21

ТОПТАЛГАН ЁШЛИК

Шошиб кетаётган Севара   метро бекатининг кириш жойида ишга таклиф қилиб эълон ёзилган қоғозларни тарқатиб турган қизга унчалик ҳам эътибор бермади. Унинг ўзига узатган қоғозига кўз ҳам югуртирмай, сумкасига солди-да, шитоб билан зинадан пастга югуриб туша кетди. Ахир бугун ҳаётида муҳим кун. Кўрик-танловдан ўтиши керак. Агар омади келса, янги очилаётган рақс гуруҳига қабул қилинади, бўлмаса… Бўлмаса, назарида бир умр болалар рақс тўгарагини бошқаради. Ҳа, орқангда одаминг бўлмаса қийин экан. Санъат билим юртини яхши баҳоларга тугатди, орзуси Тошкентга бориб иш-лаш, ўз билими, иқтидорини бутун республикага намоён қилиш эди. Бу орзусига қис¬ман бўлса ҳам эришди.  Онаси, тоғасининг ёрдами билан Тошкентдан бир хонали уй сотиб олиб, шу ерда яшай бошлади. Аммо ҳануз бирор рақс гуруҳи аъзоси бўлиш ор¬зуси ушалганича йўқ. Балки бугун орзуси рўёбга чиқар. Қанийди…

Кечқурун бўшашиб, ҳувиллаб ётган хонадонига келган Севара, бир амаллаб эшикни очдида, остонадаёқ хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Намунча омадсиз бўлмаса? Ахир кўрикда қатнашганларнинг  ундан ҳеч ҳам ортиқ жойи йўқ-ку?! Шу он ўзини жуда-жуда бахтсиз ва ожиз сезди. Юзини юваётган кўз ёшларини артиш учун рўмолчасини қидириб, сумкасига қўл солган эди, унга бир парча қоғоз илиниб чиқди.

Севаранинг юраги тез-тез ура бошлади. Балки бугунги кўрик-танлов  ҳаётнинг бир синовидир. Балки энди омад унга кулиб боқар?! У худди йўқотган нарсасини топгандек, ғижим бўлган қоғозни авайлаб текислади ва ундаги эълон сатрларига қайта-қайта кўз югуртирди. «Хорижда ишлаш учун раққосалар таклиф қилинади. Тажриба талаб қилинмайди. Чет тилни мукаммал билиш шарт эмас. Лицензия № 3468. Телефон………..»

Балки унинг бахти айнан мана шу бир парча қоғоздадир. Севара телефон гўшагини кўтариб, эълонда кўрсатилган рақамни терди. Орадан 3–4 сония ўтмасдан гўшакда номаълум аёлнинг ёқимли овози эшитилди. Аёл билан учрашувни келишиб олган Севара елкасидан тоғ ағдарилганлигини сезди. Қанийди тезроқ  тонг ота қолса.

Учрашувдан Севара уйига учиб келар эди. Уни қабул қилишди. Гуруҳ раҳбари ҳам унинг ҳаракатларини мақтаб, айнан шундай раққоса қизлар кўпроқ келса яхши бўлишини, фақат шундагина янги тузилаётган гуруҳнинг шуҳрати бутун дунёга тарқалишини таъкид¬ла¬ган¬лигини эслаб, ўз-ўзидан ғурурланди. Энди тезроқ Жиззахга қай¬ти¬ши керак. Албатта, бу хушхабарни биринчи бўлиб аяжониси эши¬ти¬ши лозим. Дугоналари ҳам  эшитишса хасаддан ёрилиб ўлишади-да. Ҳар кимга ҳам чет элга чиқиш насиб этавермайди-ку!

– Ассалому-алайкум. Ким бо-ор?

Хайри опа  қизининг овозини эшитиб, тикиб ўтирган  нарсасини четга қўйди-да, Севарага пешвоз чиқди.

–Болажоним-ей, бормисан? Тошкентингдан келай ҳам демайсан-а? Соғинтириб қўйдинг.

Хайри опа қизини бағрига босар экан, кўзига ёш келди.

– Онам бор ҳам демайсан-а?

–Аяжон, сизни жуда-жуда соғиндим. Шошманг, сизга бир  янгилик айтмоқчиман, фақат йўқ демайсиз.

–Тўхта, йўлдан толиққандирсан, чой қўйворай, кейин бафуржа гаплашамиз.

Хайри опа  ошхонага йўналиб, чойгумни газга қўйди. Дастурхон ёзди. Кийимини алмаштириб чиққан қизига термулди. «Ёши ҳам 20 дан ошди. Қўшни  Ботиржон юборган совчилар ҳақида ҳозир айтсамикан, ё кейинроққа қолдирсамикан? Шаҳар кўрган  қиз. Балки Тошкентдек азим шаҳардан тенгини топгандир. Янгилик айтаман деди-ку?» Хайри опа қизининг қувончдан порлаб турган кўзларига боқар экан, дастлаб унга қулоқ солишга жазм этди.

–Хўш, нимани айтмоқчисан?

Иссиқ чой қуйилган пиёлани Севаранинг қўлидан олар экан, Хайри опа қизига боқди.

– Аяжон, мени чет элда концертлар қўйиш учун тузилаетган рақс гуруҳига қабул қилишди. Фақат йўқ деманг. Уч ой давомида Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарда бўлар эканмиз. Сизнинг розилигингиз бўлса, бас. Ҳужжатлар деярли тайёр.

Севара умид билан онасига тикилди.

– Шошма, шошма. У куни қўнгироқ қилганингда  қанақадир гуруҳга кириш учун кўрик-танловда қатнашишингни айтган эдинг, ўтдингми?

– Йўқ, у эмас. Бошқа гуруҳга. Эълон бўйича борган эдим, мен билан гаплашиб, ҳаракатларимни кўриб қабул қилишди. Мақташди ҳам. Ойлик ҳам беришар экан. Ўзингиз Муроджон акамни уйлантираман, деб юрибсизку. Бўлажак келинойимга кийим-кечакни ўша ёқдан қилиб келар эдим. Хўп денг. Бор-йўғи уч ой-ку!

Хайри опа нима дейишини билмай ўйланиб қолди. Ҳа, қизига ҳам қийин. Бечоранинг раққоса бўлиш орзуси ушалсин, бу ерда тўй-пўйга юриб кетмасин деб, минг бир машаққат билан Тошкентга жўнатган эди. Бу ёқда Муроджоннинг ҳам бўйи етиб турибди. Келгуси йилда уйлантирмаса бўлмас, ўзиниям ёши ўтиб бораяпти. У тенгилар аллақачон бир-икки болали бўлишди. Раҳматли отаси тирик бўлганида, бу муаммолар шу пайтгача ҳал бўлармиди?

– Жон қизим, ўйлаб кўрайлик. Кечқурун тоғанг ишдан келсин, қани, у нима дер экан? Ҳар қалай сизларга ота ўрнида ота.

Севаранинг тўлиб-тошиб сўзлаган ҳикоясини тинглаган тоғаси ҳам ўйланиб қолди.  Севара ҳали ёш қиз. Тошкентдан узоққа бормаган. Бир ўзини чет элга жўнатиш қалай бўлар экан. Жиянининг  жавоб кутиб, термулиб турган кўзларига боқар экан:

–Майли, нима ҳам дердим, фақат ўша гуруҳ раҳбаринг билан ўзим бориб гаплашаман. Айтгандай, қанча пул сўрашаяпти? Йўл харажатларини ким тўлар экан?

–Ўзлари, ўзлари. Бу ҳақида мен ҳам сўровдим. Ҳаммасини ҳужжат¬ларни тўғирлашга, йўлга кетадиган пулни ҳам ўзлари тўлашларини айтишди, кейин ойлик маошимиздан ушлаб қолишар экан, – деди Севара шоша-пиша тоғаси фикридан қайтишидан қўрқиб.

Тошкентга бориб гуруҳ раҳбари билан гаплашган Севаранинг тоғаси кўнгли хотиржам бўлиб, орқасига қайтди. Қизларни хорижга жўна¬та¬ётган фирма ходимлари унга ўз лицензияларини, шартнома блан¬ка¬ларини ҳам кўрсатишди. Бинойидек ташкилот экан, ходимлари ҳам ўта ҳушмомала! Эшикдан киргиши билан юзларида табассум билан кутиб олиб, чой ҳам таклиф этишди-я. Бошлиғи-чи, бошлиғи. Ўзини худ¬ди қадрдон дўс¬тидек тутди-я! Овозида на такаббурлик бор, на ҳаракатларида кеккайиш. Қойил!

Севара фақатгина самолётнинг юмшоқ ўриндиғига жойлашиб, хавфсизлик камарини таққачгина, ростдан ҳам чет элга учаётганларига ишонди. Эҳ, у қанчалик бахтиёр экан-лигини яқинлари кўрса эди. Самолётда ҳам биринчи марта учиши. Маза. О, тепадан уй-лар ҳам кўринмай кетар экан-а? Гуруҳ аъзолари, бир-биридан чиройли қизлар  яқиндан танишиш истагида тинмай чуғур¬ла¬ши¬шарди.

Бангкок  аэрапорти божхона постидан ўтишгач, гуруҳ раҳбари 14 соат давомида учишдан толиққан қизлар қўлидан  паспортлари ва имзолаган шартномаларини қайтадан йиғиб олди-да, бу нарса қизларни янги жойда ишга жойлаштириш учун кераклигини уқтирди.

Аэропортда уларни  башанг кийинган икки йигит кутиб олди. Улар гуруҳ раҳбари билан бир нарсалар ҳақида гаплашгач, бири қизларнинг олдига келиб, ўзининг орқасидан юришларини тайинлади.

– Вой, ўзбекча билар экан, – деди қизлардан бири.

Унинг гапини эшитиб, йигит жилмайиб қўя қолди. Юринглар, дегандек, боши билан ишора қилди.

– Гуруҳ раҳбаримиз биз билан бормайдиларми? –  қизларнинг энг шаддоди Гўзал олазарак бўлиб уни қидира бошлади.

– Хавотирланманглар, у кечроқ келади, ҳозир эса мен нима десам, шуни қиласизлар,– деди йигит сабрсизлик билан.

Қизлар етиб келган уй кўримсизгина бўлиб, ҳар хонага 5 тадан қизни жойлаштиришди. Овқатланиб, бир оз дам олган қизларнинг олдига  кечқурун  бир аёл келиб, барчаларини «Хўжайин»нинг олдига бошлаб борди. «Хўжайин»нинг гапи эса қизларнинг  уст¬и¬дан  бир челак совуқ сув қўйгандек, уларнинг баданларини жунжиктирди. «Хўжайин» улар билан тузилган шарт¬нома бу ерда ҳеч кимни қизиқтирмаслигини айтиб, бу ерда қизлар халқ рақсларини эмас, балки стриптиз намойиш қилишлари кераклигини уқтирди. Бундан ташқари клуб эга¬си стол атрофидаги дам олаётган меҳмонлар ёнига ўтириб, уларни қимматбаҳо ичим¬ликлар ва таомлар буюртиришга ундаш ҳам қизларнинг вазифасига киришини айтди.

Ўртага чўккан сукунатни Гўзалнинг овози бузди.

– Нега энди биз сизнинг айтганингизни қилишимиз керак? Бизни бу ерга рақс тушиш, Ўзбекистоннинг гўзал рақсларини дунёга танитиш учун олиб келишган. Бизга бундай муомала қилишга қандай ҳаддингиз сиғди?

Қизнинг ғазаб билан айтган сўзларини «хўжайин»нинг қаҳқаҳаси  бўлди.

– Ўзингни гўлликка солма. Кўринишингдан унчалик соддага ҳам ўхшамайсан. Яна бир марта гап қайтарадиган бўлсанг, яхшилаб таъзирингни ейсан. Бу ерда менинг айтганим бўлади. Энди сизлар меникисизлар, чунки мен ҳар бирингни  сотиб олганман. Сенларнинг йўлинг, озиқ-овқатинг, кийиминг учун сарфлаган пулларимни икки ҳисса қилиб қайтариб бермас экансизлар, ёруғ дунёга келганларингга пушаймон бўласизлар. Тушундингми?

У қаҳрли нигоҳини Гўзалга тикди.

– Нега энди бизни сотиб олар экансиз? Биз бировнинг ёки сизнинг шахсий буюмингиз эмасмиз!  Ҳозироқ бизни қўйиб юборинг, бўлмаса устингиздан арз қиламиз, – гапга аралашди Севара.

– Ўҳ-ў, ҳаммангнинг тилинг узун экан-да. Бор қаёққа кетсанг кетавер! Кўраман ҳужжатсиз бегона юртда, бир оғиз буларнинг тилини билмай қаёққа боришингни? Кўчада очингдан ўларсан?! Бунинг устига ота-онанг ҳозир қаердалигингни ҳам билмайди. Ахир сизлар хоҳламай¬сиз¬лар-ку, уларнинг қулоғига бу ерда нима иш билан шуғуллан¬ган¬ларинг етиб боришини?

Қизлар ялт этиб бир бирларига кайтишди. Кимнингдир пиқиллаб йиғлаган овози  эшитилди.

– Бўлди бас, буларни олиб кетинглар. Кечқурун бари ишга чиқсин. Мунир, хоҳлама¬га-нини ақлини киритиб қўй.

Калтак зарбидан ҳаммаёғи қақшаган Севара, кўзини очганида бошида турган Гўзални кўрди. Йиғидан унинг қовоқлари шишиб кетганди. Дугонасининг кўзини очганини кўриб,  қувониб кетди.

– Э, қўрқитвординг, дугонажон. Шуларни айтганини қила қолсанг бўларди. Ўзиям ҳушингдан кетсанг ҳам қорнингга тепишди-я, аблаҳлар. Айтишларича, юмшоқ жойга урса, кўкармасмиш. Ҳайвонлар!

Севара  қорнида қўзғолган кучли оғриқдан ғужанак бўлиб олди.

– Ўлсам ҳам уларнинг айтганини қилмайман. Ундан кўра ўлдиришгани яхши.

– Қўй дугон, онангни ўйласангчи, ўзинг айтувдинг ёлғиз қизман деб, сенга бир нарса бўлса кўтара олмайдилар. Ке, ундан кўра қандай қилиб бу дўзахдан қутилишни ўйлайлик.

Номуси топталган, хўрланган, калтакланган  қизларнинг кўзига бараваракайига ёш келди..

Гўзалнинг гапини эшикдан кириб келган «Хўжайин»нинг югурдаги Мунирнинг овози бўлди.

–Нима, сен …лар ҳали қочмоқчимисанлар?

У кела солиб, Гўзалнинг юзига тарсаки тортиб юборди. Қиз қўрққанидан юзини яшириб, бурчакка қочди. Мунир қиз томон юрган эди, Севара ўрнидан туриб, жон ҳолатда унинг қўлига осилди.

– Урманг, уни урманг. Биз қочмоқчи эмасмиз. Сиз нотўғри эшитибсиз. Биз учун тў¬¬ла-ган пулларингизни ишлаб берамиз. Фақат урманг.

– Мана бу бошқа гап. Энди ақлларинг кирибди. Ҳозир «хўжайин»ни қувонтираман, — дея эшикни карсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.

Уч ой Бангкокнинг аҳоли энг зич жойлашган мавзесидаги тунги клубда ишлаган Се-варани «хўжайин» уни ёқтириб колган «ҳам¬ка¬са¬баси»га икки баробар қимматга сотиб юборди. У эса ўз навбатида қизни ўзининг доимий мижози бўлмиш бой арабга сотди. Чи-ройли, аммо қадри-қиммати йўқ буюм сингари қўлдан-қўлга ўтган қиз  7 ой деганда Бир¬-лашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида қўним топди. Бу ерга келиб эса унинг «ва-зифаси бир оз ўзгарди». Уни Дубайга  олиб келган Селим Севарани фоҳишахона¬лар¬¬дан бирига сотди.

Қизнинг латофати, гўзаллиги, мулойимлиги тезда фоҳишахона хўжайинини ўзига ром этди. У қизга алоҳида илтифот кўрсатар, хаттоки унинг «чўнтак харажатларини» бош-қаларга нисбатан кўпайтирган  ҳам эди. Қиз фақатгина алоҳида мавқега эга мижоз¬ларга хизмат қиларди. Улар эса тез-тез уни ўзлари билан олиб кетар эдилар. Мактаб давридаёқ инглиз тилини анча-мунча яхши ўзлаштиргани ана шу ерда қўл келди.

Севаранинг Акром Носир билан танишуви ҳам шу тарзда кечди. Дубайдаги  бир катор йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг эгаси бўлмиш бу одам, бу ерга тез-тез ташриф буюрар, ҳар келганида албатта қизга қимматбаҳо буюм совға қиларди. Севара ҳам уни кўрганида кайфияти кўтарилар, аста-секин ўзидан 20 ёш катта бўлган одамга ичидаги дардини ҳам айта бошлади. Узоқ Ўзбекистонда қолиб кетган муштипар онаси, акаси, жиянларини соғинганлигини, бир бор бўлса ҳам онаизорини кўриш истагида эканлигини бир-бир сўзлаб берди. Қизни диққат билан тинглаган Акром Носир унга ёрдам беришини ваъда қилди.

Севара Акром Носирни икки ҳафта кутди. Қалбида ёнган умид учқуни аста-секин сўна бошлаганда, «хўжайин» унинг хонасига одам юбориб, тайёр бўлиб туришини, энди у бошқа жойда ишлашини айтди.

–Э, Худо, сенга нима ёмонлик қилган эдим. Бу кунимдан ўлганим яхши эмасми? Аяжон, мени кечиринг, бахти қаро қизингизни кечиринг.

Севара юрагининг туридан отилиб чиккан фарёдни тўхтата олмади. Дераза олдида қўйилган столдаги мевалар ёнида турган пичокни қўлига олди. Бир зум унга тикилиб турди-да, кўзини чирт юмиб, кўксига пичоқни санчиш учун қўлини кўтарди. Аммо қўли ҳавода муаллақ қотиб қолди. Билагидан ушлаган кучли қўл қизнинг қўлидаги пичоқни тортиб олиб, секин сочини силади. Нима бўлганлигини тушунмаган Севара кўзини очганида, олдида жилмайиб турган Акром Носирни кўрди.

– Вой тентаквой-ей, — деди у инглизчалаб.– Иккинчи бундай қила кўрма, энди сен озодсан. Мана бу эса сенга совға.

Акром Носир қизнинг қўлига самолёт чиптасини тутқазди.

— Энди кийимингни алмаштир, бирга овқатлангани борамиз,– дея секин эшикни ёпиб, чиқиб кетди…

Ҳуқуқшунос маслаҳати:

Алданиб қолмаслик ва ўзга юртда қул бўлмаслик учун қуйидаги маслаҳатларимизни ёдда тутинг ва  имкон қадар уларга амал қилинг:

Сиз фирма орқали чет элда ишлаш учун кетишга қарор қилган бўлсангиз, аввало меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан ушбу фирманинг бундай фаолият тури билан шуғулланиш учун тегишли давлат лицензияси бор-йўқлигини текширинг.

Сизни чет элда ишга жойлаштиришга ваъда бераётган фирма вакилидан лицензиясини кўрсатиш ва ундан нусха кўчириб беришини сўранг. Фирма вакиллари томонидан бе-рилган маълумотлардаги фирманинг номи, унинг манзили ва фаолият муддатлари бошқа ҳужжатлар билан мос келишига эътибор қаратинг.

Сизни чет элда ишга жойлаштиришга ваъда бераётган фирма офиси деворларида фирма томонидан кўрсатилаётган хизматлар рўйхати борлигига диққат қилинг.

Фирма томонидан сизга таклиф этилаётган ишнинг чет давлатда қонунлаштирилиши бўйича шартномани кўрсатишни сўранг.

Сизга ўз хизматларини таклиф этаётган фирма вакилининг исм-шарифини билиб олинг, унинг  ҳаққонийлигини текшириб, воситачи фирма томонидан берилган, ҳамда но-тариус тасдиғидан ўтган, инсонларни чет элда ишлашга ёллаш ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки шартномани кўрсатишни сўранг.

Сиз бормоқчи бўлган давлат  элчихонаси ёки ваколатхонасининг савдо-сотиқ бўлимига мурожаат этинг ва  сизга иш таклиф этаётган бу фирма ёки шахснинг ҳақиқатдан ҳам бор¬лигини аниқланг.

Виза олиш учун сўровномалар элчихоналар томонидан бепул берилишини унутманг.

Сизни таклиф этаётган чет эл фирмасининг телефонини билиб олинг ва у ерга қўнгироқ қилиб кўринг. Ҳақиқатдан ҳам ўша фирма сизнинг давлатингиздаги фирма билан битим тузганми? Давлатин¬гиз¬дан фуқароларни қандай шартлар билан таклиф этишади? Ана шу саволларга жавоб олишга ҳаракат қилинг.

Сизга иш таклиф этишганда қуруқ сўзларга ишонманг, албатта шартноманинг ҳар бир нусхаси билан танишиб, сўнг имзо чекинг.

Чет элда ўқиш ёки ишлаш учун тузилатган шартномани диққат билан ўқиб чиқинг, ҳар бир изоҳига алоҳида эътибор беринг, имкон бўлса ҳуқуқшунос маслаҳатини олинг, шартнома сизга тушунарли тилда ёзилган бўлиши шарт.

Чет элда ишлаш ёки ўқиш учун тузилган шартномаларда қуйидагилар акс этган бўлиши шарт:

истиқомат учун жой;

ишга олувчининг исми, фамилияси, фирма номи, манзили, телефони ва факси;

иш ва меҳнат шароитлари;

маош тўлаш услуби;

шартноманинг муддати;

ижтимоий ҳуқуқларнинг таъминланиши;

чет давлатда бўлиш шароити ва ваколат берувчи масъул шахс тўғрисида маълумот.

Сизни иш билан таъминлаётган фирма ҳужжатларни расмийлаш¬ти¬риш учун пул талаб қилса, пул тўланганлиги ҳақида банкнинг кви¬тан¬цияси ёки касса ордерини талаб қилинг, бундай ҳолатларда энг ях¬ши усул пулни банк орқали фирма ҳисоб рақамига ўтказишдир. Фа¬қат шу йўл билан пул ўтказганлигингизни (судда ҳам) исботлаб бера оласиз.

Айниқса, Сизга таклиф қилишаётган ишга тўланадиган маошга аҳамият беринг. У Сиз ишга жойлашган давлатдаги ҳақикий маошга тўғри келадими?

Чет элда ишлаб топилган пулни банк орқали олганингиз маъқул, бунинг учун ўз давлатингиздаги банкда ҳисоб рақами очишингиз керак бўлади. Банкдан бунинг қандай амалга оширилиши ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Чет элга етиб келишингиз биланоқ Ўзбекистоннинг шу давлатдаги элчихонасида ёки  ваколатхонасида рўйхатдан ўтинг.

Наргис Қосимова

Улашинг: