4

 «ҚУЛДОРЛАР» ҚЎЛГА ТУШДИ

 – Ромитангача неча сўм бўлади?

Мурод қадди-қомати келишган, ёзнинг жазирама қуёши ҳам оппоқ юзини қорайтира олмаган қизга қараб, хаёли қочди. У такрор йўл нархини сўраганидан сўнггина ўзини қўлга олди.

–10 минг сўм, яхши қиз, майли сиз учун 8 минг бўла қолсин.

–Вой, мунча қиммат, 5000 минг бўлмайдими?

–Биласиз, бензин нархи кунига ошаяпти. Иложи йўқ. Бунинг устига бошқа ҳеч кимни кутиб ўтирмаймиз. Ўзингизни дарҳол айтган жойингизга обориб қўяман.

Орқа ўриндиққа ўтирган қиз терлаган юзини рўмолчаси билан артди. Анчадан бери Салим билан бирга амалга ошириб юрган ишлари учун бу қиз жуда ҳам боп эканлигига ишонч ҳосил қилгач, Мурод “Мен ҳозир” деди-ю, машинадан чиқиб,  ҳамтовоғига қўл телефонидан сим қоқди:

— Салим ака, зўридан бор. Нима қилай?

— Нилуфарникига олиб келавер. Келишилган нарх.

Хулкар машинанинг олд ойнаси орқали ўзидан кўзини узмай келаётган ҳайдовчининг  еб қўйгудек нигоҳидан  қочиш учун, “Жигули” ойнаси орқали лип-лип ўтаётган тут да­рахт­ларини санашга тушди. Бироздан сўнг чалкашиб, яна бехос олдинга қаради. Ҳайдовчи ўқтин-ўқтин ўзи томонга қараб қўяётганини сезиб, шу машинага ўтирганидан афсусланди. Ромитан шаҳрига кираверишда тушиб қолмоқчи бўлган  эди, Мурод, “шу яқин атрофда ишим бор. Аввал бир жойга кириб чиқайлик, кейин сизни айтган жойингизга олиб бо­риб қўяман, ахир ваъда бердим. Эркакнинг сўзи сўз” дея, унинг тушиб қолишига изн бер­мади.

Мурод шаҳарнинг тор кўчаларидан бирида жойлашган, қачондир кўкка бўялиб, йиллар давомида ранги кетиб, айни пайтда қандай рангда эканлигини англаб бўлмайдиган эшикдан ичкарига кириб кетди-ю, бироздан сўнг қандайдир аёл билан қайтиб чиқди. Ўзини Нилуфар деб таништирган аёл,  Мурод билан ишлари  битгунига қадар Хулкарга уйда ўтириб туришини таклиф этди.

–Йўқ, раҳмат, опажон. Шошиб турувдим. Шу ерда ўтириб тураман.

–Вой –бўй, иссиқда, дим машинада нима қиласиз? Уйга киринг, муздек айрон бор.

Чанқаб турган қиз рози бўлиб, аёлнинг орқасидан юрди. Хулкарни  пастаккина хонага киргизиб, унга бир коса айрон олиб кириб берган Нилуфар, чиқаётганида  орқасидан эшикни ёпди.  Сўнг эшик қулфининг шиқирлаши эшитилди. Ҳайрон бўлган Хулкар, туриб эшикни итарди-ю, унинг ҳақиқатдан ҳаи қулф эканлигини кўриб, жаҳли чиқди.

–Эй, эшикни очинг. Нега қулфладингиз?

Ташқаридан садо бўлмади. Хулкар ҳарчанд бақирмасин, эшикни муштламасин, ҳеч ким қайтиб кирмади. Кечқурун  ҳолдан тойган Хулкарнинг олдига кирган Нилуфарнинг олдида нотаниш эркак ҳам бор эди.

–Менга қара, қизалоқ, биз сени Муроддан сотиб олдик. Ўша пулни ишлаб бер­ганингдан сўнггина бу ердан кетасан, унгача бизнинг айтганимизни қиласан.

–Ҳаққингиз йўқ.. Ким ўзи у Мурод дегани? Мен уни танимайман.

–Уни танишингнинг кераги ҳам йўқ, гап тамом, — эркак гапни чўрт кесди-ю, бурилиб чиқиб кетди.

–Ҳозир олдингга бир эркак киради, унинг кўнглини  олишинг керак, уқдингми? — Нилуфарнинг гапидан Хулкарнинг жаҳли чиқиб кетди.

– Нима ҳаққинг бор? Кимсан ўзи? Мелиса чақираман…

Ўзини тута олмай бақираётган қиз юзига келиб тушган шапалоқдан гангиб қолди. Хонага қайтиб кирган бояги эркак эса қўлидаги хоккей таёғи билан унинг дуч келган жойидан ура бошлади. Бадани кўкарган, очлик ва йиғидан силласи қуриган Хулкар хонанинг бурчагига тиқилиб олиб юм-юм йиғлар, бир кунда бошига бу бало қаёқдан тушганини англай олмай, ҳўнграр эди. Калтагу очлик азобидан тамоман ҳолдан тойган Хулкарни инсонийлик қиёфасини йўқотган Нилуфар билан Салим  ўлдириш билан қўрқитиб, бир кунда 15 нафар эркак билан бўлишга мажбур этишди. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида Хулкар  Салимдан таёқ ер эди. Орадан бир ой ўтди. Устида эски кўйлак, тамоман эркини «янги қулдорлар»ига бериб қўйган Хулкар, атрофида нима бўлаётганини англашга ҳам қодир бўлмайдиган даражага тушиб қолди. Фоҳишахонага айлантирилган хонадондаги мижозларнинг кўнглини овлашдан ташқари, «қулдорлар»ҳар ойда бир ҳафта мобайнида  уни чўлга олиб чиқиб, чўпонлар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлай бошладилар. Бу орада аллақачон ҳомиладорлигини сезган, тинмай кўнгли айниб, ҳолдан тойган Хулкар дардини кимга айтишни, сумкаси-ю, ундаги ҳужжат­лари Нилуфарнинг қўлида қолгани учун, қандай қочишини ҳам билмас эди. Бир маротаба Нилуфар унинг устидан қулфлаб чиқиб кетганида, деразанинг ойнасини синдириб, қочиб кетишга эришди-ю, аммо эркин ҳаводан тўйиб нафас олишга улгурмади. Орадан бир соат вақт ўтар-ўтмас, уни учратиб қолган Нилуфар қизни ўзи бошқараётган машинага тиқиб, уйга олиб келди. Хоккей таёғи билан ҳолдан тойгунча урди.

–Мени чиқариб юборинглар, ким бор? Эшикни очинглар.

Эртаси куни идиш-товоқ юваётган Хулкар, ичкаридан келаётган қиз боланинг овозини эшитиб, бадани жимирлаб кетди. “Қулдорлар” яна бир “ўлжани” алдаб қўлга туширишган эди. Хоккей таёғини кўтариб, ҳовлини кесиб ўтаётган Салимни кўрган Хулкар, овоз чиқаётган томон ташлаган қадами бўйича қотиб қолди. Бир зумда шу хонадонда ярим йил кечирган азоб-уқубатлари кино тасмаси сингари лип этиб кўз олдидан ўтди. Бир оздан сўнг ичкаридаги бақир-чақир йиғи овози кучайди. Уч кундан сўнг «янги» келганга биринчи маротаба ярим коса мастава олиб кирган Хулкар 16 ёшлардаги, бадани калтакдан моматалоқ бўлиб кетган қизни кўриб, кўз ёшларини тия олмади. Уни кўриб, яланғоч ба­данига тагидагидаги кўрпачани тортмоқчи бўлган қизга «қўрқма» деди-ю, нон билан ов­қатни хонтахтанинг устига қўйди.

–Исминг нима? Мандан қўрқма, мен ҳам сенга ўхшаган шўрпешонаман.

Қиз кўрпачани махкам қучоқлаганича, Хулкарга ҳадиксираб қараб турарди.

–Менинг исмим Хулкар. Бу ерга алданиб келиб қолиб, энди қочолмай ўтирибман.

Қиз дадиллашиб, секингина:

–Нозима, — деди.

— Бу ерга қандай келиб қолдинг?

Хулкар қизнинг ёнига чўкиб, унинг тўзғиган сочларидан силади.

— Битта таксига ўтирган эдим, уйга олиб бормай, шу ерга олиб келди. Опажон, илтимос, мени қутқаринг. Аям билан дадамни жуда ҳам соғиниб кетдим, илтимос! — Нозима кўз ёшларини тия олмай, Хулкарнинг тиззаларини маҳкам қучди. –Жуда ҳам уйга кетгим келаяпти.

–Қани энди, бу нарса қўлимдан келса. Улар сени ўлдиришдан ҳам тоймайди. Ундан кўра айтганларини қил, кейин қочишнинг бир йўли чиқиб қолар…

Хулкар ташқарида Нилуфарнинг шанғиллаган овозини эшитиб, “мен кетдим ” деди-ю, хонадан шоша-пиша чиқиб кетди.

–У ерда нима қилаяпсан, ер ютгур? Кирларни ким ювади?

Нилуфар ўзи билан бошлаб келган эркак олдида Хулкарга юмшоқ гапиришга ҳаракат қилди-ю, орқасидан унга ўқрайганича, эркакни Нозима қамалган хонага бошлади…

Икки ой зўрлаш-у, хўрлашлардан ҳолдан тойган Нозимани шаҳардаги қўшмачи аёл Гулмира Атоевага 40 минг сўмга сотиб юборишгач, “қулдоралар” янги “қурбон” қидира бошладилар. Бу сафар уларга  Бухоро шаҳридаги таниш қўшмачи аёл уйида ижарада яшаётган Нурия ўлжа бўлди. Нилуфар Нурияни ижарадор аёл Хурмат Аслоновадан етти минг сўмига сотиб олиб, қизни ўзининг туғилган кунинини нишонлаш баҳонаси билан кафега таклиф этди.

Гулмира  Нурияни Нилуфарга қўшиб жўнатар экан, уларнинг орқасидан истеҳзо билан кулиб қолди. Улар ташқарида кутиб турган Жамшиднинг машинасига ўтиришгач, қизни кўрган Салим, «маъқул»  дегандек бош ирғаб қўйди. Сўнг Жамшиднинг елкасига қоқиб, “ҳайда” дегач, Нурияга бошидан оёқ разм солди. Бундан ўнғайсизланган қиз ёнида ўтирган Нилуфарга:

–Опа, туғилган кунингизга Гулмира опам бормайдиларми?, деб сўради.

–Опангнинг иши бор экан, ярим соатдан сўнг кафега етиб келади.

Машина бир зумда  Бухоро шаҳридан чиқиб, Ромитон томон елдек учиб кетди. Ша­ҳардан чиқиб кетишаётганини кўргач, Нуриянинг кўнгли хавфни сезиб, тушиб қолмоқчи бўл­ди-ю, биқинига тиралган пичоқнинг совуқ тиғи уни бу фикрдан қайтарди.

–Илтимос, мени қўйиб юборинглар. Ахир сизларга ҳеч қандай ёмонлик қилганим йўқ-ку!

Қизнинг ялиниб, ёлвориши-ю, кўз ёшлари «қулдорлар»га заррача таъсир қилмади. Машинадан уриб туширилган қиз яна ўша пастқам хонага қамалди.

Қиз Салим билан Нилуфарнинг шартларига кўнмагач, хоккей таёғи ишга тушди. Сўнг оғриғ-у, азобдан ҳолдан тойиб йиқилган Нурияни биринчи бўлиб Салимнинг ўзи зўрлади. Икки кун ичида 20 нафар эркак билан мажбурий равишда жинсий алоқада бўлган Нурия икки маротаба ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилди-ю, аммо унинг бу қилмиши Нилуфарнинг назаридан четда қолмади.

— Аввал сен учун тўлаган пулни қайтар. Кейин нима қилсанг қилавер. 20 та клиентдан олган пулим 100 минг бўлгани йўғ-у, бу хонимча ўзини ўлдирармиш…

Нилуфарнинг кинояли гаплари,  ўзига нисбатан ҳайвоний  муносабат қизнинг хўрли­ги­ни келтирар, аммо у ўзи тушган ифлос қафасдан қочиш йўлини излаган сари, боши берк кўчага кириб қолганини ҳис этиб, аламини фақат йиғидан олар эди.

6 йил давомида бирор фойдали меҳнат билан шуғулланмай қизларни ўғирлаб, уларни фоҳишалик қилишга мажбурлаш орқали пул ишлаб келган Салим ва у билан никоҳсиз яшаб келаётган Нилуфар 10 дан ортиқ қизларнинг ёшлигини, қизлик номусини, инсо­ний­­лик ҳуқуқ ва эркинликларини  паймол қилишди. Мазкур жиноий гуруҳнинг ўндан зиёд вакиллари қизларни галма-галдан алдаб «янги қулдорлар»  қўлига топ­ши­ришар, ўз улушларини олгач, янги “қурбон”  излаб йўлга тушишарди. Энг қизиғи, Салим ои­лали, саккиз нафар фарзанднинг отаси бўлиб, ўз уйига келганида хонадонида меҳрибон ота, ғамхўр оила бошлиғига айланарди. Унинг буқаламун каби тусланиб туриши ҳам узоқ пайт мобайнида жиноий гуруҳнинг ваҳшиёна кирдикорлари очилмай қолишига сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.

Салим билан Нилуфарнинг қабиҳ ишларининг фош бўлишига уларнинг беэъти­бор­ликлари сабаб бўлди. Одатдагидек, такси орқали манзилига етказилмаган Малоҳат доимо уяли алоқа телефонини шимининг чўнтагига солиб юрар эди. Нилуфар қизнинг сум­ка­часини тортиб олиб, ичидаги борини қоқиштиргач, ўзини ахлатхонага ирғитди-да, “ҳали янги” мол учун мижоз қидиришга тушди. Фурсатдан фойдаланган Малоҳат ота-онасига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани сўзлаб бергач, жиноий гуруҳнинг ваҳшиёна фаолиятига чек қўйилди. Суднинг қора курсисига ўтирган Салим билан Нилуфар, ҳамда гу­руҳнинг бошқа аъзолари  қонун олдида жавоб бердилар. Бухоро туман судининг жи­ноятчиларга нисбатан чиқарган хукми асосида улар узоқ муддат озодликдан маҳрум бўлдилар.

Гулнора Алимова, ҳуқушунос маслаҳати:

–Афсуски, ёш, ҳали оқ билан қорани яхши ажрата олмаган қизлар ва йигитлар кўп ҳолатларда жиноятчи–фирибгарларнинг қармоғига осонгина илинишади. Албатта, жиноят жазосиз қолмайди, аммо у фош этилгунга қадар нечта одамнинг умри хазон бўлади. Инсон ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборадиган бундай ҳолатларга тушмаслик учун ёш қизлар:

–Иложи борича бегона машинага бир ўзлари ўтирмасликлари лозим;

–Мободо юқорида баён қилинганга ўхшаш воқеага дуч келсангиз, машинадан тушманг. Маж­бурлаб туширмоқчи бўлишса бор кучингиз билан бақириб, шовқин солиб, атроф­да­ги­ларнинг эътиборини ўзингизга жалб қилинг.

– Уйга қамашса, қўшнилардан, бегона одамлардан фойдаланиб бўлса ҳам воқеа ху­су­сида ички ишлар ходимларига хабар беринг.

Улашинг: