16

Исломда гендер тенглиги

          Аёл, эркак азалдан бир танадан, бир руҳдан яратилган, демакким аёл ҳам эркак сингари бир хил ҳақ-ҳуқуққа тенг ва эгадир. Муқаддас Китобларда ҳам аёл ва эркак бир хил тенг ҳуқуқлиги очиқдан-очиқ қайта-қайта такрорланиб келинганлигини кўп ўқиганмиз. Гендер тенглик-бу азалдан бор ва бўлган ғоя ҳисобланади. Эркакдаги бор куч–қувват, матонат, сабр ва кўплаб фазилатлар аёл аталмиш хилқатга ҳам берилган, Гендер тенгликни ҳамма ҳар хил талқин этади. Аёл ва эркакнинг кучи бир хил, оиладаги ўрни баравар, топар-тутари баравар, деган нотўғри фикрлар ҳам йўқ эмас. Аслида Гендер тенгликда ҳақ-ҳуқуқларнинг жамиятдаги ўрнининг тенглиги кабилар назарда тутилади. Инсоннинг фитратига қараб эмас, унинг ҳатти-ҳаракатлари, ўзини ҳаётда қандай роль бажарилиши билан унга баҳо берилади. Мисол учун ўғил бола туғилса онада  ўғил боланинг сутининг куч миқдори қиз бола туққан она сутига қараганда икки баравар кўп ва кучли бўлади, демак эркак жисмонан бақувват бўлиши унинг фитратида бўлсада эркакнинг ҳақ-ҳуқуқи аёлникига қараганда икки марта кўп ёки икки марта кучли деганимас.

Ислом кириб келгунича буни жоҳилият даври дейилади — қиз бола туғилибоқ уни тириклайин кўмишган, уни инсон ҳисоблашмаган, кучсиз, заиф ҳисоблаб жоҳилликка қўл уришган. Ислом дини кириб келгандангина қиз болаларни тириклайин кўмиш таъқиқланган, бундан ташқари эркак киши бўладими аёлми бир-бирини масхаралаш, масхараомуз лақаблар қўйиш, ҳақоратлаш, зўрлаш, қийнаш, хуллас инсон учун нима зарар барча ёмон иллатларга чек қўйилган. Эркакларнинг  аёл устидан  зулм ўтказиши, турли хилдаги зарбалар, зўравонликлар ўтказмаслиги тўғрисида Исломда аниқликлар тўла-тўкислигича айтиб ўтилган.   VII-асргача аёл-қизларга жоҳилона муносабатлар авж олган, фақатгина шу асрда Арабистондан бошлаб Хитой Осиё, Европа ундан кейинги мамлакатларга ҳам Ислом гуллаб-яшнаган, Исломда аёл-эркакнинг ҳақ-ҳуқуқининг тенглиги баралла баён этилган. Эркак ва аёлнинг келиб чиқишига қараб “ижтимоий тақсимланишлар” ҳам муқаддас Қуръонда, ҳадисларда, шариатда биринчилардан бўлиб келтирилган, аёлнинг ҳуқуқи, шаъни-ғурури, обрў-эътиборини ҳуқуқий томондан шариатда ҳимояланган, “она”- авваламбор аёл ўқимишли бўлиши таъкидланганлигини – шоманизм, турк халқ этнографиясида ҳам биринчи бўлиб “тенглик” тушунчаси Исломда келтирилганлиги ҳақидаги ёзувлар мавжуд. VII-асрда қиз боланинг уйда мажбурий меҳнатга жалб этмаслик хоҳ у акаси, хоҳ у отаси бўлсин зўрлик ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, аёлга тегишли бўлган мол-мулкка ҳам фақат ўзи эгалиги, меҳнат турини ўзи танлаши кераклиги, ҳатто қизу-аёлларни оғир меҳнатга ундаш мумкинмаслиги тўғрисидаги шариат қонунлари ҳам X-асргача аллақачон вужудга келиб бўлган эди, XVI-XVII-асргача эса аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб, ҳуқуқи эркаклар билан тенг ва адолатли қилиб қўйилган ва ҳанузгача  қўл келаётган ягона дин — Ислом дини ҳисобланади.

Аёл – меҳрли,болапарвар хилқатлигини ҳисобга олиб шу йўсинда унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни белгиланади. Куч-қувват билан албатта у эркакка тенглаша олмайди, шунинг учун ҳам эркак уни ҳимоялаши, ғамхўрлик қилиши жоиздир. Ҳаёт, оила мувозанатининг бузилмаслиги учун аёл ҳам ўзига белгилаб қўйилган вазифаларни бажариши гендер тенглигини таъминлайди, негаки аёл ҳам эркак ҳам гендер тенглигига бирдек масъулдир. “Энг яхшиларингиз – бу аҳли аёлингизга яхши муносабатда бўлганларингиздир”, дейилган 14 аср олдин Исломда.  Мусулмончиликда куёв келинга маҳр беради, Европада бошқа дин вакилларида келин куёвга тўлак тўлайди. Кўриб турибмизки, гендер тенглик бизда азалдан бўлган, бундан ташқари хотин-қиз, аёл қадри азалдан қадрланган. Қуръонда ҳаттоки “Нисо”-  (маъноси “аёллар”) сурасида аёллар тўғрисида қатор оятлар келтирилган. Унда аҳли аёлларига яхши муносабатда бўлишлик алоҳида таъкидлаб ўтилган. Эркак киши ўз кучини аёлигамас, меҳнатга сарфласа, оиласини боқишга сарфласа зўравонлик қилишига вақти ҳам сабаби  ҳам бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам айтганлар: аёлнинг: аёлнинг гўзаллига уйланманг гўзаллик ўткинчи, бойлигига учманг тенгсизликка олиб келади, исломий солиҳага уйланишни тавсия берганлар. Ҳатто бева аёлларга ҳам иккинчи бор турмуш қуриш каби ҳуқуқи Исломда бор, у ҳам бўлса Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: беваларни мажбурлаб эмас ўз хоҳишига кўра эрга бериш кераклиги, унинг ҳуқуқини поймол қилиш мумкинмаслигини XIV-аср олдин айтиб ўтганлар.

Хўш нега энди гендер тенглигига аҳамият берилди? Айрим давлатларда аёл ва эркакларнинг тенг-ҳуқуқлиги эркакларга ёқмай қолди, XX-аср ўрталарида инсон ҳуқуқлари бўйича-Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Евросоюз каби ташкилотларнинг асосий вазифаси бўғини инсон ҳуқуқларини ҳимоялашдан ташкил топди, нигоҳи инсон ҳуқуқларининг поймол бўлмаслигига қаратилди. 1948 йил декабрда Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинди. Унда инсоннинг – ранги, тили, этник келиб чиқиши, динидан қатъий назар озод туғилиши, барча ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида декларация қабул қилинди. Декларациянинг биринчи авлоди бу: — эркин фикрлаш, виждон эркинлиги, яшаш ҳуқуқи, хавфсизликда эркин яшаш, тенг ҳуқуқлик бўлиб, ушбу ҳуқуқларнинг барчаси инсон ҳаёти учун зарурий омиллардандир. Гендер- хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ҳамда фаолиятнинг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати эканлиги мазкур қонунда аниқ ёзиб қўйилган. Ушбу мавзуда соатлаб фикр юритиш мумкин, гендер тенглиги Ўзбекистондаги барча аёл-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги, қолаверса бошқа соҳаларда ҳам ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўмакчи, зўравонликларнинг олдини олишда кўмакчи бўлиб хизмат қилади.

Равшанова Ҳуринисо Камоловна.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”  Республика марказининг Бухоро вилояти ҳудудий бўлими, марказ раҳбари

Улашинг: