681

ТЕРРОРИЗМ ВA ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ДУНЁГA ЧИҚҚAН “ЧИПҚОН”

ХХI аср компютерлашган, тараққийлашаётган аср десак ажаб эмас. Aср ёшлари ақлан, жисмонан, ҳам руҳан ривожланган етук келажак вакилларидир. Улар эришаётган ютуқлар ва забт этиб келаётган марраларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Ёшларга яратилиб берилган имкониятлардан ҳар ким ўз хоҳлаганича фойдаланиб келмоқда. Кекса авлод вакиллари ХХI аср ёшларини ҳар томонлама баркамол деб таъкидлашишади. Баъзида эса кўнгилни хирра тортиришга мажбур қиладиган ташқи омиллар ҳам уларга ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти. Биргина мисол қилиб, ижтимоий тармоқлардаги норасмий сайтларга ўзи билмаган ҳолда кириб, танимаган инсонларига ишониб, уларга ўз ҳаёт йўлини топшириб, ёвуз кишиларнинг чангалига тушиб қолаётганлар талайгина. Бундай манфурлар ёшларни йўлдан уриб, диний оқимларга бошлаб кирмоқда.

Ҳозирги дунёда энг ашаддий муаммолардан бири диний экстремизм ва терроризм десак ҳеч муболаға бўлмайди. Бу муаммо қанча вақтлардан бери жаҳон муаммоси бўлиб келмоқда. Унинг пайдо бўлиши узоқ ўтмишга бориб тақалади десак ҳам тўғри бўлади. Тез ўсиб бораётган бу даврда мазкур муаммонинг олдини олишга турли ишлар қилинмоқда. Диний экстремизм деганда ,,баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорлар томонидан жамиятда қабул қилинган қонун — қоидаларга мос келмайдиган фаолият олиб бориш, уларга зид бўлган ғояларни, ақлбовар қилмайдиган даражада мудҳиш чора тадбирларни тарғиб қилишдир” деб тушунамиз. Терроризм эса лотинча ,,террор” сўзидан олинган бўлиб қўрқитиш, тажовуз ва даҳшат маъноларини англатувчи ғайриинсоний хатти-ҳаракатларни ифода этади. Терроризм диний, сиёсий, миллий ғоялар билан ниқобланган ваҳшийликдир. Терроризм кўпинча одамларга таъсир ўтказиш учун қилинадиган таҳдид ёки куч ишлатишдир.

Диний экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосий сабаби бу – мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Онги заҳарланган ва мутаассибга айланган кишилар ўзлари қилаётган ишларни тўғри деб ҳисоблаган ҳолда, ҳар қандай номақбул ишлардан ҳам бош тортмайдилар. Ваҳоланки, уларни бу йўлга бошлаган “раҳнамоларнинг” асл мақсади моҳиятан ғайриинсоний характерга эга.

Дунё тинчлигига хавф солиб турган диний экстремизмнинг таҳдиди қуйидагилардан иборатдир:

  • Aқидапарастликни ёйиш орқали ислоҳотчи давлатга ишончни йўққа чиқаришга уриниш;
  • Диний экстремизм тарафдорлари диндорларнинг умумий сонига нисбатан жуда озчиликни ташкил этсада, уларнинг таъсирига тушганлар ҳисобига жамиятда эрксиз, мутеъ, фаолиятсиз кишилар сонини орттириш;
  • ,,Сохта” ва ,,ҳақиқий” диндорлик белгилари бўйича қарама қаршиликни келтириб чиқариш;
  • Ғарбга ,,исломлаштирилган”, Шарққа эса, аксинча, ,,динсиз”, ,,даҳрий” шаклда кўрсатиб, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйига путур етказишга уриниш;
  • Ислом сивилизацияси билан ноисломий сивилизациялар ўртасига ялпи қарама-қаршиликни кучайтириш ва бошқа таҳдидларни мисол қилишимиз мумкин.

Ноқонуний қурол-яроғ савдоси ва наркобизнес ҳисобидан катта маблағлар тўпланаётган, мусулмон дунёсида шаклланган ўзига хослик туфайли юзага келган вазиятда исломни шиор қилиб олган экстремизм ва терроризм хавфсизликка асосий таҳдид сифатида биринчи ўринга чиқди. Бу ваҳшийликнинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилар орқали кўришимиз мумкин:

  • Диний экстремизм- у ёки бу диннинг ўта тажавузкор, агрессив ва жиноий йўналтирган мазҳаби ва оқими бўлиши;
  • Диндан фойдаланиб динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузлар ва мақсадларни амалга ошириш учун интилиш;
  • Диндан турли сиёсий можаролар, зиддиятларни келтириб чиқаришга уриниш;
  • Инсон, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини эмас, балки диннинг яшашга бўлган ҳуқуқни эътироф етиш;
  • Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳодисалар Ўзбекистоннинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи-назаридан қараганда ташвиш туғдириши;
  • Динни дунёқараш тафаккурининг ягона воситаси деб ҳисоблаш ва ҳоказолардан иборат.

Шундай қилиб, барчамиз уларга қарши курашда енг шимариб, миллий мафкурамиз, ўзлигимиз, эътиқодимиз рамзи бўлган –ислом динимиздан фойдаланишларига йўл қўймаслигимиз ҳамда жамият онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилишимиз керак. Бунинг учун аввало барчамиз мусулмонлар сифатида ҳақиқий ислом динидан хабар топишимиз лозим. Қолаверса, ўсиб келаётган ёш авлодга янада яхшироқ эътиборда бўлиб, уларга соғлом муҳит яратиш ҳам керак, албатта. Бунинг учун эса тарбия бераётган ота-она, таълим берувчи устоз ва маҳалла аҳли ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши лозим.

Райхона ОЧИЛОВA

Улашинг: