380

“Менинг қайнонам генерал” реалити шоуси: урғу тўғри қўйилганми?

Сўнгги пайтларда телеканалларимизда реалити шоулар урфга кирди.   Шулардан бири “Севимли” телеканалида “Менинг қайнонам генерал” реалити шоусидир. Албатта мазкур кўрсатув муаллифлари  жамиятимизда энг кўп муҳокама қилинадиган мавзу “қайнона ва келин” га мурожаат қилишган. Мазмуни эса 5 та қайнона келини билан, олдиндан тузилган рецептлар ва кўрсатув ижодкорлари томонидан тарқатилган 200 минг пулга бозорлик қилиб, 10 та қатнашчи ва 2 та бошловчи- Нигора Исмоилова ва Муҳаббат Ҳамроевалар учун 3 соат давомиа қайнона назоратида 3 хил овқат пиширишлари зарур. Ҳар бир тортилган таомга қатнашчилар баҳо қўйишади. Кўрсатув бошида айтилишича, асосий мақсад -келин тайёрлаган таом қайнонани ҳам барча иштирокчиларни лол қолдириши керак.  Шоуда  тежамкорлик (ажратилган 200 минг сўмга, уни иложи борича тежаб 3 хил овқат масаллиғи учун бозор қилиш), овқат пишириш санъати асосий мавзудир. Аслида реалити шоунинг асосий мақсади бироз тушунарсиз. Фақат келинини бошида туриб овқат пиширтириш ва тежамкорликни назорат қилиш орқали қайноналар “генерал” мақомига эришиши мумкинми? Реалити шоунинг биринчи мавсумида олиб борилган  овқат пишириш “жанги” ҳамда баҳо қўйишда иштирокчилар  асосан рақибини ерга уришди. Ютуб ижтимоий тармоғига қўйилган мавсум сонларига телетомошабинларнинг  изоҳларида асосан  унинг мазмунига эътибор бермай, кўрсатувда пиширилаётган таомларнинг рецептларини сўрашган. Реалити шоу давомида   келинларнинг чаққон бўлиши, барча уй юмушларига ўз вақтида  улгиришлари зарурлиги орқалигина “идеал келин” образи шакллантириб борилди. Хаттоки унинг 28-сонида дастурхон атрофида ўтирган аёлларнинг бири “Қайноналарга сажда қилиш керак” деган фикрни илгари сурди.

 Шу ўринда савол тўғилади, айнан ана шундай реалити шоулар  жамиятда тобора кескинлашиб бораётган қайнона-келин муносабатларида янги зиддиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмайдими? Келиннинг оила аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, дам олиши, бола тарбияси билан шуғулланиши, инсон сифатида ривожланиши, касбий жиҳатдан ўз устида ишлаши борасидаги масалалар афсуски кўрсатувда умуман кўтарилмайди. Фақатгина оилада аёлнинг ўрни ҳақида гапирилиб, кўпроқ келиннинг бошқа  оила аъзоларига тобе бўлиши кераклиги уқтирилади. Оилада ўғилнинг ўрни, унинг тарбияси, куёвнинг аёлига нисбатан муносабати қандай бўлиши лозимлиги, бола тарбиясида от-онанинг ўрни ҳақида деярли сўз юритилмайди. 

  “Менинг қайнонам генерал” реалити шоусининг рейтинги баланд. Асосан уни аёл телетомошабинлар кўради. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам борки, у сизу бизни мулоҳаза қилишга чорлайди. Телевидениедан томошабин ундан нимадир олиши, тегишли хулосалар чиқариши керак. Ҳўш, бундай реалити шоулар  аудиторияга нима беради?  Тўғри томошабин ўзи хоҳлаган кўрсатувни танлаши ва томоша қилиши мумкин. Бироқ унинг дунёқараши, савияси ва фикрлаш доираси жамият тараққиётига таъсир этиши ҳисобга олинса, масаланинг долзарблиги янада аниқлашади. “Менинг қайнонам генерал” реалити шоусининг савияси  бугунги кун талабларига жавоб берадими?  Жамиятда гендер тенглик тушунчалари муҳокама этилаётган бир пайтда  аудиториянинг бу борадаги билимини ошириш ўрнига, уни орқага тортмайдими, деган саволни ўртага кўндаланг қўяди.  Мамлакатимизда 2019 йили сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”  қонуни қабул қилиниб, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш борасида иш олиб борилмоқда. Юртимизда 2019 йил 7 мартдан буён фаолият  кўрсатаётган Гендер тенглиги комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан тузилган эди.  Комиссия тузилишдан асосий мақсад —  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт- шароитларни таъминлашдир. Аммо “Менинг қайнонам генерал” реалити шоуси айнан ман шу мақсадларга қарши кўрсатувлардан бири десак, муболаға бўлмайди. Чунки реалити шоу моҳиятига кўра оилада келинларга рўҳий босим ва зўравонликни келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу борадаги статистик  маълумотларга мурожаат этсак. Гендер тенглиги комияссиясининг Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган “Ишонч телефони”га жорий йилнинг 10-16 апрель кунлари 121 та мурожаат келиб тушган бўлса, 17-23 апрель кунлари уларнинг жами сони 203 тани ташкил этган. Қўнғироқларнинг 65 тасида жисмоний ва рўҳий зўравонлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган. Ажрашиш масаласидаги мурожаатлар сони 44 тага кўпайган. Ўз жонига қасд қилишни олдини олиш бўйича 3 та ҳолат қайд этилган.

Бундан кўриниб турибдики, миллионлаб томошабинлари бўлган бундай реалити шоулар мазкур муаммоларнинг янада долзарблашишига қисман сабаб бўлмоқда. Уларни эфирга қўйишдан олдин, телеканал Бадий кенгаши аъзолари  унинг аудиторияга таъсири, келтириб чиқарадиганн оқибатлари  ҳақида ўйлаб кўришса бўлар эди.

Наргис Қосимова

 

 

Улашинг: