818

“Ҳалол туризм” соҳасида ҳамкорлик: Туркия тажрибаси

 Дунёда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида  ислом динини қабул қилганларнинг сони 2,2 млрд.дан ошиб кетди. Улардан 156 млн.дан “ҳалол туризм” имкониятларидан фойдаланади.  Туризмга бўлаётган қизиқиш, сайёҳлар оқимининг асосий қисми мусулмон мамлакатларидан эканлиги, “ҳалол туризм” ни ривожлантириш ва салоҳиятини юксалтириш мақсадида, SMIIC ташкилоти томонидан “OIC/SMIIC 9:2019, Halal Tourism Services – General Requirements” стандарти қабул қилинди. Ушбу стандарт SMIIC ташкилотининг Туризм ва Туризмга оид масалалар (ТС 5) техник қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари орасида Global Muslim Travel Index 2019 рейтингига асосан Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича дунёдаги кучлик 10 таликдан ўрин олган.

Ҳўш, “ҳалол туризм” нима?  Мазкур йўналиш ўз ичига нималарни олади? «Ҳалол» тушунчасининг ўзи араб тилидан таржима қилганда “исломда рухсат этилган ва мумкин бўлган ҳамма нарса” маъносини англатади. У деярли ҳамма нарсага: овқатланиш ва тиббиётдан тортиб молия ва кўнгилочарликларга нисбатан амал қилади.

Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган тақдимотда шу ҳақда сўз борди. Унда ўзбекистонлик туризм агентлари ва соҳа мутахассислари, диншунос ва туркшунос олимлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан 7 мамлакат фуқаролари учун виза тизимининг бекор қилиниши Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада оширди. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларида бир неча бор туризмни ривожлантириш борасида Туркия амалиётидан фойдаланиш ҳақида гапирган эди. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2018 йил 29-30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида ҳам бу масалага алоҳида тўхталди. 2017 йилда “Ҳалол туризм” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 28-поғонани эгаллаган. Биринчи ўнталикдан эса Малайзия, Индонезия, Марокаш ва Туркия мамлакатлари ўрин олган. Ҳам тарихий, ҳам тил ва маданият жиҳатидан Ўзбекистонга энг яқин мамлакат Туркиядир. Шу боис йилига минглаб ўзбекистонлик сайёҳлар бу кўҳна мамлакатга сафар уюштирадилар. Туркияда туризм, айниқса, “ҳалол туризм” -минтақадаги бошқа давлатларга қараганда анча ривожланган. 40 йилдан буён нафақат Туркия, балки дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Ortadogu Grup” компанияси  “Ҳалол туризм” стандартларига тўла жавоб берадиган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси ва “Nisantasi” шифохонаси хизматлари билан тилга тушган.

-Ўзбекистонга шу кеча кундузда кириб келаётган “ҳалол” ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда, дейди “Ortadogu Grup” холдингининг корпоратив маркетинг мутахассиси Масуд Мендерес Карабоға. -Яқин-яқиндан минтақамизда туризм соҳасида ҳам “Ҳалол туризм” атамаси қўлланила бошлади. “Ҳалол туризм” – бу оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир.  Хўш, нега айнан “Wome Deluxe” меҳмонхонаси? Анталия шаҳрида жойлашган меҳмонхона ва шифохонада юқорида санаб ўтилган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу меҳмонхона 2015 йилда бунёд этилган бўлиб, Туркияда “ҳалол туризм” стандартларига жавоб берувчи биринчи меҳмонхона сифатида эътироф этилган. Унда эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳовузлар, оилавий ҳордиқ чиқариш объектлари, болалар учун ўйингоҳлар, мавжуд ва бу амалиётни Ўзбекистонда қўллаш мамлакат туризми учун катта фойда келтиради. Ўзбекистонга бўлаётган қизиқиш, сайёҳлар оқимининг асосий қисми мусулмон мамлакатлариданлигини ҳисобга олсак, “ҳалол туризм”ни ривожлантириш мамлакатнинг келгусидаги туризм салоҳияти учун муҳим аҳамиятга эга. Президентлар Ражаб Тойиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев ўртасида куни кеча ўтказилган учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлади. Ўзбекистонликлар Туркия шаҳарлари Истанбул, Анталия ва Бодрумни қанчалик яхши кўрсалар, Туркияда ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларингизни севувчилар миллионлаб топилади. Биз Ўзбекистонни отаюртимиз деб биламиз ва унинг туризм соҳасида ҳам ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшиш истагимиз бор. Шу боис Ўзбекистонга шунчаки йиғилиш ўтказгани эмас, балки ўз амалиётимизни таништиргани, тажриба алмашгани келдик.

Туркияда мазкур оилавий меҳмонхоналар жуда ҳам машҳур. Чунки у ерда мусулмонларнинг эътиқоди, қадриятлари қадрланади. Биз биламизки,Ўзбекистон ҳалқининг миллий-маънавий қадриятлари жуда юқори. «Ҳалол туризм» тамойилларига риоя қилган бундай меҳмонхоналарда ўзбек қардошларимизни меҳмон қилишимиздан хурсанд бўламиз, деди Ўзбекистондаги Туркия элчихонасининг матбуот бўйича маслаҳатчиси   Довут Гази Бенли.

Тақдимотда ҳам Туркия, хусусан, “ҳалол туризм” йўналишида фаолият юритаётган “Wome Deluxe” оилавий меҳмонхонаси фаолияти ўрнак сифатида кўрсатилиб, Ўзбекистонлик туроператорлар ва туризм соҳаси мутхассисларига бу борада керакли маслаҳатлар, тавсиялар берилди. Ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда фаолият юритадиган меҳмонхоналарни очиш бўйича иш олиб борилаётгани  айтиб ўтилди.

 

Н.ҚОСИМОВА

Улашинг: