83

Унга меҳр бераётган ягона инсонни топган Нафиса ўйлаб ўтирмай рози бўлди…

Никоҳ инсон ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтаси саналади. Чунки, алоҳида яшаган икки инсон ҳаёти никоҳдан кейин бирлашади. Никоҳ билан икки вужуд, икки қалб бир тан, бир жонга айланади. Буни “оила” дейилади. Муҳаббат билан қурилган оила аъзолари ҳузур-ҳаловатда яшайди. Оиласи тинч инсон қалби хотиржам бўлади. Муваффақият сари илк қадам оиладан бошланади. Зеро, ўз уйини фароғат қасрига айлантиролмаганлар оиладан ташқарида ҳам бахтга, ютуққа эришолмайди. Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир.

Оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигига эса эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, меҳр-муҳаббат орқали эришилади.

Нафиса (исмлар ўзгартирилган)  турмушга чиққанида бир умр  севган инсони билан бахтли яшашни орзу қилган бўлса ажаб эмас. Аммо турмуш ўртоғи Жамшид оилавий ҳаётнинг биринчи куниданоқ онаси олиб берган келинга деярли қарамади. Уйдагилари у севган Зухрани олиб бермай, ўзига тўқ оиланинг эрка  қизи Нафисага уйлантиришганидан ич- ичидан норози бўлсада, буни ота-онасига кўрсатмасликка ҳаракат қиларди. Аммо Нафиса орзусидаги ёри унга  ўта совуқ муносабатда бўлишини кутмаганиданми, нима қилишини билмас. Дардини кимга ҳам айтишга ҳайрон эди. Ҳаш -паш дегунича орадан бир  ярим йил вақт ўтди. Аммо Жамшиднинг Нафисага муносабати ўзгармади. Ёлғиз қолишди дегунича  у хотинини жеркир, онаси қолиб, ўзи унинг юриш-туришидан айб қидирарди. Хаттоки  арзимаган сабаб билан унга қўл кўтарганида ҳам келинчак дардини ичига ютишга ҳаракат қилган эди. Фарзандлари Жасуржоннинг туғилиши ҳам эр-хотин ўртасидаги муносабатга илиқлик кирита олмади. Аксинча, Жамшид энди ишини баҳона қилиб, уйга 3-4 кунлаб келмай қўядиган одат чиқарди.

Ўша куни  ичиб уйга келган Жамшид, кийимини ечишга ёрдам бераётган хотинини итариб ташлади.

-Кўзимга кўринма,  ҳаётимни барбод қилдинг. Мен бошқасини севаман. Сенга эса ота-онамнинг хоҳишига кўра уйланганман.

Нафиса турган жойида қотиб қолди. Нега эрининг унга совуқ муносабатда бўлиши, Жамшиднинг тез-тез уйга келмаслигини тушунгандай бўлди. Кўзидан оқаётган шошқатор кўз ёшларини тўхтата олмади.

Кунлар кетидан кунлар ўтди.  Бозордан қайтаётган Нафиса қўлидаги  олти ойлик  боласи билан  харид қилган нарсаларини ерга қўйиб бироз тин олиб турганида ёнига келиб тўхтаган машинадан тушган  гавдали, хушруйгина йигит диққатини тортди.

-Салом, яхшимисиз? Қийналиб қолибсиз, бола билан, юринг уйингизга олиб бориб қўяман.

-Йўқ, раҳмат. Уйим яқин, ўзим  етиб оламан. Кейин…. таксига пулим йўқ.

-Пул керак эмас,  юринг. Қаерда туришингизни айтсангиз бўлди… Савоб ҳам қилиш керакку…

Дониёр ҳушмуомалалиги билан бир зумда Нафисанинг қалбини ром этди.  1, 5  йиллик турмуши давомида эридан бир оғиз ширин сўз эшитмаган жувон ўзига бўлган бундай эътибордан хурсанд эди.

Дониёр Нафосатга тез-тез телефон қиладиган, имкон топишганларида эса  учрашадиган ҳам бўлишди. Аммо шаҳар кичик, қаҳваҳоналарда бемалол суҳбатлашиб ўтириб бўлмасди.  Дониёр уйланган, икки нафар фарзанди бор, ёш бўлишига қарамасдан анчагина тадбиркор инсон экан. Нафисани шаҳар чеккасида бўш ётган иккинчи уйига таклиф этганида,  оиладаги ҳақорат ва камситишлардан безор бўлиб, Дониёр мисолида  унга меҳр бераётган ягона инсонни топган Нафиса ўйлаб ўтирмай рози бўлди…

Аммо ҳар қандай сир эртами-кечми  ошкор бўлади. Ўйдаги жанжал тўпалон, ўласи  қилиб калтакланган Нафисани ота-онаси ҳам “шарманда бўлдик,  уйимизга қадам босма” дея,қабул қилишмади. Ёш жувонга  Ангрен шаҳар реабилитация ва мослаштириш  марказлари ходимлари жонига оро кирди. Кўрсатилган тиббий, сўнгра  психологик ёрдам, шокка тушган, ҳаётдан деярли умиди сўнган Нафисани ҳаётга қайтаришга ёрдам берди.

Нафисанинг эри ва қайнона-қайнотаси билан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида Тошкент вилоят и реабилитация ва мослаштириш марказида вақтинчалик яшаб турган Нафисани Жамшид уйига олиб кетди. Айни пайтда ёш оилага ажрашиш, ўртада би р нафар фарзандни етим қолд ирмаслик учун ўйлаб кўришга  бир ой муҳлат берилди.

 

Албатта ҳаётда бундай воқеалар кўп учрайди. Асосий сабаб уйдаги аёл кишининг зиммасига ҳаддан ташқари кўп масъулият юкланиши билан биргаликда, унинг истак-хоҳишлари, интилишлар инобатга олинмаслигидир. Шу билан биргаликда оилада эркакнинг доимий ҳақлиги ва унга ҳамма нарсанинг мумкинлигидадир.

Наргис Қосимова

Улашинг: