378

ОЗАРБАЙЖОНДА НАВБАТДАН ТАШҚАРИДА ЎТКАЗИЛГАН ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВЛАРИДА 1057 НАФАР МУСТАҚИЛ НОМЗОДЛАР ДЕПУТАТЛИК УЧУН КУРАШИШДИ

9 февраль куни Озарбайжонда мамлакат парламенти –Миллий Межлисга сайловлар бўлиб ўтди. Парламент бир палатали бўлиб, 125 нафар депутат 5 йил давомида фаолият кўрсатади. Сайловлар мажоритар кўринишда бўлиб ўтади. Сайловларда 1314 нафар номзод 125 та ўрин учун курашиб, улардан 246 таси 19 та сиёсий партиялар, 11 нафари ташабускор гуруҳлардан, 1057 нафари эса ўзининг ташаббуси билан, мустақил равишда номзодларини кўрсатишган.
Навбатдаги сайловлар 2020 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди, аммо мамлакатни бошқараётган «Ени Азербайджан» партияси “Миллий Межлиснинг мамлакат Президенти олиб бораётган сиёсатидан йироқдалигини кўрсатиб” ,2019 йил ноябрь ойида парламентнинг тарқалишига ташаббускор бўлди. Буни Озарбайжон Республикасининг Президенти Илҳом Алиев ҳам қўллаб -қувватлади.
Сайловларда етакчи «Ени Азербайджан» партияси билан биргаликда, мухолифатда бўлган «Мусават» ва ReAL партиялари ҳам қатнашишди.
Навбатдан ташқарида ўтказилган парламент сайловларида 89 676 нафар ( 58 та мамлакатдан ва 59 та халқаро ташкилотлардан) ва 77790 та маҳаллий ташкилотлардан кузатувчилар қатнашишди.
132 та халқаро ОАВнинг 199 нафар журналистлари жараённи ёритишда иштирок этишди.
Сайлов участкаларига келган ҳар бир сайловчи номзодларга икки марта овоз бермаслиги учун махсус текширувдан ўтказилди. Сайловчининг чап қўли бош бармоғи ультрабинафша нурлар билан скаерлаш орқали текширилиб, агарда унда кўринмас буёқ излари йўқ бўлса, бармоққа буёқ сепилиб, бюллетенни тўлдиришга рухсат берилди. Шамахи тумани 85- сайлов округи, 9-сайлов участкасининг раиси Оразхон Омаровнинг айтишича, “мазкур жараён сайловда қонун бузилишларини олдини олишга хизмат қилади”.
Озарбайжон Республикасининг қонунчилигига биноан қанча сайловчилар қатнашишидан қатъи назар сайловлар бўлиб ўтган ҳисобланади.
9 февраль куни кечаси бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиянинг навбатдаги матбуот конференциясида 5573 сайлов участкасида 5 миллион 329 минг 460 нафар сайловчидан 2 миллион 547 минг 982 нафар сайловчи қатнашган ва фаоллик 47,81 фоизни ташкил этган.
Озарбайжон ахборот агентлиги azertag.az нинг хабарига кўра, 9 февраль куни соат 23.00 да Туркия Президенти Реджеп Тайип Эрдоган Президент Илҳом Алиевни “Ени Азербайджан” партиясининг сайловлардаги ютуғи билан табриклаб қўнғироқ қилган. Партия номзодларининг Парламентда 125 нафар депутатлик ўриндан 65 тасига эгалик қилиши кутилмоқда.
Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: