9

shok.uz  медиалойиҳаси кимни шокка туширмоқда?

shok.uz сайтининг https://www.youtube.com каналидаги видеоинтервьюларни кўришлар сони кундан кунга ортмоқда. Бундай рейтинг билан хаттоки расмий ва хусусий телеканалларнинг  журналистлари ҳам мақтана олишмайди. Сабаби эса сайт журналисти Лазиза (афсуски, фамилиясини бирор ердан топа олмадим)нинг шоу-бизнес вакилларининг уйларига  куннинг исталган вақтида бостириб кириб,  аксарият ҳолатда ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган саволлар беришидадир.  40 ёшдан ошган  фуқароларнинг аксарияти shok.uz сайтининг  борлигини билишмаса, ёшларнинг кўпчилиги эса 2013 йилдан буён юритилаётган shok.uz сайтининг видеосаҳифасини мунтазам кузатиб боришади.  Ҳозирда саҳифанинг 775 минг нафар обуначиси бор. Бундан ташқари сайтнинг Фейсбук, Инстаграмда ҳам саҳифалари  мавжуд. Биз shok.uz сайти ҳақида сўз юритмаслигимизнинг асосий сабаби унинг айни пайтда ишламаётганлигидир. Асосан унинг шинавандалари Лазизанинг машҳур ёки эндигина машҳурлик пиллапоясига чиқаётганлар билан суҳбатини https://www.youtube.comдаги лойиҳа саҳифаси орқали танишишади.

Лазизанинг янги ташрифи “Севимли” телеканалида 2019 йилда берилган “Зирапча” реалити шоусининг қатнашчиси, шоу-бизнесда Кокош тахаллуси билан ижод қилаётган қизнинг уйига  бўлди. Кокош (исм фамилияси номаълум)га телефонда интервью оламиз, деб қўнғироқ қилган Лазиза, ўзининг мухлисларидан келган маълумот, яъни қизнинг қачон турмушга чиқишини билиш учун уйига бостириб борди. https://www.youtube.com/watch?v=EyTlXexn9ic. Эшикни очган Кокош эса   уйига кутилмаган меҳмонларни таклиф қилди. Лазиза барча жавонлар, музлатгич ва хоналарнинг эшикларини очиб кўра бошлагач, довдираб қолди.  Берилаётган асосий саволлар “нега Чорсудаги кийим дўконингиздаги кийимлардан ўзингиз киймайсиз?”, “Қошингизни териб турасизми?”, “Причёскангизни ўзгартириб турасизми?”, “Бировга негатив ёзасизми?”, “Эрга тегасизми?” ва ҳоказолардан иборат бўлди.

1990-йилларнинг машҳур ўзбек қўшиқчиси Даврон Ғойиповнинг жияни Жасур Ғойипов билан интервью 406 670 кўришларга (12 авг. 2020 й) эга бўлиб, саволлар кетма кет берилсада,  уларга жавоб деярли олинмайди. Сабаби, Лазиза ўз суҳбатдошига жавоб беришга ҳам имкон қолдирмай, ўзи уларга жавоб беради.

https://www.youtube.com/watch?v=Qvc_TFdkDaI&t=23s. “Нега Муниса билан ажрашгансиз?”, “Шахзода биан дуэт куйлагансиз, неча пул сарфлагансиз?” каби саволлар жавобсиз қолди.   “Короновирус билан касал бўлмадингизми, тўғрисини айтинг. Қамалиб чиққанингиздан сўнг касал бўлдингизми?” деган саволдан сўнг “Нима учун қамалиб чиққансиз?” каби савол уч маротаба берилгач, ниҳоят жавоб олишга муваффақ бўлинди. “Сизни мошенник дейишади”, “Сизни бекорга мошенник дейишмайдида, тўғрими?”, “Неча йил қамоқда ўтирдингиз?”, “У ерда нималар билан шуғулландингиз?”, “Чиқаман, деб ўйладингизми?”,“Пулни қаердан оласиз?”  каби саволлар кетма-кет берилиб, жавоблар охиригача эшитилгани йўқ. Жасур Ғойиповнинг барча шоу-бизнес юлдузлари иштирокида ўтказган туғилган кунига нега барча санъаткорлар келганлиги, бунинг учун уларга қанча пул берганлиги Лазизани  қизиқтириб,  тадбиркор  ва хонанда “юлдузлар” бепул келганлигини айтсада,  ишонмади. “Сизни таклиф қилсам туғилган кунимга келмайсизми?” деган  саволга эса Лазиза “келаман, фақат пулга, чунки сизнинг пулингиз кўпда”, деб жавоб беради. shok.uz журналисти Лазизанинг саволларига эътибор берадиган бўлсак, асосан шоу бизнес намоёндаларининг шахсий  ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, тил меъёрларига риоя қилинмайди.

 

Энг кўп  кўрилган сўнгги интервьюлардан яна бири Лазизанинг хонанда Райхон билан суҳбатидир (666 490 кўриш). Райхон билан суҳбатнинг саволлари эса қуйидагича:  “Нега мен билан учрашмайман деб, учрашувга рози бўлдингиз?”,  “Нега Муниса сизни сўккан?”, “Нега Шахзода билан дуэт куйламайсиз?”, “Нега сочингизни рангини ўзгартирмайсиз?”, “Пластик операция қилдирганмисиз?”, “Имкон бўлганда қаерингизни пластик операция қилдирган бўлардингиз?”, “Уммондаги Шохрух борку, Инстаграмда доимо отметка қилади, биласизми?” ва ҳоказо. Лазиза хонандаларга  мухлисларидан келган саволларни беради. Аксарият ҳолатларда жавобни охиригача эшитмай, ўзи топган фактларни тасдиқлатишга уринади. Аммо Райхон билан интервьюда  ундай бўлмади. Жуда босиқлик билан, аксарият ҳолатда рус тилида  саволларга жавоб берган Райхондан Лазиза ўзи истаган маълумотларни ололмади.

Жасур Умиров билан унинг уйида бўлиб ўтган интервьюда https://www.youtube.com/watch?v=Fnq-vn3snTY(1 801 407 кўриш.18 май  2020 й.) тайинли савол ҳам, тайинли жавоб ҳам йўқ.  Асосан, Жасур Умировнинг ҳашаматли уйини томоша қилиб бўлгач, Лазиза ўзининг саволларига ўзи жавоб бергани учун хаттоки хонанда “Ўзингга ўзинг гапириб ўтираверасанми? Унда мен ҳам ўзимга ўзим гапираверай” дея киноя қилади. Интервьюнинг асосини нега Ж.Умиров уйланмаганлиги, қамалган қамалмаганлиги, сочини қачон кестирганлиги (олдирмаганлиги) ташкил этди.

Лазизанинг хонанада Шахзода билан интервьюси унинг студиясида бўлиб ўтди. Унинг асосий обуначиларни жалб қиладиган хатти-ҳаракатларидан бири барча жавонлар, ҳожатхона ва гардеробни титиш ва чанг бор-йўқлигини кўриш билан бошланди. Шахзодага мухлислари томонидан совға қилинган гулдастани “менга гул олибсиз, раҳмат” деб  олаётганида хонанда уни тўхтатиб, гул ўзига совға қилаётганлигини айтди.

Саволлар асосан мухлислардан тушган бўлиб, Шахзоданинг Райҳон билан муносабати, ким билан уришгани ёки уришмаганлиги, хонанда Лола билан муносабати, Лоланинг ҳомиладор ёки йўқлиги ҳақида эди (2 001 463 кўриш.10 март 2020 й.). https://www.youtube.com/watch?v=gP1gokPPVIg&t=1359s. Бундай бемаъни саволлар беришдан мақсад Лазизанинг  гапига кўра “суҳбатдошини шокка туширишдир”. Ҳар бир хонадонга киргач, Лазиза албатта ўзини меҳмон қилишларини ва совға беришларини сўрайди. Бундай хатти-ҳаракатлар, албатта томошабинда  журналист худди  шундай бўлиши керак, бировнинг уйига бостириб кириши, овқат, совға талаб қилиши, жавонлари, гардероби, ётоқхонаси бурчаклари, ҳожатхонасини титиб кўриши, тил маданиятига риоя қилмаган ҳолда, рус ва ўзбек сўзларини аралаштириб  саёз, шахсиятга тегадиган саволлар бериши керак, деган тасаввурларни уйғотади.

shok.uz саҳифасига қўйилган ҳар бир интервьюдан кейин томошабинларнинг суҳбатга ва Лазизанинг хатти-ҳаракатларига бўлган муносабатлари турлича. Аммо аксарияти унинг ўзини тутиши ва гап-сўзлари савиясининг пастлигини қораловчи фикрлардир. Бунга қуйидаги шарҳлар мисол бўла олади:  “Ведущая ўта савияси паст одам экан. Ахборотингиз учун латтачи мижинг ғийбатчи кампирлага ўхшаб, кийимни нархи неча пул деб, сўраш журналист сифатида сиз томондан жуда қўпол хато ҳисобланади. Дунёқарашингиз жуда тор,  саволлар савияси ўта уятли. Афсуски, ўзбек телевидениесида шу табақадаги журналистлар кўпайиб бораётгани туфайли Ўзбекистон телевидениесида ривожланиш, янгилик, “креатив” деган қарашлар йўқ десаям бўлади. Журналист бу миллатнинг ойнадаги акси ҳисобланади. Сизга ўхшаганлар эса миллатни уятли ҳолатга солиб қўймокда”, “Журналист қиз бозордаги пистачи хотинларга ўхшаб савол беради” ва ҳоказо. Бугунги кунда интернет фойдаланувчилари визуаллашган контентни   кўпроқ томоша қилишмоқда. Доимий равишда  ижтимоий тармоқларда танқид ёки муҳокама қилиниб келинаётган ўзбек шоу-бизнес  юлдузларининг яшаш тарзи, уларнинг бошқа “юлдуз”ларга муносабати борасидаги гап-сўзларни омма муҳокамасига олиб чиқаётган Лазиза  эса машҳурлик пиллапоялариан юқорига кўтарилмоқда. Ҳўш бунинг сабаби нимада? Албатта, “юлдузлар”нинг уйига улар билан олдиндан келишмасдан туриб, бостириб киришнинг ўзи бўлмайди. Кейин ҳар қандай хонадон хусусий  ҳудуд бўлиб, чақирилмаган меҳмонларни уй эгалари қувиб чиқаришга ҳақли. Аммо Лазиза билан бўлган ҳолатларда бунинг аксини кўриш мумкин. Хонанда ва актёрлар аксинча уни “бироз ҳайрон қолган ҳолда”, табассум билан кутиб олишади, саволларига жавоб беришади, қорнини тўйдириб,  совға ҳам беришади. Совға масаласи алоҳида мавзу. Аксарият ҳолатда Лазиза совғани талаб қилиб олади, беришмаса, бошқалар биришини иддао қилади. Шу ўринда томошабинда “ҳар қандай журналист фақат совға учун ишлайди” деган фикр шаклланса ажаб эмас.

Қисқача медиалойиҳанинг тарихига назар ташласак. shok.uz 2013 йилда ўзбек шоу-бизнес юлдузларининг ҳаёти  ва фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотларни беришга мўлжаллаб ташкил этилган эди. Аммо илк  тайёрланган виеолавҳаларни томоша қилган инсон уларнинг анчагина зерикарли эканлигини кўради. Масалан, Даврон Кабуловнинг бўлажак рафиқаси билан қилган love storiesи (3 622 843 кўриш, 24 май 2016 й.)https://www.youtube.com/watch?v=GT1010L7IK8, хонанда Шароф Муқимов ва Ситора Алимдоноваларнинг тўйидан лавҳа (4 238 566  кўриш. 4 апрель 2017 й.)https://www.youtube.com/watch?v=1Bkua9y6nbU, Муниса Ризаева  тўйидан лавҳа (аслида тўй бўлмаган, клип учун олинган лавҳа) 6 271 173 кўриш, 20 июль 2017 й)) https://www.youtube.com/watch?v=jxMypXitKKg&t=78sва ҳоказо.  Мазкур видеоларнинг барчаси бўлажак келинларнинг гўзаллик салонига боришидан бошланади. Томошабинни жалб қилувчи асосий “қармоқ” эса видеоларнинг сарлавҳасидир: “Муниса Ризаева ўз тўйида куёв билан қўшиқ куйлади”, “Жаҳонгир Отажоновни уялмай ўпганини эфирда тан олган актриса Зиннура | Уятсиз клипни ким учун олган?”, “Дилфуза Исмоиловани ётоқхонасида ички кийим билан ушлаб олдик”, “Зирапчадаги Кокош нега Ситора Алимжоновани тўйида актрисани  урди?” ва ҳоказо. Аммо жалб этувчи сарлавҳаларни ўқиб, видеони кўрган одам унинг ичидан  кутган нарсасини топа олмай, ҳафсаласи пир бўлмоқда.

Мазкур лойиҳа аксарият ҳолатда аудитория журналистлардан кутаётган расмий телеканаларда кўрсатилмаётган, қизиқувчилар фақатгина ижтимоий тармоқлар орқали билиб олаётган юлдузлар ҳаёти билан таништиради. Журналистнинг “эшикдан ҳайдашса, тешикдан кириб кела олиши” ҳақидаги аудитория онгига сингган тушунча телетомошабинлар нигоҳида Лазиза орқали гавдаланади. Журналистнинг ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган бундай хатти- ҳаракати кўпгина машҳур журналистлар учун хос. Масалан, Россияда булар Андрей Малахов, Владимир Соловьев, Владимир Познерлар бўлса, хорижда Кристиан Аманпур, Кейт Ади, Гленн Гринвальд ва бошқалардир. Лазизани албатта уларга солиштириб бўлмайди. Зеро, юқорида тилга олинган журналистлар ўз фаолиятига профессионаллик билан ёнодшишса, Лазизада эса машҳур ҳамкасбларига аянчли тақлидни кўриш мумкин. Унинг савол бериш усули бир томондан Андрей Малаховникига ўхшаб кетса, ташриф буюрган хонадонлардаги чанг бор йўқлигини текшириш, музлаткичларни кўриш эса Россиянинг “Пятница” телеканалида намойиш этилувчи “Ревизорро” телелойиҳасининг бошловчиси Ксения Миласга ўхшатмадир. Оддий тилда эса мен буни фрик-шоу (мискинлар шоуси), деб атаган бўлар эдим.

Оддий телетомошабинлардан тортиб  маҳоратли ўзбек журналистлари Лазизанинг хатти-ҳаракатига турлича баҳо беришсада, shok.uz да жойлаштирилган виеоинтервьюларни кўргач, менга бир нарса аён бўлди: Лазиза томошабинлар кутган нарса, яъни қаҳрамони ҳаётининг ёпиқ эшикларини очиб бермоқда, юлдузлар учун эса лойиҳада чиқиш ўзига хос пиар, ўзлари ҳақида юрган миш-мишларни бартараф этиш усулларидан биридир.

Медиалойиҳа  кўришлар сони орқали реклама жалб этиш билан бирга, журналисти (бошловчиси) Лазиза томонидан берилаётган беъмани саволлар, шоу-бизнес вакилларининг шахсий ҳаётини юзага олиб чиқиш учун уларнинг уйидаги ҳожатхонани тозалигини текшириш ва кийим жавонини титиш  орқали  мухлисларини ҳақиқатдан шокка туширмоқда.

Наргис Қосимова

Улашинг: