463

ЧОРАСИЗЛИК…

Эҳтимол, кўпчилигимиз ижтимоий тармоқларда бундай нохуш хабарларга тез-тез дуч келамиз ёки оммавий ахборот воситалари орқали янгиликлардан ўқиймиз. Гап янги туғилган чақалоғини сотишга уринган оналар ҳақида кетмоқда. Бундай хабарларга дуч келганда жамият унга нисбатан қандай муносабатда бўлади? Кўпчилик, қоида тариқасида, бундай онани танқид қилиб, унинг шаънига адоқсиз ҳақоратларни ёғдиради…

— Она бўла туриб қандай қилиб у бундай қабиҳ ишга қўл уриши мумкин, наҳотки ўз боласини сотиб юборса?! Бунинг учун қанчалар тошбағир ва бемеҳр бўлиш керак… — кўплаб ғазабнок салбий шарҳлар ва лаънатлар аёлга йўлланади. Жамоатчилик томонидан танбеҳ, танбеҳ ва яна танбеҳлар….

Аммо, агар барча ҳис-туйғуларни бир четга суриб, чуқур ўйлаб кўрсак, аёлни бундай ножўя қадам ташлашга нима мажбур қилди?

Бугун сизларга ана шундай оналардан бири ҳақидаги ачинарли воқеани ҳикоя қилмоқчимиз, аммо биз бу билан унинг қилмишини оқлаш мақсадида эмасмиз. Фақат муаммонинг туб моҳиятини тушуниб етиш ҳамда келажакда бундай нохуш ҳолларнинг олдини олиш учун сизларни ушбу вазиятни ичкаридан кўриб чиқишга таклиф қиламиз.

Мунира (исмлар ўзгартирилган) камбағал, нафақат камбағал, балки ўта қашшоқлик ёқасидаги оилада ўсган. Унинг ота-онаси Муниса ва Шокиржоннинг қўлидан фақатгина мардикорлик қилиш келар ва бу орқали топган пуллари рўзғорга урвоқ ҳам бўлмасди. Вақт ўтиши билан эр-хотин иккинчи фарзанд — яна бир қизли бўлишгач, оиладаги аҳвол янада оғирлашди. Оила учма уч, амал-тақал зўрға кун кечира бошлади. Гўдакларга раҳми келган қўни-қўшнилар уларга имкони борича ёрдам қўлини чўзишди: кимлардир озиқ-овқат маҳсулотларини, яна бошқалари болалар кийим-кечаклари ва пойабзалларини ҳадя этишди.

Аммо, қўлдан берган билан қуш тўярмиди, амал-тақал қилиб мактабни аранг тугатиб олган Мунира мажбурликдан дўконда сотувчи бўлиб ишлай бошлади. У ҳамма ишлаб топган пулларини ота-онасига берди, бошқача айтганда, рўзғорнинг бор камчиликларининг уддасидан чиқа бошлади, аммо барибир яхши яшаш учун унинг ёлғиз ўзи топаётган пуллар етарли эмасди …

Бу аҳволда яшашни давом эттириш мумкин эмаслигини тушунган отаси Шокиржон узоқ қариндошидан чипта сотиб олиш учун пул қарз олди ва Россияга ишлашга кетди. Энди яшаётган уй-жойи учун пул тўлашга қурби етмай қолган Муниса онаси билан маслаҳатлашганидан сўнг қизлари билан қишлоққа, ота-онасининг уйига олиб борди.

Бироқ, бу ерда ҳам яшаш оғир эди. Пул етишмовчилиги туфайли Мунира онаси ва бувисининг кўз ёшларига тўла таъна-маломатлари, ҳақорату хўрликлари, норозилиги ва можароларига ортиқ бардош бера олмади ва Навоий шаҳрига иш излаб бу уйдан бош олиб чиқиб кетди. Бироқ, ҳеч қандай маълумотга, касб-ҳунарга эга бўлмаган қиз яхши иш тополмаслиги аниқ эди. Шундай қийин кунларнинг бирида Мунира кўчада бир йигитни учратди. Унинг илиқ муносабати ва муҳаббатга тўла сўзлари қиз учун сўнгги умид ва нажот бўлиб кўринди. Йигитга ишониб, қиз унинг ижарага олинган хонадонида у билан бирга яшай бошлади. Орадан маълум вақт ўтиб, у ҳомиладор бўлиб қолди, аммо бу хабар севгилисини қувонтирмади, аксинча ғазабини келтириб, Мунирани кўчага ҳайдаб солди…

Энди Муниранинг на бошпанаси, на ейишга овқат-озиғи бор эди. Яшаш, кун кечириш учун ҳар қандай ишни бажаришга мажбур эди. Ҳеч қанча ўтмай у она бўлди, аммо бу унга қувонч келтирмади. Туғруқхонада миясида ғужғон ўйнаган саволлар унга асло тинчлик бермади. Энди нима қилиш керак? Қаерга бориш керак? Фарзандини қандай катта қилади? Қандай кун кечиради? Қандай яшайди?

Чақалоғини сотиш ҳақидаги фикр Муниранинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. У туғруқхонада бирга ётган аёллардан бирига ўз ҳаёти ҳақида гапириб бериб, боласини олиб кетадиган жойи йўқлигини айтиб ҳасрат қилганди. Шунда шериги унга узоқ қариндоши туғмаганини, эр-хотин фарзанд асраб олиш орзусида юришганини айтди. Улар Мунирадан болани сотиб олишлари ҳам мумкинлигига шаъма қилди. Мунира чорасиз эди, унда танлаш имкониятининг ўзи йўқ, боласи билан уйга қайтолмасди, алоҳида яшай деса, пули йўқ…

Ўйлай ўйлай Мунирага бу охирги чора бўлиб туюлди ва бу умидсиз қадамга розилик берди.

Туғруқхонадан чиққанидан сўнг, Мунира боланинг харидорлари билан юзма юз учрашди, аммо бола савдосидан аввалдан хабар топган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари махсус операция уюштириб, онани ҳибсга олишди. Ушбу жинояти учун Мунира 5 йилга озодликдан маҳрум этилди…

Икки йилдан сўнг у шартли равишда озод қилинди. Бу пайтда Муниранинг онаси вафот этган, синглисини отаси Россияга олиб кетганди. Мунира яна ёлғиз ва чорасиз, кўчада қолди. Қаерда яшайди, кимдан ёрдам сўраши керак, билмайди…

Яқин қариндошлари ва борадиган жойи йўқ Муниранинг жонига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ходимлари оро киришди. Уни Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига юборишди.

Марказ директори М.Ҳасанова, психологи Ш.Рўзиқулов Муниранинг ҳолатини атрофлича ўрганиб, унга зарур ёрдамларни бериш чораларини кўришди. Мунира Марказ бошпанасига жойлаштирилди, у ишга кириши ва уй-жой олиши учун керакли ҳужжатларни тайёрлангунча шу ерда қоладиган бўлди. Айни вақтда унга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиб борилмоқда.

Умид қиламизки, энди Муниранинг ҳаёти ижобий томонга ўзгаради. Келажакда ўз уйига эга бўлса, Мунира фарзандини “Меҳрибонлик уйи”дан олиб кетмоқчи. Бундан кейинги ҳаётида у ўзини ва фарзандини бахтли қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ишонамизки, Марказ ходимлари ёрдамида Мунира бу орзусини рўёбга чиқаради.

Қадрли муштарийлар, мана шундай кечмишларни бошидан ўтказди, бизнинг қаҳрамонимиз. Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам бировни танқид қилиш ва қоралаш жуда осон, аммо чорасизликдан бирон ножўя ишга қўл уриб қўйган инсонга ҳамма ҳам ёрдам бера олмайди…

Аммо тан олайлик, ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларнинг бир бирларига бўлган илиқ муносабати қалбларга малҳам бўлади ва дунёни ҳам меҳр-муҳаббатга тўлдиради. Сизчи, сиз қандай фикрдасиз?

 

Наргис Қосимова

 

Улашинг: