Озарбайжонда журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи бир қанча ташкилотлар мавжуд. Мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, ҳануз давом этаётган Тоғли Қорабоғ зиддияти шароитида қочоқлар ҳамда ОАВ вакилларини рағбатлантириш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш борасида давлат ташкилотлари билан биргаликда нодавлат ташкилотлар ҳам фаол ҳаракатда. Ана шулардан бири Халқаро Евроосиё матбуот жамғарма (International Eurasia Press Fund, IEPF) дир.
Жамғарма бир мақсад сари бирлашган, турли мамлакатларнинг журналистлари томонидан тузилиб, 1992 йили Озарбайжондан рўйхатдан ўтган эди. Айни пайтда жамғармада 100 га яқин малакали журналистлари Озарбайжон билан биргаликда Россия, Туркия, Кавказорти, Болтиқ бўйи мамлакатларида ўз фаолиятини амалга оширмоқда.
IEPF раҳбари Умут Мирзаевнинг айтишича, бугунги кунда жамғарманинг асосий вазифаларидан бири ОАВ ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳамжамиятларни ривожлантириш, қочоқларнинг муаммоларини кўтариш ва бартараф этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоясига, зиддиятларни бартараф этиш ва тинчликни сақлашга кўмаклашишдан иборатдир.
— Тоғли Қорабоғ муаммоси бошланганида Озарбайжонга ахборий хуружлар кўпайди. Бир гуруҳ журналистлар бирлашиб, айнан инсон ҳуқуқлари паймол қилинаётган Кавказ мамлакатларида уларнинг овозини баланд кўтаришга қарор қилдик. Мен ўша пайтлари Москвада таълим олиб келгач, газетада ишлардим. Арманистондан озарбайжонликлар қочиб кела бошлагач, бу менга жуда ёмон таъсир қилди, дейди Умут Мирзаев биз билан суҳбатда.- Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги келишмовчилик юзасидан ўша пайтлари туркий дунё журналистлари ўз фикрларини билдира бошлагач, биз бирлашишга қарор қилдик. Шу жараёнда Жамғарма тузилиб, ўз фаолиятини бошлади. Таассуфки, ўша пайтлари ўзбек ҳамкасбларимизнинг Тоғли Қорабоғ зиддияти бўйича фикрларини эшитмадик. Чунки 70 йиллик Шўро даврида биз бир-биримизга, яъни бир дин, битта тилда сўзлашувчи, қондош халқлар бегона бўлиб қолган эдик. Давлатларимиз мустақиликка эришгач, биринчи Озарбайжонга келган журналистлар Ўзбекистондан эди. Мен ўзбек журналистлари сафарларини ташкил этиб, Арманистон билан чегарадош зиддиятли ҳуддуларга олиб бордим. Ҳануз давом этаётган зиддиятнинг қурбонлари, ўз уйидан қочиб, саргардон бўлган озарбайжонликар билан уларни таништирдим. Бугунги кунда бизнинг катта муаммомиз бўлмиш Тоғли Қорабоғ зиддияти барча туркий журналистлар томонидан ёритилмоғи лозим. Жамғарманинг асосий мақсади ҳануз давом тиб келаётган Қорабоғ зиддияти ҳақида бутун дунёга хабар беришдир. Бизнинг ўзбек ҳамкасбларимиз ҳам бу борада ўз сўзларини айтишлари лозим. Озарбайжон халқининг бағри кенгдир. Мамлакатимизда 100 дан зиёд миллат ва элатлар яшаб келмоқда. Бу ишда Озарбайжон ва Ўзбекистон медиа соҳаси вакиллари, шоир, ёзувчиларимиз доимо ҳамкорлик қилмоғи лозим. Бир бирлари билан уюшиб, фаолиятимизни бирлаштиришимиз, маданий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз керак.
Жамғарма озарбайжонлик қочоқ муаммосини самарали ҳал этиб, миграция ва ҳамжамиятлар ривожи йўлида қатор лойиҳаларни ошириб келмоқда. Муаммоларни дунёнинг турли оммавий ахборот воситаларида ёритиш билан биргаликда 2009 йили АҚШ давлат департаментининг молиявий кўмагида “Мина қурбонлари ва нафақадагилар учун ҳудудларни миналардан тозалашга касбий тайёрлаш маркази” лойиҳаси иш бошлади. Тинч аҳоли учун ноодатий бўлган мазкур касбни эгаллаш кўпчиликни иш билан таъминланишига ва ўзи ҳамда яқинларининг ҳаётини асрашга ёрдам берди. Шунингдек 2007 йили Фонднинг қошида қочоқлар, кам таъминланган оилалар, мина портлаши натижасида ногирон бўлиб қолган фуқароларга ёрдам бериш мақсадида “Евроосиё кредит” МЧЖ иш бошлади. Турли хил лойиҳалар доирасида Росия, Дания, Латвия, Кавказорти, Марказий Осиё, Туркияда фонднинг фаолиятини акс этувчи конференциялар, кўргазмалар ташкил этилмоқда.
Жамғармада “Инфо-терминал” фаолият юритади. Бу ахборот портали бўлиб, унда МДҲ мамлкатларига оид барча маълумотлар солиштирма-қиёсий услубда жойлаштириб борилади. “Инфо-терминал”дан сўнг, Жамғарма қошида CRINGO – қочоқ ва мажбурий кўчиб ўтганлар ишлари бўйича Кавказ мамлакатлари ННТ тармоғи ташкил этилди.
Айни пайтда Жамғарма БМТ ЭКОСОС бўлимининг махус маслаҳатчиси мақомига эга. Шунингдек, БМТТД, Қочоқлар бўйича БМТ Олий Комиссариати, Халқаро босма институти (IPI), Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, журналистлар учун бир қатор қўлланмаларни чоп этиб келаётир.
Наргис Қосимова
Тошкент-Баку-Тошкент