қарор қилган вақтдир»

Психологлар, адвокатлар ва миллионлаб долларлар – АҚШда зўрвонлик қурбонларига қандай ёрдам кўрсатилади?

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар уч нафар аёлдан бири ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келар экан. Аксарият ҳолларда зўравон аёлнинг қариндошлари, ҳамкасблари ва танишлари бўлади – бундай жиноятларнинг 20 фоиздан камроғигина бегоналар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса аёлларнинг бегона инсонлардан, ташқаридан ёрдам сўрашга уялишига, истиҳола қилишига олиб келади, шу боис кўпгина давлатларда улар билан ишлаш  бўйича махсус протоколлар ишлаб чиқилган.

«Аёл қанчалик ҳимояланмаган бўлса, сувдан қуруқ чиқиб кетиш имконияти шунча юқори бўлади»

Ҳар йили тахминан 10 миллион нафар америкалик аёл оиладаги зўравонлик қурбони бўлишади. Жабрланганларнинг ярмига яқини полицияга ариза билан мурожаат қилади.

Жинсий зўравонлик борсида эса вазият янада ёмонроқ: АҚШда яшовчи аёлларнинг 43 фоиздан ортиқроғи жинсий тегажоғлик ва суистеъмолчиликка дуч келган, 21 фоизи эса зўрлашни бошидан кечирган. Уларнинг аксарияти (63 фоизи) бу ҳақда ҳеч қачон ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бермайди.

«Зўравон ўзининг жаҳоланмаслиги мумкинлигини билгани учун ҳам кўпинча шу ишга қўл уради. Жабрдийда қанчалик ҳимояланмаган бўлса – масалан, ёш болалари бўлса, муҳожир, жинсий озчилик вакиласи ёки ногиронлиги бор бўлса, — зўравоннинг сувдан қуруқ чиқиш имконияти шунчалик юқори бўлади.  Бу уни янада ваҳший қилиб юборади», — дейди Бостондаги BARCC (BostonAreaRapeCrisisCenter) инқироз маркази дастур раҳбари  Стефани ДеКандиа.

У 2003 йилдан бери – мана 15 йилдан кўпроқ вақтдан буён жинсий зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ёрдам кўрсатиш дастурларига раҳбарлик қилиб келади. ДеКандиа Бостондаги Шимолий-Шарқий университетнинг Юридик факультетини 1998 йилда тамомлаган.

Жабрдийдалар — дарвоқе, АҚШда «қурбон» сўзини ишлатмаслик учун уларни «омон қолганлар» деб аташади, — зўравонлик билан боғлиқ жароҳатни ва ЖКРЗ(жароҳатдан кейинги руҳий зўриқиш)ни енгиб ўтиш учун қисқа муддатли психотерапия муолажаларини ҳам олишади. Зарурат бўлганда, уларнинг оила аъзолари, ҳамкасблари, шериклари ва бошқа яқин инсонларига ҳам ёрдам кўрсатилади. Агар қисқа муддатда жароҳатни енгиб ўтишнинг имкони бўлмаса, аёл синалган ва мутахассислари ЖКРЗ билан ишлаш малакасига эга бўлган агентликлардан бирининг психотерапевтига юборилади. Агар унда тиббий суғурта бўлмаса, ёки терапиянинг ҳақини мустақил равишда тўлаш имконига эга бўлмаса, давлат даволаниш учун субсидий ажратиши мумкин.

Жинсий ва жисмоний зўравонлик аксарият ҳолларда яқин кишилар томонидан содир этилиши боис, зўравонликларга барҳам беришга қарор қилган жабрдийданинг хавфсизлиги масаласи жиддий аҳамият касб этади, шу боис маслаҳатчилар тажовузкордан ҳимояланиш йўлларини ўргатишади ва бошпана топишга ёрдам беришади.

2018 йилда  BARCCнинг ишонч телефонларига зўравонлик қурбонларидан 4,2 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлган. Марказ ходимлари 400 га яқин аёлни касалхонага кузатиб боришган ва мингдан ортиқ одамга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишган. Бир йил ичида марказда жарбдийдалар ва уларнинг яқинлари учун 3,6 мингта гуруҳ тарзидаги ва якка ҳолдаги психотерапия муолажалари ўтказилган.

Бундай кенг қамровли ёрдам учун каттагина маблағ зарур бўлади: BARCCнинг йиллик бюджети 5,1 миллион доллар бўлиб, унинг 70 фоизини давлат томонидан молиялаштириш ва грантлар ташкил қилади. Қолган маблағни марказ фандрайзинг тадбирлари, тренинглар ўтказишдан келадиган даромадлар ҳисобидан ва хусусий жамғармалардан ишлаб топади. Ташкилот бюджетининг атиги 7 фоизини фуқароларнинг шахсий эҳсонлари ташкил қилади.

Зўравонлик масаласига ва уни ҳал қилишга комплекс ёндошувга давлатнинг эътибор қаратиши – 1994 йил АҚШда аёлларга нисбатан зўрвонликка қарши қонун (ViolenceAgainstWomenAct, VAWA) қабул қилинганини натижасидир. У аёлларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонликларнинг олдини олиш ва тўхтатиш, жабрдийдаларга сифатли ёрдам олишларида кўмак бериш, ҳуқуқ-тартибот органлари эса зўравонларни қаттиқроқ жазолашлари учун ишлаб чиқилган. АҚШда мазкур қонун кучга кирганидан кейин BARCCга ўхшаган марказларни молиялаштириш ва бошпаналар тармоқларини барпо этиш учун бюджетдан маблағлар ажратила бошланди.

Бунинг натижасида 1994 йилдан 2011 йилгача бўлган даврда оиладаги зўравонликдан жиддий жабр кўрган аёллар сони 72 фоизга камайди. Аммо содир этилгна жиноятларнинг аксарият қурбонлари ҳали ҳам жим юришни маъқул кўришади.

«Энг хавфли пайт – жабрдийда кетишга қарор қилган вақтдир»

Ҳаммасига кўпчилигимиз ҳали ҳам ҳаёт кечираётган зўравонлик маданияти айбдор, — дейди Стефани ДеКандиа. Мазкур маданиятда «йўқ» деган сўз ҳар доим ҳам ўзаро муносабатларни тўхтатиш учун сабаб бўлиб хизмат қиламйди. Агар жабрдийда қочиб чиқмаган бўлса – демак у зўрланишни истаган. Агар аёл эрининг муштумзўрлигидан безор бўлиб уни ташлаб кетмаган экан – демак, у калтакланишни хоҳлаган. Мазкур маданиятда тарбия топгна одамлар шундай ўйлашади.

Кўпчилик аёл қарши борган зулмкор нималарга қодир бўлиши мумкинлигини етарлича баҳоламайдилар. «Энг хавфли пайт – жабрдийда кетишга қарор қилган вақтдир», — деб таъкидлайди ДеКандиа. Агар оиладаги зўравон соғлиқа ўртача ва оғир зарар етказа бошлаган экан, унинг кейинги қадами қотиллик бўлиши мумкин. Айнан шундай вазиятда жабрдийда ҳар қандай хатти-ҳаракатида жуда эҳтиёткор ва эътиборли бўлиши керак.

Бундай вазиятлар учун АҚШда ҳимоя ордерлари тизими жорий этилган бўлиб, у тергов якунлангунга қадар жиноятчининг жарбланувчига яқинлашишини тақиқлайди. Агар зўравон бу тартибни бузса, полицияга қилинган битта қўрғироқ уни ҳибсга олиш учун етарли бўлади. Агар жабрдийда барча чиғириқлардан таслим бўлмай ўтиб борса, зўравоннинг қамоққа тушиши эҳтимоли ортади.

Аммо оиладаги зўравонлик ҳолатларининг фақатгина 20 фоизи судгача етиб боради. ДеКандианинг ҳикоя қилишича, мазкур муаммога қарши курашиш учун АҚШдаги айрим  полиция департаментлари махсус ўқув дастурларини ташкил этишади ва унинг доирасида зобитлар зўравонлик қурбонига қайта жароҳат етказиб қўймаслик учун у билан қандай мулоқот қилиш, қурбоннинг ўзини айбдор қилиб қўйишмаслиги учун қандай йўл тутиш масалаларига бағишланган тренингларда қатнашишади.

 

Улашинг: